Мавлоно Чустий ижоди

Description
Назаргоҳингда эй, дўстим, кўринмай қолса гар Чустий -
Уни эл қалбидан изла, бўлак жойдан тополмайсан...

Устоз шоир, ғазалнавис, олим Чустий домланинг Ажиб ижод гулшани хуш бўйларидан баҳраманд бўлинг!
We recommend to visit

Реклама👉: @reklamahaqida

Ikkinchi kanalimiz
👇👇👇
https://t.me/+DxCtjcVGjIpkMzQy


👇Мусиқа топувчи бот
@Taronabot

Video yuklovchi bot: @Tele_Save_Bot

Last updated 3 weeks, 1 day ago

✅ @Jahon_xabarlari расмий канали


⚡️Фақат тасдиқланган маълумотлар, энг сўнгги тезкор хабарлар ва долзарб янгиликлар!

Воқеа ва ходисага гувоҳ бўлдингизми 👀
бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз 👉 @Murojaatbor_bot

💰 Реклама учун @otash_media_uz

Last updated 1 week, 6 days ago

⭐️ Кун давомида каналимизда:

? Ўзбекистон ва Жахон янгиликлари
? Фақат янги мавзулар
⚡️ Тезкорлик
✅ Аниқлик ҳамда расмий хабарлар

Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз: ? @SaraXabar_Aloqabot

? Реклама: @Reklama_Xaqidaa

Last updated 2 months, 1 week ago

1 week ago

Бунақа тақдирлар эски Тошкентнинг ҳар бир маҳалласию, ҳар бир гузарида бўлган.
Офтоб онам, ойдин онам… Ҳаммамизга чиройли ва фаросат билан кийинишгача ўргатган онам. “Таги кўрган”, Оққан дарё..” деган, “Суяк суради” дегандай, генларидаги ўша аслзодаларга хос фазилатлар ҳар ишларида кўриниб турарди. Таҳмонга кўрпача тахлаш “санъати”дан тортиб, дераза-эшик пардаларигача аслзодалар уйларидагидек эди. Ҳатто эски уйимизда ҳам, олтмишинчи йиллар бошида, чироқлар устига кийгизиладиган, қандиллар ўрнида осилувчи “Абажур”лар бўларди. Биттаси оловранг қизил, биттаси эса зангори рангда, турли расмлар туширилган бўларди. Улар хитойникими ё русларникимиди, билмайман. Анча йиллар мобайнида мен бунақа чиройли нарсаларни бировларникида кўрмаганман. Янги уйга кўчганимизда эса, икки хонага шиша қандиллар осилди, битта хонага ўша “абажур” илинган эди. Онам ҳашаматни яхши кўрадиган, бойлик, мол-мулк кетидан қувадиган бўлмаганлар. Унақаларга яқин ҳам келмасдилар. Аммо ўзбекчиликда икки қиз узатиши керак бўлган, уч ўғилни уйлантириш зиммасида бўлган оилалар қилиши лозим бўлган ишларни қилиб қўярдилар.
“Одамларга яхши яшашни ман қилиб бўлмайди”, дейди руслар. Буларнинг ҳаммаси онам учун жуда ҳам оғир бўлган. Бугун менинг тасаввурим етмайдиган қанчадан-қанча нарсалардан кечиб, ўзларига раво кўрмаган не-не неъматлардан тежалган маблағлар эвазига шунча ишни амалга ошира олганлар. Тан олиш керак, оила бошлиғи бўлган қанчадан-қанча эркаклар бугунгидай имкониятлар тўлиб-тошиб ётган замонда ҳам эплолмаётган ишларни бунёд қила олганлар. Ҳар қанча машаққатли бўлса ҳам уддасидан чиққанлар. Ўғил-қизларни тўғри бошқара олганлар. Ҳаммамизни ишга сола билганлар.
Саид Аҳмад Фармонбиби уйидаги молиявий муносабатларни осмондан олиб ёзмаган. Гарчи комедия кўринишида, ҳажв ракурсидан кўрсатган бўлса ҳам, бу аксарият уйларда мавжуд бўлган ҳол эди. Ҳаммамиз стипендиямизгача олиб келиб онамга тутқазардик. Бошқа қаердандир келиб қолиши мумкин бўлган пуллар ҳам онамга келиб тегарди. Масалан, Рустам акамлар Политехника институти ва олий таълим вазирлигининг терма жамоаларида футбол ўйнардилар. Мана шу ўйинлари учун мукофот сифатида берилган рағбат пулларини ҳам онамга берардилар. Радио ё телестудиядан менга ёзилган гонорарларим, гоҳи-гоҳида маҳалла-кўй, танишларнинг тўйларидан берилган пулларни мен ҳам онам қўлларига топширардим. Ойлик маошларку, бутунисича олиб келиб бериларди. Ва ҳаммамиз ҳам шундай қилардик, шунга ўрганган эдик. Эркин тоғам “Жиян, қанча гонорар олдинг, бу ой? Биттаю-битта тоғанггаям узатиб тур” деб ҳазиллашардилар. Албатта, онам айтган бўлсалар керакда…
Мен мана шундай онам борлигидан, унинг саъйи-ҳаракати билан амалга оширилган чиройли, озода, замонавий уйларда яшаганим, эсимни таниганимдан уйимизда телевизор, радио, магнитола бўлгани, жавонларда китобларимиз бор бўлганидан ўзимни жуда бахтли ҳисоблайман. Майли, отасиз ўсгандирман, аммо онам бизни ҳечам ўкситмаганлар, оч қолдирмаганлар, бировга қарам қилмаганлар.
Қанчалик оғир турмуш бўлмасин, қўлларига супурги олиб идораларда фаррошлик қилмадилар… Беллари, оёқлари оғриб, юриш қийинлашиб қолган пайтларда ҳам ҳасса тутмадилар! Оила рўзғори, фарзанд улғайтириш мақсадида қилинган ҳар қандай ҳалол меҳнат албатта қадрланади ва мен буни яхши тушунаман. Аммо онам фақат пул топиб келиш эмас, эртага эл ичида бош кўтариб юрадиган фарзандлари обрўси, мақоми, нуфузигача ўйлаганлари аниқ.
Каъбам онам, доно онам, фариштам онам… Қандай сўзлар билан улуғласам ҳам муносибим онам. Мен сиздан қанчалар миннатдор эканим балки сизга аёндир? Илло, қалбимдаги эҳтиромимни энг аввало ҳар нарсани билгувчи ва кўргувчи Оллоҳим, қолаверса буюк бандалари бўлмиш фаришталар биладиларку! “Латифул хобир!”Улар билганларидан шояд руҳингиз манфаатланиб турган бўлса! Зотан, таълимотимизда “савоблар етиб туради” деб ўргатиладику! Мана шу ҳақиқатлар мезонидан қаралганда мендан бахтли ўғил бормикин, деб ўйлайман, Она.

1 week ago

Номозшом атлас ёки…

Ҳаммага маълумки, ўзи чиройли одамларга ҳамма нарса ярашаверади. Чунки уларнинг нафақат ташқи кўринишлари, балки қалблари ҳам гўзал бўлади. Тўғри, “ҳар доим ҳам эмас, шунақа чиройлилар борки, уларнинг қилган ишларидан қалблари ҳам гўзал десангиз, янглишасиз”, дегувчиларга мен ҳам қўшилишаман. Аммо бунақалари кам, лекин учрайди. Табиатан чиройли одамларнинг гаплари ҳам, қилиқлари ҳам, ва айниқса, кийган либослари ҳам ярашаверади. Мутлақо бу фикрга қаршилар бўлса, атрофларига бир назар солиб кўришсин, деган бўлардим.
Менинг онам эса, айни шу таснифга лойиқ аёл эдилар. Кўп қисмларда айтиб ўтганимдек, онамнинг рўзғорлари жуда ҳам сипо бўлган. Беш боланинг ташвишидан орттириб кўпам орзу-ҳавасларига эрк беролмасдилар. Аммо керак, зарур бўлган нарсаларга имкон топар эдилар. Орттириб, емай-ичмай йиғиб, баъзи элга манзур бўладиган ўлчовларга мос тушадиган ҳаражатларга кўз юма олар эдилар. Масалан, ота қариндошлари бадавлат одамлар бўлгани важидан уларнинг йиғинларида иштирок этарканлар, ўша меҳмонлари орасида “ола қарға”бўлиб қолмаслик, уларнинг қуда-андалари, “нозик меҳмонлар”и кўз ўнгида уялтирмаслик учун чиройли кийимлар кийиб бориш ақлларига келарди. Ҳатто ўша қариндошларидан бири: Муҳаббат, жуда фаросатли аёлсанде, ҳашамларга чиройли, муносиб кийим кийиб келасан, деб миннатдор бўлиб айтган гапларини ҳам бизга гапириб берардилар. Бу ҳам тарбиянинг ўзига ҳос бир кўриниши деб биламан. Бу борада “Ўғлим, одамни уй ичида киядиган, меҳмон-изломга киядиган, кундалик иш-ўқишига киядиган ва “кишилик кийимлари” бўлиши керак. Ўшалар ҳар доим тоза, ювиб-таралган, дазмолланганича туриши керак. Ҳар хил ҳолатлар бўлади. Қиммат бўлиши шартмас, кўримли бўлса, бировларга малоли келмаса бўлди, деб ўргатардилар. Атайин гапирганлари ҳам яхши, қулоқдан кирган тарбия ҳам муҳим. Аммо мен болалигимданоқ уйда, онамда кўравериб шундоғам кўникма ҳосил қилиб бўлган эдим.
Онамнинг ўшанақа “ меҳмонга” киядиган кўйлакларини яхши кўрардим. “Сариқ атлас”, “Қора атлас”, “Крепдешин атлас”, “Помбархат” дегувчи газламалардан тиктирилган кўйлаклари ўзларига ярашиб тушган, қаерга борсалар ҳам, ўз мақомларига, атрофдагиларга ҳуш келадиган кийимлар эди. Газламаси олинса, Саломат бувим ўзлари тикиб берардилар. Кўйлак ярим пулига тушди, деяверинг.
Яқинда “Келинлар қўзғалони” спектаклини такрорлашди. Фармонбиби киядиган қора атлас эсингиздадир? У ер-бу ерида мош ранг тароғи ҳам бору, аммо асосан қора тароқ атлас кўйлак. Ана ўшандан онамларда ҳам бор эди. Лекин ҳаммасидан ҳам зўри сариқ атлас кўйлаклари эди.
Мен жуда кичкиналигимда, шўролар билан хитой ўртасидаги турли алоқалар яхшиланган бир даврда хитойнинг кўплаб кийим- кечаклари келтирилган эди. Ўшалардан бири тўқ ҳаво рангдаги астарли, трикотаж камзул бўлиб, елка ва чўнтак қисмларида бўрттириб тикилган нақшин гуллари бор эди. Бошқаларда тўқ яшил, тўқ қизил ранглардагиси ҳам бўлар эди. Саломат ойим билан онам бир хил қилиб ҳаво рангли ўша камзулдан кийишган эди. Онамни ўша кийимларда кўрсангиз эди - ҳақиқий оқсуяк хоним дердингиз. Ҳааа, дунё бир тарзда турмайди, кечаги ночорлар бугун қасрлар қуриб яшашмоқда. Ёки аксинча, яқин қирқ-эллик йил илгари шаҳар сўраган, республикада машҳур бўлган бадавлат одамларнинг авлодлари бугун кира қилиб, ё фаррошлик қилиб юришганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ва бу ҳаётнинг ибратланарли томонларидан. Мен ҳозир асло кимларнидир камситмоқчи эмасман. Илло, ҳар нарса Яратганнинг иродаси билан содир бўларкан, мен нима иддао қила олардим!
Онамнинг додалари Саидрасул “ўрис” лақаби билан шаҳарда машҳур бўлган давлатмандлардан бўлган эканлар. Пўрим кийинишлари, ўша замоннинг олди либосларидан саналган ҳарбийча китель, галифе шим, ярақлаган хром этик кийиб юрганлари учун шунақа лақаб қўйишгандир. Уларнинг оталари, Саломат бувимнинг Рихси додаларининг бир неча балиқ дўконлари бўлиб, Осимбой балиқчининг ягона ўғиллари бўлган эканлар. Аммо замонлар ўтиб, шўролар даврида кўп нарса давлат томонидан олиб қўйилгандан сўнг, эл қатори кун кечиришга мажбур бўлишган экан. Қаршилик кўрсатувчилар эса турли ўлкаларга сургун қилинган ёки ўзлари чет элларга чиқиб кетишган.

1 week, 1 day ago

БИР ҚАДАМ

Шавқ ила қўйдим ҳаётга бир қадам,
Билдим, иккинчи қадам эрмиш адам.

Дилни бир дилбарга топширдим шу он,
Меҳрига кўнглим уйин этдим ҳарам.

Ёлбориб айдим, юзингдан ол ниқоб,
Мен дийдоринг кўрай бу субҳидам.

Айди: "Эй, нодон, эй, хоки ниҳод,
Айни маънидир сени Мажнун десам.

Чунки жонин тутмаса жононига,
Кимга бўлгай ёридан лутфу карам?"

Шул замон жонимга айдим: "Ёр учун,
Чиқ танимдан тўхтамай бир лаҳза ҳам!"

Чиқди руҳим дилбар истиқболига,
Кирди ерга, бўлди ғойиб бу танам.

Берди тин ошиққа ёр васлин уйи,
Ишқ элига бунда йўқ ранжу алам.

Топширинг дилни ҳақиқий ёрга,
Кетса жон, қилманг бу йўлда зарра ғам.

Алвидо, эй, ёру хешу ақрабо,
Ёд этинг Чустийни жамъи муҳтарам.

2 months, 2 weeks ago
Мавлоно Чустий ижоди
2 months, 2 weeks ago

САОДАТЛИ ЧАМАНДА

Саодатли чаманда сайр этарман, бахтли ёрим бор,
Бу гулшан булбулидирман, қизил гулдек нигорим бор.

Тилимда васфи гулзорим, тиниқ қалбимда ашъорим,
Қўлимда сози сеторим, макони лолазорим бор.

Ватан ишқида ижодим тараққий куйини куйлар,
Бу оҳангимда халқим яшнатур машқи баҳорим бор.

Чаман озодидирман, ҳамдамимдир аҳли нотиқлар,
Бериб қўл бирлашиб суҳбатда оғуши манирим бор.

Гўзал севгим билан аҳдим ҳаёт ичра бузилмайдир,
Муҳаббат мажлисинда ёр илан тузган қарорим бор.

Ҳамиша нур сочур офтоб, дилим равшан, мунаввардир,
Тамошойи чаман этмакка эркин ихтёрим бор.

Жаҳонда мақсадим бирлик, омонлик, марду майдонлик,
Азиз дўстлар билан Чустий, бу йўлда бахтиёрим бор.

2 months, 3 weeks ago

БЎЛА ҚОЛДИ

Ой қалби юзинг бирла мунаввар бўла қолди,
Ҳуснингга қуёш қайда баробар бўла қолди?!

Қоғаз, нетайин, етмади васфингни ёзишда,
Ер бирла фалак иккита дафтар бўла қолди.

Тол кўчатига меҳр ила ул кун назар этдинг,
Бўстонлар аро сарву санобар бўла қолди.

Кўрдим неча бор ҳар қадаминг мўъжизасини,
Тупроқлар ўпиб жилвали гавҳар бўла қолди.

Кўз элчисини йўллаб эдинг олам элига,
Бе жангу жадал қалби мусаххар бўла қолди.

Ишқинг йўлига солди етаклаб мени меҳринг,
Ёшликда қўлим ушлади, раҳбар бўла қолди.

Шаънингга ёзилган ғазалу неча мухаммас,
Тинчлик тўйининг базмида дилбар бўла қолди.

Саксонда жамолингни кўриб қайта ёшардим,
Иккинчи умр менга муяссар бўла қолди.

Чустий қалами таърифинг этганда, саболар
Зулфингни ёзиб эрди, муаттар бўла қолди.

Раҳбар-роҳбар, форс-тожик тилида йўл бошловчи демакдир.

5 months, 2 weeks ago

ОЙ РАВОҒИНГ УСТИДА

Айланур давлат қуши олтин тароғинг устида,
Не тароғким, қуш қаноти эрди боғинг устида.

Қошларинг учди қиёлаб, чарчади, роҳат учун
Ухлагандек бош қўйиб икки қабоғинг устида.

Дил қуши баднафслигидан туш кўриб айлар хаёл,
Дона термоқлик билан тўймас дудоғинг устида.

Қўнмасин деб айланур чоғидаги парвоналар,
Киприкинг сақлар мудом икки чароғинг устида.

Осмон бел боғлади Фарҳодлик даъво қилиб,
Сен яшаб ўсган диёринг бирла тоғинг устида.

Ҳар куни бир кўргали муштоқ ўлиб ҳуснинг--қуёш,
Чустий остонангда, ой заррин равоғинг устида.

We recommend to visit

Реклама👉: @reklamahaqida

Ikkinchi kanalimiz
👇👇👇
https://t.me/+DxCtjcVGjIpkMzQy


👇Мусиқа топувчи бот
@Taronabot

Video yuklovchi bot: @Tele_Save_Bot

Last updated 3 weeks, 1 day ago

✅ @Jahon_xabarlari расмий канали


⚡️Фақат тасдиқланган маълумотлар, энг сўнгги тезкор хабарлар ва долзарб янгиликлар!

Воқеа ва ходисага гувоҳ бўлдингизми 👀
бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз 👉 @Murojaatbor_bot

💰 Реклама учун @otash_media_uz

Last updated 1 week, 6 days ago

⭐️ Кун давомида каналимизда:

? Ўзбекистон ва Жахон янгиликлари
? Фақат янги мавзулар
⚡️ Тезкорлик
✅ Аниқлик ҳамда расмий хабарлар

Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз: ? @SaraXabar_Aloqabot

? Реклама: @Reklama_Xaqidaa

Last updated 2 months, 1 week ago