Muhammadali G'afforov

Description
Yo'q, shoir deb qarama atay,
Hukm etmakka shoshilma bir oz.
Men kuyinib sevaman, netay?
Men kuyinib so'zlayman, xolos.

Rauf Parfi
Advertising
We recommend to visit

Эълон бериш учун 👉 @MB_ADMINUZ га ёзинг

Спамлар учун:
https://telegram.me/+cjjLCmVmTY8zM2Iy

Last updated 2 weeks ago

✅ Тезкор хабарлар | Сиёсий канал

⚡️Фақат тасдиқланган маълумотлар!
Обуначиларни зериктирмаслик учун кайфият кўтарувчи материаллар хам жойлаб борилади!

👉🏻 Реклама учун: @Bugungi_Kunda_Rek

Last updated 3 days, 19 hours ago

Дунё қарашингизни 180° га ўзгартирадиган канал! ⌛️

Сиз керакли жойдасиз бизни танлаб адашмадингиз..!

Admin: @Oltin_admini

"Каналга қўшилиш" тугмасини устига босинг 👇

Last updated 7 months, 2 weeks ago

1 month, 2 weeks ago

Уялиб, ийманиб сочларини жим
Шамол ўйнаб келар эди у қизнинг.
Елкасини ёпган мато хушбичим,
Кўйлаклари куяр эди у қизнинг.

Мен олис бекатда ҳайрон-у гаранг,
Ёполмасдан икки сўйлоқ тишимни.
Кўзларимга дунё бўлди телбаранг,
Унутгандим борлиқ, бор юмушимни.

Қиз эса кетарди шамолга қарши,
Ҳамма гўзалларни қолдириб доғда.
Ларзага келтириб самони, аршни,
Нилуфар мисоли яшнаб ботқоқда.

Қаршимдан ўтарди, ўтарди сулув,
Бир кўрганда адоғига етди умрим.
Кўйлагининг қатларида дуркун-дуркун,
Чўнтагимда ғижимланиб кетди умрим.

Қандай яшаб бўлар энди жим, кўникиб,
Бошга осмон қулагудек оғир ғусса.
Ўйлаш оғир - қучоғида жим уни ким,
Сутдек тиниқ юзларини ўпар бўлса?

У кетарди нигоҳига қўнмай ҳасрат,
Сочларига бирорта гард қўнмас эди.
Мен яшардим, ҳар дақиқа умрин сўраб,
Бу дунёда борлигим ҳам билмас эди.

Ооо адолат, қайси дорга осилгансан,
Муҳаббатнинг кўзларидан чипқон чиққан.
Азобимнинг ҳисобини сўрай кимдан,
Шу қизни ҳам наҳот ерлик она туққан?

Бас дейман-у,
кўнгилга дош беролмайман,
Боролмасдан ҳузурига юрак доғда.
Мен Тошканда энди ортиқ яшолмайман,
Бош кўтариб юролмайман Яккабоғда.

Энди ёғсанг,
ёмғмайсани тош ёмғири,
Пайҳон қилиб ер-у само далаларни?
Биласанми, ўлимдан ҳам энг оғири -
Тўколмасанг кўнглингдаги нолаларни.

Уялиб, ийманиб, ёниб, тўлғониб,
Сочларин тўзғитиб кетарди шамол.
Бир бора омадим синаб кўрмадим,
Тутса, шу қизчадан тутади увол.

Шу аснода кетди, бошқа кўрмадим,
У кетган томонга бормади йўлим.
Мени жин урмади, Худо урмади,
Кўкрагимда ғижимланиб ўтди умрим.

Кўкрагимда ғижимланиб ўтди умрим.

Muhammad Ali

Telegram

Muhammadali G'afforov

Yo'q, shoir deb qarama atay, Hukm etmakka shoshilma bir oz. Men kuyinib sevaman, netay? Men kuyinib so'zlayman, xolos. Rauf Parfi

Уялиб, ийманиб сочларини жим
1 month, 3 weeks ago
Жавраб қолди кўчада соғинч,

Жавраб қолди кўчада соғинч,
Усти юпун, дилдирар дайдиб.
Хуморимни босмас тамаки,
Кўчага чиқ, ёмғирлашайлик.

Бекатларга чопар оламон,
Ёмғирпўшдан тилама нажот.
''ЭВОС''- қайноқ кофе оламан,
Ишқ ўрмалар юрагингача.

Фақат бугун қилма эътироз,
Денгиз ҳиди анқиган шаҳар.
Сузаяпман мисоли ғаввос,
Кўзларимдан кўзларинг қадар.

Югурсангчи, қоракўз тарсо,
Йиқилайми оёғингга тиз?
Қишки осмон, ёмғирли ҳаво,
Кўлмакларда чопар аксимиз.

Қўлларингни ташла елкамга,
Рақсга туш, қўшиқ айт, куйла.
Тушунсангчи кўнглим одамдай,
Нимасини турасан ўйлаб.

Бир гап бўлар ўша оралиқ,
Эрта Марсга самолётим бор.
Жовдирайман етим боладек,
Савобимни олсангчи, дилдор.

То тунгача жавради шаҳар,
Видолашдим кунни кечида.
Юрагимнинг йиртиғин ямаб,
Кириб кетди оёқ учида.

Бас, тугади барча ғуссалар,
Яхшиямки, дунёда борсан.
Тошкент ёмғир, ўтли бўсалар,
Раҳмат, сенга, қоракўз тарсо.

Муҳаммад Али

2 months ago

ШОИР

Лўттивоз жўралар, сатанг хонимлар,
Ташаккур! Ҳаётнинг фаҳмига етдим!
Даламни соғиниб юрагим йиғлар,
Мен сиздан зерикдим. Қишлоққа кетдим!

Шоирлик урф эмас ҳозир, биламан,
Не қилай, кўнгилни қўймайди ҳавас.
Бугун савдогарнинг даври гуллаган:
Песи бўлса ҳамки “Мерс”и бўлса бас!

Ивиган ипакдек чувалар мезон,
Димоғ ўрилган ўт ҳидини туяр.
Довон ўнгирида жайдари деҳқон
Олдимга тўрлаган қовунни қўяр.

Гувала ўчоқда ҳабашдай қумғон
Томоғини йириб қилар ғарғара.
Хижолат аралаш камсуқум мезбон
Белбоғин тўшайди: нони қоп-қора.

Адабий гапларни тушунмайди у,
Фақатгина, “раҳмат, ота”, деёлдим.
Дилимда уйғонди туғишган туйғу:
Олифта шеърларим учун уялдим.

Қишлоқда қўшқўллаб кўришар бари,
Бегона ҳурмат бор нигоҳларида.
Торайган бўтанасув ариқлари,
Ажриқлар ҳурпайган қирғоқларида.

Узоққа кетгандим ўзимни излаб,
Беҳуда иш экан, англадим, билдим.
Бир пайт назаримга кирмаган қизлар,
Иқболим ахтариб сизларга келдим.

Сиз менга ишонинг, сиз мени севинг,
Ўйлагани қўрққан ўй – сирингизман.
Эрка боласиман шу оғир элнинг,
Мен сизларнинг ошиқ шоирингизман!

Битта қўшиғини куйлар бедана,
Қовоқдан жонсарак излайди қўноқ.
Мен сизни куйлайман яна ва яна,
Майлига, десинлар: маддоҳ ва нўноқ.

Кўсакқуртдек семиз, танбал, ялтироқ
Шундай тоифа бор – бўлганман улфат.
Еганда ўз ғамин ейдилар кўпроқ,
Мен ичу этим еб, чекканман кулфат.

Майли, омон бўлсин ёмон бўлса ҳам,
Шулар бор, зерикиб қолмайсан сира.
Фақат башарасин эслаганинг дам
Кўнгил ғаш тортади, дил бўлар хира.

Сиз заҳмат фарзанди, меҳнат асири,
Укангиз, акангиз, дўстингизман мен.
Каттамнинг кетмонда битган асари,
Сизнинг айтолмаган сўзингизман мен.

Бугун қошингизда дардим дастурхон,
Юрагим қовундек сўяман ҳозир.
Минг хижолат чекиб, ғўра ва нордон
Шеъримни нон каби қўяман ҳозир.

Ижозат, бўз тупроқ кечайин мен ҳам,
Бўйинбоғим отиб келганман атай.
Сопол косада чой ичайин мен ҳам,
Китобимни ёқиб қумғон қайнатай.

Ўзинг баҳо бергил, яратгувчи эл!
Сенинг фармонинг ҳақ, сенинг амринг ҳақ.
Овозсиз, қоғозсиз дардлашайлик, кел,
Мен сенинг шоиринг, жабрдийда халқ!

✍️ Иқбол МИРЗО

3 months, 2 weeks ago

ҲИЛВИРОҚ КИТОБ

Ҳилвироқ китобни зарб билан ёпдим,
Кўҳна бўй урилиб бузди кўнглимни.
Хазон тўшагидан бир гавҳар топдим:
Висол – муҳаббатнинг гўзал ўлими.

Булутлар учрашди чақмоқлар отиб,
Чақмоқ – соғинчларнинг ойдин гулими?
Ёмғир шивирлади тўкилаётиб:
Висол – муҳаббатнинг гўзал ўлими.

Дарё қучоғида тош қотган тошлар,
Эшитиб зериккан севги ўланин.
Дарё тўрт томонга ўзини ташлар:
Висол – муҳаббатнинг гўзал ўлими.

Ёлғизим, бизларни сийлади тақдир,
Минг усулда тўсди борар йўлимни.
Севгимиз безавол яшайди, ахир –
Висол – муҳаббатнинг гўзал ўлими.

✍️ Иқбол МИРЗО

3 months, 3 weeks ago

Шу ёмғирлар кеча ёғса бўлмасмиди,
Интиқ йўлнинг ҳалқоблари тўлмасмиди?
Мен соғинчнинг кўзларини шеърга солдим,
Шу шеърларни ўзинг айтсанг бўлмасмиди?

Ким эди у, қўлин силкиб чорлаётган,
Номозшомда девор оша бўйлаётган,
Юрагимни қўлга ўргатиб хўрлаётган,
Азобларни Парвардигор билмасмиди?

Хушхабарлар ўз вақтида келганида,
Умрим — қадаҳ, маромида тўлганида,
Бу саволлар ўз вақтида келганида,
Манзуражон, ўғилгинанг ўлмасмиди?

Баҳорларим баҳорини сарғайтирган,
Ташрифларим кўзларини қабартирган,
Ўз юзини шапалоқдан қизартирган,
Шул чеҳралар қувончдан бир кулмасмиди?

Кечаларни шалоплатиб кечиб ўтдим,
Гўдакларнинг тушларидан учиб ўтдим,
Бор умримда бир нидодан қочиб ўтдим:
Бундай бўлса, кейин ундай бўлмасмиди?

Худойимнинг иши тугаб қолмасмиди,
Шу ёмғирлар кеча ёғса бўлмасмиди…

Шодмонқул САЛОМ

4 months ago

БУРГУТ ҚИСМАТИ

Қулоққа чалинар гоҳи-гоҳида
Шундай бир ривоят, шундай бир ўгит:
Ночору ноилож қолган чоғида
Ўзини тошларга урармиш бургут.

Мен сенга илтижо қилурман, Эгам,
Агар-чи тилимда шукронанг бисёр.
Меҳрингдан мосуво этма мени ҳам,
Дўстларга зор этма, душманларга хор.

Оқил бўлса ҳамки, бўлса-да нодон,
Розиман, берибсан фарзанд яратиб.
Қартайган чоғимда, тиланчисимон
Сен улар қўлига қўйма қаратиб.

Кулбаи вайронам етар менга, бас,
Яшайман сабрнинг кошонасида.
Илоё, бош эгиб юрмайин бесас
Такаббур зотларнинг остонасида.

Қарайман сарғайган тунд қуёшимга,
Секин оғиб борар умрнинг туни.
Магар раҳм этмасанг, тушсин бошимга,
Майли, ўша ночор бургутнинг куни.

1994

✍️ Абдулла ОРИПОВ

5 months, 2 weeks ago

Binafshajon, bugun yana,
Tuyg'ular tirik, ziyrak.
Chorlayapsan bizni, ana,
Bo'lib yorug' kelajak.

Etigimda loyi qat-qat
Qishning shaltoq yo'llarin,
Ketmoqdaman senga faqat
Uzatgancha qo'llarim.

Kundan-kunga yaqinroqsan,
Nafaslaring jonimda -
Hali erta... - Kimdir ba'zan
Ming'irlaydi yonimda.

To'xtamaymiz ammo bizlar,
Yana olg'a chopamiz.
Ketaversin umidsizlar,
Biz, baribir, topamiz!

Hayratimning tili bo'lsaydi agar
Bo'g'zimga tiqilgan hayajonimni
Qutulardim aytib bir yo'la,
Qiynamasdim buncha jonimni.

Hayratimning tili bo'lsaydi agar
Turnalar o'tganda boshimdan suzib
Yugurmasdim, yo'q, telba-devona -
Men ular ortidan qo'limni cho'zib.

Hayratimning tili bo'lsaydi agar
Ko'zimni uzolmay lol qolgan chog'lar
Titratmasdi ko'ksimni hayqiriq bo'lib
Shu purviqor tog'lar, shu baland tog'lar.

Armonday ich-ichdan kelar xo'rsiniq:
Bunchalar yuksaksiz, buncha munavvar.
Yulduzlar, men sizga bir so'z aytardim
Hayratimnnng tili bo'lsaydi agar.

To'lg'anar o'zanda jodu bir ohang,
Oqar mangulikday, bo'lmas hech tamom.
Hofiz daryolarim, m?ni qiynamang,
Kezmay sohillarda beso'z, bekalom,

Oymisan, tun aro bokira, latif,
Kunmisan, qarolmay qamashar ko'zim.
Gulim, na taraf bor senga, na ta'rif,
Topib aytar edim unch men o'zim
Hayratimning tili bo'lsaydi agar.

Malulman, borurman sig'inib takror,
Bilmas bu go'zallik hech intihoni
Va men baxtiyorman: har kunimda bor
O'rtanish, zavqlanish, sevish imkoni!

Yulduzlar oqib kelyapti,
Oy oqib kelyapti qalqib-qalqib,
Salqin-salqin bog'lar nafasi,
Daralardan uchgan gulduros
Oqib kelyapti...

Suv tiliga ko'chgan tosh qo'shiqlari,
Ismsiz o'tlarning bo'ylari
Oqib kelyapti.
Qayerdadir qiz turar
Sohildagi daraxtga suyanib,
Parishon o'y-xayollar
Oqib kelyapti.

Men shularning hammasini sipqormoqchiman,
Tumshug'idan otimning tomchilaydi suv,
Otim bo'lsa pishqirar betoqat: -
To'ymadingmi hali ham, kech bo'ldi...

XALQ OHANGLARIDA

Sevar yorim, salomat bo'l!
(xalq qo'shiqlaridan)

Dilda kir yo'q, kin ham yo'q,
Sendan mening ginam yo'q.
Qo'l ko'tarsam qo'l sinsin,
Sanchadigan ninam yo'q.
Sevar yorim, salomat bo'l!
Sevar yorim, salomat bo'l!

Ishq rohi o'ydim-o'ydim,
Telbarab suydim, suydim.
U kunlarim qaytmagay,
Bir kuydiring, bir kuydim.
Sevar yorim, salomat bo'l!
Sevar yorim, salomat bo'l!

Oshno bo'ldim sen bilan,
Ro'shno bo'ldim sen bilan,
Ikki olam dastimda-
Podsho bo'ldim sen bilan.
Sevar yorim, salomat bo'l!
Sevar yorim, salomat bo'l!

Karamlar uchun qulluq,
Xush damlar uchun qulluq.
Sitaming hatto rohat,
Alamlar uchun qulluq.
Sevar yorim, salomat bo'l!
Sevar yorim, salomat bo'l!

Ishq degani omonlik,
Goh rang-ro'yi somonlik.
Sog'insin-u har kimsa,
Sog'inmasin yomonlik.
Oshiq o'yga aylansin,
G'azal, kuyga aylansin.
Hech bo'lmasa men kabi
Duogo'yga aylansin:
Sevar yorim, salomat bo'l!
Sevar yorim, salomat bo'l!

5 months, 2 weeks ago

Nomalar bitardim senga bir talay,
Qog‘ozga ishonib sirlarning sirin.
Xatjildni yopardim shirachin yalab –
Xatjildlar o‘zingdek, so‘zingdek shirin!

Tonmayman bo‘g‘zimga botsa ham tishi,
Eslab xo‘rsingulik yozim, kishim bor.
Yo‘kdir dunyosining men bilan ishi,
Mening bu dunyoda yo‘qlar kishim bor!
Sen ham eslaysanmi...

HAZRATI BISHIR HIKMATLARI

Ko‘p ko‘rganman jazavangni, shovushingni,
Ko‘tarmasang bo‘larmidi tovushingni.
Nasihating uchun qulluq...
O’ngu tersdir,
To‘fi kiyib olgin, bolam, kovushingni.

Ko‘klam - kechalari yop-yorug‘ tushdir,
Kunduzi ruhimda sayragan qushdir.
Yelda chayqalaman qizg‘aldoq kabi,
Yorab, nafaslaring bunchalar xushdir!

Ayo zamon, senmi bu nav tarz bergan,
Ajib bir hol mantig‘ini yo‘qlaydi:
Shiftg‘a qarab uf tortadi karz bergan,
Qarz ko‘targan xurrak otib uxlaydi!

Onam Iqbol Sherboboeva xotirasiga

Eriyotir muzdek bu bag'ir,
To'kayapman asta yoshimni.
Daydib ketgan bolangman, axir,
Onajonim, ko'tar boshingni.

Palandara shamoli yana
Yugurmoqda o'ngu so'limdan.
Keldim bugun qoshingga, mana,
Yetakladi sog'inch qo'limdan-

Tanimassan o'g'lingni rosti,
Tanimassan balki, onajon.
Odam bo'ldi, u qancha o'sdi,
Sen olamdan o'tgandan buyon.

Iqbol edi noming va lekin -
Iqbol senga boqmadi kulib.
Qirq yoshingda hayoting sekin,
Sariq guldek qoldi-ku so'lib.

Ich-ichiga cho'kkan ko'zingni
Vassa shiftga tikkancha u kun
Shivirlading so'zingni:
- Bolaginam, yetimlik qursin!..

Endi sizni kim yuvib-tarar,
Boshingizni silar qaysi qo'l?
Bolalarim, boringiz shahar,
Shahar boring, shudir to'g'ri yo'l.

Sag'irxona eshigi faqat,
Sizlar uchun ochiqdir doim.
Yeganingiz bo'lar beminnat,
Umr ko'ring uzoq, iloyim...

Ey, sen mening mehribon onam,
Ey ko'nglimning umid matlabi,
Sodda eding, dono eding ham,
Sharqning hamma ayoli kabi!

Bu jumboqli olamning senga
Ko'p tomoni bo'lgan qorong'i.
Doim turgan lekin esingda
Shu Vatanning oqil yo'rig'i!

Kunimizga u qoldi yarab,
Ishonchlaring oqlandi, ona.
Aytganingdek, 'oq yuvib, tarab',
Katta qildi o'zi zamona!

Eriyotir muzdek bu bag'ir,
To'kayapman asta yoshimni.
Ko'p sog'ingan bolangman, axir,
Ko'tara qol, ona, boshingni.

O'ksima, qo'y, faqat o'ksima,
Qilmadim, deb sizlarga shafqat.
Yer shamoli urar ko'ksima,
Shuning o'zi zotan katta baxt.

Uyatdaman, udda qilmadim,
Hech narsani, ona, u mahal.
Endi o'sha o'g'illik qarzim,
Vatanimdan uzsam loaqal.

Zimmamdakim doimo shu yuk,
Ona,xayr,endi ketaman.
Meni kutar o'zingdek buyuk,
O'zing kabi suyuk shu Vatan!

Uxlamadim tun bo'yi,
Quloq tutdim o'ltirib:
Turnalar o'tdi bu kech.
Osmonlarni to'ldirib.

Chaqmoq chaqib qoldi goh,
Goh guldirak o'kirib.
Turnalar o'taverdi
Osmonlarni to'ldirib.

...Yana qancha bahorni
Qarshilayman o'y surib,
Necha bor o'tar turna
Osmonlarni to'ldirib.

Uchar yulduzim bir kun,
Uchar umrim so'ldirib-
Turnalar o'taverar
Osmonlarni to'ldirib...

BINAFSHA

Havolarga sochilmoqda
Oromijon bir atr.
Binafshalar ochilmoqda
Tuproq yorib qaydadir.

Ochilmoqda titrab-titrab,
Rangpargina, nafarmon.
Biz bolalar uni izlab
Bog' kezamiz andarmon.

- Binafshajon, qaydasan, ayt,
Ko'rsataqol yuzingni.
Ko'mgandirsan balki bu payt
Xoru xasga o'zingni.

Hatlab-hatlab yurgandirsan
Ariqlarni yoqalab.
Xilvatlarda turgandirsan
Ko'zginangnn uqalab.

Kirgandirsan balki sekin,
Xalal bermay tinchgina,
Bahorgacha yerga ko'ksin
Bosgan toklar pinjiga.

Yo biz bilan bekinmachoq
O'ynayapsan tutdirmay.
Jo'nar kimdir toqati toq,
Seni kutib o'tirmay.

- Qish zahri bor hali yerda,
Yerda, - der u xo'rsinib,
- Aldanibmiz, hali erta,
Erta, - der u xo'rsinib.

Do'stim, so'nib havaslaring
Chalinibsan tumovga.
Binafshaning nafaslari
Urilmoqda dimoqqa.

Jonsarakdir qalbda qislar,
Yana olg'a chopamiz.
Ketaversin umidsizlar,
Biz, baribir, topamiz,

Binafshajon, o'tdi bahor,
Utdi yozlar, o'tdi kuz.
Keldim bir kun dunyo bilan
Shunday yaqin, yuzma-yuz.

Ishonch menga sabot berdi,
Saboq berdi to'zimdan.
Yuragimga kurash kirdi,
Qochdi uyqu ko'zimdan.

5 months, 2 weeks ago

Muhammad Rahmon 1949 yil Qashkadaryo viloyati, Kitob tumanidagi Palandara qishlog‘ida tug‘ilgan. O’zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi (2003). ToshDUning jurnalistika fakultetida taxsil olgan (1967— 72). «Muvozanat» (1976), «Yashil daryo» (1979), «Yuragimning dastxati» (1986), «Ijobat» (1984), «Asraganim, avaylaganim» (1987) kabi she’riy to‘plamlari nashr etilgan. Bolalar uchun ham asarlar yozgan («Momoqaymoq», 1978; «Yerga tushgan kamalak», 1981; «Qanotli tushlar», 1989). K. Chukovskiy, A. L. Barto she’rlarini, Lizoletta Velskof-Genrixning «Tokey Ito» romanini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.

TAQVIM VARAQLAYOTGAN ODAM

Taqvim varaqlayotgan odam
Xomush tortishi kerak:
Umr o‘tyapti, umr!
Taqvim varaqlayotgan odam
O’yga tolishi kerak:
Rozi qila oldimmi ota-onamni?
Farzandlarim tarbiyasi nechuk?
Tiq etsa eshikka termilib,
Ko‘zlari yo‘limga to‘rt bo‘lmadimi
O’sal yotgan birodarimning?
Uchmadimmi shayton vasvasasiga,
Iymonim salomatmi?
So‘ngti manzilimga qo‘yib qaytsalar,
Yo‘lda birov astoydil kuyib,
Xo‘rsinib-xo‘rsinib ayta olarmi:
«Ketgan - qaytar,
Ketmonlagan qaytmaydi!»
...Men hali hammasini aytmadim, shoshmang,
O’zgacharoq o‘ylashi ham mumkin
Taqvim varaqlayotgan odam:
Tushlikni qaerdan qilsam ekan,
Erta kimning yiloshi edi?
O’tirib qolmadimmi bir joyda uzoq,
Kimning tagiga suv quysam ekan?..
Poyabzal qalashib yotar ostonasida nuqul,
Xudoning bergan kuni uyida mehmon -
Yombi topib olganmi yalangoyoq qo‘shnim?!
Chapqanot qo‘shnimiz - yolg‘iz ayolning
Eshik dastbandiga kecha allakim
Ilib ketdi bir savat oq gul! -
Sababi 8 martmikan faqat?..
...Vatan uchun osilib ketish,
Vatanga «osilib» ham yashash mumkin...
...Men hali hammasini aytmadim, shoshmang,
Sermulohaza bo‘ladi
Taqvim varaqlayotgan odam.
Deylik, garchi Ulug‘bek emas,
Al-Beruniy yoki Galiley,
Valekin munajjim ishtiyoqi-la
Kuzatib borishi mumkin u
Burjlarda quyoshning harakatini.
Taqvim varaqlaridan
Kunma-kun, soatma-soat
Kuzatib borish mumkin!
Masalan, javzoning yigirmanchisi:
Quyosh chiqishi - roppa-rosa besh.
Bir yarim - avji kamoli,
Vaqti zavoli - yetti yarim...
Yetkazgan kuniga shukur qilish kerak,
Tasannolar aytishi kerak
Hisobdon insonning zakovatiga
Taqvim varaqlayotgan odam.
Lekin...
Xulosasi boshqacharoq bo‘lishi ham mumkin.
Aytdim-ku, sermulohaza bo‘ladi
Taqvim varaqlayotgan odam.
Xususan, qalbini o‘ragan bo‘lsa
Kulcha ilon kabi hasad va g‘araz,
Kibru havo o‘ragan bo‘lsa.
Hamma va hamma narsaga,
Boringki, Quyoshga ham
Mefistofel nazari ila boqsa:
«Bilamiz, hoziru nozirsiz qaerda, qachon -
Bosgan qadamingiz o‘lchoqli!»

...Bir kiftimda rahmon,
Bir kiftimda shayton –
O’zing insof bergil bandalaringga.

KO’HI PADARKUSH

Tutab yotar ko‘hi Padarkush*,
Shamol uvlar mag‘oralarida.
Ko‘rgan kabi xatarli bir tush
Jilg‘alar to‘lganar jarlarda.

Cho‘zilgan hu, ufqqa qadar
Qizg‘aldoqlar - uzun qonli iz.
Bunda mungli qissalar aytar
Har bir so‘qmoq, har maysa, yalpiz.

Ko‘rinmaydi yulduz-da, oy-da,
Tahlikali kishnagan otlar...
Ulug‘bekni xuddi shu joyda
Quvib yetgan emish jallodlar!

O’g‘il - nonko‘r, qismat - beomon,
Yoziqda yozgani o‘qilgan:
Bu joylarda bir vaqt, bir zamon
Ulug‘bekning qoni to‘qilgan!

...Tikilaman zirvalarga jim,
Yurak-bag‘rim g‘ussalarga g‘arq...
Sharq, rostdan ham noziksan, tilsim,
Bilib bo‘lmas seni birdan, Sharq!

Himmat degan bo‘lar-da shuncha,
Neklik bormi bundan ham ortiq –
Zeru zabar podsholaringga
Haj safarin aylabsan tortiq!

Yig‘labsiqtab kom, anjom bilan
Olis yo‘lga kuzatganing dam, -
Unutmabsan ular ortidan
Hatto... qotil jo‘natishni ham!..
____
*Hisor tizmalaridan birining nomi, Urgut va Kitob tumanlari chegarasida.

Sen ham eslaysanmi goh qolib xoli,
Qo‘msaysanmi ko‘ngil ko‘chalarini...
Munavvar ayladi oydin xayoling
Savdoli bu umrim kechalarini!

Sen ham eslaysanmi yoshligingni - sha’n,
Rangi, iforini - nechuk edi ul?
Meni mast qiladi qirq yil naridan
Kitobing qatiga qistirilgan gul...

Obu otashidan dunyoni o‘tding,
Bekaram, bir kam deb qarg‘arsan yomon...
Sevgi-chi, ilk sevgi... nahot, unutding,
Men esa sog‘inib yashayman hamon.

7 months, 1 week ago

Евгений Евтушенко
ГИРЯ

Момиқ патларида қотган лахта қон,
Кўзлари чирт юмуқ. Жим. Афтодаҳол.
Қайиқда чайқалиб ётибди бу он
Битта ғоз — қорамтир бир кумуш мисол.

Вилюй бўйлаб учар эди икковлон,
Биттаси парвозда ногоҳ ўқ еди.
Қайиқ тепасида бошқаси нолон
Чарх уриб, армонда зор бўзлар эди.

«Кумушқанот укам,
Тухум пўчоғин
Пачақлаб чиққандик қаршилаб тонгни.
Онамиз энг аввал очиб қучоғин
Сени тўйғизарди,
Сўнг эса мени.

Кумушқанот укам, сен эдинг бир зар,
Осмонга кўрк бўлиб қилардинг парвоз.
Рангпарроқ эдим мен. Нозанин ғозлар
Сени кўп севарди,
мени эса — оз.

Кумушқанот укам,
Мард атардилар
Сени
Ёт элларга борганимиз пайт.
Ўша юрт ғозлари кузатардилар
Сени кўп маҳлиё,
мени-чи — лоқайд.

Парвоз қилар эдик тинмай бир замон
Қаро булутлардан салгина пастда,
Жала қуйса, сендан сувлари осон
Дув тўкилар эди,
мендан-чи — аста.

Изтироб чекяпман,
Пушаймонлар еб,
Мен учун сенсиз бахт — йўқолган сароб.
Сен мендан — мен сендан
Устун бўлай деб,
Сен кабоб бўляпсан,
мен эса — хароб.

Чўқишардик,
Шафқат келмасди, ҳайҳот,
На менинг ёдимга,
Сенинг эсингга.
Суяниб яшасак бўлмасди, наҳот,
Сен, укажон, менга,
мен эса — сенга.

Жондан тўйиб,
Ҳасаддан кечганимда воз
Момиқ тўшгинангга келиб тегди ўқ.
Тақдир олди мендан мудҳиш бир қасос —
Сени ўлдирдилар.
Мени…
Эса…
Йўқ…”

Матназар Абдулҳаким таржимаси

We recommend to visit

Эълон бериш учун 👉 @MB_ADMINUZ га ёзинг

Спамлар учун:
https://telegram.me/+cjjLCmVmTY8zM2Iy

Last updated 2 weeks ago

✅ Тезкор хабарлар | Сиёсий канал

⚡️Фақат тасдиқланган маълумотлар!
Обуначиларни зериктирмаслик учун кайфият кўтарувчи материаллар хам жойлаб борилади!

👉🏻 Реклама учун: @Bugungi_Kunda_Rek

Last updated 3 days, 19 hours ago

Дунё қарашингизни 180° га ўзгартирадиган канал! ⌛️

Сиз керакли жойдасиз бизни танлаб адашмадингиз..!

Admin: @Oltin_admini

"Каналга қўшилиш" тугмасини устига босинг 👇

Last updated 7 months, 2 weeks ago