PRIKOL VIDEOLARNI DODASI
Admin @REKLAM_UZPRIKOL
Last updated 2 years, 5 months ago
✅ Бирор бир маҳсулотга буюртма бермоқчи бўлсангиз @SOTUVCHll га ёзинг!
Last updated 1 year, 7 months ago
Мехрингиз сиғмас оламу жаҳон,
Сизни яхши кўраман Онажон.. ♥️
Барча Ота-Онасини яхши ку́радиганлар ва инсонларни бир-бирига мехр уйғотувчи канал 💯
Реклама учун 👉 @Baxtimsiz_admini
Last updated 2 weeks, 3 days ago
"РАК" КАСАЛЛИГИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
Ассалому алайкум, аслзода ўқираманлар. Яқинда, Япониядаги бир PhD, олим укамиз "Баҳодир ака, Япониядаги саратон касаллигининг асосий сабабларидан бири - Обенто маданияти бўлиши мумкин экан. Шу ҳақида бир ёзсангиз, ўзимизникилар учун манфаатли бўлар экан!" деб қолдилар.
"Обенто" дегани- Сиз қўлларимда кўриб турган, идишга солиб сотиладиган овқатлар. Қисқача қилиб айтганда, уйдан кўчага чиқаётиб, бирорта идишга уйда пиширилган паловдан солиб олиш дегани. Уйдан овқат солиб ишга олиб кетишнинг яхши томони бўлса борки, ёмон томони йўқ деб ўйлайман. Мен ўзим ҳам ҳар куни ўзим билан "Обенто" олиб кетаман)
Буни рак касаллигига нима алоқаси бор десангиз, Японларнинг жуда кўп қисми уйида овқат пиширишмайди. Тушликка ҳам кечки овқатга ҳам сиз расмда кўриб турган идишдан битта сотиб олиб ейишади. Бу жуда оммалашган. У "Oбенто"лар музлатиб сотилганлиги учун микротўлқинли печга солмасдан ейишнинг иложи йўқ. Ўша сотиб олинган дўконнинг ўзида "Ататамесука" "Микроволновкада иситиб берайми?" деб сўрашади. Хуллас, жуда кўп Японлар шунақа ярим тайёр махсулотлар билан умр кечиришади.
Ана энди, РАК касаллиги ҳақида гаплашамиз. Японияда бирга ишлайдиганларингиздан, атроф муҳит, шифохоналардан "РАК бўлиб қолибди. РАК бўлиб қолибман" каби гапларни жуда кўп эшитасиз.
Японларда "РАК"ни "ГАН" дейишади. Бу "ГАН"нинг мингдан ортиқ тури бўлса керагов. Ҳар қандай аъзонинг орқасидан "ГАН" сўзини қўйсангиз, бўлди. Масалан, "МИЯ ГАН" ( Мия раки) "Фаросат ган" , (Фаросат раки) каби)
Японияда ҳар 3 та ўлимнинг биттаси рак сабабли экан. Биргина 2022-йилда 1 миллиондан ошиқ саратонга чалинганлар аниқланиб, шулардан 380 000 нафари оламдан ўтибди. Яхшиямки, Японияда медитцина тизими кучли йўлга қўйилган. Миндайроқ давлатларда бўлганда бу кўрсаткич янада дахшатли бўлар эди.
Хуллас, Япон шифокорлари бу рак касаллигининг кўпайишига "МИКРОВОЛНОВКА" да иситилиб ейиладиган овқатлар сабаб бўлиши мумкинлигини, иложи борича "Свежий" овқатлар ейишни кераклигини таъкидлашибди.
Бу гапларим билан нима демоқчиман, биз иложи борича ўша "Микроволновка"ларни ишлатмаслика ҳаракат қилишни бошладик. Сизларга ҳам шуни тавсия этаман. Овқатни газда, қайноқ сув остида, яна бир нималар қилиб, табиий усулларда иситиб ейишни тавсия қиламан.
Бу постни қайнонангизбоп, эрингизбоп пост бўлиб, "Кирни ҳам қўлда ювинг", "Уйни ҳам сочингизда супуринг" дейишлари учун ёзмаябман😆Айнан, "Микроволновка" лар соғлик учун ўта хавфли эканлигини айтмоқчиман. Барчаларингизга соғлик-саломатлик тилайман!
Баҳодир Ниппоний- Яхши кунларда сиз билан бирга! Дорихоналардан сўранг)
18+ ЯПОН ЭРКАК ХОТИНИГА НИМАЛАР ҚИЛДИ?
Ассалому алайкум, аслзода ўқирманлар. Сиз расмда кўриб турган Япон чол-кампир 50 йилдан буён бирга яшашар экан. Кампирининг кўзлари ожиз экан. Шунда мана бу бизнинг қаҳрамон Япон тоғамиз, кампири учун ҳовлисининг атрофини боғ қилибди. Миллиондан ошиқ гуллар экибди. "Кампирим яхши кўрган гуллардан экдим. Гулларни ҳидлаб, стресслардан қутулади. Хурсанд бўлади" деб интервю ҳам берибди. Ана сизга севги, мана сизга муҳаббат!
Сизчи, сиз? Кўзи очиқ хотинингизга гул экиш уёқда турсин, биттагина гул совға қилдингизми? Қачонгача, сизнинг пайпоғингизнинг ҳидидан сармаст бўлади. Гул олиб келинг, гулнинг ҳидидан ҳам сармаст бўлсин бечора)
Эри-хотин муносабатлари, оила масалаларида Японлар биздан ўрнак олиши керак, аслида. Аммо, бир Япон сотциологининг "Оила" номли асарида жуда чиройли фикрлар ёзилган. Ўшаларни ўзимнинг тилимда тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Хуллас, бизнинг жамиятдаги оила институтларининг энг катта муаммоси- "Муомала"да. Эркаклар ҳам қўпол, аёллар ҳам. Ширин тилларимиз камайиб кетган. Кечирим сўрамайдиган жамиятга айланганмиз. Муомала маданиятини шакллантириб олсак, жуда кўп муаммоларнинг олди олинади.
Японларда "Иикатага даижи" деган гап бор. Яъни "Ҳамма гап муомалада" дегани.
Масалан, эрингизни жахли чиққан. Ишдан бўрига ўхшаб кириб келди. Бўлар бўлмасга ғингшиябди. Шунда нима қилиш керак?
"Мен сизга тегиб нима кўрдим? Ҳар куни шу аҳвол. Сизга теккунча Мардон ўртакашга текканимда мазза қилиб юрардим. Менга осонми? 3 та бола билан ботиб юрибман. Одамларнинг хотинига ўхшаб фалон-фустонлар қилолмайман" дейиш керакми? Йўқ.
"Ҳа, ўзимни арслоним. Чиябўрилар кайфиятингизни тушириб қўйибди-да. Келинг, ўзим сизга ширин овқатларни сузиб, овқатдан кейин, оёғларингизни ванна қилиб қўяй. Ундан кейин битта "Вачач" бўлса а?" деб кўринг-да. Агар шунда ҳам жанжал қилса, Ниппоний отимни Шийпоний қўяман)
Энди, эркаклар, ишдан келдингиз. Аёлингизни кайфияти ноль. Ҳа, десангиз ёниб кетадиган даражада турибди. 15 йил олдин қилган хатоларингизни юзингизга солаябди. Камига, "Бошқасини топиб олибсиз"дан бир партия бошлади. Нима қилиш керак?
Қулоғини тагига Алпомишнинг 5 панжа изини тушириш керакми? Ёки, "Ўчир овозингни" дейиш керакми? йўқ. "Жоним, бақлажоним. Жахлингиз чиққанда шундай чиройли бўлиб кетасиз. Ээ, велиб кетсин. Рўзғор ташвишларига сиқилманг. Мана мен борман. Кечиринг сизни қийнаб қўйдим. Фалончини топиб олибсиз дейсизми? Бўлмаган гап, унақа аёллар сизнинг эски тапичкангизга ҳам арзимайди. Келинг, бир мазза қилиб овқатланамиз. Кейин, битта "Вачач" дан бўлса а?"
деб кўрингчи, уруш давом этармикан. Этмайди. Сезган бўлсангиз ҳамма гап "Вачачда", э узр, муомалада экан.
Хушмуомала бўлайлик, дўстлар.
Қайнона-келин муносабатларида ҳам "Ҳўп бўлади, ойижон. Узр, адашибман", "Ҳечқиси йўқ келин эмас, қизимсиз мени", "Жаннатим-овсиним" каби сўзлар ишлатилса, анча муаммолар ҳал бўлади. Яхши гап билан қайнона ҳам инидан чиқар деган гаплар бор, ахир)
Хулосайи калом, хушмуомалалик , ширин тиллик, сизга нафақат оилада балки, ишда, ўқишда, бизнесда қўйингки, ҳар жабҳада фойдаси тегади. Бугундан бошлаб хушмуомалаликни ўзингизда шакллантиринг. Хоҳласангиз, изоҳлар қисмида мени мақтаб машқ қилиб олишингиз мумкин. Ўзим бошлаб берай: Бунча чиройли клавиатурадан изоҳ ёзасизларе, умримда бунақа гўзалликни кўрмаганман😍😆
ҚАРАШЛАРИМИЗДАГИ ХАТОЛАР!
Ассалому алайкум, самимий, оқсуяк ўқирманлар. Бугун бир ёшликка сайр қиламизми?
Бизда ТАЛАБАЛИК- ОЛТИН ДАВРИМ деган гап бор-ку. Ана шу гап катта хатоми дейман-да. Бошқа давлатларда, хусусан Японияда ТАЛАБАЛИК- ХОРЛИК ДАВРИ. Университетда қийналиб ўқийсиз. Ўзингизни контрактингизни ўзингиз тўлашингиз керак. Ўқишдан кейин ишлайсиз. Ишдан кейин уйга келиб, ўлгудай дарс қиласиз.
"Бу қийинчиликлардан чиқиб кетмасам бўлмайди" деб жон-жаҳдингиз ҳаракат қиласиз. Натижада, ана шундай талабалар Японияни ЯПОНИЯ қилишади.
Биздачи, бизда талабалик мезззаааа. Асабларингиз дам олади. "Эртага курсдошлар билан қаерга ўйнагани борсак экан?" деган олий мақсад, ўйин-кулгу, чиройли кийиниш, ота-онадан узоқда, озодлик. Мазза давр. Бунақа мазза ҳаётдан чиққан талабани ишлагиси келармиди? "Эҳ, университет тез тугаб қолди-да. Яна бир йил ўқисак бўларкан" деб "Мазза ҳаётдан" кетгиси келмаганлар қанча) Хуллас, ана шу "Олтин давр" хатомиз-ми, дейман-да. Майли, яхши бўлиб кетар. Олтин давр деганимга "Олтин пахта" эсимга тушиб кетди.
Ҳозирги талабаларга эртакдек туюлар, аммо бизнинг давримизда Тошкентда ўқиб ҳам пахтага чиққанмиз. Ярамаслар 70 йил пахтани пропаганда қилавериб, кўзимизга пахта ҳам яхши кўринадиган бўлиб қолган. Қаранг, ҳаттоки пахтадаги қулликни ҳам яхши хотиралар билан эслаймиз)) Қайнатилган макаронлар, қўллар ёрилиб кетган глитциринларни суриб, қишлоқ одамлари, қишлоқ ҳаёти, ажойиб даврлар эди. Фақат яхши хотиралар. Пахтада энг эсимда қолган ҳолатлардан бири: Бир куни пахта даласида гаплашиб ўтирибмиз. Шунда Журналистика факултетининг обрули профессорларидан бири ёнимизга келиб "Пахтани теринглар" деб қолдилар. Шунда "Домла, тўхтанг. Озгина лирик чекиниш қилиб дам олайлик" десам, гапим ёқмади. Мени едирмоқчи бўлиб:
"Эй, жипириқ. Сен лирик чекинишни биласанмн? Умрингда бир адабиётни ўқиганмисан? Қўлинга китоб ушлаб кўрганмисан? Бирорта ғазал биласанми?" деса бўладими?
Домлани нега ундай деганларини тушунаман. Чунки, мени реал ҳаётда учратсангиз, китоб ўқиган, адабиётга, шеъриятга қизиқиши бор, ўқимишли йигитдан кўра, безори, ишкалчи, шўх, ярамас йигитдек таасурот қолдиришим эҳтимоли катта. Чунки, ўзимни ақлли кўрсатишни ёқтирмайман. Чунки, ростдан ақлли эмасман😆
Хуллас, домлани "Ўзи ғазал биласанми?" деган кинояли гапидан кейин,
"Ия, ғазал ёдлаш бўйича мен билан ҳазиллашманг, қози почча" дедим, ичимда.
Кейин: "Келинг бир ўйин ўйнаймиз. Сиз хоҳлаган ғазалнинг номини айтасиз. Мен ўша ғазални ёддан айтиб бераман. Айтиб беролмасам 100 кг пахта тераман. Айтиб берсам, ҳаммамиз "Штаб"га қайтиб дам оламиз бугун. Жавоб бериб юборасиз!" дедим.
Домла кулиб: "Сени китоб ўқиганинга ишонмайман. Ютқаздим деявер. 100 кг пахтага тайёр туравер. Машрабнинг "На қилай" деган ғазалини айтчи?" десалар бўладими? Биттада айтиб бердим-ку. Кейин, Лутфийдан, Навоийдан ҳам айтган эдим. Домла бошқа гапирмади.
Биз эса, дам олишга кетиб юбордик)
Шунақа гаплар, ёшлигингизни эслаган бўлсангиз, ёқтирмани босинг. Ўзи ёш бўлсангиз юракчани босинг. Юқоридаги домлага ўхшаб, "Ёшлар ҳеч нарсани билмайди" деган советча фикрда бўлсангиз ўзингизни босинг))
Хурмат билан, Бўлажак мактабгача таълим вазири Баҳодир Ниппоний)
ЯПОНИЯДА ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛАЁТГАНЛАР!
Ассалому алайкум, палаги тоза ўқирманлар. Эрталабдан мудҳиш воқеага гувоҳ бўлиб қолдим. Болалигингизда, "Ҳозир уйга бориб, мазза қилиб овқатланаманда, кейин чиқиб дўстларим билан ўйнайман" деган беғубор ҳаёллар билан мактабдан қайтаябсиз. Маҳаллангизнинг бошига етганда не кўз билан кўрингки, дарвозахонанингизнинг олдида бир тиличка ғўзапоя ёки сомон тўкилган турибди-ку. Бу дегани сен бугун кийимингни алмаштириб, кечгача итдек ишлайсан дегани) Яхши кайфият ҳам бир тийин бўлади.
Бугун менда шунга ўхшаш ҳолат юз берди. Озру ҳаваслар билан муҳаббатга тўлиб, ишга кетаётган эдим. Тақ этган овоз чиқди-ю, Поезд тўсатдан тўхтади. Поезднинг биринчи вагонида, деразага яқин жойда ўтирган эдим. Менга жуда тиниқ кўринди. Бир Япон поездни тагига ўзини ташлади.
Вагонда минглаган одам ўтирибди. Ҳеч ким ваҳима қилгани йўқ. Чунки, Японлар кўникиб кетишган. У ерда одамни ўлганидан кўра, ишга кечга қолишни ўйлаган одам кўпроқ эди. Ҳамма ишга, ўқишга , бошқа юмушларга шошаябди. Метро ичида Японлар бир нарсалар деябди. Бир аёлнинг гапи диққатимни тортди: "Ўлмай ўлиб кетгур. Жа ўлгинг келса, бизга халақит бермай тинчгина ўлсанг бўлмайдими?" дейди))
Ростанамда, ўзи ўлмоқчисан нима кераги бор 10 мингдан ошиқ одамга бош оғриқ бўлиб) Индамайгина, Бошқа Японларга ўхшаб маданият билан АОКИГАҲАРА ( Фужи тоғи яқинидаги қалин ўрмон. Кўпчилик у ўрмонни ўзини ўлдирадиганлар ўрмони дейишади) ўрмонига бориб ўлиб келсанг бўлмайдими дегинг келади. Аммо, энди у одам эшитмайди.
Японияда поездни тагига ўзини ташлаш ниҳоятда авж олган. Деярли ҳар куни кимдир поезд остига ўзига ташлайди. Бу шу даражада оммалашганки, "Бугун ҳаво яхши экан" деган гапдек. Ҳеч қандай ҳиссиёт бермайди. Ҳудди, кундалик одатга айланиб қолгандек! Ўз жонига қасд қилиш бўйича Японлар етакчи ўринда туришади. Ҳукумат бераётган маълумотларга кўра, бир йилда 30 мингдан ошиқ одам ўз жонига қасд қиларкан.
Ўтган сафар шу мавзуда ёзганимда "Ҳа, бизда ҳам кўп. Японлардан қолишмаймиз" дейдиганлар бўлди. "Яғ-бияғингизга" қараб гапирингеe. Биз-ку биз, бутун марказий осиё бирлашсак ҳам, суицид масаласида етолмаймиз Япон-Корейсларга.
Япониядаги ўз жонига қасд қилаётганларни сабабини ўргангандек бўлдим. Қимордан ютқазиб қўйиш, ишдан ҳайдалиш, дўст топа олмаслик, моддий қийинчиликка учраш кабилар экан. Менимча, асосий сабаб- Худосизлик. Нариги дунё борлигига ишонмаслик. Бошқа сабабларидан бири ёлғизлик. Ака-ука, дўст, қўни-қўшни, қариндош уруғчиликни йўқлигида. Японларни бошига бир синов келса, ёлғизликдан жуда қийналишади. Дардини бировга айтолмайди, айтмайди. Натижада, қаттиқ стрессга дуч келади.
Хулосолог сифатида хулоса қиладиган бўлсам, келажакда қандай ривожланишга эришмайлик. ДИНИМИЗ, ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ, МЕҲР-ОҚИБАТИМИЗ билан бирга ривожланишимиз лозим-у лобуд.
Шунақа гаплар. Мурдани тозалаб ташлашди. Кетган вақт оралиғида сизларга ушбу постни армуғон этдим. Ҳозир поезд қўзғалади. Мени бир дунё иш кутиб турибди. Бир тиличка ғўзапояни ташишим керак) Барчаларингизга икки дунё саодатини тилаб қоламан!
ЖАМОЛИДДИН БОБОЖОНОВ!
Ассалому алайкум, хурматли ўқирманлар. Самимийгина бўлиб юрибсизларми? Нега 3-4 кундан бери пост қўймаябсиз деб қайғурган дўстларимиз ҳам бўлишибди. Барчаларингизга ташаккур! Энди ҳаёт шу экан-да. Биз ҳам ўзимизча катта одаммиз. Бандмиз. Велиб кетсин, Японлар лавозим берса, бир дунё маъсулияти билан беради. "Йўқ-йўқ-йўқ сиз 8 соатдан ортиқча ишламанг" деб қўйишади-куя, лекин, ўз хоҳишингиз билан ишлашга мажбур қилиб қўйишади. Худди биздаги келинлардек "Йўқ, ойижон чарчамадим. Роботман-ку, мен" дегандек тиржайиб ишлайверасиз))
Шу десангиз, кеча бир танишим "Ошна, мақолангни кимсан, Жамолиддин Бобожонов ўз сахифасида улашибди. Хурсанд бўлмайсанми? Раҳмат деб пост қўйиб қўймайсанми?" деб ёзибди. "Конешно" хурсанд бўламан-да. Жамолиддин Бобожоновни ҳар битта гапирган гапларини ёддан биламан. Ҳаттоки, ўзларини эсидан чиқиб кетган фикрлари ҳам ёдимда бўлса керак)
Танимаганлар бўлса таништириб кетай, Жамолиддин Бобожонов файласуф одам. Ҳақиқий самимият уфуриб турадиган ажойиб инсон. Ҳазиллашиб гапирган гапларини ҳам диққат қилиб тингласангиз, чуқур маъно бор. Яхшилаб суриштирсам қариндош чиқиб қолсак керагов) Мен ҳам Булунғурга яқин жойда туғилиб ўсганман. Шевамиз ҳам ўхшаш. Балки, шу учун ҳам менга кўпроқ таъсир қилар фикрлари. Мен ҳам Эшонбоболардан. Ҳазилга ҳам устаман)
Футбол + деган ажойиб кўрсатуви бор-да, акаларимизни. Кўрсатув ҳам дехқонча. Хоҳласалар, вақтини ўзгартириб юборишади. Хоҳласалар, бугун кўрсатув бўлмайди деб ҳам қўйишаверади. Кўрсатув шунчаки футбол ҳақида эмас, ҳаёт ҳақида. Футбол орқали жуда кўп манфаатли фикрларни улашадилар. Хайрулла Ҳамидов, Жамолиддин Бобожонов, Бобур Акмалов учалаларини ҳам ашаддий мухлисиман мен! Японияга келсангиз, бир Сушихўрлик қиламиз, акалар) Бу акаларимиз, Совет даврида туғилиб ўсиб, соғлом фикр, қадриятларга содиқлик, маънавий тетиклик қила олган камсонли инсонларимиздан.
Мен нимадан хурсанд бўламан. Бизга ҳар бир сохада шундай инсонларимиз керак. Динига, қадриятига, миллийлигига содиқ, уйғоқ инсонларимиз керак. Мана шу акаларимиз футбол орқали қанчадан қанчани тарбиялашаябди. Кўрсатувларида "Ота-онага хурматли бўлинглар. Илмга олишга бел боғланглар. Футбол оддий ўйин. Бу даражада киришиб кетманглар. Қимордан сақланинглар!" каби фалсафа ётади. Ташаккур сизларга акалар!
Шунақа гаплар. Дилимдаги гапларни ёздим-да. Дарров-да, пахта қўяябди. Обуначи йиғмоқчи деб питна-пасод гапларни бошлаб қолманглар тағин. Мен блоггер эмасман. Интернетга сарфлаётган вақтимни ишимга сарфласам, кўпроқ пул топаман) Шунчаки, Япониядан ўрганларимни сизга ҳам улашай дейман-да. Ёзмасам, ўқимасам туролмаслигим учун дилимдаги гапларни ёзиб тураман-да, азизлар. Эртага "Япон сумоси" ҳақида айтиб бераман)
Жамол эшонбова, сиз номер одинсиз)
Шеър дейишга уяламан-у, шиғирларимдан ўқиб туринг баъзида!
Тушунмадик сиз курашган ғоя надир,
Бир асрким фақат шиор алламбало,
Ўзгармади, ҳа, ҳеч нарса ўзгармади,
Бизда ҳамон ўша-ўша жадид бобо.
Бошлиғимиз, бўшлиғимиз ўша-ўша,
Қўйдек ювош,бўшлигимиз ўша-ўша,
Фарғоналик, Ўшлигимиз ўша-ўша,
Бизда ҳамон ўша-ўша жадид бобо.
Ҳа, ҳалиям хаёлимиз тўй билан банд,
Данғиллама, ҳашаматли уй билан банд,
Душманимиз чалиб берган куй билан банд,
Бизда ҳамон ўша-ўша жадид бобо.
Афсус, сизлар душман деган юртида биз,
Тўй ва улов учун ишлаб ўртанамиз,
Миллиятни унутдик эҳ, ўртада биз,
Бизда ҳамон ўша-ўша жадид бобо.
Бир асрким йўлга тушиб кетолмадик,
Сиз кўзлаган марраларга етолмадик,
Нафс ва қўрқув уммонидан ўтолмадик,
Бизда ҳамон ўша-ўша жадид бобо.
Илм эмас, соқол билан овворамиз,
Ярим парча рўмол билан овворамиз,
Низо, баҳсли савол билан овворамиз,
Бизда ҳамон ўша-ўша жадид бобо.
Туркистонми? аввалгидан хорроқ ҳозир,
Тўронимиз беш бўлинган торроқ ҳозир,
Ўзбек, Қозоқ, Қирғиз, Тожик тарқоқ ҳозир,
Бизда ҳамон ўша-ўша жадид бобо.
Бизга яна неча аср керак билмам,
Қалбда армон қўша-қўша жадид бобо,
Қилар алам, қилар алам, қилар алам,
Бизда ҳамон ўша-ўша жадид бобо.
© Bahodir Iskandarov
ҒАЛАТИМАСМИ? ЯПОНЛАР БИЗНИ БАЙРОҚНИ БИЛИШМАСА)
Ассалому алайкум. Хурматли кўрарманлар.
Видеони кўриб "Мана, Баҳодир Ниппонийга ўхшаб байроқни севса бўларканку, қардошларимиз билан орани совуттирмасдан ҳам севса бўларканку. Ҳам сўровнома ўтказаябди ҳам ўша ердаги 100-200 кишига байроғимизни танитаябди. Японларга географиядан дарс бераябди. Отанга балли" деб, одамни уялтирманг, ҳўпми??
Сўровномани эри-хотин икаламиз, анча йиллар олдин олгандик. У пайтлари битта мени дадамда "Волга" бўларди дейдиганларга ўхшаб, битта мен видео олишни билардим деб қўяйми?? Шунинг учун, видеони сифатсизлиги, мени ҳам сифатсизлигимга эътибор қилмасдан самимий қабул қилиб қўяверасиз деган умиддаман)@highlight
ЯПОН ВА ЎЗБЕК АЁЛИНИНГ ТОЗАЛИККА МУНОСАБАТИ!
Ассалому алайкум, хурматли ўқирманлар. Япониядаги саргузаштларимиз давом этади.
Бугун бир Ўзбек опамиз аудио хабар жўнатибдилар. Хабарнинг мазмунини ўзимни услубимда тушунтиришга ҳаракат қиламан) "Услубинг қурсин! 1,5 километр қилиб узуууунн қилиб ёзасанда бошқа нима ҳам қилардинг?" деб урушиб берманг тағин) Китоб ўқимай қўйганларга ҳеч бўлмаса пост ўқитиб, кўзларини узунроқ матнларга ўргатиб турайлик. Ажабмас, узун постдан китоб ўтиб кетишса))
Хуллас, у опамиз Япониянинг бир чекка вилоятида магистратурада ўқибдилар. Кейин, докторантурада ўқиш учун Токиога келишга мажбур бўлганлар. Токиога келганлар, янги уй олиш керак, ижара тўловлари дегандек. Бир сум пул қолмаган. Ўзбекистондагилардан сўрай деса, кимсан Японияда юриб яна қарз сўраб бўладими? Яқинларини наздида Японияда пул дарахтда ўсиб ётибди) Овқатланишга ҳам пул қолмаган. Сиқилиб осмонга қараб, "Доктор бўлишга бало бормиди менга, дугонам Шарапатга ўхшаб эрга тегиб, эримни топганини мазза қилиб еб ётмайманми?" деб хўрсиниб турса, телефонига тинг-тинг деган хабар келибди. Очиб қараса, олдинги ижара уйининг эгасидан:
МЕН 35 ЙИЛДАН БЕРИ УЙИМНИ ИЖАРАГА БЕРАМАН. ЛЕКИН, СЕНДЕК ТОЗА-ОЗОДА ЯШАГАНИНИ КЎРМАДИМ. СЕНИ МИЛЛАТИНГ ДУНЁДАГИ ЭНГ ОЗОДА МИЛЛАТ ЭКАН. КАРТАНГА ОХИРГИ 3 ОЙЛИК КВАРПЛАТАНГНИ ҚАЙТАРИБ ТАШЛАБ ҚЎЙДИМ. РАҲМАТ СЕНГА деган хат эмиш. Опамизни хурсандлигини тасаввур қилаверинг.
Энди бяғини мендан эшитинг. Анча йиллар олдин, оиламни Ўзбекистонга жўнатиб юборган эдим. Ўша пайт мен билан ишлайдиган бир МИЯЗАВА деган Япон уйга келди. Уйни тозалигини кўриб томи кетиб қолганди. Аслида, аёлим тозалайдигандек тоза эмасди. Лекин, кўпчилик Японларни уйини олдида тозамисан тоза эди-да. Бизни аёллар "Вой бу ҳамма жой ивирсиб кетибди-ку" дейдиган уй Японларни уйини олдида чинни-чироқдек сарой) Айтганча, расмдаги уйни расмини бир Япон қиз, "Сизларда ҳам шунақами, эй компанияда ишлайдиганлар?" деб ўз сахифасига қўйибди. Уни тарафдорлари "Ҳа" дегандек қилиб лайкни босиб ташлашган!
Шунақа гаплар азизлар. Биз кўча куйни қандай озода тутишни Японлардан ўрганишимиз керак. Японлар уйни қандай саранжом-саришта тутишни биздан ўрганиши керак. Бизни тозалик-озодаликка ўргатган онахон, момоларимизга гулдурос қарсаклар! Қадриятларимиздан айланай, динимиздан айланай, миллатимиздан айланай.
Айтганча, мен кўрганимни бор гапни ёзаябман. Мени дилимни оғритиб, калла қўювчилар бўлмасин. Мен жуда бошқача одамман. Айтишларича мен туғилган пайтимда роддомда чироқ ўчиб қолган экан. Бечора доя энди киндикни қандай кесаман қоронғуда кўзимни зренияси паст деб хавотир ола бошлаганда, минг йилда бир бўладиган ходиса юз берибди. Осмонда қаттиқ момоқалдироқ бўлиб, КАТТА АЙИҚ туркумидаги юлдузлар ерга яқин кела бошлабди. Ой ҳам бошқача чиқиб, Зухро юлдузи бутун бошли роддомни ёритиб юбориб, анави зренияси паст доя ҳам мени чиройимни кўриб кўзойнаксиз ҳам яхши кўрадиган бўлиб кетибди. Кейин... Бўлди, бўлди эртак бўлиб кетди а? ? Ҳеч нарса бўлмаган. Худди сизлардек вариллаб йиғлаб туғилганман)) Барчангизга яхши кайфият тилайман!
САРЛАВҲАСИЗ ПОСТ!
Ассалому алайкум, қадрли ўқирманлар!
Расмни кўриб "Бу Баҳодиржон нафақат ақлан полвон, балки жисмонан ҳам полвон эканку. 2,5 метр узунликдаги, энига 50 см бўлган темир камида 70 кило бўлса керак. Кўрдим демай кўтариб турибди" деб юбордингизми? Шошмай туринг. Ҳозир тушунтириб бераман!
Ишхонамизнинг кириш эшиги олдида, бир Япон компанияси, ана шу темирни реклама қилиб туришган экан. Бир чиройли "Пучина-пучун" Япон қизи, стюардесса кийимида, менга қараб: "Келинг, шу темирни кўтариб кўринг" деди. Кўнглим бўшмасми, аёлларга йўқ деёлмайман. Айниқса, чиройли аёллар бўлишса, вапшим йўқ деёлмайман)) Шартта, енгимни шимариб, 16 ботмонлик камонни кўтарган Алпомишдек кўтарсам, бу матоҳ бизни уйдаги пар ёстиқдан ҳам енгил экан??♂️
Бу нарса самолёт ясашда ишлатиладиган матоҳ экан. Японлар дунёдаги энг енгилидан ҳам енгилини кашф қилишибди. Ва сотувга чиқариб реклама қилишаябди экан! Бу Японлар жуда ақлли халқ-да.
Ўтган ҳафта Японларнинг TOYOTA компанияси учадиган машиналарни яратишиб, оммага эълон қилди. Ҳамма Япон каналларида шов ва шув бўлиб кетди. Дахшат а?
"Японлар машиналарни учириб юборган бир пайтда, Ғарб космосга учаётган бир пайтда, бизникилар..." деб битта-иккита инкубатор миялар гап тарқатиб юришади. У инкубаторлар майли-куя, битта-иккита зиёлиларимиздан ҳам шу гапни эшитиб хафа бўлдим. МУСУЛМОНЛАРНИ ТИНЧ ҚЎЙИНГ. Бизни муқаддасотларимизни тинч қўйинг! ХУРМАТЛИ, шу гапни ГАПИРАЁТГАНЛАР! Зиёлилар, олимлар, тизимдагилар қилиши керак бўлган кашфиётлар-у, ривонланишларни оддий халқни бўйнига юкламанг. Келинг, бугунги мақоламизни ўшаларни аргументларини парчалашга бағишлаймиз. Япон жамиятида, Япон компанияларида кўриб, кузатиб аниқ айта оламанки, БИЗДАГИ ЭНГ ҚОЛОҚ ОДАМ ҲАМ ЯПОНЛАРНИ АКСАРИЯТИДАН АҚЛЛИРОҚ.
Япониядаги ютуқ ва ривожланишни бир уюм зиёлилар ва тизим қилаябди. Қолган 80% нинг савияси ўртача! Мени қўл остимда ишлайдиган Японлар ва Ўзбекларни кўп солиштирганман. Японларга оддий нарсани ҳам биздаги мактаб болаларига тушунтиргандек ҳижжалаб туштирмасангиз тушунишмайди. Танқидий ва таҳлилий фикрлашда бизникиларни потенциали анча баланд. Таҳорат ва гигиенада ҳам. Шунинг учун, доимо таҳоратда, ювиниб-тараниб, тозагина, чиройлигина бўлиб юраверинг!
Нега унда Японлар ривожланиб кетган десангиз, битта жавоб беришим мумкин. ЯПОНЛАРДА ТИЗИМ ЯХШИ ЙЎГА ҚЎЙИЛГАН. АНА ШУ ТИЗИМ СПОРТ ДЕЙСИЗМИ, ТАЪЛИМ ДЕЙСИЗМИ, ТИББИЁТ, ИЛМ-ФАН, КАШФИЁТЛАР хуллас, ҳамма сохасини ривожланишига сабабчи! Бизда ҳам бир тизим йўлга тушиб кетса, аниқ айта оламанки, нафақат Японлар анча-бунча миллатдан ўтиб кетадиган потенциалимиз бор!
Шунақа гаплар азизлар. "Ҳўп қачон ривожланамиз?" деб хўрсинманг. Яна озгина сабр қилиб турингизлар. Ўзим қайтиб, Мактабгача таълим вазири бўлиб, боғчадан бошлаб тўғри тизим яратиб, ҲАММАСИНИ ЖАЙ-ЖАЙИГА ҚЎЯМАН ЎЗИМ) Агар, ўзимни жайимни солиб юборишмаса)
Хурмат билан, ажойиб ҳаёлпараст, бўлажак Мактабгача таълим вазири БАҲОДИР Ниппоний)
18+ ЯПОНИЯДА ОИЛА ТАНАЗЗУЛИ!
Ассалому алайкум, аслзода ўқирманлару, хурматли туғарманлар!
18+ белгисини кўриб, "Ҳа, бу постни 18 кишидан кўп бўлиб, ҳамма билан бирга ўқиш керак экан. Яна 17 кишини қаердан топаман?" деб ўқимай кетиб қолманг, тағин)
Шу ўринда сизга бир саволим бор: 30 га яқинлашиб қолган ўғлингиз "Дадажон, уйланмоқчиман!" деса, сиз ҳам "Э Худога шукур. Бу бола касал-пасалмасмикан деб хавотир ола бошлагандим" деб хурсанд бўлсангиз-у, анави шўртумшуқ ўғлингиз "Одам эмас, қўғирчоққа уйланмоқчиман" деса. Нима қилардингиз?
Мен тасаввур қилиб кўрдим. Дадамларга шундай десам. Буни ичига жин кириб олибди деб, қўшни қишлоқдаги Ўзбекхон домлага ўқитишга олиб борардилар. Ёки, қўни-қўшни маҳалла-куйга билдирмай, жиннихонага олиб борардилар)
Тўғрисиямда. Худди сиздек соғлом, ақлли инсон буни қабул қилолмайди. Аммо, инсоният диндан узоқлашса, илм-маърифатдан узоқлашса, бундан ҳам жирканч ишларни қиладиган мавжудот ҳисобланади. Шунинг учун одамзодга тийиб турувчи омиллар жуда муҳим.
Сиз расмда кўриб турган мана бу Япон йигитни исми Акиҳико Кондо. Бу жигит тушмагур қўғирчоқни севиб қолиб, шу қўғирчоққа уйланаман деб туриб олибди-да. Ахмоқчиликни чегараси йўқ. Жинни-пиннидирда дерсиз. Ҳай, бу йигит жиннидир. Аммо, расмдаги бу иккисини тўйига борган 100 лаб одамларга нима дейсиз?
У Япон йигити 2018 йилда шу қўғирчоққа уйланди. Ажиб қилиб тўй қилди. Ҳаттоки, қўғирчоқни ичига гапирадиган мослама қўйиб, "Менга тегишга розимисан?" деганда, "Ҳа, розиман, Кондожон ака" деган овоз ҳам чиқаришди. Машхурлик учун, ПИАР учун қилмади. Ростдан ҳам уйланди. Интернетдан тўй видеолари, бирга яшаётган видеоларини қидириб кўринг. Амин бўласиз!
"Ия, қўғирчоқ билан қандай қилиб яшайди? У билан қандай гаплашади? Ҳалиги "Вачач" масалаларичи?" деб ҳайрон бўлаябсизми? Бўлманг. Ҳаммасини ўша қўғирчоқ билан қилаябди. Ҳаттоки, ўтган ҳафта тўйларини 6 йиллигини нишонлаб, сиз расмда кўриб турган кактус ўйинчоғини боламиз деб юборди?
Ана шу 6 йиллигини нишонлашгандан кейин, мен билан бирга ишлайдиган 10 нафар Япон эркакдан кичик сўровнома ўтказдим. "Мана шу қўғирчоққа уйланган эркакка муносабатингиз қандай?" деган саволимга ҳаммаси позитив жавоб беришди. Тўғри қилган, нима керак "Урусаи"( Урушиб берадиган) хотин. Нима керак "Мендоукусаи" (Бош оғриқ, ташвиш) бола. Ҳукумат "Аёллар ҳуқуқлари", "Фалон ҳуқуқлари", бир нарса-нарсалар деб аёлларни ҳуқуқларини керагидан ошиқ кўтариб юборган. Натижада, эркаклар уйланишдан қочмоқдалар. Аёллар эркаклардан қочмоқдалар. Аҳоли йилдан-йилга камайиб кетаябди.
Японлардек ақлли, матонатли миллат "Аҳоли камайиши" масаласига ечим топа олмай турган бир пайтда, бир чиройли оила институтимизга зарба бермоқчи бўлаётган қўғирчоқсеварлар марҳамат, қўғирчоқлар билан бахтли бўлинг. Аммо, бизнинг қадриятларга бурунчангизни тиқманг!
Хулоса қиладиган бўлсак, "Бир одам жуда тез фикрлайман" деб мақтанибди-да. Уни эшитган ёнидаги одам: "Унда 128 ни 445 га кўпайтирсак неччи?" дебди. Бояги одам: "15" дебди. "Жавоб нотўғри-ку" деса, "Мен тўғри фикрлайман демадим, тез фикрлайман дедим" деган экан. Шунга ўхшаб, мен ҳам хулосани қаттиқ қиламан)
Барчаларингизга соғлом муносабатлар, бахтли оила ва қўша-қўша фарзандлар тилайман.
Хурмат билан, хулосология фанлари доктори, хулосолог, Баҳодир Ниппоний)
PRIKOL VIDEOLARNI DODASI
Admin @REKLAM_UZPRIKOL
Last updated 2 years, 5 months ago
✅ Бирор бир маҳсулотга буюртма бермоқчи бўлсангиз @SOTUVCHll га ёзинг!
Last updated 1 year, 7 months ago
Мехрингиз сиғмас оламу жаҳон,
Сизни яхши кўраман Онажон.. ♥️
Барча Ота-Онасини яхши ку́радиганлар ва инсонларни бир-бирига мехр уйғотувчи канал 💯
Реклама учун 👉 @Baxtimsiz_admini
Last updated 2 weeks, 3 days ago