Malohat Anvar

Description
Ассалому алайкум ва рохматуллох!
Ушбу каналда ўзимнинг шахсий фикрларимдан ташқари бошқаларнинг ўзимга ёққан ибратли ҳикоя ва мақолаларини ҳам улашиб боришни ният қилдим. Аллоҳ манфаатли қилсин.
Advertising
We recommend to visit

🔞КАТТАЛАР УЧУН!

🌐Ўзбекистон ва Жаҳондаги муҳим воқеалар, энг тезкор ва махфий хабарлар!

Воқеа ёки ҳодисанинг гувоҳи бўлдингизми?
Унда бизга юборинг: @Qoraxabar_aloqabot

☎️Реклама: @Qoraxabarda_reklama

Last updated 3 weeks, 4 days ago

Расмий «ПАТРУЛ УЗ» каналига хуш келибсиз!

Фақат янги, долзарб мавзулар!

Инстаграм: http://Instagram.com/Patruluz

Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз: @Patrul_Aloqa_bot

Реклама: @Patrul_Admin

Last updated 2 months, 1 week ago

Тезкор янгиликлар фақатгина
@OPER_UZ 👈🏻да

Воқеа ва ходисага гувоҳ бўлдингизми 👀
бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз👇🏻
@oper_uz_bot 👈🏽
Реклама учун 👉🏻 @oper_admin

Last updated 2 months ago

1 month, 3 weeks ago

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Азиз каналим кузатувчилари.
Бир муддат каналга кириб бирор нарса ёзишга фурсатим бўлмади.
Сабаби - бир томондан ўқишлар билан, бошқа томондан эса яхши кўрган инсонларим дийдорига тўйиш билан ўткан реал ҳаётимда қувончли кунларни бошдан кечириш билан банд эдим.

Бу йил мен учун соғинчларимни тўлдирувчи ажойиб баракали йил бўлмоқда.

Ёз ойларида синглим ва холамнинг қизлари келишганда мазза қилганимиз ҳақида ёзгандим.
Куз фасли ҳам бир-биридан қолишмайдиган ажойиб дийдор онларига тўла бўлди.

Куз бошида укам аёли билан, жияним, яқин диний биродарим келиб кетишган бўлса, кузнинг ўртасида кичик холам оилалари билан Истанбулга дам олишга келиб, бир ойдан ошиқ туриб кетишди.

Дарслардан бўшадим дегунимча улар билан кўришиб, мазза қилиб яйрарканмиз, бир ой қандай тез ўтиб кетганини сезмай ҳам қолибман.
Ҳафта ўрталарида дарсларим бўлмай қолганда кўришган бўлсак, шанба ва якшанба дам олиш кунларимда деярли бирга бўлдик.

Бу орада ижтимоий тармоқларга кириб нимадир ёзишга умуман вақтим бўлмади.
Лекин қалбимдан ва онгимдан шу қадар кўп нарсалар ўтдики, уларни қоғозга тушириб улашгим келиб юрдим ўша кунларда.

Ўткан ҳафта бошида уларни кузатганимдан бери бу ҳақида ёзиб, ҳурсандчилигимни сизлар билан баҳам кўраман дейману, аммо яна дарслар ва ҳафта охиридаги бошқа гўзал учрашувлар сабаб қўлим тегмай қолди.

Бафуржа бўлиб қолсам, мени қалбимга қувонч бағишлаган лаҳзалар билан бўлишаман иншааллоҳ.

Йўқлигимда кўп кузатувчилар канални тарк этишибди.
Майли яхши боришсин, қаерда бўлишса ҳам соғ-омон бўлишсин. ☺️

Йўқ бўлиб қолсам ҳам каналимни тарк этмай мени кутган садоқатли кузатувчиларимдан эса Аллоҳ рози бўлсин.🌹❤️🌹

Сизларга доим яхшиликларни илинувчи - Малоҳат Анвар.

Истанбул.
21.11. 2024.

2 months, 3 weeks ago

(Давоми. Боши юқорида👆)
Қолдирилган нарса шахсий эмас, балки, ҳар-бир озодлик истаган фаластинликка жамоъавий меросдир.

•Сўнги васийятим, шуни ёдда тутинг-ки, кураш оддий нарса ё шунчаки қуролдан ўқ узиш эмас, балки, шараф ва ғурур билан яшашимиздир. Ҳибсда шуни ўргандимки, жанг ҳали узоқ, йўл эса, машаққатли. Аммо, шуни ҳам билдимки, таслим бўлмайдиган халқ мўъжизаларини ўз қўли билан яратар экан. Бу оламдан сизларга раҳм-шафқат кўзи билан боқишларини кутманг. Бу оламни аламимиз олдида қандай жим туришини кўрдим, билдим, устида яшадим. Инсоф қилишларини кутмай қўяверинг. Сиздан инсоф кутишсин. Фаластин орзусини қалбингизда кўтаринг, ҳар бир жароҳатингиздан қурол ясанг, ҳар бир кўз ёшдан, умид булоғни қазинг! Шулар сизларга васийятим эди. Қуроллариргизни қўя кўрманг. Шаҳидларингизни унутманг. Ҳаққингиз бўлган нарсани алиша кўрманг. Биз шу ерда қоламиз. Қалбимизда, келажак авлодларимиз ҳаётида шу ердамиз. Ўлимига қадар ҳабибимиз бўлган Фаластинни маҳкам тутишга васийят қиламан. Тоғдак улкан, эгилмас умидларимизни маҳкам тутинг. Мен қуласам, бирга қуламанг. Мендан байроғни олиб қолинг, қонимдан, биздан кейинги авлод учун кўприк ясанг. Улар бизнинг кулимиздан янада кучлироқ бўлиб униб-ўссинлар.
Ватан, ривоят қилинадиган ҳикоя эмас, балки яшаладиган ҳаёт эканлигини унутманг. Ҳар бир шаҳиднинг кулидан, ҳали бу ерда 1000 жангчилар униб чиқади. Уларнинг ҳалқумида тиқилган тикон бўлинг. Биз ҳақ эканимизни, хабарларда эълон қилинадиган рақамлар эмаслигимизни эътироф этмагунларига қадар босилмайдиган, тўхтамайдиган тўфон бўлинг".

Яҳё Синвар.

(Маъмур Мухтор саҳифасидан олинди)

2 months, 3 weeks ago

Яҳё Синварнинг қаламига мансуб васиятни таржима қилишга ҳаракат қилдим. Хато-камчиликлар бўлса, узр сўрайман.

"Мен, ғурбатни вақтинчалик ватанга, орзуни абадий маъракага айлантирган муҳожир Яҳёман. Мен бу гапларимни ҳаётимда ўтган, ёш болаликдан тортиб узоқ вақтли маҳбусликкача, ушбу муборак ерга тўкилган ҳар бир томчи қонгача ёдга олиб ёзмоқдаман.

1952-йили Фаластин парча-парча этилган хотирага айланиб, сиёсат хариталарда унутиб қолдирилган бир замонда Хонюниснинг чодирларидан бирида дунёга келдим.
Мен, олов билан кулга қоришиб кетган инсонман. Босқинчининг соясида яшамоқ бу - доимий қамоқ эканлигини эрта идрок қилган инсонман. Гўдаклигимданоқ бу ҳаётнинг оддий ҳаёт эмаслигини, бу заминда дунёга келган киши ўз қалбида синмас қуролни кўтариб туриши лозимлигини, ҳуррият учун йўл узоқ эканлигин англаши кераклигин тушуниб етганман. Менинг сизга қилажак васиятим, мана шу ердан - ўша, босқинчиларга биринчи бўлиб тош улоқтирган, тилимиз манашу тош улоқтириш билан чиқишини англаган болакайдан бошланади.
Ғаззода шуни ўргандимки, бу ерда инсоннинг ёши йиллар билан эмас, ватанига нима тақдим қилганига кўра белгиланар экан. Шундай қилиб, умрим маҳбуслик, уруш, қон тўкилиш ва умид орасида ўтди. Илк бор 1988-йили ҳибсга олиндим. Ўшанда умурбод қамоқ жазоси берилган эди. Лекин, қўрқув учун йўл кўрмас эдим. Қоронғу зиндонларнинг ҳар бир деворида узоқда порлаган уфқни, ҳар бир синган новда қайта гуллаб яшнашини кўрар эдим. Сабр қилиш шунчаки фазилат эмаслигини, балки у - томиб-томиб кўл бўладиган ўткир қурол эканини ўргандим. Сизга васийятим, бу қамоқлардан қўрқманг. Бу - бор-йўғи ҳуррият сари узун йўлимизнинг бир қисми холос. Қамоқ менга шуни ўргатдики, у шунчаки олиб қўйилган ҳақ эмас экан, балки, аламлардан туғуладиган, сабр билан қатъийлашадиган фикрат экан.
2011-йили маҳбуслар алмашувида ҳибсдан озод бўлганимда, аввалги ҳолимда чиқмаган эдим, биз тутган йўл шунчаки талашиб-торишиш эмас эканлигини, балки, охирги қонимизгача кўтаришимиз керак бўлган қадаримизлигига иймоним комил бўлиб чиқдим.

• Васийятим сизларга: Синмайдиган ғурур ва ўлмас умид билан қўлингиздан қуролингизни қўйманг. Душман, курашишдан воз кечишимизни истайди. Охири йўқ келишувларга чорлайди. Лекин, мен воз кечманг, келишманг, деб айтаман. Ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган нарсадан воз кечиб, унинг устида келишувга борманг. Улар, қуролингиздан қўрққанидан кўра кўпроқ собит туришингиздан қўрқади. Кураш бу - фақатгина қурол кўтаришимиз эмас, балки, ҳар бир олаётган нафасимизда Фаластинга бўлган муҳаббатимиз, душманнинг кучли адоватига қарамай қатъий иродамиз ҳамдир.

•Васийятим: Шаҳидлар қонига вафодор қолинг. Улар шу тиконга тўла йўлни босиб ўтдилар ва бизга қолдирдилар. Ўшалар ўз қони билан озодлигимиз сари йўл қуриб кетишди. Дипломатик ўйинлари-у сиёсатлари алдовига алданиб, ўшаларнинг қурбонликларини йўққа чиқарманг. Биз бу ерда, улар бошлаган ишни давом эттириш учун турибмиз. Бу бизга қанчага тушмасин, бу йўлдан воз кечмаймиз. Бу ер собитқадамлик пойтахти эди, шундай бўлиб қолади. Гарчи ер бизга тор келиб қолса ҳам, асло кечмаймиз.

2017-йили Ҳамас ҳаракатининг бошқарувини қабул қилганимда, шунчаки мансабдан мансабга ўтиш эмас эди, балки, тош билан бошланган курашни, қурол билан давом эттириш эди.
Ҳар куни халқимнинг қамал остидаги оғриғини ҳис қилар эдим. Ҳуррийят сари босган ҳар бир қадамимизнинг бадали борлигини билар эдим. Лекин шуни аниқ айта оламан-ки, таслим бўлишнинг бадали бундан анча катта бўлади. Шунинг учун, томир ерни қандай маҳкам тутса, сиз ҳам бу ерни шундай маҳкам тутинг! Шамол маҳкам тутган илдизни суғуриб ололмайди. Ақсо тўфонида етакчи бўлмасам-да, ҳар бир озодликни истовчи фаластинликка етказувчи овоз бўлдим. Иймоним, курашиш хаёлий иш эмас, балки қилиш вожиб эканига етаклаб келди. Ҳар бир Фаластинликнинг китобида, барча туркумдаги инсонлар бир ёқадан бош чиқарган, ёш бола билан кексани ҳам аяб ўтирмайдиган душманга қарши янги саҳифа бўлишини истадим. Ақсо тўфони жасадлардан олдин руҳ учун, қуролдан олдин ирода учун кураш бўлди.

(Давоми пастда👇)

4 months, 2 weeks ago

Бир турк группасида улашилган ўзбеклар тўйининг видеоси остидаги изоҳларда, айрим турклар ўзларидаги дабдабага ўчларни танқид қилиш билан бирга биз ўзбеклар ҳақида: “Ўзбеклар бизни юртга келиб қулдек ишлайди, кейин ўша пулга ўзини юртида шунақа дабдаба тўйлар қилади” қабилидаги гапларни кимдир ачиниб, кимдир танқид қилиб ёзишибди.

Туркларнинг ҳам ўзларида исрофгар ва дабдаба қиладиганлари борлигини ёзмоқчи эдим, лекин биздагичалик эмаслиги ва улар бизнинг юртша бориб топган пулига дабдаба қилмаслиги, кўплари бу борада жуда исрофдан қўрқишини билганим сабаб, айтаётганлари қанчалик аччиқ бўлсада, ҳақиқатлиги учун бир оғиз эътироз билдиролмадим.

Ўша чет элда пул топишга мажбур қолган ўзбек аёлларни айбламайман. Уларни бу кўйга тушишига сабабчи жамиятни қоралайман.
Агар жамиятда инсонларга бойлиги ё фақирлигига кўра муносабат бир ҳил бўлса, тўй-ҳашамлар шариат доирасида камчиқим, осон бўлса, яшаш тарзида кимўзарлик бўлмаса, эркаклар ўз бурчини билса ва оиласини бошқарса, ҳеч бир аёл ватанини ташлаб четга ишлагани кетмасди.
Чунки кўп аёллар ва ҳатто эркаклар ҳам оч-яланғоч қолганидан эмас, айнан одамлар ўйлаб топган бемаза урф-одатлар, даҳмазалар учун пул топгани, “менинг болам ўксимасин, унинг тўйи ва сарполари бошқаларникидан кам бўлмасин” деган орзу-ҳавасини амалга оширгани чет элларда сарсон юрибди.

Тўғри, ҳамма ҳам тўй учун эмас, кимдир илм олиш, кимдир тажриба орттириш, кимдир даволаниш учун кетмоқда.
Аммо аксарият аёллар ишлаб уй олиш, тўй қилиш каби ишлар гировида иссиқ ўрнини совитиб умри ўтмоқда…

Қиёматда аёл маҳрамларини тирикчилик кўйида ёки орзу ҳавас ортидан бегона юртларга маҳрамсиз кетишига, у ерда номаҳрамларга аралашиб ишлаб юришига индамай йўл қўйиб бергани учун ҳар бир масъул эркак жавоб беради! Ўшаларнинг ичида энг кўпи ўзбек эркаклари бўладиёв бу кетишда…
Аллоҳим ҳолимизни ислоҳ қил…
Эркакларимизга орият, аёлларимизга қаноатни қайтариб бер Я Роббий!

Динимиз ва дунёмизга фойдасиз ишлар кетидан қувишни бас қилишимиз керак…Бўлмаса ҳолимиз бундан ҳам баттар бўлади!

4 months, 3 weeks ago

Ўзи Суриялик, лекин асли курд бўлган дугонам билан суҳбатлашиб ўтиргандик.

“Биз курдларда оила жуда муқаддас, фарзандлар тарбияси муҳим. Ажралиш кам, талоқ қилиш ёки талоқ сўрашдан иложи борича қочамиз. Лекин арабларда талоқ жуда кўпайган ва ажралиш осон бўлиб кетяпти…Аёллар қўрқмасдан талоқ талаб қилади, эркаклар ҳам осонликча талоқ бериб юборяпти. Сизларда қандай?” деб қолди.
Мен : “Бизда ҳам аҳвол араблардаги каби…” дедим афсус билан.

Чиндан ҳам охирги пайтларда юртимиз ичида ёки ташқарида яшайдиган ўзбеклар орасида ҳам ажралишлар жуда кўпайиб кетмоқда.
Арзимаган сабаблар билан талоқ бериб юбориш ёки сал нарсага эрдан талоқ сўраш енгил саналиб қолинди.

Авваллари ажрашиш номус эди, ҳар қандай ҳолатга сабр қилиб яшаларди.
Эри ичувчи ва зинокор бўлса ҳам, болаларини тирик етим қилмаслик учун, эл-юртдан номус қилиб, бевалик осон эмаслигини билиб, йиллар давомида сабр қилиб ўтиб кетарди аёллар…
Ёки аёлнинг феъли ёмон, ивирсиган, кўримсиз бўлса ҳам болалари учун сабр қилиб яшарди эркаклар…

Бугун эса ҳатто ичмайдиган, чекмайдиган, зинога юрмайдиган, илмли, қори, ҳулқи яхши йигитлардан ҳам арзимаган сабаблар билан талоқ сўраяпти экан айрим қизлар…
Чиройли ва илмли, қория, саришта қизларга ҳам арзимаган сабаблар ила талоқ бериб юборяпти экан айрим йигитлар…

Нега бундай бўляпти?
Нега жоҳиллик, дахрийлик ҳукм сурган ўтмишимизда ажралиш кам эдию, бугун Исломни англаган, диндорлар кўпайган замонимизда бу нарса кўпайиб кетди? Аслида илм бизни ислоҳ этиши керак эдику?
Илмли бўлса, ҳақ-ҳуқуқини таниса яшаш осон бўлиши керакмасмиди аслида?

Илм кўпайдию, аммо сабр, меҳр, мурувват, ҳиммат, одамийлик камайиб кетгандек…
Афсуски, икки томон ҳам фақат ўз ҳақларини билишда “олим”, бурчларига келганда эса “оми”…

Қанийди, ҳаққи билан бирга, ҳар ким бурчини ҳам ўрганса ва бажарса! Илм ўрганиш билан бирга амални ҳам қойиллатса!

Мен бу ҳақда шариат ўлчовларига ва ҳаётий тажрибаларимга таяниб кўп фикрлар билдиришим мумкин.

Аммо бугун бошқаларнинг фикрларини билгим келди.
Сизлар нима деб ўйлайсизлар?
Фикрларингизни изоҳларга ёзинг.

4 months, 3 weeks ago

Бу йилги китоб кўргазмасидан олганларим шулар бўлди холос…

Аслида устозлардан сўраб, номларини рўйҳат қилиб, атай олиш учун борган китобларимнинг кўпи катта-катта (15-20) жузъли экани ва Туркиядаги китоб дўконларидан ҳам уйга буюртма бериб олиб келиш мумкинлиги учун ҳозирча уларни олмадим.
Бунинг устига катта китобларни қўйгани ортиқча жойим ҳам йўқ ҳозирча.

Аслида, бирданига кўп китоб олмаслигимнинг сабаби, ўқишга вақт ва имконим бўлмайдиган китобларни жавонга ясатиб қўйишни истамайман. Китоб жавонимда фақат ўқиган китобларим туриши керак деб ўйлайман.
Бундан ташқари, жуда кўп китобларнинг электрон варианти борлиги ҳам, оддий қоғоз китобларни камроқ сотиб олишимизга сабаб бўлмоқда назаримда.
Электрон китобларнинг қулайлиги - улар жой эгалламайди ва бир юртдан бошқасига сафар қилиш пайтида кўтариб олиб кетиш муаммоси ҳам бўлмайди. Электрон китобларни доим интернет сарҳадларидан топиш, қўлингиздаги кичик жиҳозлар ёрдамида қаерда бўлсангиз ҳам ўқиб фойдаланиш мумкин.

Аммо барибир қоғоз китобга етмайди. Мазза қилиб варақлаб, керак жойларига қаламда изоҳ ва белгилар қўйиб китоб ўқиш лаззати бошқа. Кўзингиз ҳам толмайди. Айниқса қоғоз китобнинг ўзига хос ҳиди ҳам одамга қандайдир кайфият беради.

Университетдаги дарсларим бошлангунча ўқиб чиқишим керак энди бу китобларни.
Чунки кейин ортиқча китоб ўқишга имкон қолмайди, университетдаги дарс маълумотларини ва китобларни ўқиб такрорлашнинг ўзига кетиб қолади ҳамма вақтим.

Баъзилар, “ҳозир қандай китоб ўқияпсиз?” деб савол беришса, бирданига қайси китобни айтишни билмай қоламан. Чунки бир вақтнинг ўзида бир неча китобни бошлаб оладиган одатим бор. Биридан зериксам бошқасига ўтаман ва бир муддатнинг ўзида бир неча китобни ўқиб тугатаман.
Асосан арабча ва бироз туркча китоблар ўқийман. Чунки бу ерда ўзбекча китоблар деярли йўқ.
Ўзимга ўзим ҳазиллашиб: “ўзбекча ва русча китоб ўқиш лимитим тўлган, энди арабча ва туркча китоблар лимитини тўлдиришим керак…” деб қўяман.

Хуллас, қайси тилда бўлса ҳам китоб ўқиган одам кам бўлмайди.
Дунёқараши кенгаяди, маънан ўсади, руҳияти ўзгаради.

Аллоҳ барча илм толибларига фойдали илм берсин!

4 months, 3 weeks ago

Болалигимизда, ичкиликка қарам бўлган одамларга жирканиб қараларди, улар жамиятда ўз ўрнини йўқотган кишилар ҳисобланарди.

Кейинчалик, бизнинг болаларнинг болалигида ёшлар орасида наркотик моддаларга қарамлик кўпайганидан қўрқа бошладик…

Бугун эса , каттаю-кичигимиз омматан ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб қолдик афсус…

Бу қарамлик - ичувчи ва наркоманнинг қарамлигидан ҳам ҳавфлироқ эканини англамаяпмиз холос…

Телефонга мук тушиб ўтирганимизда кимдир бизни видеога олиб ўзимизга кўрсатса агар, аҳволимиз нақадар ачинарли эканини кўрамиз.
“Болаларга телефон бермаслик керак, психикаси бузилади” деб бонг урмоқда психологлар.
Аслида айрим катталарнинг ҳам қўлидаги телефонларни тортиб олиш керак!…Катталарнинг шундоқ ҳам адо бўлган психикаси буткул дабдала бўлади!

Иши бевосита интернет билан боғлиқ бўлган иш одамларини ҳисобга олмаймиз. Улар ижтимоий тармоқларга фақат иши учун киради. Чунки ишбилармон кишиларнинг тармоқларда ҳар кимнинг постини кузатиб, ҳар видеони кўриб, тагига изоҳ ёзиб ўтиришга вақти бўлмайди. Улар вақтини бундай бекорчи нарсаларга сарф этишмайди.

Аммо улардан бошқалар, яьни бизга ўхшаганлар, ишимиз бўлмаса ҳам кириб, бир кунда неча соат ижтимоий тармоқда вақт ўтказаяпмиз? Ҳеч ҳисоблаб кўрдингизми?

Бир куни Фейсбук ва Инстаграммда ҳар галгидан кўпроқ ўтириб қолдим…Қарасам, экран вақтим 3 соатдан ошиб кетибди.
Бир кунда шунча вақт ўтирсам, умримнинг ярмидан кўпи шу виртуал оламда ўтиб кетарканку!!

Агар бу “доза” кўпайиб бораверса, оқибатимиз ичувчи ёки наркоманникидан ҳам аянчли тугаши мумкинлигини ўйлаб қўрқиб кетдим…

Ўша кундан бошлаб тармоқларга киришни камайтириб бормоқдаман.
Бир вақтлар яхши ниятлар билан кирганим бу тармоқлар, бугун вақт ўғриси ва маълумотлар аҳлатхонасига айланиб қолгандек….
Бир кун келиб умуман киришга эҳтиёж сезмайдиган даражага етишни истардим…Аллоҳ тавфиқ берсин.

Аллоҳим бизларни Ўзига қарам бўлишдан бошқа, қарамликнинг барча туридан узоқ қилсин!

Малоҳат Анвар.

7 months, 1 week ago

Расмдаги гул, жудаям умри қисқа, худди лола каби тез очилиб тўкилиб битадиган гул экан.

Худди, “тегма, тўкиламан” деб қолган кўнглимга ўхшайди…

Гулқоғоздан бўшатгунимча яхшигина тўкилди.
Бир айланиб қарасам яна тўкилибди…

Балки, уйимни Ғ а з з о да уруш бошлангандан бери тарк этмаган ҳузн гулларга ҳам таъсир қилаётгандир? Чунки шу вақт мобайнида қанча гул келган бўлса бариси тез сўлиб, қуриб қолаверяпти…
Бир - икки кун гулга қараб кўзим қувнаб юрган бўламан, аммо дунёда бўлаётган ишларни ўйласам дарров бўғзимга алам тиқилиб, кўзимда ёш айланиб қолади. “Эй Аллоҳ! Бизни кечир! Тезроқ нусрат бер!” деб ўкириб йиғлашдан бошқасига ярамайман…

Ҳатто имтиҳонлар даврида ҳам
Ф а л а с т и н мавзуси ҳаёлдан кетмади. Айниқса , курсдошлар Ватсап гуруҳимизга Ф а л а с т и н лик курсдошимиз юборган , чодирларда ухлаб ётганда тириклайин ёнган болалар ҳақидаги хабарни кўрган куним жуда ёмон бўлдим…

Ўғлим, “имтиҳонлариз тугаса сизи бир айлантираман, дам олдираман” деганди.
Ўзим ҳам, “мазза қилиб айланиб дам оламан” деб ўйлагандим.

Аммо негадир юрагим нотинч, бирор жойга боришга, ортиқча хурсандчилик қилишга кўнглим бўлмаяпти…

Ф а л а с т и н л и к курсдошимнинг, “у ерда болалар тириклай ёқиларкан, ман бу ерда тўкин яшашдан, ҳатто танқис таом ё бирор ширинлик ейишдан ҳам уяляпман” деган гаплари қулоғим остидан кетмай қолган…

Аллоҳим, уларни зулмдан, бизни виждон азобидан тезроқ қутқарсин…Йўқса яшашнинг бир таъми қолмаяпти…


We recommend to visit

🔞КАТТАЛАР УЧУН!

🌐Ўзбекистон ва Жаҳондаги муҳим воқеалар, энг тезкор ва махфий хабарлар!

Воқеа ёки ҳодисанинг гувоҳи бўлдингизми?
Унда бизга юборинг: @Qoraxabar_aloqabot

☎️Реклама: @Qoraxabarda_reklama

Last updated 3 weeks, 4 days ago

Расмий «ПАТРУЛ УЗ» каналига хуш келибсиз!

Фақат янги, долзарб мавзулар!

Инстаграм: http://Instagram.com/Patruluz

Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз: @Patrul_Aloqa_bot

Реклама: @Patrul_Admin

Last updated 2 months, 1 week ago

Тезкор янгиликлар фақатгина
@OPER_UZ 👈🏻да

Воқеа ва ходисага гувоҳ бўлдингизми 👀
бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз👇🏻
@oper_uz_bot 👈🏽
Реклама учун 👉🏻 @oper_admin

Last updated 2 months ago