Eshmon Malla

Description
Шов-шувлар ўткинчидир, юракдан чиққан гапнинг умри узоқ бўлади.
We recommend to visit

Сизнинг соғлиғингизга ғамхўрлик қиладиган шифокорлар жамоаси. Тиббиёт ҳақида оддий сўзлар билан.

?‍⚕️Каналда берилган маълумотларни шифокор маслахати билан қўлланг!

Reklama? @activus_reclama

Last updated 1 year, 8 months ago

Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир.
Ҳотиржамлик ярим соғликдир.
Сабр эса шифонинг бошланишидир...

Абу Али Ибн Сино

Каналда берилаётган маълумотларни шифокор маслаҳати билан қўлланг!

Реклама: @Dr_Ergashoff

Тиббий саволлар учун: @Tibbiyot_aloqabot

Last updated 1 year, 8 months ago

1 year, 6 months ago

Ўткан кунлар сабоғи

**ЭРКИН ВОҲИД ҲАҚИҚАТЛАРИ

Ҳуқуқий саводхонлик хусусида**

“Пахта иши” бўйича минглаб одам қамоқда ётиб чиқди. Бунга сабаб нима? Одамларимизнинг ҳуқуқий саводсиз эканликлари асосий сабаблардан биридир... Қўрқув, қуллик психологияси устун бўлган. Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилолмаслик – элнинг фожиаси... Ўзингиз ўйлаб кўринг: бир варақ қоғозни тўлдиролмайдиган кишилар жумҳуриятимизда қанчалаб. Арзимаган ҳужжатни тўлдиролмагани учун неча-неча кишилар қонуний имтиёзлардан маҳрум.
Эҳ, биз одамларимиз ялпи саводли бўлди, ёзиш-чизишни билади, деб юраверган эканмиз...

СССР давридаги қоғозбозлик иллати ҳақида

Китоб ёзиб чарчамаган қўлим анкеталар ёзиб чарчайди.
Чет элга чиқувчилар учун бир талай сун’ий тўсиқлар мавжуд. Ҳужжат расмийлаштиришнинг ўзи ойлаб вақтингизни олади. Бир неча нусхадаги анкета саволларини ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.
“Миллатингиз нима?” Хўш, миллатимнинг чет элга бориш-бормаслигимга нима алоқаси бор?
“Ўзингиз ёки қариндошларингиз асирликда бўлмаганми?” Ахир, уруш тугаганига 45 йил бўляпти, асирлик ҳақида қандай гап бўлиши мумкин ва унинг чет эл сафарига нима алоқаси бор?
“Чет элда қариндошларингиз борми?” Худо хайрингни бергур, қариндошим билан нима ишинг бор? Бўлса, нима қилипти? Менинг 40 йил илгари ўлиб кетган отам ва онам қаерда, қачон туғилгани, нима иш билан шуғуллангани кимга, нима учун керак? Ёки беш яшар қизимнинг қайси боғчада таълим олаётгани “тегишли органлар” учун шунчалар зарурми? 18 нусхадаги суратим қайси раҳбарнинг албоми учун керак?
Хуллас, буларнинг ҳаммаси инсонни таҳқирлайди, унинг бебаҳо вақтини ўғирлайди.

Советлар босқини туфайли ташқи дунёдан ажралганимиз ҳақида

Яқинда матбуотда ўқиб қолдим. 1925 йилгача хорижга чиқиш йўллари очиқ бўлган экан. Ўша пайтда бошқа мамлакатларга бориб, ўқиш, тижорат ишларини амалга ошириш ёки саёҳат қилиш оддий иш бўлган. Дарвоқе, ҳозир америкалик ўзбекларнинг ота-боболари, асосан ўша йиллари хорижга кетганлар. Аммо кейинчалик мамлакат атрофида “темир тўсиқлар” яратишга киришилган. Ташқи дунёдан бутунлай ажралиб, қанча нарса йўқотганимизни энди сезяпмиз.

“Изтироб” китобидан олинди.Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти, 1992 йил

1 year, 6 months ago

**Ўтмишни унутмаймиз

СССР ДАВРИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ 130 МИЛЛИАРД ДЎЛЛИРЛИК ОЛТИНИ ЎҒИРЛАБ КЕТИЛГАН**

Бугун чет элда ўз меҳнати-машаққати, пешона тери билан уч-тўрт танга топиб, “бизни ўрис боқяпти”, “биз карисда ишлаб одам бўлдик”, деган гапларни такрорлаб юрадиган жўломонлар учун бир маълумот:

“Маънавий ҳаёт” журналининг 2023 йил 3-сонида ёзилишича, СССР даврида Ўзбекистондан Маскавга 1300 тўнна соф олтин ташмалаб кетилган.
Бугун 1 грам тилланинг ўртача нархи 100 АҚШ дўллирига тенг эканини ҳисобга олсак, бу Совет даврида Ўзбекистоннинг 130 миллиард дўллирлик олтини етти ёт бегона юртларга халқимиздан яширинча олиб чиқиб кетилганини англатади.
Бу ҳали биргина Мурунтов кони ишга тушган 1969 йилдан мустақиллик қўлга киритилган 1991 йилгача бўлган қисқа даврдаги бой берилган олтинларимиз баҳоси.
СССРга етказиб берган миллионлаб тўнна пахта, мева-чева, чорва маҳсулотларимиз, Иккинчи жаҳон уруши даврида халқимиз ризқидан қийиб узатилган бойликларимиз, ундан аввал Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликларидан тортиб олинган вагон-вагон олтину жавоҳирлар баҳоси ҳали ҳисоб-китоб қилинмаган. Улар қиймати эҳтимол триллион дўллирга тенгдир, Аллоҳ билади.

Шундай экан, тафаккур қилинг ва мени бошқалар боқяпти, деб ҳеч ўкинманг, кўз ёшингизни артинг, қаддингизни кўтаринг, азиз оғайнилар.
Сиз ҳалол меҳнат билан пул топяпсиз, гадойчилик қилаётганингиз йўқ.
Ҳақоратларга, камситишларга муносиб эмассиз.
Сизнинг ҳеч кимдан қарзингиз йўқ.

1 year, 6 months ago

Иброҳим Тотлисас
ижро этган қўшиқ матни

Қўшиқ ўзи 👆👆👆

ҚАНИ, АЙТГИЛ

Сени кўрган чоғимда
Тилим недан тутилар?
Сени кўрган онимда,
Қўлимдаги гул* сўлар.

(Аслиятда: атиргуллар)

Сени кўрганим замон
Ҳаёт сўнгига ўхшар.
Кўзларингга боққанда
Дунёлар менинг бўлар.

Тўхта, кўнглим, ўзинг айт,
Қани, кўнглим, ўзинг айт,
Ишқимни севгилимга,
Дардимни севгилимга.

Қани, айтгил,
Уни қандай севганимни!
Қани, айтгил,
Тушларимда кўрганимни!
Қани, айтгил,
Уйқусиз тунларимни,
Қани, айтгил!

(Нақорат)

Сени кўрганим замон
Мени бир оташ ўрар.
Сени кўрганим замон
Ёнар юрагим, ёнар.

Сени кўрган онимда
Жонланур бор хотира.
Сени кўрган чоғимда
Гўё вақт тўхтаб қолар.

Тўхта, кўнглим, ўзинг айт,
Қани, кўнглим, ўзинг айт,
Ишқимни севгилимга,
Дардимни севгилимга.

Қани, айтгил,
Уни қандай севганимни!
Қани, айтгил,
Тушларимда кўрганимни!
Қани, айтгил,
Уйқусиз тунларимни!
Қани, айтгил...

(Нақорат)

Турк тилидан Келди Қора таржимаси.

Çevirmen: Geldi Kara

1 year, 8 months ago

Антон Чехов

ЁВУЗ НИЯТЛИ КИШИ
(Ҳикоя, охири)

Жимлик чўкди. Денис оғирлигини гоҳ у оёғига, гоҳ бу оёғига солиб, кўк мовут ёпилган столга қаради ва зўр бериб киприк қоқди, қаршисида гўё мовут эмас, қуёш кўринаётгандай. Терговчи шошилиб ёзади. Бироз жимликдан сўнг:
— Мен энди кетаверайми? — деди Денис.
— Йўқ. Мен сени миршабларга қўшиб, қамоқхонага жўнатаман.
Денис киприк қоқишдан тўхтаб, қалин қошларини кўтариб, тўрага савол назари билан қаради:
— Бу нимаси? Нега қамоқхонага юборасиз, жаноби тақсир? Сира вақтим йўқ, ҳозир ярмаркага жўнашим керак; Егорда тузланган чўчқа мойи пулидан уч сўм қолувди, ўшани олмасам бўлмайди…
— Жим тур, халақит берма.
— Қамоқхонага эмиш… бирон гуноҳим бўлса, майлийди, борардим, йўқса бекордан-бекорга… қуруқ туҳматга-я… Бўлмаса нимага ахир? Ўғрилик қилган бўлмасам, муштлашган бўлмасам… Олиқ-солиқдан боқимонда қолган, деб ўйласангиз, жаноби тақсир, хотиржам бўлинг, оқсоқолнинг гапларига ишонманг… Сиз анави тўрадан сўранг, тақсир… У оқсоқолда имон деган нарса йўқ ўзи…
— Жим тур!
Денис:
— Ҳалиям жим турибман… — деб ғўдиллайди. — Хатлаш вақтида оқсоқол жуда орттириб ёзган, буни мен қасам ичиб тасдиқлайман. Биз ўзимиз уч оғайнимиз: Кузма Григориевич, чунончи, Егор Григориевич, ундан кейин мана мен Денис Григориевич…
— Сен менга халақит бераётибсан… — дейди терговчи, сўнгра қичқиради. — Ҳой Семён! Олиб бор муни!
Иккита салобатли солдат келиб, уни маҳкамадан олиб чиқиб кетаркан, Денис яна сўзлайди:
— Биз ўзимиз уч оғайнимиз. Бирининг гуноҳига бири жавобгар эмас… Солиқни Кузма тўламасин-у, жавобини мен, Денис берай эмиш… Судялар! Аттанг, бурунги хўжайиним катта генерал ўлиб кетди-да, Худо раҳмат қилгур, йўқса сиз судяларнинг тоза адабингизни берарди… Адашмасдан, яхши билиб ҳукм қилиш керак. Урсанг ҳам майли, лекин гуноҳим бўлса ур, инсоф билан ур…

Абдулла Қаҳҳор таржимаси

Ziyouz.uz сайтидан олинди.

1 year, 8 months ago

Антон Чехов

ЁВУЗ НИЯТЛИ КИШИ
(Ҳикоя, давоми)

— Э, Худо сақласин, тақсир! Нега одам ўлдирай? Нима, биз динсизмидик, ё ёвузмидик? Худога шукур, жаноби тақсир, ёшимиз шунчага етиб одам ўлдириш тугул, ундай нарсаларни ўйлаганимиз ҳам йўқ… Ўзинг сақла, Парвардигорим, раҳминг келсин… Гапингизни қаранг-а!
— Хўш, сенингча, поездларнинг ағанаши нимадан бўлади? Бир-иккита гайкани бураб чиқардингми, ағанайди-кетади!
Денис илжаяди, ишонмагандек бўлиб, терговчига кўзини пирпиратиб қарайди.
— Йўғ-е! Неча йилдан бери бутун қишлоқ гайка бураш билан тирикчилик қилсак ҳам, шу кунгача Худо ўзи сақлаб келди, мана энди ағанаш, одам ўлдириш деган гаплар чиқиб турипти… Мен унинг релсини олиб кетсам, ё бўлмаса айтайлик, йўлга битта-яримта ходани кўндаланг қилиб қўйган бўлсам, ана унда поезд, эҳтимол, ағанарди, бу бўлса… ниҳояти бир гайка холос… Гайка-я!
— Сен ахир тушунсанг-чи, релсни шпалларга ўша гайкалар билан бириктириб қўядилар-да!
— Буни биз яхши биламиз… Биз, ахир, ҳаммасини бураб олмаймиз-да… қолдирамизам… Телбаларнинг ишини қилмаймиз… тушунамиз…
Денис эснаб оғзини чўқинтиради.
— Ўтган йил шу ерда поезд ағанаб эди, — деди терговчи. — Сабаби энди маълум бўлди…
— Нима дедингиз?
— Ўтган йил дейман, бир поезд изидан чиққан эди. Шунинг сабаби мана энди маълум бўлди… Ҳа-а билдим!
— Сиз меҳрибонларимиз, шунақа нарсаларни билиш учун билимдон бўлгансизлар-да. Худо фаҳм берганда кимга беришини яхши билган… Сиз, мана, бу ундай, бу мундай деб дарров гапнинг фаҳмига етдингиз, аммо анови қоровулингиз бир мужик эмасми, ҳеч нарсанинг фаҳмига бормасдан, одамнинг ёқасига осилиб, судрайверади… Аввал бир нарсанинг фаҳмига боргин, ундан кейин судра-да! Мужик бўлдими, мияси ҳам мужикка яраша бўлади… Жаноби тақсир, муни ҳам дафтарингизга ёзиб қўйинг, у мени икки марта лунжимга, яна тағин кўкрагимга муштлади.
— Сенинг уйингни тинтиган вақтда яна битта гайка топиптилар… Мунисини қачон ва қаердан бураб олган эдинг?
— Э, сиз анави қизил сандиқ остида ётган гайкани айтяпсизми?
— Қаерда ётганини билмайман, ишқилиб, сеникидан топганлар. Қачон бураб олгансан?
— Уни мен бураб олганим йўқ. Уни менга анави Семён кўрнинг ўғли Игнашка берган. Мен ҳалиги қизил сандиқ остидагисини айтаётибман, аммо ташқарида, чанадан топилганини Митрофан икковимиз бураб чиқарганмиз…
— Қайси Митрофан у?
— Петров Митрофан… Эшитганмисиз? Ўзи тўр қилиб, бойларга сотади. Унга ҳалиги гайка ўлгурдан жуда кўп керак бўлади. Ҳар бир тўрга, мен сизга айтсам, ўнтадан кетади…
— Менга қара… Жазо қонуни мажмуасининг 1081-моддасида айтилганки, башарти, бирон кимса ёмон ният билан темир йўлга бирон зарар еткизса, агарда мазкур зарар натижасида ўша йўлда келаётган транспорт хавф остида бўлса ва у ишнинг натижасида фалокат рўй беришини ул кимса билса… тушундингми? Билса! Бу бураб олишнинг оқибати қандай бўлишини сен билгансан, албатта… Ул кимса каторга ишларига юборилмоққа ҳукм этилади.
— Сиз яхши биласиз, албатта… Биз нодон одамлармиз… Биз нимани билардик?
— Сен ҳамма нарсани биласан! Ҳозир ёлғон айтаётибсан, ўзингни телбаликка соласан!
— Нега ёлғон айтай? Ишонмасангиз қишлоққа бориб сўранг… Чўкдиргич бўлмаса елим балиқдан бошқа нарса тутиб бўлмайди; тошбоши балиқдан бемаза балиқ борми дунёда, ўшаям чўкдиргич бўлмаса илинмайди.
Терговчи кулади:
— Ҳа-а, шилишпердан ҳам гапир бўлмаса!
— Бизнинг сойда шилишпер бўлмайди. Қармоққа капалакни ўтказиб, чўкдиргичсиз ташласак, қўшбоши балиқ илинади холос, уям онда-сонда.
— Бўлди, жим…

(Давоми бор)

1 year, 8 months ago

Жаҳон адабиёти дурдоналари

Антон Чехов

ЁВУЗ НИЯТЛИ КИШИ
(Ҳикоя)

Суд терговчиси ҳузурида тик кўйлак, серямоқ лозим кийган кичкина, ниҳоят даражада озғин бир мужик турибди. Унинг мўй босган бужур юзларида, қалин ва узун қошлари остидан зўрға кўриниб турган кўзларида тунд бир шиддат ифодаси бор. Қанчадан бери тароқ тегмаган патак сочлари бошини шапкадек қоплаб олиб, у чеҳрага яна кўпроқ шиддат, ўргимчак шиддати беради. У ялангоёқ.
— Денис Григорев! — деб сўз бошлайди терговчи. — Яқинроқ келиб менинг саволларимга жавоб бер. Ушбу июл ойининг еттинчи куни темир йўл қоровули Иван Семён ўғли Акинфов эрта билан сени кўрипти, сен — релсни шпалга бириктирадиган гайкани бураб, чиқариб турган экансан. Мана шу гайка!.. У сени шу гайка билан ушлапти. Шундайми?
— Лаббай?
— Бутун воқеа шу Акинфов айтгандек бўлганмиди?
— Ҳа, шундоқ бўлганди.
— Яхши; хўш, энди айтиб бер-чи: гайкани нега бураб чиқардинг?
— Лаббай?
— Сен «лаббай»ни қўйиб, саволга жавоб бер; гайкани нима учун бураб чиқардинг?
Денис шипга қараган ҳолда хирқираб жавоб беради:
— Бир кераги бўлмаса бураб чиқарармидим?
— Бу гайка сенга нима учун керак бўлди, ахир?
— Гайками? Биз бу гайкадан чўкдиргич ясаймиз…
— Ким у, «биз» деганинг?
— Биз, аҳоли… Климов қишлоғининг мужиклари.
— Менга қара, оғайни, сен унақа ўзингни жинниликка солмасдан дурустроқ гапирсанг-чи. Бўлмағур чўкдиргичлар билан бошни айлантириб ёлғон гапирма.
Денис кўзларини пирпиратиб туриб, сўзлайди:
— Умримда ёлғон гапирган одам эмасман. Энди келиб, мана ёлғончи бўлиб ўтирибман… Чўкдиргич бўлмаса иш битадими, тақсир? Қармоққа чувалчанг ё бўлмаса майда балиқни ўтказганингминан, у ўлгурда чўкдиргич бўлмаса, сувга ботадими? Ёлғончи эмишман… — деб илжаяди Денис. — Сув бетида қалқиб юраверадиган бўлса, ундан нима фойда? Олабуғани олинг, чўртанни олинг, ширин балиқни олинг — ҳаммаси чуқурдаги емга келади; сув бетида турган емни шилишпер чўқиса чўқийди, уям бўлса йилда бир… Бизнинг сойда шилишпер ўзи йўғам… У балиқ катта сувни хушлайди.
— Сен менга шилишпердан гапириб нима қиласан?
— Лаббай? Ўзингиз сўрадингиз-ку! Биз томонда катта-катта бойлар ҳам балиқни шунақа қилиб тутади. Энг ярамас бир болани олган вақтингиздаям чўкдиргич бўлмаса балиқ овламайди. Албатта, тушунмаган одам бўлса бошқа гап — у чўкдиргич бўлмасаям овга чиқаверади. Аҳмоққа закон йўқ деган гап бор эмасми, ахир?
— Демак, сен ўша гайкани чўкдиргич ясаш учун бураб чиқарган экансан-да?
— Бўлмасам-чи? Нима, уни соққа қилиб ўйнармидим?
— Чўкдиргич учун қўрғошин, ё милтиқ ўқи… ё биронта мих топиб ишлатсанг бўларди-ку…
— Қўрғошин кўчада ётгани йўқ, у пулга келади, мих бўлса ярамайди. Гайкадан бошқаси қўл келмайди… У ҳам оғир, ҳам тайёргина тешиги бор.
— Жинниликка солади-я ўзини! Гўё кечагина туғилган-у, ё бўлмаса осмондан тушган. Бу гайка бурашнинг оқибати қандай бўлишини билмайсанми, ҳой эсипаст? Агар қоровул кўриб қолмаса, поезд изидан чиқиб кетиб, қанча одам ўлади! Сен одам ўлдирган бўлардинг, одам!

(Давоми бор)

1 year, 9 months ago

Мутолаа

Мурод МУҲАММАД ДЎСТ

«ЛОЛАЗОР» РОМАНИДАН

– Хуш кўрдик, меҳмонлар, – деди кабоб кўтариб келган қорамағиз йигит. – Йўлда ҳориб-нетиб қолмадингларми?
– Отдаймиз, – деди Яхшибоев. – Ўзинг қалайсан, Неъматжон болам?
– Юрибмиз-да, Назар ота, – деди Неъматжон. – Тезда иссиқ жигар опкелишади, ҳозирча жўнроғидан еб туринглар.
– Ҳаяллаб қолмаймизми?
– Йўқ, бирпасда тайёр бўлади. Қалай, озгина конякдан ҳам опкелайми?
– Рулдаман, Неъматжон болам, рулдаман. Лекин бу ёқ... Саидқул акангиз тусасалар, унда – майли, опкелинг...
– Қизиқсиз-а, Назар ота, – деди Неъматжон, – энди кўргандай гапирасиз. Мен турганда сиз машина ҳайдайсизми?
– Тўғри-ку-я, лекин ўзингизнинг машинангиз нима бўлади?
– Униям ҳайдайдиган одам топамиз.
– Бўлмасам, Неъматжон болам, яна бир топшириқ бор. Токи раис келгунча бизнинг нозимизга чидайсиз энди. Жигарга борадиган одамга айтинг, ҳисори қўйникидан олсин, ҳисори қўй бўлгандаям, даштда боқилгани бўлсин!
– Пахтакорнинг ҳисорисини менсимайсиз-да, Назар ота! – деб кулди Неъматжон.
– Даштники тузукроқ, болам. Ўт-ўлани тозароқ. Қариган жонимизни сал аямасак бўлмайди. Топшириғимиз шу.

Неъматжон “топшириқ”ни бажаргани кетди.
– Тавба, – дедим мен, – жигарнинг жигардан фарқиям бўладими?
– Бўлади, – деди Яхшибоев. – Бўлмаган тақдирда ҳам, худди бордай қилиб гапириш керак. Токи меҳмоннинг қадри ошади, яъники, давра кўрганингиз билинади.

Беихтиёр кулиб юбордим. Ростдан ҳам бу Яхшибоев деганлари анойи одам эмас экан. Ҳамма балони билади, ҳар қандай шароитда ҳам топқирлик қилади, умуман, унга бас келиш қийин – ё чийратиб қутулади, ё шундай чувалтириб ташлайдики, ипнинг учини топгунча она сутинг оғзингга келади.

– Сизга ўхшаганлар мени кўп-да менсимайди, Саидқул ука, – деди Яхшибоев сихлардаги кабобни ликопчага тушираркан. – Лекин ўзлари сигир сути билан эчки сутининг фарқига бормайди. Мана, сиз, фарқига борасизми?
– Йўқ, – деб тан олдим.
– Жайдари қўй билан қоракўл қўйнинг гўштини фарқлайсизми?
– Йўқ.
– Яхшибоев ҳаммасини фарқлайди, чунки унда тажриба бор, чунки у элга кўп аралашади...

1 year, 9 months ago
1 year, 9 months ago
1 year, 12 months ago
We recommend to visit

Сизнинг соғлиғингизга ғамхўрлик қиладиган шифокорлар жамоаси. Тиббиёт ҳақида оддий сўзлар билан.

?‍⚕️Каналда берилган маълумотларни шифокор маслахати билан қўлланг!

Reklama? @activus_reclama

Last updated 1 year, 8 months ago

Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир.
Ҳотиржамлик ярим соғликдир.
Сабр эса шифонинг бошланишидир...

Абу Али Ибн Сино

Каналда берилаётган маълумотларни шифокор маслаҳати билан қўлланг!

Реклама: @Dr_Ergashoff

Тиббий саволлар учун: @Tibbiyot_aloqabot

Last updated 1 year, 8 months ago