PRIKOL VIDEOLARNI DODASI
Admin @REKLAM_UZPRIKOL
Last updated 2 years, 1 month ago
☎️ Реклама 👉 @Koshona
🎭 Топ приколлар фотолар ва қизиқарли видеолар. Кун давомида, энг саралари сизлар учун.
Last updated 2 weeks, 3 days ago
✅ Бирор бир маҳсулотга буюртма бермоқчи бўлсангиз @SOTUVCHll га ёзинг!
Last updated 1 year, 3 months ago
Муҳаббатнинг қийноғи мангу,
Ишқ тиғидан ярадир кўксим.
Пешонамга ёзилгани шу,
Мен ҳеч қачон юрмасман ўксиб.
Ишқ тиғидан ярадир кўксим,
Оғриқлар умримнинг мазмуни.
Орзиқади бу юрак сим-сим,
Оловланар умид учқуни.
Пешонамга ёзилгани шу,
Ёниб адо бўлмасман ҳайҳот.
Ахир, уни иншо этган-ку,
Ҳар нарсадан бохабар Ҳаттот.
Мен ҳеч қачон юрмасман ўксиб,
Шукроналик–мен севган усул.
Соғинчларим арчадек ўсиб,
Яшилланиб бораман буткул.
✍️ Сирожиддин РАУФ
Илоҳи, чўмаман ўйлар қаърига,
Елдирим умримга излайман маъни.
Кўҳна мажозлардан қочиб нарига,
Мен кашф этажакман, билмам, нимани?..
Бесабр кўнгилда ҳаваслар гирён,
Бу жоним шуҳрату мурувват қули.
Келмагу кетмакдин мақсад ноаён,
Қачон юз кўрсатур чин ҳаёт гули?
Сўнг манзил қайда у, аршми, ер ости,
Тириклик шомида хотир абасми?
Наҳотки чўнг қайғу – ўлимнинг дасти,
Ё таним руҳимга жонли қафасми?
Кўзимга саволлар сувратин чизиб,
Санғидим заминнинг ўру қирида.
Ҳайратим минг бўлди, қонларим қизиб,
Идроким етмади гардун сирига.
Ночор қулоқ тутдим тоғу тошга ҳам,
Фалсафа тўқиди қадим бир харсанг:
«Сен фоний дунёда бебаҳо одам,
Вужудинг тупроққа тенглигин билсанг...»
Сирожиддин РАУФ
БУЛБУЛ НИДОСИ
(Ёшликдаги дафтардан)
Ошиқман, дуои жонингдадирман,
Беқарор, жонсарак ёнингдадирман.
Лекин сен ғунчасан, очилмайсан ҳеч,
Ифорлар таратиб, сочилмайсан ҳеч.
Балки мен беҳуда ўртанадирман,
Аён эт, мен сендан ўрганадирман.
Карам қил, кўзимнинг ёшини сиздир,
Ахир, ҳақиқатни менга ҳам сездир.
Ноз-фироқ этасан, шошмайсан нечун,
Лаъли дудоғингни очмайсан нечун?
Айта қол, бу бўстон бўлмасми хазон,
Жилғалар шу тахлит оқарми равон?
Сенинг гўзаллигинг абадий наҳот,
Менинг хуморлигим наҳот умрбод?!
АЛАМЛИ ХИРГОЙИ
Қозонга яқин борсанг, қораси юқар...
Халқ мақоли.
Ўнгланмаса ўзидан ўзга,
Арпа бўйи ўсади нокас.
Таърифига лаб очсам сўзга,
Ўзи емас итгаям бермас.
Воҳ нокасу, оҳ нокас,
Қўйгил, ҳолимга бир пас!
Ёнида юр, боқмас бир қиё,
Кетар бўлсанг дарров йўқлайди.
Ҳаётингга масъулдай гўё,
Минг маломат билан дўқлайди.
Юзинг-кўзинг демайди,
Нону тузинг демайди.
Бир вақт унга қўл берган эдим,
Чўкмасин деб ботқоқ қаърига.
Кейин яна йўл берган эдим,
Қулоқ тутиб оҳу зорига.
Ўзим сабаб барига,
Кет демадим нарига!
Яқин бордим юқди қораси,
Йироқ кетиб оқлангим келар.
Келмай туриб энди балоси,
Тавба қилиб поклангим келар.
Кўнгил мағфират тилар,
Армон бағримни тилар!..
Шоир ва публицист Сирожиддин Рауф. 1988 йил. Пахта даласи. Талабалик йиллардан эсдалик.
Қон сачради –
Қуёш кўксига
Рақиб урди пичоқни чоғлаб.
Оғриқдан зўриққан борлиқни
Қоронғулик олди қучоқлаб.
Хавотир-ла боради эриб,
Ой – ёруғ умиди осмоннинг.
Интизор кўзлардир юлдузлар
Ташрифига ҳамшира – тонгнинг.
✍ Сирожиддин РАУФ
ОЛИЙ ЖАЗО
Ёзилажак гуноҳ ва савоб,
Озор кўрмас бесабаб бадан.
Қилмишига беради жавоб
Охиратда банда, жумладан.
Гарчи пинҳон, лекин мунтазам,
Синовдадир авом ҳам, олим –
Гўзал суврат ортидан баъзан
Юз кўрсатар ашаддий золим.
Ақл боис борлиқда устун,
Нафс туфайли шайтондан баттар.
Шундан руҳи бўлолмас бутун,
Билиб туриб боргани – хатар!
Осийлар қутулмас сазодан,
Ҳар бирига тегади улуш.
Лойиқ бўлар олий жазога
Сўзни эрмак қилган сўзфуруш!
Сирожиддин РАУФ
Қувонтирмас қайси отани
Ўз ўғлининг жиндек ютуғи.
Инсондаги жами хислатдан
Шу энг олий, шу энг улуғи.
Ушалгандек умрлик армон,
Ота кўнгли шодликдан жўшар.
Шу дамда у шеъри туфайли
Машҳур бўлган шоирга ўхшар.
РИСОЛАДАГИ ОДАМ
Ҳаётини солган қолипга
Чиқмайди режадан ташқари
Безовта ўй қилмас безовта
Маромида юриш-туриши
Олиб кетмас саркаш хаёллар
Тушмайди орзунинг измига
Кун ва туннинг қадамига мос
Етиб борар умр карвони
Ўз вақтида видо даштига
Ҳувуллатмас бирорта қалбни
Ўтиб кетар йўқликка қараб
Бу дунёга келмаган каби
Кимдан олдинг буни? Тўғрисини айт!”
Қиз қўрқмай гапирди, ҳоли бўлмай танг:
“Уни менга берди сенинг саркарданг”.
8.
Искандар ётаркан оғриққа чидаб,
Мўъжиза ёнғоқни турар чангаллаб:
“Абадий яшамоқ, севмоқ, севилмоқ!
Ҳаёт эса жангдир! Муҳаббат – алдоқ!
Курашиб яшамоқ алдов тўрида!
Куну тун! Куну тун! Азоб қўрида!
-Маъбуда, туҳфангни қилмасман ҳавас!
Мен шоҳман дунёга, қалбимга эмас!
Милёнлаб одамни ўлдириш осон,
Мажбурлаб суйдириш – буниси гумон!
Абадий яшамоқ! Ҳазил-мазах-ку!
Шу ёнғоқ бахт туҳфа этарми мангу?
Бахтсиз, яна ишонч, севгисиз, ҳайҳот,
Мангу яшаш – ўтда ёнмоқ умрбод!
Йўқ, маъбуда! Қайтариб ол туҳфани!
Қутқар, йўқса, дўзах кутмоқда мани!”
9.
Тўшакда ўртаниб оғриқдан подшо,
Ёнғоқни кўзига қилди тўтиё.
Сўнг хушбўй оғочлар чарсиллаб турган
Гулханга неъматни ташлади бирдан.
Гўёки оғриқлар пасайди, тинди,
Қайнаган қонига салқинлик инди.
Ақли тиниқлашди, кетди хомхаёл
Ва тунда жонига етишди завол.
Сирожиддин РАУФ таржимаси.
PRIKOL VIDEOLARNI DODASI
Admin @REKLAM_UZPRIKOL
Last updated 2 years, 1 month ago
☎️ Реклама 👉 @Koshona
🎭 Топ приколлар фотолар ва қизиқарли видеолар. Кун давомида, энг саралари сизлар учун.
Last updated 2 weeks, 3 days ago
✅ Бирор бир маҳсулотга буюртма бермоқчи бўлсангиз @SOTUVCHll га ёзинг!
Last updated 1 year, 3 months ago