Xayrulla HAMIDOV ijodi /official

Description
Расмий канал
Мавзулар: шеърлар, мақолалар, диний-маърифий рисолалар
We recommend to visit

Расмий канал
Мавзулар: шеърлар, мақолалар, диний-маърифий рисолалар

Last updated 3 weeks ago

Кафел Мозаика ва Самоклейка махсулотлари.

Мурожаат учун:
📞 +998 90 136 82 86
📩 @Azim918

Last updated 3 months ago

не мои

Last updated 8 months, 1 week ago

3 weeks ago

...

Булутлар сузади мовиёт узра,
Кўҳна тилаклардан тилайман паноҳ.
Юрагим тўрида исмингни асраб,
Тилимга шивирлаб чиқараман, оҳ.

Турғазиб қўясан ерга қоқилсам,
Ўчирилиб кетар нигоҳим изи.
Кўринмай турибки шунча яқинсан,
Кўрсам, қолармикан менда мен ўзи.

Ўйлайман – бу умрим сенга тикилса,
Ҳаммадан улканман, чиндан улканман.
Сени соғинчимдан шунча бахт кулса,
Васлингдан не ҳолга тушар эканман?!

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot

1 month ago

ДУНЁ

Камбағалнинг қайнат қозонин,
Ўртаҳолга берақол улов.
Дунё, дунё, бўйдоқ ҳолидан
Бир кунгина ҳол сўрсин биров.

Ҳажга бормоқ истар онахон...
Ўзинг бергил унга тасалли --
Каъба ичра мунглуғ қалбини
Боғлаб юбор ишқ риштаси-ла!

Кўзларида попукдек назар,
Қошларида баҳорий сурма –
Тўй кунида куйган қизларга
Куёвларни улашгин чирмаб!

Кўтарилсин миллатдан мискин,
Ғарибларнинг оҳию ғами.
Болаларнинг оғизларида
Тугамасин музқаймоқ таъми.

Аммо бир зот сўраса сендан
Молу давлат, боқмагил қиё –
Яхши шеърлар ёзиши учун
Шоирингни аяма, дунё!

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot

1 month ago

ШАҲМАТ

Бу ўйин арзийди ўйнаб кўришга,
Аммо мажбур айлар ўйлаб кўришга –
Шоҳга аталса-да ўйиннинг номи,
У фақат яраркан қочиб юришга...

###

Йўллар гоҳи қора, гоҳида оқдир,
Бу ўйин қонуни ҳаддан зиёда,
Ва лекин тугагач бир бўлар тақдир –
Қутига солинар шоҳу пиёда!

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot

3 months ago

АНГЛАМОҚ

Ҳижрон дарвозаси абадан очиқ,
Дўстимга айланди қайғули қўшиқ.
Сенга муносиб ёр, муносиб ошиқ
Бўлолмаслигимни билиб қолдим мен.

Эргасигаёқми ё индинига
Сени эслайвердим... ё тавба, нега?
Юзиб қотиб кетган тошдек, чинига
Кулолмаслигимни билиб қолдим мен.

Булутга йўл олдим секин, чопмасдан,
Жазира қуёшга кўзим ёпмасдан...
Ўйладим, ҳасрато, сени топмасдан
Ўлолмаслигимни билиб қолдим мен.

Жиддий олмаяпсан аммо сўзимни,
Кўргинг йўқ жизғанак бўлган юзимни.
Сенсиз сени тугул, ҳатто ўзимни
Билолмаслигимни билиб қолдим мен.

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot

3 months ago

ДУНЁ БУ

Деёлмаган ҳеч кимса ҳали:
“Ўладиган дунё эмас бу!”
Ҳар кимсанинг бордир ўз гали,
Қоладиган дунё эмас бу.

Умр онин шартида қайғу,
Шодлигию дардида – қайғу.
Ҳар туйғунинг ортида қайғу,
Куладиган дунё эмас бу!

Молу давлат ғулғула солар,
Cавол лекин: “Бунда не қолар?”
Берганини қайтариб олар,
Оладиган дунё эмас бу!

Яшир, дўстим, фоний ғазабни,
Боқий Кунга асра асабни!
Пўсткалласин айтайми гапни –
Бўладиган дунё эмас бу...

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot

3 months ago

БУГУНИМИЗ

Кунлар қизиқ, бўлинар учга:
Кеча, бугун ҳамда эртага.
Бошқа бирон кунни, ишонинг,
Қўшолмаймиз асло ўртага.

Бир пайтлар ҳамма “кеча”лар
Бўлган “бугун”, бўлгай “эртага”.
Яна қанча келар “эрта”лар -
Қараб қолаверар ортига.

Табиатнинг ёвуз қонуни –
Тонг алмашар албат кечага.
Худди шундек не-не “эрта”лар
Айланади “бугун”, “кеча”га.

Дўстим, бунда ажабланиш не,
Ҳайрат нечук, ўйланмоқ нечун?
Ахир, бизнинг ҳайратимизга
Қараб турмас бирон битта кун.

Файзли ўтсин, нурафшон ўтсин,
Десак агар бу кунларимиз,
“Эрта”мизни тўғрилаб борсак,
Чиройлашар “бугун”ларимиз.

Чиройлашса “бугун”ларимиз,
“Кеча”миздан кўнглимиз тўлар.
“Бугун”идан кўнгли бут инсон
“Эрта”сига умидвор бўлар.

Инсон умри шу билан қизиқ,
Шу тугилган тугуни билан.
“Кеча” кетди, “эрта” келади,
Инсон яшар бугуни билан.

Ўнгламоқ шарт бугунимизни,
Бизга фақат дўст бугунимиз.
“Кеча” - ўтган, “эрта” келмасдан
“Бугун” бўлар сўнгги кунимиз...

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot

3 months, 1 week ago

БАҲОНА

Қалб – асли зим-зиё, қоронғу хона,
Маразлик яшайди ичда пинҳона.
Айблари очилиб қолгудек бўлса,
Инсон излай бошлар осон баҳона:

Кўплардан хатою айби сўралса,
Нетай, дер, қисматим шундай яралса...
Баҳоналар ичра ўйлаб қаралса,
“Тақдири азал” энг ёмон баҳона.

Ҳукмни билгувчи инсоннинг ўзи,
Тағин жим кулгувчи инсоннинг ўзи,
Ҳар ишни қилгувчи инсоннинг ўзи,
Айбни тўнкаш учун шайтон – баҳона!

Одамлар фитнанинг кўрсатиб кучин,
Самога термулиб дейдилар: “Нечун?”
Ердаги маъсият, фужурлар учун
Доимгидек мовий осмон – баҳона...

Ҳазрати инсоннинг пойида замон,
Ҳеч қачон ўзгармас, жойида замон...
Ўзимиз ўзгариб кетганмиз ёмон,
Ёмонлашга келса, замон – баҳона!

Инсон умри нима, қолса гар тугаб,
Ортиқчалик қилар ҳар қанақа гап.
Ўлим фариштаси – ҳақиқий сабаб,
Ўқ, қилич, ханжару камон – баҳона!

Хайрулло, ҳазир бўл, сароб ютмасин,
Қалбинг нақд хатарни ҳеч унутмасин.
Тағин, бир умрга алдаб ўтмасин
Оловга элтувчи ёлғон баҳона!

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot

3 months, 1 week ago

ҚИДИРАРЛАР

Одамлар турфа хил, гар лозим бўлса,
Ҳар ёна югуриб, зир қидирарлар.
Локин ўзларига даркор ўлмаса,
Нари борса уни бир қидирарлар.

Айримлар етарли ақл йўғидан,
Зарба еб чарчашар замон тиғидан.
Баъзилар ўзганинг чимилдиғидан
Дунёга яширин сир қидирарлар.

Худойим қисмаган бўлса сезгидан,
Оқил ўз айбини топар кўзгудан.
Жоҳиллар хатони излаб ўзгадан,
Тирноқ орасидан кир қидирарлар.

Нодонлар ўзгармас эллик ёшида,
Ҳикмат тополмаслар ориф қошида.
Солиҳлар бир маслак, йўлнинг бошида
Манзилга элтувчи пир қидирарлар.

Кимлар бор, хотиржам ошини ошаб,
Жим ўтиб кетарлар одамга ўхшаб.
Баъзилар мазмунсиз умрни яшаб,
Саҳро ўртасида қир қидирарлар.

Кўплар бу дунёга келиб-келмасдан,
Яшарлар ерни ҳеч писанд қилмасдан.
Аслини олганда, билиб-билмасдан
Ўзларига лойиқ ер қидирарлар.

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot

3 months, 4 weeks ago

РАУФ ПАРФИ

Замин оғир, само ғўр эди,
Қиқирларди орзу-муттаҳам.
Дунёга у сиғмоқчи бўлди,
Дунё торлик қилди жуда ҳам.

Пирпираган шамлар олдида
Парвонага ўхшаб яшади.
Унутилган ҳақнинг ёдида
Яшолмасдан яшаб яшади.

Юрагида асраб кўз ёшни,
Мақсадига жимгина етди:
Одамларга қандай яшашни
Яшолмасдан ўргатиб кетди.

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot

6 months, 2 weeks ago

Илоҳо, биламан, хатоларим кўп,
Ўзингдан марҳамат тилагайман чўғ.
Кечиргувчи Санинг бандаларинг кўп,
Манинг Сандан бошқа кечиргувчим йўқ.

Ўзингдан кутаман меҳру шафқатни,
Юрагимда дуо, тилов ҳар ёқда.
Ўзинг яратгансан бори хилқатни,
Сендан бошқа ерга қочмоқ қаёқда?!

Унутилган чоғи илоҳий қасам,
Кўз бошларга оққан савдо кўрурлар.
Ўзингдан ўзгага термулай десам,
Ўзим қаторилар йиғлаб турурлар.

Илоҳо, безагил нур-ла ҳаётим,
Яшиллик уфурсин япроқларимдан.
Ҳамонки қалбимда улуғ оятинг,
Ўлсам, униб чиқсин тупроқларингдан!

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot

We recommend to visit

Расмий канал
Мавзулар: шеърлар, мақолалар, диний-маърифий рисолалар

Last updated 3 weeks ago

Кафел Мозаика ва Самоклейка махсулотлари.

Мурожаат учун:
📞 +998 90 136 82 86
📩 @Azim918

Last updated 3 months ago

не мои

Last updated 8 months, 1 week ago