Икром ИСКАНДАР шеърлари

Description
Ушбу канал орқали Икром ИСКАНДАР шеърлари билан танишиш, шоир ижодидаги янгиликлардан биринчилардан бўлиб бохабар бўлиш имконига эга бўласиз.
Advertising
We recommend to visit

Сизнинг соғлиғингизга ғамхўрлик қиладиган шифокорлар жамоаси. Тиббиёт ҳақида оддий сўзлар билан.

?‍⚕️Каналда берилган маълумотларни шифокор маслахати билан қўлланг!

Reklama? @activus_reclama

Last updated 2 months, 2 weeks ago

Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир.
Ҳотиржамлик ярим соғликдир.
Сабр эса шифонинг бошланишидир...

Абу Али Ибн Сино

Каналда берилаётган маълумотларни шифокор маслаҳати билан қўлланг!

Реклама: @Dr_Ergashoff

Тиббий саволлар учун: @Tibbiyot_aloqabot

Last updated 2 days, 18 hours ago

2 months, 3 weeks ago

УМР

Баҳор шошқинлиги ўхшайди селга,
Ёз ўтар маҳтал бўп бир тутам елга.
Ҳорғин кўзларингга уринади куз...
У энди сен билан қолишга келган.

© Икром ИСКАНДАР

3 months ago

* 
Август.
Тоғларнинг кўксига суянади кўк.
Хаёлдай сокин
жилғанинг машқи суст –
кўклам каби кўм-кўк
ва жимжит жимирлаш
юзида юзади...
Жилға (ўзандай ўрамиш ҳасратлар)
тип-тиниқ ва ҳолсиз осмонни кузатиб,
ўйлар:
«Ўйилар осмоннинг туби...
Ў, баҳор, ишқ каби сачратар –
танини тошларга уради жилға,
гулларнинг юзида жилғанинг тани...
Бутун олам муштоқ – кўк буни илғаб,
гулдурос ва шаррос куйлаганида...
Баҳорги шарқираб ўйнашлар қани!»

Осмон кексанинг ақлидай тиниқ
ва яна...
  ва яна...
    ва яна...
(Наҳот шул мўйсафид кўкламги оқин?)
тоғларнинг кўксига ҳолсиз суянар...
Баҳорни туш кўриб ичи қизиган
тош каби
жилға
жимирлайди хаёлдай сокин.

Август.

*© Икром ИСКАНДАР*

5 months, 1 week ago

* 
Бўйқизгина, кун нурида чувоқлайсан,
бу ҳуснингда офтобни ҳам сувоқлайсан.
Кулгуларинг – чўчиб учган каптарларга
сочиш учун юракларни увоқлайсан.
Куртаклардан, боғдан яшил бод келади,
боғ ортидан, бод қаърида дод келади.

Товонингни қитиғлайди ғўра майса,
сочларингга рўмол-пўмол ўрамайсан,
чорбоғингнинг дарчасидан ташқарига
мўралайсан, онангдан ҳам сўрамайсан.
Ташқарида дупир-дупир от келади,
ўзингни ол, от ўйнатиб ёт келади.

Овулингнинг оловисан, овунасан,
қачон бедард шўхликлардан совунасан,
токай тунлар вужудингга соғинчлармас,
фақатгина чарчоқларни ёвунасан?
Деразангни чертиб-чертиб бодлар келар,
улув тортиб бод қаърида додлар келар.

Тонгда додлар паст келганда наволардан,
симириб қол таниш ҳиддан, ҳаволардан –
ўтган-кетган бош суқади уйларингга
тотиш учун тўйга келган ҳалволардан.
Ташқарида дупир-дупир отлар келар,
чиқиб юрма, от ўйнатиб ётлар келар.

© Икром ИСКАНДАР

5 months, 1 week ago

Кимлар менинг бағримни
зарраларга бўлдилар?
Танимдаги тарқоқлик
охир мени ўлдирар.

Мен шу қора тупроқман,
кўнгли яра тупроқман,
мен бир карра гул эдим,
минг бир карра тупроқман.

Кафтдай кўнглим ерча кенг
эзгуликни тусади,
кифтимда эса яшнаб
хиёнатлар ўсади.

Чанглар менинг оҳимдир,
кўксимни ситолмадим –
зарра-зарра оҳларга
айланиб кетолмадим.

Дил бандини тортар мунг,
билмам, қайга етаклар.
Юрагимни силкитсам,
тўкилади эртаклар.

5 months, 2 weeks ago

СЕНИ ЎЙЛАБ...

1
Шамол каби бесарман.
тун-кун бетин эсарман,
нега мен сени ўйлаб
юрак-бағрим эзарман –
гоҳ дилимни совуриб,
гоҳ жонимни қовуриб...
Сув сепсам босилгайми
юрагимнинг ҳовури?..

2
...Бу не олов – сўнмайди,
ё бир гапга кўнмайди,
ёки мен тушунмадим,
ё мени тушунмайди.
Қайтаролмас панд-у дўқ,
қалб гўё отилган ўқ,
ўзга изга изни йўқ,
фақат сен томон майли –
ёнингдан ўтар бўлсам,
йўлга юз тутар бўлсам,
мен сендан кетар бўлсам,
қадамларим унмайди.

3
Шамол каби бесарман.
тун-кун бетин эсарман,
нега мен сени ўйлаб
юрак-бағрим эзарман...
Тушунмадим илмини
севги мунча мураккаб,
нега сени ўйладим,
озор бердим юракка?..

*© Икром ИСКАНДАР*

5 months, 2 weeks ago

*   *   *
Сендан ўзга гўзал йўқ,
Буни кимда кўргандинг –
Ноз ила жон олмоқни
Қай устоздан ўргандинг?

Йўқ сен каби жафода
Камолотга эришган –
Кимлар сенга бу фандан
Тугал сабоқ беришган?

Сендаги хуш ифорни 
Этолмайман ифода...
Ҳар жиҳатдан тўкиссан, 
Фақат ожиз вафода.

© Икром Искандар

5 months, 3 weeks ago

Ёз оқшоми осмоннинг
оқаришиб дараси,
далаларга қуюлар
юлдузлар шаршараси.
Ёришади кўнглим ҳам,
ё шундай туюлади,
хаёлинг юлдузлардай
шовуллаб қуюлади.
Менга шунинг ўзи бас,
шунинг ўзи бахт кабир,
фақат оқимга қарши
сакраган балиқ каби
ўйинг билан қонмаган
соғинч ўртар гоҳида...
Ўйинқароқ бир юлдуз
сакрар терак шохида.

5 months, 4 weeks ago

* 
Саҳардан кечга довур
қувончга тўлиб-тошган
ташна вужуди билан
баҳра олар қуёшдан.
Қуёш билан бирга у
осмонларда сайр этар –
тонгда тутганча қўлин,
кунботар қадар кетар,
чопқиллайди, бу висол
юрагига завқ солар,
унга ҳеч ғала-ғовур
ва тиқилинч автолар.
Кун ботганда қоронғу
ўйлар ўртаб кўксини,
катта кўча бўйидан
қайтар экан ўксиниб,
таққа қотар ва ногоҳ
тасаввурга қоришар –
кун акси кўз ўнгида
чироқ каби ёришар...

Сен кетганда соғинчинг
қадалгандай юракка,
шаҳарнинг чироқлари
уйқу бермас теракка.

© Икром ИСКАНДАР

6 months ago

* 
Туни бўйи тин билмай томда
бир маршни машқ қилади ёмғир.
Билмам, қайга отланар тонгда?

*© Икром ИСКАНДАР*

We recommend to visit

Сизнинг соғлиғингизга ғамхўрлик қиладиган шифокорлар жамоаси. Тиббиёт ҳақида оддий сўзлар билан.

?‍⚕️Каналда берилган маълумотларни шифокор маслахати билан қўлланг!

Reklama? @activus_reclama

Last updated 2 months, 2 weeks ago

Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир.
Ҳотиржамлик ярим соғликдир.
Сабр эса шифонинг бошланишидир...

Абу Али Ибн Сино

Каналда берилаётган маълумотларни шифокор маслаҳати билан қўлланг!

Реклама: @Dr_Ergashoff

Тиббий саволлар учун: @Tibbiyot_aloqabot

Last updated 2 days, 18 hours ago