𝐓𝐔𝐌𝐀𝐍𝐋𝐈 𝐓𝐀𝐑𝐈𝐇

Description
Advertising
We recommend to visit

✅ Бирор бир маҳсулотга буюртма бермоқчи бўлсангиз @SOTUVCHll га ёзинг!

Last updated 9 months ago

Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир.
Ҳотиржамлик ярим соғликдир.
Сабр эса шифонинг бошланишидир...

Абу Али Ибн Сино

Каналда берилаётган маълумотларни шифокор маслаҳати билан қўлланг!

Реклама: @Dr_Ergashoff

Тиббий саволлар учун: @Tibbiyot_aloqabot

Last updated 3 weeks, 6 days ago

Сизнинг соғлиғингизга ғамхўрлик қиладиган шифокорлар жамоаси. Тиббиёт ҳақида оддий сўзлар билан.

🧑‍⚕️Каналда берилган маълумотларни шифокор маслахати билан қўлланг!

Reklama👉 @activus_reclama

Last updated 6 hours ago

1 month, 1 week ago

#Туманли_тарих (50): Ҳусайннинг Кўфа сафарига отланиши

Ишлар маромига етиб, анчагина одамлардан байъат қабул қилиб олган Муслим ибн Ақил Ҳусайнга “Ҳаммаси таёр, келаверинг!” деб хабар жўнатди. Ҳусайн ибн Али тарвия куни йўлга чиқди.
Ҳамма гапдан хабардор бўлиб юрган Убайдуллоҳ ибн Зиёд Ҳоний ибн Урвани ҳузурига келтиришларини буюрди. Ҳонийни олиб келишди.
– Муслим ибн Ақил қаерда? – сўради волий.
– Билмайман! – деб жавоб берди Ҳоний.
Шунда Убайдуллоҳ ибн Зиёд қули Маъқилни ҳузурига чақирди. Маъқил кириб келгач Ҳоний ибн Урвадан “Уни танияпсанми?” деб сўради.
– Ҳа! – деди иложсиз қолган Ҳоний.
У ўтган ишлар, яъни ҳимслик киши ва унинг уч минг динор олиб келиши Убайдуллоҳнинг ҳийласи эканини тушуниб етди.
– Муслим ибн Ақил қаерда? – такрор сўради Убайдуллоҳ ибн Зиёд.
– Аллоҳга қасамки, агар у оёғимнинг тагида турганида ҳам, оёғимни кўтармаган бўлардим! – деб жавоб берди Ҳоний.
Убайдуллоҳ ибн Зиёд уни урди ва қамаб қўйишларини буюрди.
Кўфа аҳлининг Муслим ибн Ақилни ташлаб кетиши
Воқеадан хабар топган Муслим ибн Ақил 4000 киши билан Убайдуллоҳнинг қасрини қамал қилди. Кўфаликлар Муслимга қўшилдилар. Убайдуллоҳ одамларни Муслимдан ажратиш чорасини излади. Бу вақтда қавмнинг катталари волий ҳузурида эдилар. Волий уларга инъомлар ваъда қилиб, Шом қўшини билан қўрқитиб одамларни Муслим ибн Ақилни ташлаб кетишга кўндиринглар деб уқтирди. Қавм амирлари Кўфа аҳлини Муслимга ёрдам бермасликка чақира бошлади. Бу тадбир иш бериб, аёл келиб ўз ўғлини тўпдан чиқариб олди, эркак келиб инисини олиб кетди, қабила оқсоқоли қавмини бу йўлдан қайтарди… Хуллас калом, 4000 кишидан бор-йўғи ўттиз киши Муслимнинг ёнида қолди. Қуёш ботмасдан туриб Муслим ибн Ақил бир ўзи қолди. Ҳамма ташлаб кетгач ёлғиз ўзи қаерга боришни билмай Кўфа кўчаларида тентираб юрди. Охири киндалик бир аёлнинг эшигини тақиллатиб сув сўради. Унинг ҳолатидан ажабланган аёл “Сиз кимсиз?” деб сўради.
– Мен Муслим ибн Ақил бўламан, – деди Муслим ва одамларнинг ташлаб кетганини, Ҳусайнни Кўфага чақириб қўйганини ва тезда унинг келиб қолишини сўзлаб берди.
Аёл Муслим ибн Ақилни ёнидаги уйга олиб кириб, сув ҳамда егулик келтирди. Лекин аёлнинг ўғли Муслимнинг шу ердалиги ҳақида Убайдуллоҳ ибн Зиёдга хабар етказди. Волий жўнатган етмиш киши Муслимни қуршаб олдилар. Омонлик ваъда қилганларидан кейин у таслим бўлди. Муслимни волийнинг қасрига олиб келдилар. Убайдуллоҳ ибн Зиёд унинг нима учун Кўфага келганини сўради.
– Ҳусайн ибн Али учун берилган бўйнимиздаги байъат! – деб жавоб берди Муслим.
– Сенинг бўйнингда Язид учун берилган байъат йўқми? Сени ўлдираман.
– Васият қилиб олмоқчиман.
– Майли, васият қилақол.
Муслим ибн Ақил атрофга қаради ва Умар ибн Саъд ибн Ваққосга кўзи тушди.
– Бу одамлар орасида менга энг яқини сен экансан. Кел, сенга васият қиламан.
Муслим ибн Ақил Умар ибн Саъдни бир четга тортиб, Ҳусайнга “Ортга қайт” деб одам жўнатишни тайинлади. Умар ибн Саъд Кўфа аҳли номардлик қилганини ва ҳамма иш барбод бўлганини Ҳусайнга маълум қилмоқ учун одам жўнатди.
Муслим Ҳусайнга ўзининг ушбу машҳур ўгитини қолдирган эди: “Аҳли-оилангиз билан орқага қайтинг. Кўфа аҳлининг гапига учманг. Улар сизни ҳам, мени ҳам алдашди. Ёлғончининг ўз фикри бўлмайди”.
Муслим ибн Ақил Арафа куни қатл этилди. Ҳусайн ибн Али тарвия куни, Муслим қатл этилишидан бир кун олдин йўлга чиққан эди.

1 month, 1 week ago

#Туманли_тарих **(49): Язидга байъат берилиши, Ҳусайннинг байъатдан бош тортиши ва Маккадан Кўфага юриши

Язид ибн Муовиянинг халифалиги
(ҳижрий 60 – 64-йиллар)

Язидга байъат берилиши, Ҳусайннинг байъатдан бош тортиши ва Маккадан Кўфага юриши[1]**

Ҳижрий 60 йилда Язид ибн Муовияга байъат берилди.
Ўшанда унинг ёши 34 да эди. Мадинада турган Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Ҳусайн ибн Али Язидга байъат бермадилар. Улардан байъат бериш талаб этилди. “Бу кеча ўйлаб, эртага жавобимни айтаман” деган Абдуллоҳ ибн Зубайр ўша тунда Мадинадан Маккага қочиб кетди. Ҳусайн ибн Али байъат талаб қилганларга “Мен яширинча байъат бермайман. Одамларнинг олдида ошкора бераман”, деди-ю, ўша кечаси у ҳам Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ортидан йўлга тушди.
Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг Язидга байъат бермаганидан хабар топган Ироқ аҳли унга мактублар жўната бошладилар. Ироқликларнинг Язидга, ҳатто Муовияга тоқатлари йўқ эди. Уларга фақат Али ва унинг фарзандлари бўлса бас эди. Хуллас, Ҳусайнга қуйидаги мазмундаги мактублар келарди:
– Биз сизга байъат бердик. Фақат сизни хоҳлаймиз. Бизнинг бўйнимизда Язиднинг байъати йўқ, фақат сизнинг байъатингиз бор!
Кўфаликларнинг Ҳусайнга жўнатган мактублари сони 500 тадан ошиб кетди. Уларнинг барчасида Ҳусайн разияллоҳу анҳу Кўфага чақирилган эди.
Ҳусайннинг Муслим ибн Ақилни жўнатиши
Мактублар ёғилавергач Ҳусайн разияллоҳу анҳу амакисининг ўғли Муслим ибн Ақил ибн Абу Толибни вазиятни ўрганиб, ҳақиқатни билиб келиш учун Кўфага жўнатди. Кўфага етиб келган Муслим ибн Ақил сўраб-суриштириб билдики, одамлар Язидни эмас, фақат Ҳусайн ибн Алини хоҳлашар экан. Ҳоний ибн Урваникига тушган Муслимнинг олдига одамлар алоҳида ва тўп-тўп бўлиб кела бошлади. Улар Муслим ибн Ақил орқали Ҳусайнга байъат беришди. Ўша пайтда Кўфага Язид томонидан Нўъмон ибн Башир амир этиб тайинланган эди. Муслим ибн Ақилнинг Кўфада эканлиги ва одамларнинг у орқали Ҳусайнга байъат бераётгани ҳақида хабар топса ҳам Нўмон ибн Башир разияллоҳу анҳу ҳеч нима билмагандек юраверди. Бироқ Нўъмоннинг ёнида юрган баъзи бировлар Шомга бориб, Муслимга одамлар байъат беряпти, волий эса парвойи фалак деган хабарни Язидга етказдилар.
Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг Кўфага амир этиб тайинланиши
Язид Нўъмон ибн Баширни волийликдан олиб ташлаб, унинг ўрнига Басра ҳокими Убайдуллоҳ ибн Зиёдни амир этиб тайинлади. Икки шаҳарга волий бўлиб қолган Убайдуллоҳ Муслим ибн Ақилнинг ишини тўхтатмоғи керак эди. Ибн Зиёд Кўфага кечаси кириб келди. Юзини тўсиб олган янги ҳоким одамлар олдидан ўтаётганида уларга салом берар, одамлар уни Ҳусайн гумон қилиб Пайғамбарнинг набираси тунда юзини беркитиб, махфий тарзда Кўфага келибди деб ўйлаб “Ва алайкум ассалом, эй Пайғамбарнинг қизининг ўғли!” дея алик олишарди. Вазият ўта жиддийлигини ва одамлар Ҳусайннинг йўлига интиқ бўлиб туришганини кўрган Убайдуллоҳ ибн Зиёд қасрга киргач Маъқил исмли қулини ҳузурига чорлади. Унга аҳволни яхшилаб ўрганиб, ишнинг бошида ким турганини аниқлаб кел, деб топшириқ берди.
Маъқил Ҳусайнга ёрдам сифатида уч минг динор олиб келган ҳимслик бир киши ниқобида сўраб-суриштириш ишларини бошлаб юборди. Ниҳоят, Ҳоний ибн Урванинг уйини топиб келди. Унинг уйида Муслим ибн Ақилни учратди. Унга байъат бериб, 3000 динорни топширди. Бир неча кун улар билан юриб, ўртадаги гап-сўзлардан воқиф бўлиб олгач бор гапни Убайдуллоҳ ибн Зиёдга келиб айтди.

[1] Қаранг: “Бидоя ва ниҳоя”, ҳижрий 60-йиллар воқеалари.

1 month, 1 week ago

– Кўзимиз билан кўрмаган бўлсак ҳам, биз унинг ароқ ичишини аниқ биламиз.
– Аллоҳ таоло шаҳодат аҳлини бунга буюрмаган! – деди Муҳаммад ибн Ҳанафия ва оятдан иқтибос келтирди: – “Ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган кишилар бундан мустаснодирлар” (Зухруф, 86).
Эмишки, Ҳусайн ўлимидан сўнг Язид мана бу шеърни ўқибди:
Бадрда ҳалок бўлган боболарим кўрсайди,
Мусибатдан Хазражнинг жазавага тушганин.
Бадрга жавоб бердик, кўнгил қасос қўмсайди,
Ҳошим ҳоким бўлмоққа хўп ўрганиб қолибди,
На бир саҳиҳ хабар бор ва на ваҳий олибди[5].
Язидга нисбат берилган ароқ ичиш, маймунларни ўйнатиш, бузуқлик ва бошқа бўлмағур ишлар саҳиҳ санад билан собит бўлмаган. Шу боис, биз уларни тасдиқламаймиз. Инсонни айбламаслик – асл қоида. Ҳақиқат эса Аллоҳга маълумдир. Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг сўзига қараганда Язид бундай расво ишлардан нари бўлган. Унинг асл ҳолатини Аллоҳ билувчироқдир, деб уни Аллоҳ ҳукмига ҳавола қиламиз.
Мабодо Язиднинг шундай кирдикорлари ростдан ҳам бор бўлган тақдирда ҳам, раҳбарнинг фосиқлиги унга қарши бу тарзда бош кўтаришни вожиб қилмайди.

[1] Халифа ибн Хайёт “Табақот”да (52-бет) Жувайрия бинти Асмо санади орқали ривоят қилган. Жувайрия Мадина аҳли шайхларидан ривоят қилган.
[2] Қаранг: Ибн Халдун, “Муқаддима”, 166-бет, “Валиаҳдлик тўғрисидаги боб”.
[4] “Бидоя ва ниҳоя”, 8/236.
[5] Табарий “Тарих”да ҳижрий 284 йил воқеалари доирасида аббосий халифа Мўътазиддан нақл қилган.

3 months ago
3 months ago

– Рост сўзладингиз! – деди Саъд разияллоҳу анҳу. – Бизлар вазир, сизлар амирсизлар!»[5]
Мазкур ривоятни Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳумайд ибн Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан саҳиҳ мурсал санад билан ривоят қилган. Имом Аҳмаднинг ривояти мурсал бўлса-да, каззоб Абу Михнафнинг ривоятидан кўп маротаба қувватлидир[6].

[1] Бани Соида шийпони – ансорийлар йиғилиб, ички ва ташқи масалаларни муҳокама қиладиган томи ёпиқ, чор-атрофи очиқ жой.
[2] «Тарихи Табарий»дан қисқартириб олинди, 2/455.
[3] «Саҳиҳи Бухорий», 3667-3668-ҳадислар.
[4] «Фатҳ ал-Борий», 7/384. «Дор ал-фикр» нашриёти.
[5] «Муснади Аҳмад», 1/18. Шайх Аҳмад Шокир таҳқиқи.
[6] Бани Соида шийпони қиссаси Ҳумайд ибн Абдураҳмондан ривоят этилгани, Ҳумайд воқеаларга шахсан шоҳид бўлмагани боис мазкур ривоят мурсал дейилмоқда.

3 months ago

Шу воқеадан кейин то Абу Бакр вафот этгунга қадар Саъд улар билан бирга намоз ўқимади, жумага чиқмади ва ҳажда Арафотдан Муздалифага тушар экан, ўзи алоҳида юрди»[2].
Бу парча Абу Михнаф ривоятидан олинган. Энди шу воқеани Имом Бухорий ривоятидан келтириб ўтамиз ва уни Абу Михнаф ривояти билан солиштириб кўрамиз.
Имом Бухорий ёзади: «Исмоил ибн Абдуллоҳ Сулаймон ибн Билолдан, Ҳишом ибн Урвадан, Урва ибн Зубайрдан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар… Ансорлар Бани Соида шийпонида Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳу атрофида бирлашишди. «Сизлардан бир амир, бизлардан бир амир бўлади!» дедилар. Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб ва Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳум ансорлар ҳузурига бордилар. Умар гапирмоқчи бўлганида Абу Бакр уни тўхтатди.
Умар разияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, ўзимга маъқул сўзларни тайёрлаб қўйганим учун гапирмоқчи бўлдим. Бу сўзлар Абу Бакрнинг хаёлига келмайди деб хавотир олган эдим. Сўнг Абу Бакр гапирди. Энг балоғатли инсон бўлиб гапирди. У: «Бизлар амир, сизлар вазирсизлар», деди.
– Йўқ, Аллоҳга қасамки, бундай қилмаймиз, – деди Ҳубоб ибн Мунзир, – Сизлардан бир амир, биздан бир амир бўлади!
– Йўқ! – деди Абу Бакр, – Бизлар амир, сизлар вазирсизлар. Муҳожирлар арабларнинг энг афзали, энг аслзода араблардир. Умар ёки Абу Убайдага байъат беринглар!
– Йўқ, сизга байъат берамиз, – деди Умар, – Сиз бизнинг саййидимиз, афзалимиз ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга энг суюклимизсиз!
Умар Абу Бакрнинг қўлидан тутиб, байъат берди. Одамлар Абу Бакрга байъат беришди. Кимдир «Саъд ибн Убодани ўлдирдинглар», деди. «Аллоҳ уни ўлдирсин», – деди Умар[3].
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Саъд ибн Убодани ўлдирдинглар» жумласи «уни ўлдириб қўяй дединглар» маъносида айтилган. Баъзиларнинг фикрича, бу жумла юз ўгириш ва эътиборсиз қолдиришдан киноя тарзида айтилган. Бироқ Мусо ибн Уқбанинг Ибн Шиҳобдан келтирган ривояти бу фикрни рад этади:
«Ансорлардан кимдир: «Саъд ибн Убодага раҳмингиз келсин, уни оёқ ости қилиб ташламанг!» деди. Шунда Умар: «Уни ўлдиринглар, Аллоҳ уни ўлдирсин!» деди.
Ҳа, Умар чин маънода уни ўлдиришга буюришни қасд қилмаган. Умарнинг «Аллоҳ уни ўлдирсин!» деган гапига келсак, бундан Саъдни бад дуо қилиш кўзда тутилган. Бу иборани бад дуо маъносида ишлатиш араблар гапида машҳур. Мана бу оятда ҳам бу сўз шундай маънода келган: «Ҳалок бўлгур инсон-а! Бунчалар кофир бўлмаса!» (Абаса, 17.)
Биринчи қавлга кўра, бу ибора Саъддан юз ўгириш ва унга эътибор бермаслик ҳақида хабар бўлади. Моликнинг ривоятида бундай дейилган: «Мен дарғазаб ҳолимда: «Аллоҳ Саъдни ўлдирсин. У – ёмонлик ва фитна соҳиби!» деб юбордим[4].
Кўриб турганингиздек, Бухорийнинг ривояти жуда қисқа, мухтасар берилган. Бани Соида шийпонида бўлган бор гап шу! «Саъд: «Сизларга қарши жанг қиламан!» деди, мусулмонлар билан бирга намоз ўқимади, жума намозларига қатнашмади, Арофатдан қайтишда ўзи алоҳида йўлдан юрди ва Ҳубоб ибн Мунзир Абу Бакрнинг гапини қабул қилмади» деган қўшимчалар умуман йўқ. Бу каби қўшимчалар Абу Михнафнинг уйдирмаларидан бошқа нарса эмас. Афтидан, шийпон қиссаси ярим соатга ҳам бормаган. Ривоятнинг бу қадар катталашиб кетганидан ҳайрон қоласан киши.
Энди Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳу ҳақида икки оғиз сўз. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал «Муснад»да Ҳумайд ибн Абдураҳмондан ривоят қилади:
«…Абу Бакр гапирди. Ансорийлар шаънида нозил бўлган бирон оятни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳақида айтган бирон ҳадисни қолдирмасдан айтди.
– Сизлар яхши биласизлар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Одамлар бир водийга юрса, ансорлар (бошқа) бир водийга юрса, мен ансорлар водийсига юрардим», деганлар. Эй Саъд, сен яхши биласан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу ишнинг эгалари Қурайш, одамларнинг яхшилари уларнинг яхшиларига тобе, ёмонлари уларнинг ёмонларига тобедир» деганларида сен ўтирган эдинг.

3 months ago

#Туманли_тарих (8): Бани Соида шийпони

Аббос, Али ва Фазл разияллоҳу анҳум Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни жанозага ҳозирлаш билан машғул эканлар, бир гуруҳ ансорлар Бани Соида шийпонида[1] йиғилишди.
Мазкур воқеани аввал «Тарихи Табарий»да келтирилган каззоб Абу Михнаф ривояти орқали танишиб, кейин Имом Бухорий ривоятига мурожаат қиламиз. Икки ривоятни ҳам ўрганиб чиқсак, каззоб Абу Михнаф асл воқеани қанчалик ўзгартирганини билиб оламиз.
Худди кенгаш воқеаси ҳамда Али ва Муовия разияллоҳу анҳумо ўртасида ҳакамлар тайинлаш масалаларида бўлгани каби мазкур масалада Абу Михнаф қўшиб-чатган нотўғри маълумотларни бугун кўпчилик тўғри деб билади.
Демак, дастлаб «Тарихи Табарий»да зикр қилинган каззоб Абу Михнаф ривояти билан танишамиз.
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизга Ҳишом ибн Муҳаммад Абу Михнафдан, Абу Михнаф эса Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Абу Амра ал-Ансорийдан ҳикоя қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жон таслим қилганларидан кейин ансорлар Бани Соида шийпонида тўпланишди. Улар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бу ишга Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳуни бошчи қилайлик», дейишди. «Араблар сизларга қиличларингиз сабабли бўйсунди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сизлардан рози ва хурсанд ҳолларида вафот этдилар. Энди бу ишга ўзингиз бош бўлинглар!» деди улардан бири. Барчалари: «Жуда маъқул гап айтдинг!» дейишди.
Яна кимдир: «Агар Қурайш муҳожирлари норозилик билдиришса, сизлардан бир амир, бизлардан бир амир бўлади, деймиз», деб фикр билдирганида Саъд ибн Убода: «Бу ожизликнинг илк нишонаси!» деди. Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ ансорларнинг Бани Соида шийпонида тўпланиб, «Сиздан бир амир, биздан бир амир» деяётганидан хабар топгач, Абу Бакрнинг ҳузурига бориб, уни хабардор қилди.
– Ансор биродарларимиз йиғилиб, шундай дейишаётган экан, юринг, уларнинг олдига борайлик, – деди Умар.
Умар ва Абу Бакр разияллоҳу анҳумо Абу Убайдани топиб, уни ўзларига шерик қилишди. Уч саҳобий ансорлар ҳузурига йўл олди. Умар разияллоҳу анҳу айтади: «Ичимда гапларни тайёрлаб қўйган эдим. Гапирмоқчи бўлганимда Абу Бакр разияллоҳу анҳу менга «Жим тур» деб ишора қилди.
Абу Бакр Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб: «Аллоҳ Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб жўнатди…», деб гап бошлади.
Ушбу ривоятда Абу Бакрнинг узун нутқ қилгани, жумладан, халифаликка муҳожирлар ҳақли эканини айтгани зикр этилади.
– Эй, Ансорлар жамоаси, ишларингизга ўзингиз эгалик қилингиз! – деди Ҳубоб ибн Мунзир, – Ахир бу одамлар сизларнинг соянгизда, ҳеч ким сизларга қарши чиқишга журъат қилолмайди. Ҳаммаси сизлар айтгандек бўлади. Сизлар иззат, мол-давлат, куч-қувват эгаси бўлган кўпчиликсизлар. Агар айтганингизга кўнмасалар, уларни юртингиздан чиқариб юборинг. Бу ишларга ўзингиз етакчи бўлинг. Аллоҳга қасамки, бу масалада сизлар улардан кўра ҳақлироқсиз! Чунки динга бўйсунмаганлар сизнинг қиличингиз туфайли бўйин эгдилар. Биз бу ишга бошқалардан ҳақлироқмиз!
Умар билан Абу Убайда Абу Бакрга: «Қўлингизни беринг, сизга байъат берамиз!» дейишди. Умар байъат бермоқчи бўлганида Башир ибн Саъд улардан аввал Абу Бакрга байъат берди. Қавм улуғларидан саналган Усайд ибн Хузайр туриб деди:
– Аллоҳга қасамки, агар бир марта сизлар қолиб, Хазраж ишни қўлига олса, шу бўйи сизлардан афзал бўлиб қолади.
– Аллоҳга қасамки, агар турмоққа қувватим етганида сени ва шерикларингни жароҳатлайдиган наърани мендан Мадинанинг ҳар кўча ва ҳар жойидан эшитган бўлар эдинг! – деди Саъд ибн Убода. – Аллоҳга қасамки, ўшанда сени сен уларга ҳоким эмас, тобе бўлган қавмга қўшиб юборардим. Мени бу ердан олиб кетинглар!
Саъдни кўтариб, уйига олиб бориб қўйишди. Бир неча кун шундай ташлаб қўйилган Саъд ниҳоят бундай деди:
– Аллоҳга қасамки, садоғимдаги ҳамма ўқларимни сизларга отсам, найзамнинг тиғини қонга бўясам, қўлим толгунича сизларни қиличим билан чопсам, яқинларим ва қавмим ичида менга итоат этадиганлар билан биргаликда сизларга қарши урушсам эди!

3 months ago
3 months ago

#Туманли_тарих (7): Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг халифалиги (ҳижрий 11-13 йиллар)

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари ҳақидаги хабар атрофга тарқалиши билан Абу Бакр разияллоҳу анҳу Сунҳдан[1] етиб келди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларини очиб, икки кўзлари ўртасидан ўпди.
– Ота-онам Сизга фидо бўлсин, тирик чоғингизда ҳам, жонсиз ҳолингизда ҳам хушбўйсиз! – деди.
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларини ёпди ва минбарга кўтарилиб, бундай деди:
– Сизлардан ким Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга ибодат қилган бўлса, дарҳақиқат, у зот вафот этдилар. Ким Аллоҳга ибодат қилган бўса, албатта, Аллоҳ боқий ҳаёт, ўлмасдир! Аллоҳ таоло айтади: «Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган. Шундай экан, агар у вафот этса ёки ўлдирилса, куфр сари ортингизга қайтиб кетасизми?! Кимда-ким ортига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмайди, балки фақат ўзига зарар қилади, холос. Аллоҳ эса йўлларидан қайтмай шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон, 144).
Одамлар ҳўнграб йиғлар эдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг содиқ саҳобалари кўчаларда юқоридаги оятни такрор-такрор айтиб юришарди.
Анас разияллоҳу анҳу айтади: «Биз мазкур оятни худди ҳозир эшитгандек эдик»[2].
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Қуръон комил нозил этилган, барча оятлар маълум бўлса-да, мусибатнинг оғирлигидан саҳобалар юқоридаги оятни шу пайтгача билмагандек, гўё биринчи марта эшитаётгандек эдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасадларини ювиш ва кафанлаш билан Аббос ибн Абдулмутталиб, Али ибн Абу Толиб, Фазл ибн Аббос ва бошқалар шуғулландилар. Улар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яқин қариндошлари эдилар. Аббос разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари, Али ва Фазл эса амакиваччалари бўладилар.

[1] Сунҳ – Мадина яқинидаги жой номи. Абу Бакрнинг хотини Ҳабиба бинти Хорижа Сунҳда яшарди.
[2] «Саҳиҳи Бухорий», 3668.

3 months ago
We recommend to visit

✅ Бирор бир маҳсулотга буюртма бермоқчи бўлсангиз @SOTUVCHll га ёзинг!

Last updated 9 months ago

Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир.
Ҳотиржамлик ярим соғликдир.
Сабр эса шифонинг бошланишидир...

Абу Али Ибн Сино

Каналда берилаётган маълумотларни шифокор маслаҳати билан қўлланг!

Реклама: @Dr_Ergashoff

Тиббий саволлар учун: @Tibbiyot_aloqabot

Last updated 3 weeks, 6 days ago

Сизнинг соғлиғингизга ғамхўрлик қиладиган шифокорлар жамоаси. Тиббиёт ҳақида оддий сўзлар билан.

🧑‍⚕️Каналда берилган маълумотларни шифокор маслахати билан қўлланг!

Reklama👉 @activus_reclama

Last updated 6 hours ago