?КАТТАЛАР УЧУН!
?Ўзбекистон ва Жаҳондаги муҳим воқеалар, энг тезкор ва махфий хабарлар!
Воқеа ёки ҳодисанинг гувоҳи бўлдингизми?
Унда бизга юборинг: @Qoraxabar_aloqabot
☎️Реклама: @Qoraxabarda_reklama
Last updated 2 months ago
Расмий «ПАТРУЛ УЗ» каналига хуш келибсиз!
Фақат янги, долзарб мавзулар!
Инстаграм: http://Instagram.com/Patruluz
Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз: @Patrul_Aloqa_bot
Реклама: @Patrul_Admin
Last updated 3 weeks ago
Тезкор янгиликлар фақатгина
@OPER_UZ 👈🏻да
Воқеа ва ходисага гувоҳ бўлдингизми 👀
бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз👇🏻
@oper_uz_bot 👈🏽
Реклама учун 👉🏻 @oper_admin
Last updated 1 week, 6 days ago
Темур Пўлатов, Шерзод Комил Халил
Одам Атонинг охирги авлоди
(Қиссанинг давоми, боши олдинги саҳифаларда)
Жойларда «Ишга киришинг!» деган аввалдан билдирилаган огоҳлик чақириғи туфайли, қишлоқ оқсоқоли ва мактаб директори бўлган Мекрон, кўп нарсага инспектор келмасдан анча илгари тайёргарлик кўриб юрганди. У оғзини карракдай очиб, ўртоқ Кочубей қайси масалани қаттиқ талаб қилиши мумкинлигини ўзича чамалади. Бироқ Кочубей кутилмаганда, шкаф эшигини очиб, қўлини айиқ тасвири туширилган иккита қизил ва битти кўк чизиқли ёғочдан ишланган қадаҳга узатгач, ҳаммаси тезда ҳал бўлди. Кочубей қадаҳдаги ижор тилида ёзилган ёзувни ўқишга тиришди. Директор енгил хўрсиниб, ўқишга ёрдамлашди: «Ижор миллий ўйинларида ғолиб чиққан мактаб жамоасига. 1923 йил.»
- Йигирма учинчи, - Кочубей ҳеч қандай ҳаёжонсиз олис йил номини такрорлади. - Ўн етти йил олдин... Бундай чоғда халқ эртакларида айтилганидек, «нўхот подшо даврида» деган маталлар ёдга тушади негадир.
Аммо бу узоқ сана директорнинг қалбида жуда кўп ҳаёжонли ҳиссиётларни уйғотди:
- Ҳа, ўртоқ инспектор... бир пайтлар... ўқитувчиларнинг бутун жамоаси, ўрта мактабнинг биринчидан ўнинчигача синфлари бор вақтлар эди... Мен ўша йили директор этиб тайинланганман.
...Бизнинг Николинода ўшанда бир минг етти юзта сайловчи бўлиб, уч юз хонадон яшарди, ҳамма соғ-саломат эди, онгли, ҳушёр ёшлар сафи ўсиб борарди... - Мекрон бирдан давлат амалдори билан тил топишиб, чиқишиб кетди. - Ҳар баҳорда ижорларимиз бир-икки марта «Доира» ўйинида йиғилиб туришарди... Кексаю ёш завқланарди... қувноқ ҳайқиришарди.
- Қанақа завқ? Бу мактаб ўқув дастурида борми? - директорни хотираларини узиб қўйди Кочубей.
- Йўқ, лекин бу керак... болаларча эпчиллик, ўткир кўз керак бу ўйинда, ақл-заковат ривожланади, - Мекрон камдан-кам қолган тишларини кўрсатиб кулиб қўйди, - кекса ҳам, ёш ҳам бир даврада йиғилади. Ўйинбошининг қўлида қайин пўстлоғидан ясалган халқа бўлади. Иштирокчилар доира бўлиб, таёқ тутиб туришади... Мана шундай, - муштини қисиб қўлини кўтариб кўрсатиб бермоқчи бўлди у, худди бу ўйинни ўзи ўйнаётгандек гўё. Ўйинбоши таёқ тутиб турганлардан истаган бирини нишонга олиб, халқани ташлайди. Халқа кимнинг таёғига илинса, у шарт бажариши керак бўлади. Атрофдагилар қийқирадилар, ўйинбошининг кўзларида қувонч порлайди. Ўйин қоидасига кўра, халқа таёғига илинган кишига, ўйинбоши масалан, хўроз каби қичқиришни буюради, у тонгда товуқхонадан қичқирадиган ҳақиқий хўрознинг овозига ўхшаб қичқириши шарт... Қу-қу-қу-қуқ... Кулгу ва ачиниш, ҳаммаси шу нигоҳларда зуҳур этади. Агар шартни бажарувчи ҳаммасини қойилмақом уддаласа, у ўйинбошига айланади, халқа отиш ва шарт қўйиш унинг чекига ўтади. Акс ҳолда у доирани тарк этади, ўйинбоши навбатдаги қуръада, яна бошқа издошни танлайди, бу сафар у қўйга ўхшаб маърашни, кейинги сафарда эса, қарғадек қағиллашни сўраши мумкин...
Меҳмон қизиқиб сўради:
- Таёғига халқа тушган одам хўроз бўлиб қичқирмаса-чи? У қичқиришдан бош тортса нима бўлади?
- Ўйинга қўшилган одам шартни бажаришга мажбур, акс ҳолда, унинг устидан одамлар кулади, ҳар ҳолда бундан у хурсанд бўлмайди.
- Кекса чолларнинг ўйин-кулгулари экан-да, ҳаммаси. Ёшларга буни ўргатиш керак эмас, - бармоғини ниқтаб тушунтирди меҳмон. - Бунинг ўрнига мактаб ўқувчилари учун совринига рангли ҳошияли диплом бериладиган қўшиқлар танловини ташкиллаштириш керак, масалан: «Биз бахтли мамлакат пионерларимиз!» мавзусида.
Директорнинг хаёлидан оғир вазиятдан усталик билан чиқиш учун кутилмаганда қувноқ фикр лоп этиб ўтди:
- Бу ўйинлар бир минг тўққиз юз ўттизинчи йилларнинг гапи ахир.
Меҳмон унинг гапларини маъқуллади:
- Бу гапингиз ҳам тўғри, ҳатто пойтахтдан олисда, тундра бўйлаб буғуларда кезиб юрадиган чукчалар ҳам, аллақачон янги замоннинг нафасини ҳис қилиб, янги завқлардан ҳузурланмоқдалар. Масалан, улар музлатилган морж жигарини ейишдан баҳслашмоқдалар, - у гап оҳанги бошқа ўзанга ўзгариб кетаётганини англаб, суҳбат мавзусини беихтиёр тўхтатди.
(Давоми бор)
Темур Пўлатов, Шерзод Комил Халил
Одам Атонинг охирги авлоди
(Қиссанинг давоми, боши олдинги саҳифаларда)
- Дўкон ёнидаги айланма йўлдан келдим мен... Лекин сизнинг Ерромингизни йўлда учратмадим, - деди Кочубей бўғиқ оҳангда тор йўлакда нафаси тиқилиб.
Директор меҳмон учун ҳозирланган кабинет эшигини очгунча, амалдор яна бир мунча вақт сокин, бўм-бўш синфхоналарга кўз югуртирди.
Ичкарига киришгач, инспектор директор рўпарасидаги ўриндиққа оғир чўкди, коридордагидек ўтроқ ва турғун ҳид билан қопланган кабинетга лоқайдлик билан қаради. Унниққан стол, сарғара бошлаган қоғозлар билан тўлдирилган иккита шкаф, стуллар ўрнига эса, маҳаллий дурадгорлар ясаган қўлбола ўриндиқлар унинг энсасини қотирди. Маориф халқ комиссарлигининг ходими алоҳа энди Мекронга диққат билан қош чимириб, бўз кўзларини тикиб, унга ўзича баҳо берди, иттифоқо, Мекрон ҳам ўз ҳаётида туман даражасидан пойтахт даражасигача текширувга келганларни кўраверганидан, бу оддий ва аста-секинлик билан ўлиб бораётган қишлоқда, яна бир инспекторни келиши бу ерларнинг на одатий ҳаёт ритмига, на мактабнинг аянчли аҳволини жилла ўзгартиришига ишонмасди, шунинг учун у: бу ҳам бизга ҳеч қандай ёрдам бермайди, деган хулосани хаёлидан ўтказди.
- Сизга расман ўртоқ Мекронов деб мурожаат қилсам бўладими? Шу таклифга нима дейсиз?.. Комиссарият ҳисоботида ёзаман ҳаммасини...
Мезбон бундай кутилмаган таклифдан бироз ҳайратга тушди.
- Майли, агар сизга шу қулай бўлса, - ғўлдиради Мекрон, ғазабини ичга ютиб, бошини қуйи тушираркан.
Суҳбатдошининг саросимаси ва ҳатто норозилигини пайқаган инспектор юзаки тушунтириш берди:
- Сизга Ленинграддан хабар беришган бўлса керак... Комиссарлик бўлимига маҳаллий халқларни ўқитиш ва уларга маърифат улашиш вазифаси юклатилган. Мен яқиндагина Чукчалар, Эвенклар яшайдиган тундрадан қайтдим, бизнинг шарофатимиз билан илгари алифбо ва ёзувга эга бўлмаган коряклар иш юритишда лотин алифбосини муваффаққиятли ўзлаштирмоқда... Қолаверса у ерда асл исм - шарифларни ягона кирилл стандартлари бўйича номлаш учун ажойиб ишлар амалга оширилди.
Кочубей ибратли суҳбатни ўта расмий ва зерикарли бошлади. - Масалан, маҳаллий мактаб директори Ритхэу фамилиясини Ритхаевга алмаштирди... Партия котиби Северпушнина Юванга эса Иванов фамилияси ёзилган совет паспорти топширилди... Фарқни ҳис қилаяпсизми? Бир сўз билан айтганда, уларга Қизил байроқни топшириб, ортга бой таъассуротлар билан қайтдим...
Директор меҳмоннинг қуруқ ҳисоботини баъзур тинглаб, ўзини боса олмасди: «Мекронов бўламанми, энди... Менинг ота-боболарим етти пуштигача ижорча исм-шарифда юришган бўлса, менга келганда, бу анъана бузиладими?..»
Номидан ажралаёзган Мекрон авлодининг сўнги вакили эканлигини хаёл пучмоқларидан ўтказиб, хўрликдан эзиларкан, бундан қутилиш учун бирдан ўзини қишлоқ советининг раиси ва депутати эканлигининг маъсулиятини ҳис қилиб, бообрў оҳангда узилган суҳбатига қайтди. У меҳмонни соҳилда кутиб олиш учун юборган Ерром ҳақида баъзи қўшимчаларни инспекторга билдириб қўйишни жоиз деб топди:
- Қарилик қурсин, менга ишониб топширилган вазифани мана шу нопок, ичкиликбоз Ерромга ишониб, сизнинг олдингизда бу куйга тушганимдан хижолатдаман. Мен уни жамоат тартибини бузгани учун жаримага тортишим мумкин... Қирғийкўз Онуфре ота мастлар ҳақида айтганидек, ичкиликбозлар ҳам ибодатхона олдида тиланчилик қиладиган черков каламушлари билан бир хилдир... Мен темирчи Онуфрега айтаман, Ерромни тўрини ҳам, қайиғини ҳам бермайди, унга кечки овқатга балиқ ҳам йўқ, отаси уни телбаларча яхши кўрса ҳам талабимни сўзсиз бажаради, гарчи у меросхўри сифатида унга ачинса ҳам... Отани тушуниш мумкин, ахир у ота-да...
- Ҳаммаси тушунарли ўртоқ, - деди Кочубей, - халқ ўзи ҳам билмаган ҳолда, ўлгудек ичиб юрибди... худди Чукчалар, Эвенклар ва бошқа шимол қабилалари каби... лекин Комиссариятда уларнинг тилини, урф-одатларини, турмуш-тарзини сақлаб қолиш учун Сталиннинг оталарча ғамхўрлиги остида ишлаб чиқилган кенг дастур бор. Майли, келинг энди, асосий масалага ўтайлик.
(Давоми бор)
Темур Пўлатов, Шерзод Комил Халил
Одам Атонинг охирги авлоди
(Қиссанинг давоми, боши олдинги саҳифада)
- Биласизми... Мен ҳам кулбамга, шу йўлдан кетаман аммо ортга қайтишим бор. Қайноғамнинг хотинини саккиз ойлик ҳомиласи бор, мен уни Кингисеп туғруқхонасига элтиб қўйишим лозим. Илгари ҳам икки марта ҳомиладор бўлганда, бу балиқчи аёлни туғруқхонага элтиб қўйганман.
Нотаниш одам хайрлашиш учун унга қўл силкиб жўнаб қолди, гўё байроқ осилган бинога олиб борадиган йўлни, ундан кўра яхши биладигандек қатъий ва шахдам қадам ташлаб борарди у.
II
Бу орада, бир кун олдин Халқ таълими комиссарлигининг амалдори келиши ҳақида хабар топган етмиш ёшли, сочлари оқарган, кўринишидан хушмуомила ва камтарин кўринадиган Меркон эрта тонгдан бери, кулранг сув юзасига осилиб қолган булутли кўк этагига боққанча, икки марта уйдан чиқиб йўл қаради. У мактабга кетаётиб, ўт ўчирувчилар минорасида - бу жойдан бутун қишлоқ кафтдек кўриниб турарди - қўриқчи бўлиб ярим иш кунида ишлайдиган Айнага причалдан нотаниш одам кўриниши билан ёнғин қўнғироғини одамлар қўрқиб, кулбаларидан югуриб чиқмайдиган тарзда оҳиста ва уйғун тарзда чалишни тайинлади: - Ёнғин, ўзингизни қутқаринг, деб қичқириш шарт эмас...
Мактабга келганидан кейин ҳам йўлаклар бўйлаб ҳаёжонланиб, югургулаб юрган Мекрон шахсан ишонч ҳосил қилиш учун биринчи ва иккинчи синфларнинг бўм-бўш синфхоналарига қараб: ҳамма нарса тартибга солинганми-йўқми деб кезинар, ўт ўчирувчи минорасидан чалинган бўғиқ қўнғироқни эшитмай қолдиммикан, деб хавотирланар, меҳмон қоровул минорасидан кўзга ташланмай айланма йўллардан келаётгану буни Айна пайқамай қолдимикан, деб юрагига ғулғула тушарди, бу ҳол бежизга эмаслигини директор ва амалдор мактаб остонасида юзма-юз тўқнашиб қолганида, ҳаммаси маълум бўлди.
Мекрон аввалига бир оғиз ҳам миқ этолмади, саросимага тушиб, елкасини қисиб қўйди:
- Ўртоқ Кочубей Иван Матвеевич... хуш келибсиз, - дея меҳмонга қўлини чўзди у ва унга портфелини кўтаришга ёрдам бермоқчи бўлди, бироқ меҳмон туйқусдан қилинган бу ҳаракатдан ажабланиб, оғир хўрсинганча, сумкани орқасига яширди. Одатда феъл-атвори бўйича камгап бўлган Мекрон ўзини оқламоқчи бўлиб, мактаб йўлаги бўйлаб, меҳмонни ёнидан юриб, шоша-пиша гапира бошлади.
- Ҳа... мактабимиз сокин ва шинамгина... лекин буни сиз таътилга йўйманг... ҳозир бизда фақат битта бошланғич синф ўқийди... йигирма бир ўқувчи... икки қиз... - у мавзуни оғриқли нуқталарга бурди, аммо ўйлаб қолди, дарҳол масалани шундай гапларга буриш тўғримикан?.. Меҳмон Николинодаги ягона мактабни таъмирлашга ёрдам берадими, ё илгари халқ таълимидан келган ўртоқлар сингари кўру-карга айланадими?..
У афсус билан сўзида давом этди: - Бундан йигирма йил олдин ўқувчиларининг шовқин-суронидан икки қаватли бу мактаб биноси ларзага келарди... ўша пайтлар оддий ўқитувчи эдим... иккита фандан дарс ўтардим: биология ва физикадан... Ом қонунига ўхшаган қонуниятларни болаларга ўргатардим..
Унинг Ом қонунига инспектор олдида беихтиёр мурожаат қилишини сабаби, мактаб ҳаёти Николино аҳолиси учун маънавий ва интеллектуал маёқ бўлган ажойиб йиллар бўлганлигини, шу билан бирга Мекроннинг қайтариб бўлмас даражада йўқотилган ёшлигининг меҳнат ила дам олишсиз ўтган кунларидан сўзлаб беришга иштиёқмандлиги билан боғлиқ эди.
Меҳмон йўл-йўлакай қорайган шифтни, узоқ вақтдан бери оқланмаган, уста қўли тегмаган деворларни, эсдан чиққан барча нарсаларни синчковлик билан кўздан кечирди.
Эндиликда чарчаган, лоқайд амалдорнинг қизиқишини яна қайта қозониш мақсадида Мекрон тинмай вайсарди:
- Илк хўрозлар қичқириши билан ўртоқ Кочубей, темирчининг ўғли Ерромни, сизни ҳурмат-эҳтиром билан причалдаёқ кутиб олишга юборгандим. Қарангки, у сизни учратмабди, таъассуф... Ерромнинг тўғри йўлдан эмас, айланма йўлдан спиртли ичимлик сотувчи дўкон ёнидан ўтадиган одати бор... У буни хотинидан яшириб юради... Лекин унинг аёли бўлган бизни Айна, ўт ўчирувчиларнинг қўриқчи минорасида ишлайди, у барибир ҳаммасини кўради...
(Давоми бор)
«Кундалик -2024»дан: 7.08.2024.
Тошкент.
Онам билан қўнғироқлашдим. У синглимдан бериб юборган «Ўлим лабиринти» китобимни кўзига суриб қабул қилганини айтди. Менинг нашр бўлмаган китобларим ҳали қўлимда кўп онажон, дедим. Шеърий китобларимни ўзи камида бешта китоб бўлишга етади. Яна иккита ҳикоялар китоби, эсселар китобим, мақолаларим, очеркларим қачондир босилишини кутиб ётибди. Худо ўлдирмаса, ҳамма ёзганларимни нашр эта олсам, мен биламан, ўзбек адабиётида энг кўп ёза олган ёзувчи бўлиб чиқаман. Шу йилни ўзида яна бир ҳикоялар китобим ва бестиарийларни бостираман насиб. Ҳа, менга нашр этишдан ҳам кўра, ёзиш кўпроқ куч берган, ёзишдан кўпроқ завқланганман. Ёзишга имкон беришмаганда кечалари яшириб ёзганман. Мен ёзишдан бошқа нарсани билмасдим. Китоб ўқишдан бошқа нарсани севмасдим.
Мен яқинда бир қариндошимга мени ёзишга мажбур қиладиган куч ҳақида гапириб бердим. У диний иллюзияга берилган, фақат Қуръонни ўқиш керак, бошқа китоблар одамга ҳеч нарса бермайди, деган қатъий фикрга келган одам эди. Мен Қуръонни ўқиш фикрини ёқлайман, аммо бошқа китобларни ўқимасликни хато деб биламан. У мени ёзишга мажбурлайдиган куч ҳақидаги гапларимни тингларкан: - Бу шайтон бўлиши мумкин, - деган қўрқувга тушди. Мен уни раъйидан қайтармоқчи эмас эдим. Эҳтимол, дедим шу сабаб. Адабиёт ҳақида ҳаммага тушунтириб ўтиролмайман ахир. Аммо ёзишга бўлган иштиёқим ўлмаган экан, бу фаолиятда давом этаман. Ҳали қиладиган ишларим кўп!
Шу ердан «Сукут сақлаётган адабий танқид»(2024) номли мақоламни ўқишингиз мумкин...
Шерзод Комил Халил
Сиз ва китоблар
Фақат сиз, китоблар, бошқаси ёлғон,
Бошқаси умримда изғиган сароб!
Менга керак эди озроқ шароф-шон,
Лекин сиз умримни этдингиз хароб!
Мезондай чувалиб тўзғиди ҳаёт,
Шамоллар қувалаб ўтди йўлимдан.
Мендан қоладиган бир-икки баёт,
Қаҳқаҳа уради қўрқмай ўлимдан.
Мен эса яшашдан қўрқдим заминда,
Йўқотишдан қўрқдим ҳамма нарсани;
Ҳеч нарса қолмаган чоғида менда,
Ҳайратда қолдириб кетдим барчани.
Дунё-ки, арзимас матоҳ эди бир,
Дунёни талашиб-тортишардингиз.
Билмасдингиз мени умрим эди сир,
Унда гувилларди кечалар денгиз.
Шамоллар бетиним соларди сурон,
Бўронлар қўпарди, чақмоқлар чақиб;
Мўлжаллаб, пайт пойлаб учарди дрон,
Менинг юрагимни этганча таъқиб.
Яшринардим шунда китобларга мен
Ва сизнинг руҳингиз қаърига чўкиб;
Сиз эса англамай сақлардингиз кин,
Менга заҳру-заҳқум сўзларни тўкиб.
Энди қолди бари ортга водариғ,
Замонлар ўзгарди, йўллар қайрилиб;
Воҳ, менинг умримга куз келди сариқ,
Дилижондан кетдим буткул айрилиб.
Талош, васвасалар охир билди ҳад,
Тугади изтироб тўла итоблар!
Бу дунё тоқида мангу тоабад,
Мени эслаб йиғлар энди китоблар!
6.08.2024.
Тошкент.
Шерзод Комил Халил
Ғалати кунлар
Ғалати кунларни кузатдим беғам,
Қуёш ботганида ғуруб тоқига;
Булутлар ўртаниб осмонда кам-кам,
Бадҳазм тунларга ботган чоғида.
Нечун яшашимни ўйладим оғир?..
Бир маъно изладим сирсиз ҳаётдан;
Енгил ёғиб ўтди августда ёмғир,
Чекинмас иссиқ ёз бу гирдибоддан.
Қуртга эрмак қилиб муздек пивони,
Гап сотдим ғаройиб одамлар билан.
Нима деб ўйловдинг ахир дунёни?..
Қандай тасаввурга сиғдиргандинг шан?!
Кеча кимлар билан эдингу энди,
Қолди бугун ахир кимларга кунинг?!
Қанча ичилмаган қадаҳлар синди,
Сени энди бир дам чиқмайди унинг.
Ҳаётга авваллар боққанинг каби,
Қарамайсан нега, зарра хоҳиш йўқ!
Қандай ўтиб борар умр матлаби?
Бир хил йўлдан кетдинг сира оғиш йўқ.
Қайта ташласинми чекингни Худо,
Танлайсанми яна қандай яшашни?..
Билмассан келмаган балки интиҳо,
Энди бошлагансан балки курашни...
Топа оласан бас, демакки, чора,
Эҳтимол олдинда кунлар бокира;
Юраги зада-ю, кўзлари қора,
Ғалати кунларни ўйлама сира!
1.08.2024.
Тошкент.
?КАТТАЛАР УЧУН!
?Ўзбекистон ва Жаҳондаги муҳим воқеалар, энг тезкор ва махфий хабарлар!
Воқеа ёки ҳодисанинг гувоҳи бўлдингизми?
Унда бизга юборинг: @Qoraxabar_aloqabot
☎️Реклама: @Qoraxabarda_reklama
Last updated 2 months ago
Расмий «ПАТРУЛ УЗ» каналига хуш келибсиз!
Фақат янги, долзарб мавзулар!
Инстаграм: http://Instagram.com/Patruluz
Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз: @Patrul_Aloqa_bot
Реклама: @Patrul_Admin
Last updated 3 weeks ago
Тезкор янгиликлар фақатгина
@OPER_UZ 👈🏻да
Воқеа ва ходисага гувоҳ бўлдингизми 👀
бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз👇🏻
@oper_uz_bot 👈🏽
Реклама учун 👉🏻 @oper_admin
Last updated 1 week, 6 days ago