*Mohiyat* Abdulla Boqiy — Siyrat_ijodiy kanali

Description
*Моҳият*
Ассалому алайкум. Азизларим, ёш ижодкорларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз.
Ҳамкор: Таълим ва маънавият фидоийлари https://t.me/talim_va_manaviyat_fidoiylari
Муҳокамалар учун: https://t.me/Mohiyat_kanali_adabiy_guruhi
Advertising
We recommend to visit

PRIKOL VIDEOLARNI DODASI

Admin @REKLAM_UZPRIKOL

Last updated 2 years ago

✅ Бирор бир маҳсулотга буюртма бермоқчи бўлсангиз @SOTUVCHll га ёзинг!

Last updated 1 year, 3 months ago

☎️ Реклама 👉 @Koshona

🎭 Топ приколлар фотолар ва қизиқарли видеолар. Кун давомида, энг саралари сизлар учун.

Last updated 5 days, 6 hours ago

1 week, 3 days ago

***Қалбимда қолдирган доғингиз артинг,
Биродар, яхшимас, бу йўлдан қайтинг.
Ҳусумат бўлса гар юзимга айтинг,
Ортимдан гапирманг, ҳой яхши одам.

Бўлмаган ишларни бўлдирган, иним,
Инсонман ҳар ҳолда, оғриди дилим.
Қарғишли сўзларни сўзламас тилим,
Ортимдан гапирманг, ҳой яхши одам.

Даволай кўрмангиз касал мен эмас,
Сиз айтган фақир-у, ожиз мен эмас.
Ошкора барини айтмасам бўлмас,
Ортимдан гапирманг, ҳой яхши одам.

Чидайман юзимга уринг тарсаки,
Ёмонсан денг майли бўлинг шартаки.
Истагим шу ҳолос, ўтинч шунчаки,
Ортимдан гапирманг, ҳой яхши одам.

Мен ёмон бўлсам гар нарироқ туринг,
Қаҳ уриб шодликда устимдан кулинг.
Яхшимас аслида шуни сиз билинг,
Ортимдан гапирманг, ҳой яхши одам.

Бу ҳаёт, бу олам барчамизники,
Оддийроқ бўлса ҳам ҳаёт меники.
Ғийбатим қилсангиз гуноҳ сизники,
Ортимдан гапирманг, ҳой яхши одам.

Ортимдан гапирманг, ҳой яхши одам.

✍️Муаллиф:Шухратбек
Таҳаллус:Сурхон оға
🎤Ижрода:Феруза***

https://t.me/Abdulla_Boqiy_ijodiy_kanali

1 week, 3 days ago

***Синфдошлар, соғмисиз, омонмисиз...

Куни кеча бола эдик, ғўр эдик,
Ғўр бўлсак ҳам зўр эдик...
Стадионни чангитиб
Дарсга кечикиб кирсак,
Бир хил эди баҳона,
Баҳонада жўр эдик...
Синфдошлар,
соғмисиз, омонмисиз...

Куни кеча бола эдик...
Бек эдик, тўра эдик,
«А» синфми, «Б» синфми
Фарқсиз эдик...
Барчамиз бир дўст эдик...
Жўра эдик...
Синфдошлар,
соғмисиз, омонмисиз...

Куни кеча бола эдик...
Бир тан эдик, бир жон эдик...
Гоҳ мактабнинг фаҳри эдик,
Шавкат эдик, шон эдик...
Гоҳ устозни бездирган
Шўхлик эдик, тўполон эдик...
Синфдошлар, соғмисиз, омонмисиз...

Эндичи катта ҳаёт
Ҳаммамизни ҳар томон
Палаҳмондек отдими...
Кимдадир шом тушди-ю,
Кимдадир тонг отдими...
Болаликнинг соғинчи
Уйқудан уйғотдими...
Синфдошлар,
соғмисиз, омонмисиз...

Кимдир олис қишлоқда,
Ким катта шаҳарларда,
Бир-бирин дуо қилиб
Шомда-ю, саҳарларда
Тинчлик, офият тилаб,
Ҳамнафас, ҳамзамонмисиз...
Синфдошлар,
соғмисиз, омонмисиз...

✍️✍️Абдулла Боқий
05.10.2024-й
🎤🎤Феруза***

https://t.me/Abdulla_Boqiy_ijodiy_kanali

1 week, 3 days ago

**«Дунё»си торларга

Эй бадкирдор, виждонсиз, олчоқ,
Дунё, этагингдан тутмайман...
Йўқ, мен сендан ҳиммат кутмайман,
Лек, билиб қўй, кун келиб, албат,
Тутаман...
Ёқангдан тутаман...
Унга қадар, бил, сабрдаман ...
Сукутдаман...

Сукут эса
Фақат аломати ризо эмас,
Ожизлик ё қўрқоқликданмас,
Фаҳм этганга танқиддан дарак...
Бу ҳам бир имкон сенга
Ўзингни тузат...
Нафсингга қул бўлиб қолганинг
Наҳот сезмаяпсан, англамаяпсан...
Ахир сен тўра эдинг, бек эдинг..
Аслинг кимлигини ўзингга англат...
Илло...
Дунё, этагингдан тутмайман...
Кун келиб ёқангдан тутаман...

✍️✍️Абдулла Боқий
06.10.2024-й.
🎤🎤Феруза***

https://t.me/Abdulla_Boqiy_ijodiy_kanali

2 weeks, 1 day ago
# Устозлар ижодидан

# Устозлар ижодидан

ДЎСТИМ ДОН КИХОТ

Бир ёнда отам бор,
Бир ёнда болам,
Ортда ўтмиш турар,
Олдда келажак...
Дон Кихотга ўхшаб туғилдим-ку ман,
Дон Кихотга ўхшаб ўлсам ҳам керак...
Фақат менинг отим
Росинант эмас,
Шеърият аталган шонга эгадир.
Қиличим - бир қалам,
Асло пўлатмас,
Кўнглим эса ёлғиз
Дульсинеям дир...
Соддадил Санчо ни
Қидириб кўрсам,
Ўзимда яширин сир бўлиб чиқди:
У менинг кўнглимни
Йўлга солмоқчи
Ақлим билан айни бир бўлиб чиқди.
Нима ҳам қилардик,
Дўстим Дон Кихот,
Лойимиз бир жойдан олинган экан.
Қисматимиз бизнинг
Азалда, ҳайҳот,
Икки йўл оралаб солинган экан.
Феодал тартибот
Тушди чекингга,
Бирдан капиталга урилдинг-тиндинг!..
Мен-чи, коммунани
Хаёл қиларкан,
Ногоҳ қанотларим қайрилди-синдим:
Социализм деган
Бир камбағалнинг
Боғичсиз иштони тушдию кетди.
Феодални йиққан
Капитализм
Шўрлик бечорани ямламай ютди.
Шундан сўнг хаёллар,
Кўкларга учди,
Дунёни ларзага солди қалдироқ.
Гул пулга айланиб
Киссага тушди,
Туш ўнгга айланиб кетмади бироқ.
Ҳаётим - қисматим
Шундай бошланди,
Қурсоқ атрофида айландим-қолдим.
Қилдек инжа дилим
Чунон ғашланди,
Тўрткўчада аччиқ ўйларга толдим...
Хаёлпарастсан сен, -
Дейди дўстларим. -
Мундоқ атрофингга боқсанг-чи, овсар.
Ишла, пул топ,тузат
Каму кўстларинг,
Замон дарёсида оқсанг-чи, овсар!..
Эҳтимол, ҳақлидир
Дўстларим - зийрак,
Дунёнинг равишин бешак биларлар.
Аммо нима қилай,
Севинмас юрак,
Фақат ўзим ҳақда қилсам тилаклар...
Хаёллар кетдию
Ҳаётлар келди,
Ошиқ ёри ҳақда сурмас хаёллар.
Эркак нажот излаб олисга кетди,
Кетганини кутмас бўлди аёллар!..
Қай бирини айтай
Сизга бирма бир?
Ахир, ҳаммасига оғрийди юрак.
Оламни тузатмоқ,
Биламан, оғир,
Бироқ ўзга йўл ҳам йўқ эрур бешак...
Юртимни севаман,
Севаман дилдан,
Азиз одамларин бошга тож этгум.
Аммо ғаламислар,
Қочинг, сиз йўлдан!
Йўқса, жонингизни хўп торож этгум.
Оламни пок кўрмоқ
Истайди кўнглим.
Одамни унда бир муқаддас хилқат!
О, мушфиқ ҳаётим,
Меҳрибон ўлим,
Борлик бахт бўлсаю йўқлик саодат!
Лек мени тушунмас
Яқинларим ҳам,
Устимдан кулмоқчи бўларлар пинҳон.
О, дўстим Кехана, -
Ягона ҳамдам!
Қани сен ёнимда бўлсайдинг шу он!..
Борлиқ юрагимни
Тўкиб солардим,
Сен-чи, инонардинг, эй содда одам!
Кўзингга тикилиб
Уқиб олардим:
Хаёлсиз бир чақа турмас бу олам!
У ёғини сўрсанг,
Дунё ҳам асли
Хаёлнинг маҳсули, мевасидир чин.
Наҳот буни билмас
Одамзод насли?
Ёки билмаганга олади нечун?..
Бас, дўстим Дон Кихот!
Нимасин айтай.
Кўнглим туриб-туриб қўмсайди сени.
Ҳисобу китобдан
Чарчадим шундай,
Орзулар юртига олиб кет мени.
Майли, замондошлар
Десин: "девона!"
Майли, ортимиздан қилишсин ғийбат.
Биз эса ушбу дам
Олис дунёда
Олий ҳаёт ҳақда қурамиз суҳбат...
Ўшанда, биламан,
Вақт келиб бир кун
Бизни тушунганлар бўлгай зиёда.
Ўшанда англарлар
Бахтли бўлганин
Хаёлпарастлар-ла ушбу дунёда...
2013 - 2014 йиллар...
Улуғбек Ҳамдам

https://t.me/Abdulla_Boqiy_ijodiy_kanali

https://t.me/talim_va_manaviyat_fidoiylari

2 weeks, 1 day ago
*Mohiyat* Abdulla Boqiy — Siyrat_ijodiy kanali
2 weeks, 1 day ago
**Тунги ўйларим...**

Тунги ўйларим...
(таҳрирсиз)

Баъзан билиб, баъзан билмай
(шаҳдамлигим кўрсатмоқ учун)
Гурсиллатиб одим отиб
Сенга оғир ботдим-а...
Кечир мени, Она Замин,
Кўксингни оғритдим-а...

Кетмон солиб, бағринг ўйиб
Гурсиллатиб чопдим-а
Худо сочиб қўйган ризқни
Яна сендан топдим-а...
Нози-неъматга тўйиб,
Чиқиндисин юзингга
Ўнг қарамай отдим-а...
Кечир мени, Она Замин,
Дилингни оғритдим-а...

Бағринг титиб ковладим
Ҳар бир қарич жойингни,
қидириб олтин, кумуш,
ёқут, олмос конингни
ва ҳатто нефт аталмиш
ўша қора мойингни...
...
Эринмай сўрдим-у қонингни...
Бир бора сўрмадим ҳолингни...
Кечир мени, эй Она Замин,
Минг афсус... борингни
йўқотдим-а, сотдим-а...
Кўнглингни оғритдим-а...

Талон-тарож қилавериб
Тинкангни қуритдим-а...
гоҳ Дўқ уриб, ё Лоф уриб
Сиёсат юритдим-а...
Уруш-уруш ўйин ўйнаб
Сени кўп койитдим-а...
Уранингни бойитиб
Даҳшат-бало яратиб...
Оқибатни оқибат
Сен томон қаратдим-а...
Кечиргин, Она Замин,
Қон қақшаган бағрингда
Энди қандай ётдим-а...?!!

13.10.2024-й. Тошлоқ.
Якшанба, с. 03:10 мин

Абдулла Боқий

https://t.me/Abdulla_Boqiy_ijodiy_kanali

2 weeks, 1 day ago
Асарнинг асл оти “Otel odası”, яъни …

Асарнинг асл оти “Otel odası”, яъни “Меҳмонана хонаси” дир. Бироқ каломда иккита “хона”нинг ёнма-ён келиши ўзбек тилида унча хуш қабул қилинмаслигини назарда тутиб, шунингдек, у бориб тушган Туркиядаги антиқа, сирли меҳмонхона тасвиридан келиб чиқиб, қиссани “Сирли меҳмонхона” деб ўгириш мақсадга мувофиқ деган ўйга бордик. Балки оддийгина қилиб, “Меҳмонхона” ёки ҳатто “Ўлим меҳмонхонаси”деб қўйиш ҳам мумкин эди, эҳтимол. Нима бўлганда ҳам, асар бош қаҳрамони Карим ана шу меҳмонхонанинг сирли хонасига ўлиш учун боради. Бироқ буни унинг ўзи билмайди. Ғайришуурида нималарнидир сезгандек бўладию эътибор бермайди. Фикру ёди ишда, муаммони ҳал қилиб беради, деб ўйлагани ректор билан бўлажак учрашувда. Зеро, унга бу иш жуда ҳам зарур. Ҳатто сув билан ҳаводек зарур. Чунки иш топса, пул топади. Пул топса, Озарбайжонда йиғилиб қолган кўпгина муаммоларини биратўла битириб олади. Ахир, олдинда кўзининг оқу қораси – қизининг тўйи бор. Унга мебель олиши, бой қудаларнинг олдида бурчини, хотини Тамилланинг олдида эрлик, эркаклик вазифасини адо этиб олади! Шу ерда ўзбек ёзувчиси Абдуқаюм Йўлдошнинг “Пуанкаре” ҳикояси қаҳрамони – шўрлик олимнинг пешонасидек шўр қисмати эсга тушади. Ҳар икки асар қаҳрамони ҳам зўр олим, бироқ турмуш ташвишлари, бирида озарчилик, бошқачида эса ўзбекчилик, яъни “...чилик”ларнинг ташвишлари уларни олим бўлиб яшашга қўймайди. Фан талаб қилган фидойиликни турмуш ташвишларига тақсимлаб беришади. Натижада ҳар икки қаҳрамоннинг қисматида фожиавийлик туғилади. Карим ҳам ана шу савил ишга кирса, кира олса, бировларга диссертация ёзиб бериш балосидан қутулар эди. Боз устига, дўсту душманнинг кўз ўнгида бошини баланд кўтариб юрарди, ҳеч ким унинг устидан “лапашанг” дея кулмасди, кула олмасди. Эҳ-ҳе, санаса, яна қанча балолардан халос этарди уни бу иш... Бироқ Оллоҳнинг унга атаб қўйган қисмати бошқа эди – уни ўлим кутарди, ўша арзон меҳмонхонада, унинг сирли хонасида...
Карим Асқарўғли катта олим эди. У муродига етмай-етолмай ўлади. Бироқ унинг катта олим эканлигини ўз миллатдошлари эмас, (не ёзиқки, миллатдошлари Чопур Жаббор сиймосида уни йўқ қилишга ҳаракат қилишади!) балки бутунлай бегона миллат вакили, илму фан, унинг фоили – олим қадр топган минтақа – Оврупада эътироф этилади. Каримнинг ўлимидан кейин унинг номи кўкдаги бир юлдузга берилади. Чунки унинг туркологияга бағишланган журналда эълон қилган мақоласи оламшумул аҳамиятга эга эди. Унинг қадрига, надоматлар бўлсинким, фақат ўзгалар етади.
Узун гапнинг қисқаси, озарбайжон адиби Анорнинг “Сирли меҳмонхона” қиссасини мутолаа қилиш ўқувчини яқин ўтмишни мушоҳа қилишга, унинг аламли манзараларидан сабоқ чиқаришга ундайди. Бу эса, ҳар қандай фикр юритувчи ўқувчи, нафақат якка ўқувчи, балки бутун бошли миллат юзига тутилган кўзгудир, аслида.

Улуғбек ҲАМДАМ
2024 йил, август

https://t.me/Abdulla_Boqiy_ijodiy_kanali

https://t.me/talim_va_manaviyat_fidoiylari

2 weeks, 1 day ago

Ҳамма лолу ҳайрон бўлиб бир-бирига қаради. Каримнинг нигоҳи Тончода эди. У инсон қиёфасининг бунчалар кескин ўзгаришини ҳеч қачон кўрмаганди. Тончонинг аввалига ранги бўзариб, оқ-оппоқ тусга кирди, кейин унга юзидаги табассум қолдиқлари синггиб кетди-да, ўзи бир зум қотиб қолди, кейин секин турди, гандираклаб-гандираклаб, - кўп ичганди, - дастурхоннинг у четидан бу четига келди – Садёрнинг олдида тиз чўкди-да, қўлини ўпиб, ҳўнграб йиғлаб юборди.
Орадан йиллар ўтди, лекин ўша манзара Каримнинг кечагидек кўз ўнгида турарди. У билардики, Трансилвания можарларнинг Можаристондан олиниб, Руминия таркибига қўшиб юборилган ерлари, лекин можарларнинг бундай анъанавий қадаҳ сўзи борлиги ва бу сўзнинг бунчалар таъсир кучига эга эканлигини билмасди. Энди бизнинг ҳам тақдиримиз шуми, – деб ўйлади у Эролга қўшилиб. - Шушанинг шарафига қадаҳсўзи айтиб йиғлашми?..”
Мана шу эпизоддда Карим сиймосида Озарбайжон халқи ўз тупроқларининг йўқотилган бир қисми учун қанчалар азият чеккани ифода этилган. Бу ерда можаристонлик Тончо гўё Карим эди, озарбойжонлик каримлару карималар эди. Зеро, Ватан Ватан бўлгани каби, унинг бир қисми, ҳатто бир қаричи ҳам Ватандир!
Ватан мавзуси қиссанинг бошидан охирига қадар ўқ чизиқ – лейтмотив бўлиб ўтади. У гоҳ Каримнинг ўйларида, гоҳ оиласи арманлар томонидан ўлдирилиб, бир ўзи қочиб келган аёл – Латифа тимсолида, гоҳ эса ривоят қаҳрамонлари – икки турк хони қисматида акс этади. Ривоят ҳам Карим хотирасида яшайди. Унга кўра икки турк хони – Атракхон ва Сиржонхон устига Мономах ҳужум қилади. “Сиржон Дон даштларига чекинади, Атрак эса Кавказ тоғларидан паноҳ топиб, секин-аста у ернинг ҳукмдорига айланади. Ой ўтиб, йил ўтиб, Мономах вафот этади, натижада Сиржонхон ватанига қайтиб, акасига “Сиз ҳам қайтинг!” дея хабар юборади. Акаси бу даъватга қулоқ осмайди, зеро, у аллақачон янги маконни Ватан тутиб, давлатли, шавкатли ва шон-шуҳратли зотга айланганди-да. Кейин Сиржонхон – нақадар ҳассос руҳшунос эди у – шундай бир йўл тутади - акасининг ҳузурига созандаларни юборади, “Ўз куйларимизни чалинг Атракка, қоврилиб, ғамга ботсину изига қайтиб келсин!”, дея буюради. Зеро, Сиржонхон инсон кўнглини, кўнгил пучмоқларини, ёд-хотирасининг чуқур қатламларини теран тушунадиган одам эди. Бас, у бошқа воситалар билан тирилтириш маҳол бўлган туйғуларни мусиқа уйғотиши мумкинлигидан огоҳ эди. У яна бошқа ишга ҳам қўл уради: уларнинггина Ватани даштларида ўсадиган шувоқ – ёвшандан бир чангал юборади акасига. Билардики, ёвшан ҳиди уйғотадиган мискину ажиб туйғу ҳамма нарсадан устун келади. Йилномадан илҳомланиб битилган Майковнинг манавиндай шеъри бор:
Ҳузурига чорлаб бахши Сиржонни,
Оғаси олдига йўллади тезкор.
“Бойу бадавлатдир оғам у ерда –
Бутун Кавказ узра ҳоким-ҳукмдор.
Сен жадал боргилу оғамга айтгил:
“Занжирлар узилиб, ёғийлар ўлди!”,
Қўлда неки бўлса, ташласин, қайтсин
Даштдаги мулкига, сабрлар тўлди!
Ўланлар куйлаб бер оғамга сўнгра...
Мабодо, шунда ҳам қайтмаса, дарҳол
Дала гулларидан бир даста тутсанг,
Ўшанда, амин бўл, қайтажак алҳол!..”
Сиржонхон янглишмаганди – на тинимсиз қилинган даъватлар, на она юртнинг мусиқа садолари Атрак қалбини юмшата олганди... Ниҳоят, элчилар келиб, бир даста шувоқ-ёвшанни хон қўлига тутқазишганда содир бўлган воқеадан сарой аъёнлари ҳайрону лол қоладилар. Ҳаммани зир титратгувчи ғазабдор ва қудратли ҳукмдор шувоқ-ёвшанни қўлига олгач, ажиб ҳолга тушади – уни ўпади, сўнг йиғлаб юборади, аёнларига: “Алвидо, – дея хитоб қилади – энди мен сизнинг ҳукмдорингиз эмасман, энди мен Ватанимга қайтаман!” дейди”.
Ана шу воқеани, шеърни Карим ўзича битта махражга келтириб, уни такрорлаб юради: “Ғурбатда хон бўлгунча, ўз юртингда тиланчи бўл!”.
Бундай ғурбат Каримнинг, замонавий озар зиёлисининг ҳам бошига тушади: у тирикчилигини таъмин этувчи иш излаб қон-қардош бўлсада, барибир, ўзга юрт ҳисобланган Туркияга боради. Анқараю Истанбул кўчаларида сарсону саргардон кезади. Ниҳоят, ўзи болалигидан орзу қилган, отасининг ҳам орзуси бўлган Истанбул шаҳрида, унинг сирли бир меҳмонхонасида юрак хуружидан ўлим топади. Ахир, у иш топаман деганди-ку!..

2 weeks, 1 day ago

Чопур Жаббор деган образ бор, дедик, вақтида у Каримнинг отаси Асқарни турколог бўлгани учун қаматтириб юборганини эсладик. У совет даврида Каримни ҳам пантуркизмда қоралайди. Мустақил Озарбайжон даврида эса Каримга яна зарари тегади – унинг Туркия универсетитларидан бирида дарс беришига қаршилик қилиб, бунга эришади. Карим коммунист эди, дейди. Ўзи эса нафақат коммунист, айни дамда, партком ҳам эди, яъни коммунистик партиянинг ашаддий югуртаги. Бироқ замонлар ўзгариб, юрт озод бўлиб, туркология масалалари эмин-эркин муҳокама қилина бошлаганда, Чопур Жаббор бир думалиб, ўзи қарши бўлган туркология ғояларини байроқ қилиб кўтаради. Ахир, худди шу ғояларни ҳимоя қилгани учун у Асқарни қаматиб, Каримнинг ўз соҳасида илгарилашига монелик қилмаганмиди?.. Қилганди. Бироқ... Карим унинг бундай таврини кўриб лолу ҳайрон қолади. Бунга замонга қараб турланиш, тусланиш дейишади. Адиб ана шундай буқаламунлар умумлашма образини Чопур Жаббор сиймосида жуда аниқ акс эттира олган.
Адабиётчи олим, ўқитувчи Карим Асқарўғлининг ўлими билан ёзувчи бир тузумдан иккинчисига ўтишдаги даҳшатли йўқотишларни, изтиробларни, муаммоларни ёритган, дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам японларнинг “Ўтиш даврида яшашни душманимга ҳам раво кўрмайман” деган гапининг зимнида жуда чуқур маъно бор. Зеро, ўтиш даврида аввалги қадриятлар оёқости бўлиб, янгилари пайдо бўлади. Бунга кўникмаган, кўника олмаган одамларни эса, – боз устига, у Карим каби ҳалолу пок бўлса, – кўпинча, аянчли қисмат кутади. Ажабки, барча тузумларда Чопур Жабборга ўхшаганларнинг ошиғи олчи. Чунки улар умуртқасиз махлуқотга ўхшайди, бас, ҳар даврга мослашиб, илон каби эшилиб, йўлини топиб кетаверади. Шу маънода, ушбу асар тўғри одамнинг кўп ҳолларда синову машаққатларга дучор бўлишию эгрининг яшовчанлигини кўрсатгани билан ҳам таъсирли ва ўқишлидир. Хитойларда “тўғри ўсган дарахт тахтага кесилиб кетгани ҳолда, эгри дарахт бундай ишга ярамагани учун ҳам унга ҳеч ким тегмайди”, деган мазмунда бир қараш бор. Жуда аччиқ ҳақиқат! Шундай эмасми?.. Бироқ тўғри одам Карим каби яшашдан ўзгасини тан олмайди. Улар эгилиб, судралиб юз йил умргузаронлик қилгандан кўра, қисқа бўлса ҳам, қийин бўлса ҳам, тик туриб яшашни (керак бўлса, ўлишни!) афзал билишади.
Асарда Ватан мавзуси жуда баланд пардаларда куйланади. Ватаннинг бир парчаси ҳам Ватан. Ўша парчадан айрилиш юракнинг бир парчасини йўқотишдек оғриқли. Дарвоқе, Каримнинг юраги ҳам касал, у – тез-тез санчиб туради. Туркиядаги университетга иш илинжида борган ва Анқараю Истанбулни кезиб юрган Каримнинг юрагида Ватан дарди, Шуша изтироби яшайди. Шуша ҳозирда озод қилиниб, мустақил Озарбайжон тупроқларига қўшилган. Бироқ асар ёзилган 1993-1994 йилларда у ҳали тутқун эди, бас, бағридан қон силқиб турар, зеро, у қўшни мамлакат томонидан босиб олинган эди. Бунинг алами асардаги қуйидаги эпизод орқали ғоят таъсирчан ифода қилинади:
“Эрол қаҳваларни олиб келганида, “Шуша” қўшиғи ҳали тугамаган эди. - “Шуша” – янги қўшиқми?” - “Ҳа, янги, - деди Карим, - яп-янги. Шушани йўқотиб, энди тепасида йиғлаб ўтирибмиз”.
Эрол қадаҳларга виски қуйди... – Шарафига ичишни истардим, — деди у, - биласанми, нима дейман: Шуша шарафига ичайлик. Шушанинг арманлардан қутулиши шарафига!..
Ўн-ўн беш йил аввал Бокуда бўлиб ўтган базм Каримнинг ёдига тушиб кетди. Можаристондан Садёрнинг бир меҳмони келганди.
- Мен қадаҳсўзи айтаман, атиги учта сўздан иборат қадаҳсўзи! – деганди Садёр Каримнинг қулоғига эгилиб. – Тончо (меҳмоннинг исми Тончо эди) йиғлайди. Мана, кўрасан!
Тончонинг ҳеч йиғлайдиган сиёқи йўқ эди, ёнидаги аёлларга тинмай латифа айтар – хонимлар ҳам, ўзи ҳам қиқир-қиқир кулишарди.
- У меня тост, - деди Садёр – прошу внимания!
Ҳамманинг этибори унга қаратилди. Тончо ҳам ҳазилни тўхтатиб, маърузачига боқди. Русча билар эди Тончо.
- Выпьем за Трансилванию! - деди Садёр.

2 weeks, 1 day ago

Карим у бошидан бу бошига қадар кезиб чиққани Озарбайжон йўллари четидаги ошхоналарни эслаб кетди: йўловчи автобуслар чўлу биёбон ёхуд шамол эсиб ўйнаган чўққилар ёнида тўхтаганида, юз-кўзини сочлари тўсиб тушган, қорага бўялган шимининг почаларини қайириб, кир пайпоқлари ичига тиқиб қўйилган, этиклари сотиб олинганидан бери ечилмаган ҳайдовчининг хириллаган овози эшитиларди: – Ўн беш дақиқа вақт, агар ким кеч қолса, ўзидан кўрсин, нақ калтак ейди-я!..
Деворларининг сувоғи тўкилиб тушган ошхона, синиб, ранглари ўчган столлар, тирсакни қўйсанг, ёпишиб қоладиган чириган клёнкалар, мағари чиққан стаканлар, дарз кетган ликопчалар, қийшиқ альюмин санчқию қошиқлар, усти очиқ идишлардаги шакар устига қўнган катта-катта яшил пашшалар (уларнинг асосий тўдаси ташқарида, барбекью ёнида, қонга бўялган ёғоч устида майдаланган хом гўштга ёпишиб олган). Тиш ботмайдиган эт суяклари шу ерда – ошхона ёнидаги юлғунлар ичига ташланади, ошхонанинг оч итлари эса кемикларни ғажиб чайнашади. Сал нарида уч ёқдан оралатиб тахталар ташланган, усти омонатгина ёпилган пиёдалар юриш йўлаги бор, ўша томондан келаётган бадбўй эллик одимдан ҳам одамнинг димоғини нақ ёрворади...
Бу ерда эса ҳар куни минглаб енгил автомобиллар ўтади, тўхтайди, йўловчилари дам олиб, овқатланишади – нега битта пашша йўқ, оч ит йўқ, ҳамма ёқ ойнадек ярақлаб ётибди. Қачонлардир бизнинг ҳам бахмал тўшакдек юмшоқ ўриндиқларимиз, пружиналари одамни бешикдай тебратадиган автобусларимиз, равон йўлларимиз, уларнинг четларида манавиндақа топ-тоза ошхоналаримиз бўлармикан?..”
Асар 1993-1994 йилларда ёзилганини эътиборга олсак, бу ерда бизга ёвузликнинг тимсоли дея кўрсатилган капиталистик ва эзгуликнинг тимсоли ўлароқ таърифланган социалистик тузумлар қиёсини кўрамиз. Бу қиёс бизга уқтирилган кўп гапларнинг таги пуч эканлигидан сўзлайди. Мана, орадан 30 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бу вақт ичида капиталистик тузум ҳам ўзини анча-мунча танитиб улгурди. Маълум бўлишича, у ҳам ойу қуёш эмас экан, унинг ҳам етарлича муаммолари (доғлари) бор экан. Айни дамда, биз “пуф, сассиқ!”қа чиқариб қўйган социалиалистик тузумнинг ҳам ижобий томонлари борлиги ҳақида ўйлаб қолдик. Кўринадики, ҳар қандай тузум назариясини ҳаётга – амалиётга кўчиришда, тадбиқ этишда гап кўп экан. Асарда бунинг сабаблари очилмайди, бироқ юқоридаги қиёс ўқувчини ана шундай мушоҳадаларга чорлайди.
Асарда миллат дарди бор, ойдин – зиёли дарди бор, эр – эркак дарди бор, аёл дарди, инсон дарди бор. Яна унда икки авлод қисмати – совет даврида яшаган Асқар (ота) ва ҳам совет, ҳам мустақилликни кўрган Карим (ўғил) тақдирлари, тақдирларининг муайян қисмлари, уларнинг ўзига хос манзаралари акс этган. Ота-боланинг иккиси ҳам олим, турколог. Асқар совет даврида туркология билан қизиққани, туркийларга хос масалаларни ҳимоя қилгани учун репрецияга учрайди. Каримга ҳам ўзига яраша тўсиқлар қўйилади. Ота-бола қисмати шу нуқтада кесишади. Қизиғи, отани қаматган ҳам, ўғил хизматларини инкор қилган ҳам озарбайжоннинг қоракўзу қорақош фарзанларди, Асқар билан Каримнинг замондошу ҳамкасблари эди. Хусусан, ўшаларнинг типик вакили – Чопур Жаббор. Бу нусханинг ота-Асқар даврида ҳам, ўғил-Карим замонида ҳам пичоғи мойнинг устида. Гўё эгрига мужазот йўқ, тўғрига эса мукофот. Бу ҳол бизнинг ҳам юзимизга кўзгу тутади, бас, биз ҳам ушбу ойнада ўз қаҳрамону аксилқаҳрамонларимизни кўрамиз, таниймиз. Бас, шундай экан, қисса ўзбек ўқувчисини ҳам бефарқ қолдирмайди, дея ўйлайман.
Асарда Озарбайжон Мустақиллик олди кураш саҳналари, митинглар, авлодлар ўртасидаги дунёқараш фарқи каби масалалар ҳам Каримнинг хотиралари орқали аниқ, тиниқ ва ёрқин лавҳаларда акс эттирилган.

We recommend to visit

PRIKOL VIDEOLARNI DODASI

Admin @REKLAM_UZPRIKOL

Last updated 2 years ago

✅ Бирор бир маҳсулотга буюртма бермоқчи бўлсангиз @SOTUVCHll га ёзинг!

Last updated 1 year, 3 months ago

☎️ Реклама 👉 @Koshona

🎭 Топ приколлар фотолар ва қизиқарли видеолар. Кун давомида, энг саралари сизлар учун.

Last updated 5 days, 6 hours ago