Кунлар ўтар пайдар-пай,
Тунни тилар поездлар!
Армонлар ҳам билдирмай,
Юзимга солар излар...
Армон қолсин ғафлатда,
Ботир, сергак бўл, юрак.
Тунни тилган поездга,
Чиқиб олмоғим керак.
Унда, бир дим вагонда,
Деразага тикилиб.
Севги йўқ, деб жаҳонда,
Бир қиз кетар ўкиниб.
Тунлар бунчалар узун,
Узун поезднинг йўли.
Ул қиз оҳ чекар, менинг
Поездга етмас қўлим.
...Армон қолсин ғафлатда,
Ботир, сергак бўл, юрак.
Тунни тилган поездга
Чиқиб олмоғим керак...
1977
Одил ҲОТАМ