🔞КАТТАЛАР УЧУН!
🌐Ўзбекистон ва Жаҳондаги муҳим воқеалар, энг тезкор ва махфий хабарлар!
Воқеа ёки ҳодисанинг гувоҳи бўлдингизми?
Унда бизга юборинг: @Qoraxabar_aloqabot
☎️Реклама: @Qoraxabarda_reklama
Last updated 3 weeks, 4 days ago
Расмий «ПАТРУЛ УЗ» каналига хуш келибсиз!
Фақат янги, долзарб мавзулар!
Инстаграм: http://Instagram.com/Patruluz
Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз: @Patrul_Aloqa_bot
Реклама: @Patrul_Admin
Last updated 2 months, 1 week ago
Тезкор янгиликлар фақатгина
@OPER_UZ 👈🏻да
Воқеа ва ходисага гувоҳ бўлдингизми 👀
бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз👇🏻
@oper_uz_bot 👈🏽
Реклама учун 👉🏻 @oper_admin
Last updated 2 months ago
БИР КУНИ...
Устозимиз меҳрибон, дарёдил инсон эди. Илк мактаб кўрган болалар бўлганимиз учун ҳали у ҳали бу баҳона билан устозни ташвишга қўярдик. Кимдир ёзиш-чизишни уддалай олмаганидан йиғлаб юборса, яна кимдир оппоқ кўйлагига сиёҳ тўкилганидан арз қилиб йиғлашга тушарди. Доимо сумкамиз чўнтагида олиб юрадиган сиёҳдонлар жонимизга жазо эди. (У пайтда қишлоқларга шарикли ручкалар етиб бормаган) Сиёҳга ботирилган пероли ручкадан “гул солинган” дафтар варақлари, ювса ҳам кетмайдиган оқ кўйлагу бармоқлар орасидаги сиёҳ доғларининг оғриқ-аччиқлари ота-онамиздан кўра кўпроқ ўқитувчимизни беҳаловат қиларди. Танаффус пайти ҳам, биз тушлик қилиб дам олганда ҳам устозда тиним бўлмасди. Қўлида туғма нуқсони бор дугонамизнинг чойини ичкизиб қўяркан: “Қизалоғим, ўнг қўлингиз пиёла тута олмаса, чап қўлингизни ёрдамга чақирамиз. Икки қўл ҳам ўзингизники, иккаласи ҳам тенг ишлаши керак”, дея унга меҳр кўрсатардилар. “Юр, ўғлим, қўлингга сиёҳ тегибди, ювиб келамиз, тур қизим, формангга тўкилган сиёҳни дарров тозалаш керак, уйга боргунингча доғи кетмайдиган бўлиб қолади. Ҳой, Абдулҳай, ёнингдаги шеригингни қўлидан ушлаб харфни ёздиргин болам, Назира қизим, ручкани тишлама, бу яхши одат эмас. Шарофат қизим, уйда нонушта қилмай келдингни, нега рангинг оқарган...?”
Ақлимни танигач, ўша кунлар ёдимга тушса нега ота-онаси қизи етти ёшга кириб мактабга келгунга қадар соғлом қўли билан пиёла тутишни, таом ейишни ўргатмаган экан, дея ўйлаб қоламан.
Уйимиз яқин бўлгани учун ҳаммадан олдин келиб синфимиз эшиги ёнида ўтирардим. Мактаб йўлидаги тўрт кўчада улкан икки дарахт ўсарди. Бир-бирига суяниб осмон қадар бўй чўзган бу кекса дарахтлар сояси ҳамиша одамлар билан гавжум. Кун иссиғи-ю, баҳорнинг беқарор жалаларида қайрағоч соясида чуғурлаб ўтирган болалар орасида мен ҳам бўлардим. Айниқса, куз палласи кекса ёнғоқ хазонлари орасидан ёнғоқ териш жуда қизиқ эди. Ерга қаттиқ тушганидан пўсти қоқ иккига бўлинган ёнғоқ меваларини териб сумкамга солиш олдидан қайта-қайта санайман. Боиси бир гал терган ёнғоқларимни устозимга узатсам бу ҳаммага етмайди, ўзинг чақиб еявер, қизим деганди. Бир... ўн беш... ўттиз икки... Агар ҳамма дарс қолдирмай келса ўттиз олтита бўламиз. Саноғига етгач, сумкамни елкамга илиб мактабга шошаман. Ҳаммага ёнғоқларни улашиб бераётган устознинг юзлари ёришиб кетади. Елкамга аста уриб: “Дўслик шундай бўлади, болам. Очиқ қўлли одамга Худо ўн ҳисса қилиб қайтаради. Эрта тонгда, салқин ҳавода хазонлар орасидан ҳаммамизга ёнғоқ териб келтирган дўстимизни олқишлаб раҳмат айтамиз. Олқишлардан қувониб кетаман. Яна синф қаҳрамонига айланиш учун эртасига, ундан кейинги кунлар ҳам, хазонлар орасида изғийман...
Мактабда бошланғич синф ўқувчиларига тушга яқин сариёғ суртилган бир бурда нон ва ширин чой бериларди. Патнис кўтариб кирган ошпаз холани кўриб, ҳаммамиз полапонлардек чуғурлаб устознинг атрофига жамланардик. Аслида бизга таом, устозга заҳмат эди ўша лаҳзалар. Бир-биримизга туртилиб кетиб чойимиз тўкилса ёки нонимиз ерга тушса ҳам ким ўзарга йиғлашга тушардик.
Бир куни синфдошларимиздан бири устозга нонини тутиб: "Устоз, нонимдан бир тишлаб беринг", деди. Уни кўриб уч-тўртта бола ёнига бориб, "Менинг нонимдан ҳам енг, устоз", дея қўл узатиб ҳол-жонига қўймадик. Ноилож қолган ўқитувчимиз қўлимиздаги нондан тишлагандек бўлди. Кейин бошимизни силаб:
– Болаларим, бергани бир бурда бўлка нон бўлса, шуниям менга илиниб егандек бўлмайсизлар-а? Кўнглингиз учун тишлаб қўйдим-у, катта гуноҳ қилдим-дааа! Боланинг ҳақига тегиб бўлмайди. Сизларнинг бир тишлам нонингизга шерик бўлмай менгина ўлай, менгина ўлиб қолсам бўлмасмиди, – деди. Овози инграганга ўхшаб чиқди.
Устознинг кўзидаги ёшни кўриб ҳаммамиз жимиб қолдик. Оғзидаги луқмани кўз ёшига қўшиб чайнаётгани ҳамон кўз олдимдан кетмайди.
Қандай муаллимлар бор эди. Хокисор, меҳрибон, ҳалол... Шукур, ҳозир ҳам бор. Жонини садқа қилиб илм бераётган, шогирдига ўз боласидек меҳр кўрсатиб, юраги- га эзгулик уруғини қадаётган устозлар жуда кўп.
Аммо... аммо талаба шогирдим байрам арафасида гул тутса, мени титроқ тутмади.
Эҳтимол, нон оладиган пулига гул олгандир...
АФСУС...
**SAODAT TIMSOLI
Munavvara Usmonovaga bag‘ishlanadi**
1 oktyabr – Ustoz va murabbiylar kuni munosabati bilan O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi, "Shuhrat" medali, "Madaniyat va san’at fidokori" ko‘krak nishoni sohibasi, “Saodat” jurnalining Bosh muharriri, Muhammad Al-Xorazmiy nomidagi Toshkent axborot texnologiyalari universitetining faxriy professori, shoira - Munavvara Usmonovani shogirdi – Madinabonu Muhammadrizayeva tabriklab, she’riy mashqlarini kuyga solib, qo‘shiq qilib kuylabdi.
Shu qo‘shiqni e’tiboringizlarga havola qilamiz!
Bayramingiz muborak bo‘lsin, Munavvara Ustoz!!!
Saodat timsoli mehr ummoni,
Siz yurgan yo‘llar sharafli bu yo‘l.
Mujassam aylagan o‘zbek ayoli,
Hoji onam mening yagonam ustoz,
Onamday aziz Munavvara ustoz!
Elimiz eslaydi qaldirg‘ochlardan,
Qalamin izlari yongan she’rlardan.
Yurakdan aytilgan sof duolardan,
Baxtimga bor bo‘ling dildorim ustoz,
Onamday aziz Munavvara ustoz!
USTOZ, USTOZ
Onamday aziz mehribon ustoz
Betakror va beozor.
Xojionam mening mehribon ustoz,
Onamday aziz Munavvara ustoz!
Siz mening mayog‘im, o‘gitlar bergan.
Xato qilma deya qo‘limdan tutgan,
Adashgan kunimda yo‘lim yoritgan.
Boshimni silagan durdonam ustoz,
Onamday aziz Munavvara ustoz!
Siz meni qizim deb bag‘rizga bosib,
Ijod yo‘lingiz qalbimga chizib,
Men uchun qo‘llariz duoga ochib,
Hayotni o‘rgatgan mo‘tabar ustoz!
Onamday aziz Munavvara ustoz!
Madinabonu Muhammadrizayeva
**САОДАТ ТИМСОЛИ
Мунаввара Усмоновага бағишланади**
1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Шуҳрат" медали, "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони соҳибаси, “Саодат” журналининг Бош муҳаррири, Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг фахрий профессори, шоира - Мунаввара Усмоновани шогирди – Мадинабону Муҳаммадризаева табриклаб, шеърий машқларини куйга солиб, қўшиқ қилиб куйлабди.
Шу қўшиқни эътиборингизларга ҳавола қиламиз!
Байрамингиз муборак бўлсин, Мунаввара Устоз!!!
Саодат тимсоли меҳр уммони,
Сиз юрган йўллар шарафли бу йўл.
Мужассам айлаган ўзбек аёли,
Ҳожи онам менинг ягонам устоз,
Онамдай азиз Мунаввара устоз!
Элимиз эслайди қалдирғочлардан,
Қаламин излари ёнган шеърлардан.
Юракдан айтилган соф дуолардан,
Бахтимга бор бўлинг дилдорим устоз,
Онамдай азиз Мунаввара устоз!
УСТОЗ, УСТОЗ
Онамдай азиз меҳрибон устоз
Бетакрор ва беозор.
Хожионам менинг меҳрибон устоз,
Онамдай азиз Мунаввара устоз!
Сиз менинг маёғим, ўгитлар берган.
Хато қилма дея қўлимдан тутган,
Адашган кунимда йўлим ёритган.
Бошимни силаган дурдонам устоз,
Онамдай азиз Мунаввара устоз!
Сиз мени қизим деб бағризга босиб,
Ижод йўлингиз қалбимга чизиб,
Мен учун қўллариз дуога очиб,
Ҳаётни ўргатган мўътабар устоз!
Онамдай азиз Мунаввара устоз!
Мадинабону Муҳаммадризаева
Ассалому алайкум, "БИР КУНИ" ни соғинган дўстларим учун...
ҚИСМАТ БИТИГИ
Уч нафар ногирон болалари бор ёлғиз онани йўқлаб хонадонига бордик. Каттагина ҳовли, мевали дарахтлар қийғос гуллаган, томорқанинг ҳар қарич еридан унумли фойдалангани кўриниб турибди. Бизни кўриб супага кўрпача тўшаб пешвоз чиққан онахоннинг қадоқлашиб кетган озғин қўлларига, рангпар юзига қараб юрагим эзилди...
Ўғиллари ётган хонага бошлади. Бири тўшакдан бошини кўтара олмади, икки ўғли нима биландир машғул бўлиб ўтирарди. Титраб турган онаизорга ўғиллари ҳақида бир қалтис савол бериб, дилини оғритиб қўйишдан чўчиб, ўзи сўз очгунча сабр қилдим:
– Мен оилада ёлғиз фарзанд эдим. Отам урушга кетганида онамнинг қорнида қолган эканман. Яқинда элликка тўламан. Урушдан ногирон бўлиб қайтган отам умрининг охиригача азобда яшади. Бошқа фарзанд кўришмаган. Мактабда яхши ўқидим, ўқитувчи бўлишни орзу қилардим, аммо ўқишга киришга имкон бўлмади. Бир қўл бўлиб қолган отамнинг ёнига кирдим. Катта ҳовлида керагида лой тепиб пахса урдим, ер чопиб экин экдим. Узоқ-яқиндан қўлимни сўраб келган совчилар кўп бўлди, мен кўнмадим. Яримжон отам билан онамни ёлғиз ташлаб кетгим келмади. Ёшим ўтиб бораётганини билган қариндошлар маслаҳат қилишиб, холамнинг ўғлига узатишди. Пешонам шўр экан. Кетма-кет дунёга келган ўғилларим мажруҳ туғилди. Учтанинг кенжаси ҳам йигирмага кирган. Ота-онам, фарзандлар дардига куйган умр йўлдошим – ҳаммаси бизни ташлаб кетди. Болаларингизни ногиронлар уйига топширинг, хабар олиб турасиз, деганлар кўп бўлди. Кўнглим бўлмади. Оз бўлса ҳам нафақалари бор, маҳалла, қариндош -уруғлар хабар олиб туришади. Майиб-мажруҳ бўлса ҳам шу ўғилларимнинг борига шукур. Елкасига офтоб тегса, иккиси эмаклаб ҳовлига чиқишади. Бир-бирига имо-ишора билан бўлса ҳам меҳр кўрсатишади. Катта акалари ўрнидан туролмагани учун кичиклари бир амаллаб тўшагини судраб чиқиб қуёш юзини кўрсатади. Булар бўлмаса, менинг кимга керагим бор... Отамдан қолган бу дарахтларнинг мевасини кимлар ейди...
Онахон билан суҳбатлашар эканман, ўртанча ўғли: “Бувва, ке, ке”,– деб чақира бошлади. Онаизор: Ана кўрдингизми, бирпас кўринмай қолсам шунақа қилиб чақиришади-да”, дея кўзида қувонч ёлқинланди. Икки ўғлининг қўлидаги бир ўрам ипини кўриб онага савол билан юзландим.
– Қўллари бўш қолса тагига солинган кўрпа-тўшакни ипидан тортқилаб йиртиб увадасини чиқаради, кийимларини ҳам шу аҳволга солишади. Қорни тўқ бўлса, шу ипни чуваб ўйнаб ўтиришади. Иккисига икки хил рангдаги ип боғлами олиб келганман, ипини рангидан танийди, – дейди жилмайиб.
Ўша куни уйимга қайтдиму, ўзимга қайта олмадим. Фаолиятим (тўқсонинчи йиллар) оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлгани учун бир оёғим ўша оилада бўлиб қолди. Онаизорга раҳмим келарди. Шифокорлар кунда, кунора хабар олиб туриши йигитларга руҳий мадад бўлди. Айниқса, ўртанча ўғли мутахассис ёрдами, муолажаси билан анча сўзларни айтадиган бўлди. Ақли ҳам тиниқлашгандек эди. Бир куни каноп ип ўрамини кўтариб бордим. Мансурбекка ипни эшиб арқон қилиши мумкинлигини уқтириш учун анча фурсат керак бўлди. Секин-аста уддалади. Укасини арқон эшаётганини кўрган ака, аввалига ўзини деворга уриб ғудраниб исён кўтарди. Ҳеч ким, ҳатто онаси ҳам тушунмайдиган тилда бир нималар дерди, шўрлик. Кейинги борганимда укаси эшаётган арқоннинг бир томонини ушлаб турганини кўриб, суюниб кўзларимга ёш келди. Тайёр бўлган арқонларни олиб кетиб, хом ашёсини келтириб берадиган савобгир ҳам топилиб қолди. Сўрток соясида иш билан андармон бўлиб ўтирган ўғли: “Буввааа, нон абке” деганда онаизор яшариб кетгандек кўринарди. У жуда бахтиёр эди.
Соппа-соғ дилбандини ўлимга маҳкум қилган ёки тўлғоқ азобида туққан боласини бегонага пуллаётган аёллар шу хокисор, мискин она пойидан тупроқ олса эди... Ўша онадаги сабрнинг бир лаҳзаси, меҳрининг бир ҳовучи ўша ношукур оналарда бўлса эди...
Мунаввара УСМОНОВА
БИР КУН ҚОЛГАН ЭДИ...
Ҳамма ишларим беш, деб ўзимни хотиржам кўрсатганим билан, ота-онам, яқинларимни соғиниб гоҳида кўзимга уйқу келмасди. Яшаётган ижара уйимизда телефон йўқ, вақти-вақти билан уйдагиларга сим қоқиб гаплашиш дийдор ўрнини босолмайди. Шундай кунларнинг бирида гўшакни дадам кўтарди. Анча гаплашдик. Болалар мактабдан таътилга чиқса, албатта, борамиз, дедим кўнглим бўшаб. Шунда дадам: “Келманг, қизим. Туғилган кунингиз онангиз билан бирга борамиз. Кейин сизлар ҳам биз билан бирга қайтасиз”, дедилар. Ўша лаҳза, ўша онда елкамдан икки қанот ўсиб чиққандай шодландим. Ота уйимизга борганимга ойлар ўтган, соғиниб фурсат пойлаб юрган ташвишли кунларим қувончга айланди. Болалар ҳам йигирма кун... ўн тўққиз кун... деб бармоқ санашарди. Кутилган кун арафасида сабрим етмай, уйга сим қоқдим. Укам билан ҳол-аҳвол сўрашгач, дадамлар қачон йўлга чиқишади, дедим. Ундан: “Опа, дадамнинг қон босими ошиб касалхонага тушиб қолган. Опангга айтманглар, овора бўлиб келиб юрмасин, йўл харажати ҳам анча, яхши бўлсам ўзим бораман, дегани учун сизга айтмагандик”, – деган гапни эшитиб, хавотирга тушдим. Негадир ўша кунлари тез-тез дадам тушимга кирар, онам билан хаёлан гаплашардим. Маошимдан жаннатиларимга чиройли совғалар олгандим. Уларга атаб ёзган шеърларимни ёд олган болаларим ҳар куни имтиҳонимдан ўтарди. Гулқоғозлари йиртилиб, хароб ҳолга тушган уйимизни (бировнинг уйи бўлса ҳам) оқлаб-кўклаб чиройли қилганимиздан севиниб яшаётган эдик.
Бир кун қолган эди... Атиги бир кун... Сим қоқмасам бўларкан. Энди қандай қилиб тонг оттираман, қандай қилиб туғилган кунимда шодланиб ўтираман? Олган совға-саломимни бағримга босиб йўлга тушай десам, болаларим йиғлаб қоладими? Ўша телефон буткаси ёнида қанча ўтирдим, қандай ўтирдим, ёдимда йўқ. Уйга судралиб кириб борганимда оқшом чўккан эди. Югуриб кетгим келарди. Довонни, йўлни, шаҳарни, ўзим суйиб, ўзим ғурурланган ҳамма нарсани шу топда ёмон кўриб кетдим. Дадамнинг елкасига бош қўйиб тўйиб-тўйиб йиғлагим келарди. Соғинганимни, соғиниб кетганимни, уч ойдан бери дийдорига ташна бўлганимни айтгим келарди. Уйим ҳам, ундаги созланган жиҳозлар ҳам ғариблашган, болаларимнинг кўзларида мунг бор эди. Тонг отди. Ишга отландим. Болаларим дафтар варақларига рангли қаламлар билан ҳар хил расмлар чизиб деворга илиб қўйган, шарлар билан хонани безатиб кўнглимни кўтармоқчи бўлганларини кўриб, бироз дилимдаги ғашлик тарқади. Ишладим, ҳоридим, шогирдларим, ҳамкасбларим туҳфа этган гулларни кўтариб уйга қайтдим. Эрта тонгда туриб йўлга отланиш ниятида йўл тадоригини кўришга ошиқиб борардим.
Йўлакдан уйга кириб бораётганимда негадир юрагим ҳаприқа бошлади. Онам доим бурмали кўйлаги ёқасига қадаб оладиган қалампирмунчоқнинг иси димоғимга урилди. Касал отамни ташлаб онам келармиди, деган ўй билан эшик очдим. Остона хатлашим билан ўрик, олча, қирмизи олмалар тўлатилиб устига узум барглари тўшалган қутиларга кўзим тушди. Шода-шода қилиб бели боғланган райҳон, жамбилларнинг иси уйни тутиб кетганди.
Кейин...уйимиз тўрида ўтирган ота-онамни кўрдим. Дадамнинг бағрига бошимни қўйиб, юзларини силарканман, “Озиб кетибсиз, дадажон, рангларингиз ҳам синиққан. Касал ҳолингизга нега келдингиз, эрталаб ўзим йўлга чиқардим”, дедим. Меҳрибоним эса:
–Эр киши ваъда бердими, ўлса ҳам лафзида туриши керак. Қодир Аллоҳим қувват берди келдим, олтиним. Тирик эканман, ҳолингиздан хабар олавераман.
Ҳар фаслнинг меваси пишганида олиб келавераман. Узум пишиғида бир келсам, беҳи пишганида икки келаман, – дедилар бошимни силаб.
Фарзандларим улғайиб, давлатим бисёр бўлганда, боришга имкон топганимда дадам йўқ. Онамнинг борига беҳисоб шукур, меҳри, дуолари билан юксалиб юрибмиз. Аммо оталар қизларини бошқача суяди-да! Бошқача меҳр беради-да! Тушкунликка тушиб маҳзун бўлсам, дадам раҳматли тушимга киради. Гоҳида қўйнига новвот солиб келса, бирида янги кўйлак туҳфа қилиб севинтиради. Ҳар йили туғилган кунимда отам ёнимда эканини юракдан ҳис этаман.
Мунаввара УСМОНОВА
Маҳбуба ая фарзандлари учун ҳам иродали бўлиши, ҳали кўп заҳмат чекиши керак эди. Уларнинг қорнини тўйдириш учун ерни мола қилаётган ҳўкиз ортидан юриб, кесак майдалади. Шоли, буғдой экди. Элга қўшилиб канал қазиб, сув келтирди. Тўнғич ўғли Ниғматжон 9 ёшга кирганда элга дастурхон ёзди. Тоғорани тўнтариб дўмбира қилиб чалаётганлар олдига бориб, “Қаттиқроқ чалинглар, тоғора тешилсаям майли. Отаси йўлда аста-секин келаётган бўлса, тўй овозини эшитиб қадамини илдамлайди”, деди. Гап охирлаб, омон-омон замонларга уланганда:
– Шунча заҳмат чексангиз ҳам, юзингизда ажиб нур бор,– десам онахон кулиб, “нуркўприк эканман-да”, дейди.
У дамларда колхоз омборида хашаки лавлагидан бошқа ҳеч нарса йўқ, бир бош жўхори беринг, деб этак тутиб келувчиларнинг кети узилмасди. Муҳтожликдан келганларнинг халтасига лавлаги тўкиб берганларнинг ҳам боши балода эди. Чунки аёллар бригадаси кўмагида ердан унган ҳамма маҳсулотни кесиб, қоқи қилиб қуритиб фронтга юбориларди. Ойдинда ер ҳайдаб, аёллар бригадасида полиз оралаган Маҳбуба ая ҳеч кимга зорланмади. Аламини меҳнатдан олди, армонини заҳматлар орасидан қидирди.
Юз ёшга кириб “Шуҳрат” медали билан тақдирланган кунда: “Ўтган умрим, чеккан заҳматларим учун мингдан-минг розиман. Энди армоним йўқ. Эгамдан узоқ умр тилайман, ҳали бундан ҳам чиройли кунларни кўргим келяпти”, дегандилар.
... Ҳа, армонли замонлар, армону оғриқлари хотираларда қолди. Аммо дориламон кунлар келди, дея уларни унутиб юбормаганимиз яхши. Шундай эмин-эркин, топган-тутганимиз ўзимиз, фарзандларимизга буюриб турган замонга қандай тошли, тиканли йўллардан ўтиб келганимизни эслаб турганимиз яхши. Шундагина биз мана бу мусаффо осмоннинг, ўқлар овози, бомба портлашларидан узоқ, тинч, осуда ҳаётимизнинг қадрини яна ҳам теранроқ англаймиз. Набираларимизнинг жарангдор кулгиси, ўсмир қизларимизнинг покиза табассуми, обод ҳовлилару хиёбонларимиз, меҳнаткаш қўлимиз, ҳаётга эзгулик тилаб яшайдиган қалбимиз учун шукроналар айтамиз. Орзулаб етганимиз Ватан истиқлолининг яна бир қутлуғ арафасида кўнглимдан кечганларини қоғозга тушириб, нуқта қўйганимда яна бир оппоқ тонг ота бошлаган эди.
Азиз юртдошлар, тонгларимиз ҳамиша шундай умидбахш, жозибали кунларни бошлаб келаверсин, яхши кунлар шукуҳи ҳамиша биз билан бўлсин!
Мунаввара УСМОНОВА
БИР КУНИ...
ОҚ ИЛОН
Онам бу йил кексайиб қолди. Бир пайтлар айтиб берган воқеаларни яна қайта айта бошласа ҳам худди ҳозир эшитаётгандек жон қулоғим билан тинглайман. Буви, пахта теримида нима бўлган эди, деб сўрайман эшитгим келиб. Кўзлари ёлқинланиб ҳикоя қилишлари менга қизиқ-да:
– Ўн бешга ҳам кирмаган эдим. Ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам пахта йиғими пайтида колхозчига айланарди. Мен “мингчи”лар қаторида терардим. Ўн кунлик эълон қилинганини эшитиб, мукофотга бел бойладим. Бригадамизда менга ўхшаган теримчилар анчагина, биринчи бўлиш осонмаслигини билсам ҳам ҳаракатга тушдим. Энанг раҳматли:
– Қизим, сен мукофотга ташлаб овора бўлма, ҳалол меҳнат қилсанг ҳам раиснинг қизи-да, мукофотнинг олди шуники, деб гапиришлари аниқ, – деди.
Барибир айтганимдан қайтмадим. Этигим қўнжига дафтар, қалам солиб ким қанча пахта терганини ҳар куни қоралаб борардим. Етти кун деганда мендан ўзиб кетганлар бўлди. Бир куни уйдагилар ухлаб ётган ярим тунда далага отландим. Уйимиз яқинида қадимги “Оқ тўнли бува” мозори бор эди. Ўша ердан ўтаётганимда бироз этим жунжикди, иккиландим. Ортимга қайтиб мазза қилиб ухламоқчи ҳам бўлдим. Аммо шижоатим қўймади. Кўзимни маҳкам юмиб, дала томонга одимлайвердим. Ойдинда пахтазор чароғон кўринар, худди биров чироқ ёқиб ёнимда юргандек ғўза қаторларга ёруғлик тушарди. Тун эканлигини унутиб эгат оралардим. Бир-икки этак пахтани териб, тугиб қўйганимдан қувониб, дала этагига бориб қолганимни билмай қолибман. Қалин қамишлар қоплаган ботқоқлик, овлоқ ерлардан қандайдир қушларнинг ёқимсиз қичқириғи эшитиларди. Ортимга қайтдим. Қайтганда ҳам елкамга ортган пахта тўла этак билан анча ергача йиқилиб-сурилиб, югуриб бордим. Қўлларим тилиниб кетганди. Мозор яқинидаги далада чаман бўлиб очилиб турган пахталарни кўриб термоқчи бўлдим. Бир қадам ташлашимни биламан, ўқ ариқ устида кулча бўлиб ётган катта оқ илонга кўзим тушди. Жуда катта илон эди. Ҳозир ҳам кўз олдимда туради. Қўрқиб додлаб юбордим. Кесак отдим, тош отдим, жилай демасди. Борарга бошқа йўл тополмаганим учун четда ўтириб нари кетишини кутдим. Пинакка кетибман. Тушимда илон эмас, оқ чопон кийган юзлари нурли оқсоқол ўша ерда ўтириб намоз ўқиётган эмиш. Отахонга кўзим тушиб ёлғиз эмаслигимдан қувониб кетибман. Кўз очиб тонг ёришганини кўриб, яна бўйнимга этак илдим. Уч кеча-кундуз кўз юммай пахта терганим учун ўн кунликда биринчиликни олдим. Уйқусизликдан кўзларим ичига ботиб кетган, тирсиллаб ёрилган қўлларимдан қон сизиб турган бўлса ҳам ўша дамда бахтиёр эдим. Аммо... Биласанми, болам, нима дейишган:
– Абдужалил раиснинг қизи биринчиликни олади-да! Биз овора бўлиб тер тўкибмиз. Кечаси хирмондан олинган пахтани тугиб тарозига қўйганини ҳамма билади. Ёшгина қиз бирданига икки ҳисса кўп терадиган мингчига айланиб қолармиди, – дейишганмиш.
Шунда қўлимдаги мукофотга берилган хонатласни ўша жизиллаб гапирган аёлнинг ёнига бориб этагига ташладим. Шашт билан ортимга қайтдим. Аммо ёрилиб, титилиб кетган бармоғимга ипаги ёпишган мато ортимдан ерга судрала бошлади. Изимга қайтиб уни яна ташлаб кетаётганимда қонаб турган қўлларимни кўрган аёл ўрнидан туриб мени маҳкам бағрига босди: “Ҳалолинг бўлсин, болам. Раис бобо қизига хирмондан пахта эмас, омбордан атласни олиб берса ҳам бўларди-ку, ўзининг ҳукмида эди. Аммо сен ҳам биздек этагига гул тикиб, бўздан кўйлак кийиб юрибсан. Қўлларингни ёрилгани узоқдан билинмаган экан. Мени кечир, қизим, мени кечир”, – деди.
Ҳикояси якун топмаса деб, ҳаяжон билан тинглайман. Онамнинг киртайган кўзлари ёшга тўлади. Кафтим билан авайлаб артаман.
– Онажооон, қарғашойи атласдан кўйлак тикиб берсам киясизми? –дейман эркалаб...
Мунаввара УСМОНОВА
🔞КАТТАЛАР УЧУН!
🌐Ўзбекистон ва Жаҳондаги муҳим воқеалар, энг тезкор ва махфий хабарлар!
Воқеа ёки ҳодисанинг гувоҳи бўлдингизми?
Унда бизга юборинг: @Qoraxabar_aloqabot
☎️Реклама: @Qoraxabarda_reklama
Last updated 3 weeks, 4 days ago
Расмий «ПАТРУЛ УЗ» каналига хуш келибсиз!
Фақат янги, долзарб мавзулар!
Инстаграм: http://Instagram.com/Patruluz
Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз: @Patrul_Aloqa_bot
Реклама: @Patrul_Admin
Last updated 2 months, 1 week ago
Тезкор янгиликлар фақатгина
@OPER_UZ 👈🏻да
Воқеа ва ходисага гувоҳ бўлдингизми 👀
бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз👇🏻
@oper_uz_bot 👈🏽
Реклама учун 👉🏻 @oper_admin
Last updated 2 months ago