Дилга мактублар!..

Description
Сизнинг борлигингиз нақадар яхши
Дунёда, борлиги каби Худонинг!..

Шеърият, дилдаги гаплар, мулоҳазалар...


Фикр ва мулоҳазалар учун:
@tiiamea
Advertising
We recommend to visit

⚡️Bugungi Gap - кун давомидаги энг долзарб, тезкор хабарлар.

📹Видео юборинг, янгилик бўлса каналда чиқарилади: @BugungiGapBot

📈Реклама: @Nurov_N1

Last updated 2 weeks, 1 day ago

🇺🇿КАТТАЛАР УЧУН👍🏻
Хар куни мамлакатлар билан боғлиқ қизиқарли Видео, Фото, Хабарлар!
_
Воқеа ва ходисага гувоҳ бўлдингизми 👀
бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз
@TYUZBEKADMIN

Spamlar : @TYUZBEKADMIN_bot
Reklama narxi: https://t.me/TYUZBEK_REK

Last updated 1 month, 2 weeks ago

Ва Эслатинг! Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур.
(Зорият сураси 55)

Ақидамиз: Аҳли сунна вал-жамоъа!

Мазҳабимиз: Ҳанафий

Шиоримиз: Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш.

Last updated 2 years, 5 months ago

hace 2 meses, 1 semana

Кўнглимга хуш ёқди
Ёмғирли кунлар,

Ҳар бир томчисида
Фаришта бўйи.

Ёмғир ораладим –
Ўради мунглар,

Ҳеч кимса сезмади –
Йиғладим тўйиб...

Усмон Азим

https://telegram.me/dilgamaktublar

hace 2 meses, 1 semana

Соғинсак қайтади қувончларимиз,
Чорласак қайтади ҳаттоки ғамлар.
Биродар, ялину ёлвор,
кетказма,
Ҳечам қайтмас экан кетган одамлар.

Қушлар қайтиб келар соғиниб юртни,
Тўлқинлар қайтади соҳилларига.
Ёмғирлар самони айланиб келиб,
Қайтгуси
заминнинг бағирларига.

Шунинг-чун сен одам йўқотма, қалбим,
Ҳатто тиз чўкса ҳам
сен деб оламлар.
Бу дунёга қайтиб келмаганидек,
Қалбингга ҳам қайтиб келмас
одамлар...

Гулжамол Асқарова

https://telegram.me/dilgamaktublar

hace 2 meses, 1 semana

Уйғаниб кетаман бемаҳал,
Кўзларинг тушади ёдимга,
Сўзларинг тушади ёдимга,
Ва нафрат кезади дарбадар.

Қотилим...
Жоҳилим...
Кўзларинг-
Аллалар, аллалар кўзимни.
Ўзинга буюрсин ўзларинг,
Сен менга қайтиб бер ўзимни!

Бўғилиб буғланар деразам,
Уфлайман, уҳ тортиб ухлайман.
Ухлаб ҳам бир сени ўйлайман,
Минг ўлиб тирилдим...
Ўлмайман!

Жон бериб бормоқда кулгичим,
Воҳ, сени ўйласам кул ичим,
Иста кир, иста йўқ, иста қоч,
Исмингни басталар- куй ичим.

Мен сени эсламас ёдингман,
Узоққа ҳайдаган ёнингман,
Энг оний лаҳзага соврилиб
Сочилган юз бўлак ё мингман...

Кўзларинг, барибир кўзларинг...

Денгизим, соҳилга оққаним,
Кўзимас, кўнглига боққаним,
Жим қараб жим қадаб кўнглимга-
Муҳаббат михларин қоққаним.
Қалбимга ишқингдан ўт қалаб
Жонимни куйдири-и-и-б ёққаним.

Қаддим тоғ.
Қалбим тоқ.
Дил вулқон.
Ўзимдан Ўзинга кетяпман.
Нафратим эгаси эй, Инсон
Сўзингдан Сўзимга кетяпман

Оҳ, нега кўзларинг ўйласам...

Дурдона Бобомуродова

https://t.me/dilgamaktublar

hace 2 meses, 1 semana

АРМОН

Сен ҳақда қўшиқлар куйласайдим шўх,
Қани эди сени гул деб хушласам.
Лекин сен гул эмас, сен бир лаҳча чўғ,
Қўлларим куяди ушласам.

Сен ҳақингда сира бўлмас гап очиб,
Ловуллар куйлаган овозлар...
Чўғни ўйнар оғзидан сочиб,
Фақатгина масхарабозлар.

Матназар АБДУЛҲАКИМ

https://t.me/dilgamaktublar

hace 2 meses, 2 semanas

ОТАМГА

Олифтаси бўлсам керак одамнинг,
Ҳар кун янги либос олганим олган.
Мен-ку бойваччаман, аммо отамнинг
Эгнидаги чопон бобомдан қолган.

Қўшилиб қолсам бас бирор даврага,
Тамом, ҳеч кимга гап тегмай қолади.
Отам-чи ўзини олиб панага,
Ҳаммага жимгина қулоқ солади.

Ўзимча шоирман машҳуру маълум,
Ўзимча қўлларим осмонга етар.
Мен ширин туш кўриб ётган тунларим,
Отам буғдойга сув ҳайдашга кетар.

Гарчи лотинчага тушунмаса ҳам,
Шеърларимни ўқиб завқланади у.
Ойнаи жаҳонда кўриниб қолсам,
Менинг ўғлим, дея мақтанади у.

Кимнинг кимлигини билмоқ истасанг
Унга қалб кўзинг-ла қараб, боқ экан.
Англадимки яхши шоир бўлишдан,
Яхши ўғил бўлиш қийинроқ экан.

Отам дунёдаги энг яхши одам,
Ёмон ўғилдирман, балки унга мен.
Ҳар лаҳза саждалар қиламан, отам
Соғ-омон ўтказган ҳар бир кунга мен.

Ифтихор Хонхўжаев

https://t.me/dilgamaktublar

hace 2 meses, 2 semanas

Бахмал

Булутларга ёндашади Ойқордай —
Осмонўпар ҳар хирмони Бахмалнинг.
Кийик қувлаб тоғ ошади олқордай —
Қўрқув билмас нар ўғлони Бахмалнинг.

Чўққилари ялтирар қор бағрида,
Қатор-қатор битиклар ғор бағрида.
Амир Темур боғлари бор бағрида,
Қадамжодир ҳар макони Бахмалнинг.

Ўсмат — баъзи муаррихлар наздида —
Усмон ота деганимиш аслида...
Не бўлса ҳам, бугун гуллаш фаслида
Сарюзию ғаллакони Бахмалнинг.

Номлар ажаб: Қорашақшақ, Илончи,
Тангатопди, Пайтавабош, Чулончи.
Беккелди-ю Эшакўлди, чунончи,
Юмалоқбош, оломони Бахмалнинг.

Кўринг, бу не дабдабаю асъаса,
Ривож топмиш — ҳисоб, кимё, ҳандаса...
Замонларнинг кўкрагига васваса
Солиб турар усрушони Бахмалнинг.

Ноғораю карнай-сурнай вадаванг
Бунда кечмиш не-не суриш,
не-не жанг...
Барчасига шоҳид Хўжа Кўндаланг
Ҳамда Кўҳи Орифони Бахмалнинг.

Искандардай подшо ҳам от солдирган,
Яроқ билан келиб, юрак олдирган...
«Оқ»у «Қизил» — барин доғда
қолдирган
Гоҳ қўзғолон, гоҳ исёни Бахмалнинг.

Тўп овози келар минг йил наридан,
Тинглар Тагоп, Жўм-жўм, Мўғол, Вадиган...
Балки, ёвга ҳануз тарих қаъридан
Тошлар отар палахмони Бахмалнинг.

Парво қилмас пўписаю дўқларга,
Лозим эрса, кўксин тутар ўқларга...
Оппоқ бир нур таратади кўкларга
«Минг бир кўз» лик Оққўрғони Бахмалнинг.

Булоқлари бўйлар «Оби зам-зам»ни,
Сийлар билиб маҳраму номаҳрамни...
Саййид Аҳмад — ул Маҳдуми Аъзамни
Пир тутмишдир мусулмони Бахмалнинг.

Отарига сиғмас эчки-улоғи,
Шошга етар сувининг бир қулоғи.
Шифо топган Биби Навқа булоғи —
Бобур учун — Андижони Бахмалнинг.

Жаллодлари баланд қурган дорин,
Кимса билмас қирққизининг ёрини.
Тошдан қаттиқ сақлагайдир орини
Қўрғончаю Тошқўтони Бахмалнинг.

Қорабулоқ Қатортолга тўкар ёш,
Не сирларни сақлар Оқтош, Қоратош?
Шоҳ Машрабнинг изларига урар бош
Имомқулбой бўлиб «Хон»и Бахмалнинг.

Сангзор, Навқат, Данғара — ҳар гўшасин,
Йўлларига келинлар гул тўшасин.
Беги, қули, қорасию хўжасин
Омон сақлар қирқчилтони Бахмалнинг.

Бир юмушни бунда ёшу чол қилар,
Тўйга атаб қўра-қўра мол қилар...
Лек, Астробод иқлимин ҳам лол қилар
Кузу қиши, саратони Бахмалнинг.

Мулла Дўстбек ёхуд мулла Музаффар
Москваю Петербургга дарс берар.
Аммо, аслин сўрасангиз, биродар,
Улар оддий бир чўпони Бахмалнинг.

Улоқ чопар санъаткору мироби,
Ҳар ёғийнинг тўғирланар суроби.
Раббим, Асад, Тўлқин, Ўриш, Туроби —
Бари чайир паҳлавони Бахмалнинг.

Бири султон, бири шаҳриёр эди,
Бири лордлар қаторинда сор эди.
Муса Тўра, Мирзакарим Норбеги —
Ҳам шамшири, ҳам қалқони Бахмалнинг.

Боболари от чоптириб елгандур,
Момолари ип ўтказиб, терган дур.
Доим элнинг бошин силаб келгандур —
Ҳар ҳокими, ҳар султони Бахмалнинг.

Гарчи, бу халқ марду танти, жайдари,
Адолатли бўлмоғи шарт раҳбари.
Ҳатто, рассом Исфандиёр Ҳайдари —
Отилмоққа шай вулқони Бахмалнинг.

Игна билан қудуқ қазиб ҳалак, ҳей,
Олимлари ёзиб борар палак, ҳей.
То айланар экан чархи фалак, ҳей,
Айлангай фан тегирмони Бахмалнинг.

Ибрат бўлсин, дея, шоҳу гадоға,
Илм йўлинда жонин этгай садоға —
Акрам Катта, Ҳабибулла Бек оға,
Мамаюнус, Олимжони Бахмалнинг.

Исроилу Америка солар жар,
Келаётир қирққишлоқлик Қаландар!
Қаюмовлар, Мардон Бойзоқ, Ҳасанлар —
Сарҳад ошган қорбўрони Бахмалнинг.

Шер Нурали Қобул асар боплагай,
Китобхони кетмонини соплагай.
Ўроқ тиғин нафасида тоблагай —
Оташнафас ҳар деҳқони Бахмалнинг.

Шароф Бошбек ва Абдулла Қўшбоғи,
Вилоятнинг порлаб турган маёғи.
Мудом, кўкни қучсам, дейди, буёғи,
Лочини-ю полапони Бахмалнинг.

Ижод қилар пойтахтга қасдма-қасд,
Маликаю Зебуннисо басма-бас...
Шогирдларин қўллаб турар забардаст
Устоз Тўра Сулаймони Бахмалнинг.

Таъриф излаб Барлос, Калтатойларга,
Хумор боқдим юлдузларга, ойларга...
Саййид Азим, мезбон Асадбойларга
Аталди сўнг бул достони Бахмалнинг.

Ичда кўп гап қолиб кетди ичқизир,
Олинмади тилга кўплар, минг узр!
Ҳамроҳингиз бўлсин Ҳазрати Хизр,
Эгам ўзи Меҳрибони Бахмалнинг

Кўп алқаган сизни шоир, бахшилар,
Мен ҳам бир сўз айтмак бўлдим, яхшилар.
Маъзур тутинг, сал ҳаддидан ошса гар,
Яҳё Тоға — Бир меҳмони Бахмалнинг.

Яҳё Тоға

https://t.me/dilgamaktublar

hace 2 meses, 2 semanas

Сенинг йўқлигингга кўникмас кеча,
менинг йўқлигимга кўникмаган тонг
аро йиллар санаб умримиз кечар,
хотирот - бетартиб қолган ғаладон.

Умримда ўрнини йўқотди менинг,
қалбингни очгин ва кўзингни юмлар.
Айланмай қолдилар тегрангда сенинг,
кечика бошлади мавсумлар...

Бу мавсум эгнидан ечиб баҳорни,
Қўлини узатди бежирим ёзга.
“Жоним, юрагингда юрагим борми,
юрак ўйлайвериб юракдан озган...“

Сен менга келтирдинг миллионта ғамни,
Бизга насиб эмас бахтнинг нечаси.
Устимиздан кулар, сезаяпсанми,
Ташқарида кузнинг кечаси...

Раҳмат Бобожон

https://t.me/dilgamaktublar

hace 2 meses, 2 semanas

Men sizni bezovta qilmasman ortiq,
Bildim, bo‘g‘zingizga keldi malolim.
Ammo men netayki ishqsiz dunyoda,
Mudom bo‘yningizda qolmish zavolim.

Yodingizga yodim maloli kelmish,
Ko‘zingiz zerikkan mendan bilaman.
Go‘zal tuyg‘ularim xo‘rlangan joyda,
Men nima qilaman?

Yig‘lab chorlamasman ilojin topsam,
Endi ko‘zingizda otmas tonglarim.
Nurdan tuproqqacha sirli dunyoda,
Men Sizni angladim?

Nur izlab kelgandim dunyoingizga,
Zulmatlar darchasin yopolmadim hech.
Ayriliq ranglari to‘lgan dunyoda,
Men yashil rangimni topolmadim hech.

Xayr, men o‘ziga begona odam,
Sizga ham qadrdon bo‘lmog‘im qiyin.
Mabodo sog‘inib qolsangiz agar,
Qo‘ng‘iroq qilarman...
Ming yildan keyin.

Guljamol Asqarova

https://t.me/dilgamaktublar

hace 2 meses, 3 semanas

СЕВАМАН

Мен сени севаман, ғунча лабида
Ўпичдай титраган шабнам мисоли.
Мен сени севаман, ҳижрон шабида
Эриб адо бўлган бир шам мисоли.

Мен сени севаман, чўққини қучиб
Жарликка осилиб турган қоядай.
Мен сени севаман, ўзидан қочиб
Ўзига эргашиб юрган соядай.

Мен сени севаман…
О, бундан ортиқ
Севишимни талаб қилмагин, гулим.
Бундан ортиғини этолмам тортиқ,
Бундан ортиқ севги бўлади ўлим!

Амир Худойберди

https://t.me/dilgamaktublar

hace 5 meses, 2 semanas

Субҳлар ҳўплайди патли ҳавони,
Бир кун ёлғончилик қилади апрель,
Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,
Бироқ кел.

Зар ип эшаяпти ёғдулар тошиб,
Зим – зиё ҳовонча эзғилайди ун.
Қавиб, тахлаб қўйди шойи кўрпани
Сен учун.

Жарангдор сочинг ҳам бўлар пўпакли,
Тиллақош топилар кўк сандиғида.
Уч газ булут кесса бўлар чимилдиқ,
Висол тоғида.

Киприкка илинган шабнам чўғдайин,
Бир кун ҳақиқатгўй бўлмади апрель.
Мен сенинг келишинг сира истамайман,
Бироқ кел.

Анбар инъом этар сенга чечаклар,
Тобе мамлакатдир сенга хуш чаман.
Мен эса чимилдиққа кираману,
Тиззангга бош қўйиб ухлаб оламан.

Суронлар чулғайди патли ҳавони,
Бир кун ўзим каби лақмадир апрель.
Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,
Бироқ кел…

Абдували Қутбиддин

https://t.me/dilgamaktublar

We recommend to visit

⚡️Bugungi Gap - кун давомидаги энг долзарб, тезкор хабарлар.

📹Видео юборинг, янгилик бўлса каналда чиқарилади: @BugungiGapBot

📈Реклама: @Nurov_N1

Last updated 2 weeks, 1 day ago

🇺🇿КАТТАЛАР УЧУН👍🏻
Хар куни мамлакатлар билан боғлиқ қизиқарли Видео, Фото, Хабарлар!
_
Воқеа ва ходисага гувоҳ бўлдингизми 👀
бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз
@TYUZBEKADMIN

Spamlar : @TYUZBEKADMIN_bot
Reklama narxi: https://t.me/TYUZBEK_REK

Last updated 1 month, 2 weeks ago

Ва Эслатинг! Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур.
(Зорият сураси 55)

Ақидамиз: Аҳли сунна вал-жамоъа!

Мазҳабимиз: Ҳанафий

Шиоримиз: Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш.

Last updated 2 years, 5 months ago