RAVZAI NAZM

Description
Шеърият шайдолари канали!

Каналимиз: @nazmiy

Admin: @lucky_1151
Advertising
We recommend to visit

Унча-Мунча - Кун ботгунча...

Видеоларни жўнатиш ва бошқа мавзулар бўйича:
@UM24BOT

Реклама бўйича:
@newline24

.

Last updated 3 months, 1 week ago

Ва ниҳоят ўша машхур МАНОЛИ СЎЗЛАР Расмий саҳифасидасиз!

Admin: @omadli_adminjon

Reklama: https://t.me/rek_info/1338

Сиз тўғри манзилдасиз бизни танлаб адашмадингиз ?

"Каналга қўшилиш" тугмасини устига босинг ?

Last updated 11 months, 2 weeks ago

📚Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди. Лекин қалбларингизга  ва  амалларингизга қарайди»
✍(Имом Муслим ривояти)

Reklama! @RekIama_beriish

Last updated 3 days ago

9 Monate, 3 Wochen her

ГЕНДЕР ТАНГЛИК

Хотин акам, гендер, дейди,
Ҳуқуқимиз тенгдир, дейди.
Кўнгилни сал кенгроқ тутинг,
Кенгга дунё кенгдир, дейди.

Мен ғижиниб, гендер, дейман,
Ўйлаб топган сендир, дейман.
Мана, сенга қора ўчоқ,
Мана, сенга тандир, дейман.

Хотин кулиб, гендер, дейди,
Кимдадир бет – чандир, дейди.
Аравани тенг тортамиз,
Сиз ёқа, мен енгдир, дейди.

Мен бўғилиб, гендер, дейман,
Уйда эркак мендир, дейман.
Супургини ҳўллаб супир,
Тошкўмирни синдир, дейман.

Хотин яна, гендер, дейди,
Хотин-бўй, эр эндир, дейди.
Қизингиз бор, ўйланг бирров,
Ёмон эркак “сен” дер, дейди.

Мен бўшашиб, гендер, дейман,
Қизим – жоним, чиндир, дейман.
Жон жойимдан ушладинг-ку,
Ҳа, энангни эмгир, дейман.

✍️ Иқбол МИРЗО

1 Jahr, 3 Monate her

Радиодаги амаки

– Мана шундай ёқимли таронадан кейин аъло кайфиятни сақлаб қолган ҳолда дастурларимизни давом эттирамиз…

Радиобошловчи шундай деб орага бир неча сониялик мусиқа қўшди ва бу орада боя тутатган сигаретасидан яна бир тортиб олди.

– Демак, бизда яқинларига салом йўллашни ният қилган яна бир тингловчимиз бор, – давом этди унга қўнғироқ борлигини ишора қилган операторга бош чайқаб. – Улар билан танишамиз. Ассалому алайкум!

– Ассалому алайкум, радиодаги амаки…

Саломига қўнғироқдек ёқимли, чамаси тўрт-беш ёшлардаги қиз боланинг овози шундай алик олди. Бошловчи шу заҳоти унга илжайиб турган операторга қаради-ю, қўлларини икки ёнга чўзиб: “Бу нимаси?” дегандек ишора қилди. Оператор иккала қўлини “тўппонча” қилди-да, бир кўзини қисиб гўё бошловчига бир неча марта ўқ узгандек қилиб: “Бопладимми?” дегандек таассурот уйғотди.

– Алло, амаки?

Қизчанинг овози бошловчини сергаклантирди.

– Алло, алло, қизалоқ, ён-атрофда каттароқ кишилар борми? Ака-опанг, ота-онанг?

– Йўқ, уйда ҳеч ким йўқ. Қўшнимиз менга қараб тургандилар уйларига чиқиб кетдилар. Мен уларнинг телефонларидан қўнғироқ қиляпман…

– Ҳа, майли, – энсаси қотган бўлди бошловчининг. – Кимга салом йўлламоқчисан?

– Ойимга.

– Яхши, ойинг қаердалар?

– Менга ука олиб келгани кетгандилар. Ҳалиям қайтмадилар.

Бошловчининг юзига табассум югурди.

– Ҳали ука тополмагандир-да.

– Йўқ! – қатъий оҳангда гапирди қизалоқ. – Укам кеча келди. Аммо ойим келмадилар…

Бошловчининг юзидаги табассум аста йўқолиб, қошлари ҳам чимирила бошлади. Қизалоқ эса сўзида давом этди:

– Укамни дадам олиб келдилар. Улар қайдан топганларини сўрай олмадим. Мени дадамнинг олдига киритишмаяпти. “Безовта қилма, ўзи аҳволи оғир!” дейишади. Ойимни сўрасам ҳам ҳеч ким жавоб бермайди, мени қучоқлаб олишади. Йиғлаб ҳам беришади.

Бошловчи креслога суяниб олди, у кўзларини бир нуқтага тикканча, қошлари чимирилган ҳолда қизчанинг гапларини диққат билан тингларди.

– Сиз доим ҳамманинг саломини бошқаларга етказасиз. Менинг ҳам ойимга саломимни етказинг! Укам келганини айтинг! Улар ҳали ҳам қидириб юрибдилар, шекилли.

Бошловчи жавоб бермади. У ҳамон ўша ҳолатда ўтирарди.

– Алло, амаки. Саломимни етказасизми?

– Қизалоқ, – овози кутилмаганда титраб кетди бошловчининг. – Мен сенинг гапларингни ойингга етказа олмайман. Кечир!

– Нега? – йиғламсираб сўради қизча. – Нега энди етказа олмайсиз?

– Чунки бизнинг радиотўлқинлар ойинг кетган жойларгача етиб бормайди. Аммо… – бошловчи йигит бўғзига тиқилган йиғи сабабми, гапиришга қийнала бошлади. – Аммо сен ўзинг етказишинг мумкин. Ўргатайми?

– Ўргатинг! Ўргатинг! – қувнаб кетди қизча.

Бошловчи худди сирдошига гапираётгандек тараддудланиб, паст овозда гапира кетди:

– Ҳар куни ухлашга ётганингда, хонада сендан бошқа ҳеч ким қолмаганида, яхшилаб ўрнашиб олгин-да: “Эй Худо, ҳозир ойим сен билан, илтимос, бу гапларимни ойижонимга етказ!” деб ҳамма гапларингни айт! Ишонавер, ойинг сени албатта эшитади.

– Ростданми? Жавоб ҳам қайтарадиларми?

– Йўқ, аммо астойдил гаплашсанг, тушингга киришлари мумкин.

Қизалоқнинг шодон ҳайқириғи эшитилди. Бошловчи товуш чиқармай йиғлай бошлади.

– Қойил, раҳмат сизга амаки, раҳмат. Бугуноқ ойимга шундай қилиб хабар жўнатаман. Раҳмат сизга…

– Қизалоқ… – бўғиқ овозда яна гап бошлади бошловчи. – Энди мен ҳам сендан бир нарса илтимос қилмоқчиман.

– Майли, илтимос қилинг! – қувноқ овозда жавоб берди қизча.

– Ойинг билан гаплашиб бўлгач… Ойинг билан гаплашиб бўлгач, радиодаги амакингнинг ўғлига ҳам икки оғиз гапни етказиб қўясанми? У ҳам ойинг кетган ёқда ҳозир.

– Ҳа, албатта етказаман. У ҳам ўзига ука олгани кетганмиди?

– Йўқ… У шунчаки музқаймоққа кетганди…

Бошловчини яна йиғи тута бошлади.

– Музқаймоққа? Ҳа майли, унга нима деб қўяй?

– Унга… – борган сари гапиришга қийнала бошлади бошловчи. – Унга “даданг билан ойинг сени жудаям яхши кўришади” де. Жуда соғинганимизни ҳам. Кейин… Тушимизга ҳам тез-тез кириб турсин. “Даданг ўша куни уйга музқаймоқ олиб келишни унутгани учун ҳалиям афсус чекяпти”, деб айт…

@nazmiy

1 Jahr, 8 Monate her

"– Гул берайми ёки Бахт?
– Гул..
– Нега Бахт эмас)
– Чунки Бахтли қилмоқчи бўлган инсон танлаш имконини бермаган бўларди."

Ijtimoiy tarmoqdan uxlatildi?

@nazmiy

2 Jahre, 9 Monate her

Видо

Поезднинг охирги вагонидаман,
Охирги вагоннинг энг охирида.
Мен ёлғиз кетяпман ёлғизлар билан,
Билмайман сен ҳозир қайси бирида?
Бу йўлларда ким бахт, ким армон топар,
Товоним куйдирар ҳаёт чўғлари.
Юрак урушини эслатиб чопар
Темир ғилдиракнинг тақа-туқлари.
Кетиб кетолмайман, қолиб қолмайман,
Термуламан поезд ойнасидан жим.
Кўз олдимда турар, эслаёлмайман
Ортимдан қўл силкиб чопган бола ким?
Ким у сен ҳақингда хаёллар суриб
Оқшомлар ҳилолга термулиб ётган?
Ким у қулоч ёза уфққа юз буриб
Саҳарларни исминг билан уйғотган?
Менку эслолмайман, сен эслайсанми
Унинг севги тўла пок кўзларини?
Мажнунтол остида ичган қасами
Ҳамда титраб айтган дил сўзларини?
Ёдингдами кўкси оловга тўлиб,
Суйкалмасин дея бирор дайди ит,
Ёмғирлар остида шалоббо бўлиб
Кўчангни итлардан қўриган йигит?
Уни алдаганинг ёдингда борми,
Ёдингдами ошиқ кўксин тилганинг?
Номусни ер қилиб, ер қилиб орни
Ўзингни итларга кўз-кўз қилганинг?
Мен эса барини эсдан чиқардим,
Унутдим жон олар нигоҳларингни.
Унутдим... бўғзимга қадалди дардим,
Унутдим ит теккан дудоқларингни.
Фақат бир нарсага куярман бу кун,
Севилдим, севиндим, сотилдим, тўйдим.
Ва охир сен дея беозор, бе ун,
Оқкўнгил болани йўқотиб қўйдим.
Мен уни сендан кўп яхши кўрардим,
Босган ҳар қадами ор эди унинг.
Гарчи турса ҳамки кулибгина, жим,
Юрак оғриқлари бор эди унинг.
Бор эди кўксида зилзилалари,
Оламни пок кўрган қалби бор эди.
Шукрона айтарди ўртанган сари,
Бардоши бор эди, сабри бор эди.
Мардга мард, номардга номард бу дунё,
Аммо у ҳаммага мардлик қиларди.
Саҳарлар кафтига тўлдириб дуо
Дўсту-душманига омад тиларди.
Унга рафиқ эди неки тирик жон,
Тонглар чумчуқларга ушоқ сочарди.
Дайди кучукларда тутар эди нон,
Емагин берарди, бағрин очарди.
Дўстлари кўп эди, суярди ҳамма,
Барчани ёнига йиғар эди у.
Кулишни ҳаммага ўргатарди ва
Ҳаммадан пинҳона йиғлар эди у.
Етим болаларни кўрса йиғларди,
Йиғларди кўрганда фарзандсизларни.
Аёлларга она дея қарарди,
Сингил деб биларди барча қизларни.
Кўзлари пок эди, сўзи пок эди
Ва покиза эди хаёллари ҳам.
Нопокларга боқиб кўкси чок эди,
Покиза бир севги кутганди сендан.
Ҳаёт шундай экан – қул қулни талар,
Жуда қиммат тушди нусратинг унга.
Эй, ўйноқи дилбар, дунё қанчалар
Нопок эканлигин кўрсатдинг унга.
Юзингга туфлашга кучи етмади,
Балки ўтолмади ишқнинг юзидан.
Аммо кўксидаги алам кетмади,
Аввал сендан кечди, кейин ўзидан.
Энди у олдинги болакай эмас,
Борган сари тугаб битаяпти у.
Ҳеч кимга қарамай, ҳеч нарса демай
Охирги вагонда кетаяпти у.
Поезднинг охирги вагонидаман,
Охирги вагоннинг энг охирида.
Мен ёлғиз кетяпман ёлғизлар билан,
Билмайман сен ҳозир қайси бирида.
Билмайман қаерда айларсан хиром,
Балки энг олдинги вагондадирсан.
Балки хирсга ботган киборлар аро
Ортга йўл тополмай армондадирсан.
Менга эса энди ётсан батамом,
Шунаки кўнглимни бузгувчи ёдсан.
Жонқушим, парвоз эт дил тортган томон,
Севгимдан озодсан, ишқдан озодсан.
Не бўлса ҳам раҳмат ҳаммаси учун,
Мен яқинлашяпман манзилим сари.
Юрак уришидек тўхтайди бир кун
Темир ғилдиракнинг тақа-туқлари.
Хайр пок туйғулар, ложувард ҳислар,
Шамолдек елмоқда бу пўлат саман.
Бир куни ҳеч кимга бермасдан хабар
Ҳеч ким йўқ бекатда тушиб қоламан.

5-март, 2022й

Ифтихор Хонхўжаев

2 Jahre, 11 Monate her

Манзура!
Бошимда яшайди осмон,
Тоғлар ўсиб ётар икки елкамда.
Мени тирикчилик банди этган пайт,
Сени олиб кетар алвон елканлар...

Манзура!
Қисматдан ортмайди кечмиш,
Ўнгга айланмайди ҳаёлий тушлар.
Менга азон айтиб уйғотса ташвиш,
Сени уйғотади чағалайқушлар...

Манзура!
Киприкдан тўкмагин қайғу,
Отмаган тонгларга тутмагин мотам.
Сенга дастрўмолни қайдан топаман
Мен ҳали ўзини топмаган одам!

Манзура!
Гулларни юзларидан ўп,
Қоронғу кунларга ёқиб боргин шам.
Сен бахтли бўласан ҳаммадан ҳам кўп,
Мен эса бир уюм шеърларим билан...

Азиз Нур

? @nazmiy

2 Jahre, 11 Monate her

Пайғомлар йўлладим, уйғон, ҳилолим,
Жунун оқшомлари очди жамолин,
Поялар урибман домингга сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.
Тийра гирёнларда отлиқ дард ҳоким,
Ки зулфи оташи аждарлар балким.
Боримни бахш этдим, ромингга сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.
Там-там малаксиймо чачвонин ташлар,
Яғмо шамларига ибодат бошлар,
Ризвон олмасида имонинг сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.
Ризо чайласида оҳунинг рози,
Жамбил хоҳишига монанд овози.
Дўззахий бўлса ҳам каломинг сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.

Abduvali Qutbiddin

? @nazmiy

3 Jahre, 1 Monat her

Sen ham meni kutyapsanmi?

Men seni kutyapman. Ha, seni kutyapman, garchi senga loyiq bo‘lmasamda, kutyapman. Atrofda noshariy munosabatlar avj olgan kunlarning birida, Alloh meni sen bilan mukofotlashini kutyapman.

Kutar ekanman, qo‘rqyapman. “Hayosini saqlaganlar faqat sen o‘qiyotgan kitoblarda bo‘ladi. Hayot bu — boshqa”, degan xayollar miyamga sel kabi yog‘ib, aql-u xushimni olishidan qo‘rqyapman. Ochiq-sochiq kiyinishni — erkinlik, deyotganlarni ko‘rib qo‘rqyapman.

Sen ularga o‘xshama. Ularning yashashdan maqsadlari kiyimlarini har kuni har xil ko‘rinishda hafta kunlariga moslab kiyish, xolos. Nomahramlar bilan tunlari go‘yo yulduzli osmonni tomosha qilish uchun chiqishgandek yurish uchun yashayaptilar.

Ular buni “baxt” deb atashadi. Ular aldanganlardir. Itimos, sen aldanma. Barchasi sarob. Ular sarxushlar, balki, tush ko‘rishyapti. Ammo bu ko‘rayotgan tushlari uzoqqa cho‘zilmaydi. Zero, uyg‘onadigan “Kun” ga ham oz qoldi! Sen iffatingni saqla, soliham! Hayo ila o‘zingni beza.

Bir necha yillar oldin o‘zlarini dunyoning go‘zaliman, deb yurganlarning “go‘zal” tanalarini bugun eshakqurtlar kemirmoqda qabrda. Boshqalari esa, chiroyim bilan baxtli bo‘la olaman, deb o‘ylashardi. Achinarlisi, hali ham shunday fikrdalar, garchi, oltinchi marta omadlarini sinab ko‘rish uchun, balki endi baxtli yashab ketarman, degan niyatda turmushga chiqayotgan bo‘lsalar ham.

Sen aldanma, baxtni faqat Alloh beradi, O‘zi bilan birga bo‘lganlarga beradi. Shunday ekan, taqvola yashagin hayotda. Har kuni oz bo‘lsada ilm olgin. Iffat, hayo, va itoat kabi sifatlaringni saqla. Iltimos qilaman, dunyoga berilma, undan zohid bo‘lgin. Chunki rizqning egasi Allohdir!

Doim qalbingda Alloh bo‘lishini, diling islomga keng ochilgan bo‘lishini istayman. Modaga ergashma, modani o‘zing bilan ergashtirib yurgin. Xafa bo‘lgan paytlaring jannat haqida xayol surgin, chunki faqatgina u yerda biz hech qachon xafa bo‘lmaymiz.

Hozirgi kunda “qalbim toza”, deb bong urayotganlarning qalbining tozaligiga kim guvohlik berganini bilmaymanu, ammo sen ularga o‘xshab buni isbotlashga urinma. Seni faqat Alloh bilsin, soliham. Agar ular seni boshingdagi hijobing ila ranjitsalar, xotirjamlik va mayin tabassuming bilan “jazolagin” ularni.

Sabr qilgin, toki g‘amlar sabringdan charchaguncha! Sabr so‘zi lug‘atlardan o‘chib ketsa ham, sendan aslo o‘chmasin. Alloh meni sen bilan, seni esa men bilan mukofotlagunicha sabr qil. So‘zlarimni unutma! Tez orada U bizlarni chiroyli suratda jamlaydi, inshaalloh!

(Ijtimoiy tarmoqdan olindi)

3 Jahre, 6 Monate her

ХИРГОЙИ

Ҳаммамиз қуёшда куйган жиззамиз,
қачон тиз чўкувдик, ҳамон иззамиз,
сирқираб оғрийди шишган тиззамиз,
ўриндан озгина турсак майлиму?

Ўтганлар бари бек, қолган жавдирар,
гардинда кўринмас ғуллар шалдирар,
меҳнатдан ёрилган қўллар қалтирар,
ўз беким ерида юрсак майлиму?

Насимлар гулламиш озод тоғларда,
озодлик муждаси сўлу соғларда,
боболар қийналиб тиккан боғларда
ағанаб бир хаёл сурсак майлиму?

Неча минг аллома, жўмардлар ўлган,
тафаккур сасиган,
руҳлари сўлган,
уруғлар айниган тап-тақир чўлда
ўз беким давлатин қурсак майлиму?

Юз эллик йилдирки мана шу ҳолат,
ҳануз давом этар маккор тижорат,
билмадим, қаердан ушбу жаҳолат,
нега сиз бўлмайсиз сира хижолат?
Нега мен сўрайман сиздан ижозат?!

Шавкат Раҳмон

? @nazmiy

3 Jahre, 7 Monate her

Аёл. Кулгу. Ёлғон. Байрам. Бахт.
Қудрат. Қўрқув. Борлиқ ва Сароб.
Аёл. Йиғи. Исён. Итоат.
Олов. Арқон. Ўлим. Вассалом.

Эркак. Қусур. Қолгани ялло,
Аёл. Гуноҳ. Дўзахий мутлақ.
Аёл қулнинг қулидир илло,
Эркак –худо, худо доим ҳақ.

Аёл – оғир кўз ёш, улкан оҳ,
Ўзинг бас кел, ягона Аллоҳ...

Mehrinoz? @abbosova_mehrinoz

We recommend to visit

Унча-Мунча - Кун ботгунча...

Видеоларни жўнатиш ва бошқа мавзулар бўйича:
@UM24BOT

Реклама бўйича:
@newline24

.

Last updated 3 months, 1 week ago

Ва ниҳоят ўша машхур МАНОЛИ СЎЗЛАР Расмий саҳифасидасиз!

Admin: @omadli_adminjon

Reklama: https://t.me/rek_info/1338

Сиз тўғри манзилдасиз бизни танлаб адашмадингиз ?

"Каналга қўшилиш" тугмасини устига босинг ?

Last updated 11 months, 2 weeks ago

📚Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди. Лекин қалбларингизга  ва  амалларингизга қарайди»
✍(Имом Муслим ривояти)

Reklama! @RekIama_beriish

Last updated 3 days ago