Расмий канал
Мавзулар: шеърлар, мақолалар, диний-маърифий рисолалар
Last updated 2 months ago
Кафел Мозаика ва Самоклейка махсулотлари.
Мурожаат учун:
📞 +998 90 136 82 86
📩 @Azim918
Last updated 2 months ago
ШОҲ БОБУР
Бунча узун оҳ тортдингиз, оҳ Бобур,
Муттаҳамлар дунёсида шоҳ Бобур.
Андижону Ҳинду — етти иқлимда
Топилмади Сизга бир додхоҳ, Бобур.
Оллоҳимнинг даргоҳлари кенг, лекин
Сиғдирмади Сизни бу даргоҳ, Бобур.
Кеча узун, манзил олис, йўл узоқ,
Сизга фақат ёлғиз ой ҳамроҳ, Бобур.
Нонкўр беклар, беоқибат мирзолар,
Кимлар Сизга қазмадилар чоҳ, Бобур.
Ғурбат бўлди охир тожу тахтингиз,
Подшоҳлар ҳам йиғларкан-да, воҳ Бобур!
Қисмат қаттиқ, алам бисёр, эл ғофил,
Бу дунёда борми бир дилхоҳ, Бобур?
Умри отда ўтган буюк мусофир,
Давлат надир асли, надир жоҳ, Бобур?
Шоирлиги шоҳлигидан улуғроқ,
Шоҳлиги ҳам шеъридай огоҳ, Бобур.
Алишербек дейсиз, назм султони,
Сиз ҳам шунда топдингиз паноҳ, Бобур.
Шамширингиз янглиғ Жайҳун ярқирар,
Кўкда моҳ ҳам Сизнинг мангу оҳ, Бобур.
Сирожиддин Саййид
МИР АЛИШЕР
Тирикликнинг бонги Навоий,
Буюкликнинг ранги Навоий.
Бир ёришди зим-зиё олам,
Туркийларнинг тонги Навоий.
Беш асрлик рўёдир дунё,
Беш асрлик ўнги Навоий.
Бир уммонким, ибтидоси йўқ,
Йўқдир унинг сўнги — Навоий.
Ўтган сайин илдамлаб кетгай,
Борган сайин янги Навоий.
Ватан каби поёни йўқдир,
Ватан каби мангу Навоий.
Сирожиддин Саййид
Улуғ бобонг Навоийнинг
ётар жойи Ҳирот бўлгай,
Валекин билмасанг ул
зотни сен, оғир уёт бўлгай.
Сенга муҳтож эмас ҳазрат,
улуғ мақсад, улуғ меҳнат
Билан дил кўзларин очким,
ҳаётинг ҳам ҳаёт бўлгай.
Завол эрмас, камол келтир
она юртингга ҳар соат,
У сенга ҳам она, ҳам юрт,
сенга икки қанот бўлгай.
Нечун ёлқинланиб кезгай
бу тўфонзода тойчоқлар?
Улар фарзандларингга
Бойчибору ҳам Ғирот бўлгай.
Бу тупроқ узра инсон бор,
ва иймон — икки мансаб бор,
Агар жуздир ва ё қарлуқ,
ўғиз ё қўнғирот бўлгай.
Кетар жисминг муваққатдир,
Ватан — мангу муҳаббатдир,
Агар кимда муҳаббат йўқ,
жаҳонда номурод бўлгай.
Келибсан гар сурур келтир,
ҳавас бирлан ғурур келтир,
Ки сен кетсанг ҳам ортингдан
эл ичра ному ёд бўлгай.
Навоий назми — иймондир,
агарчи Сўзни сотгайсан,
Унинг бир сатри охир
таъби назмингга сирот бўлгай.
Менинг бу норавон шеърим
ёзилди бир ният бирлан,
Ёзилсин шеър ҳам токи
у шеърдан бир мурод бўлгай.
Сирожиддин Саййид
ТО НАВОИЙ БОР...
Биз Навоий боғининг боғбонимиз,
Боғбондирмиз, вале меҳмонимиз.
Бул — «Насойим ул муҳаббат» боғидир,
Беш асрким биз бу боғ ҳайронимиз.
Қанча меҳмон ўтди, лек мезбон ўшал,
Барча меҳмон ичра биз нодонимиз.
Мир Низомиддин Алишер, яъниким
Сўз аро осмонимиз, уммонимиз.
Тил — «Хазойин ул маоний»дан келур,
Бошланур шундан адаб карвонимиз.
Паст эрурмиз билмасак ул зотни гар,
Қанча юксалган билан қўрғонимиз.
Не хавотир ичра эл шоирлари,
Гар савол этгай букун султонимиз.
То Навоий бор — муҳаббат дилдадир,
Сўлмагай ҳаргиз кўнгил бўстонимиз.
Шул исмдан юрт аро юз минг умид,
Шул исмдан нурланур давронимиз.
Қадр этайлик нону туздай ҳар сўзин,
То ризо бўлгай улуг мезбонимиз.
СИРОЖИДДИН САЙЙИД
НАВОИЙ ТУҒИЛГАН КУН
Ҳар кўнгил ишқ ичра пок
тийнат бўлар кундир бу кун,
Битта сўз олам аро зийнат
бўлар кундир бу кун.
Тийра дунёга зиё сочгай
мунаввар бир исм,
Бир исмдан бир улус
миллат бўлар кундир бу кун.
СИРОЖИДДИН САЙЙИД
Навоий сенга ҳар бир тун керак бўлгай,
Агар шодсан ва ё маҳзун – керак бўлгай.
Агар ошиқ эрурсан – лолазорингдир,
Агар Лайлосану Мажнун – керак бўлгай.
Агар уммон билан суҳбат қурай дерсан,
Агар ўзни десанг Жайҳун – керак бўлгай.
Билай дерсан надир кўнгил биноси ҳам
Надир одам, надир очун – керак бўлгай.
Навоий осмондир, осмонийдир,
У гардун узрадир гардун – керак бўлгай.
Сенинг бу оламинг – фисқу фасод бирлан,
У бир оламдурур гулгун – керак бўлгай.
Навоийнинг Ватан янглиғ қиёси йўқ,
Ватан янглиғ сенга ҳар кун керак бўлгай.
МАСЛАҲАТ
Кунлар зиндонига
тутқун бўлмагин,
Киймагин тор келган
йиллар кўйлагин.
Бетийиқ ҳаваслар,
истакларни тий,
Кийсанг асрларнинг
чакмонини кий.
Кўксинг тоғ бўлсину
чўққилар посбон,
Энаганг тун бўлсин,
ҳамхонанг – осмон.
ТУРМУШ
Дазмоллар босасан шому саҳарлар,
Нафис кўйлаклар ҳам бир ажиб баëт.
Ишондим: йўлларим равон бўлгуси,
Билдим: ғижимланмас энди бу ҳаёт.
Расмий канал
Мавзулар: шеърлар, мақолалар, диний-маърифий рисолалар
Last updated 2 months ago
Кафел Мозаика ва Самоклейка махсулотлари.
Мурожаат учун:
📞 +998 90 136 82 86
📩 @Azim918
Last updated 2 months ago