Мирзо Кенжабек ижодхонаси

Description
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, шайх ва шоир устоз Мирзо Кенжабек (Мирзо Аҳмад Хушназар Термизий)нинг ижодхонаси.

ЎЗАНДАН МАЪЛУМОТЛАР ОЛИНГАНДА МАНБА КЎРСАТИШ ЛОЗИМ!
Advertising
We recommend to visit

Канал Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмий-маънавий меросларини ўрганиш мақсадида мухлислар томонидан очилган.

Last updated 5 days, 4 hours ago

? Тошкентдаги ОРИГИНАЛ олди-сотди каналига ҳуш келибсиз!

?‍? Эълон бериш учун: @Toshkent_Uylari_agenti га мурожаат қилинг!

? Тошкентдаги кўплаб уйлар бизнинг каналимизда

? Тел: +99894-939-80-00

Last updated 10 months ago

Last updated 2 years, 11 months ago

1 month, 4 weeks ago

ФУЗУЛИЙ ҲИКМАТИ

Фузулий назмида жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатлари васфи

Буюк озарбайжон шоири, бутун туркий миллатнинг энг улуғ шоирларидан бўлган Муҳаммад Фузулий айтадилар:

Фузулий, дема етмак
манзили мақсуда мушкулдур,
Тутан домони шаръи
Аҳмади Мухтор етмазми?

“Эй Фузулий, мақсуд манзилига етиш мушкулдир, дема. Мақсад манзилига етиш учун сенга ҳазрати Аҳмади Мухтор, яъни жаноб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг шариати этагини тутмоқ кифоя қилмайдими?”

Дарҳақиқат, бу муборак шариат ва суннат этагини тутиш барча олий мақсадларга етиш учун кифоя қилади!..

Мирзо Кенжабек
("Ошиқи содиқ Фузулий"
мақоласидан)
@m_kenjabek |instagram | youtube

1 month, 4 weeks ago

**ОШИҚ ВА ОРИФ БОБОРАҲИМ МАШРАБ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ НАЗМИДА САЙЙИДИ КОИНОТ ВАСФИ

«ДИЛИ – ДАРЁИ РАББОНИЙ...»

Назар қилдимки меърожи, нубувватдин топиб тожи,
Бирав олим, бирав ҳожи, ўшандоғ баъзи азвожи,
Бўлуб тўфон, чу маввожи, бу ашё жумла торожи,

Нубувват бобида сарвар, бу йўлда Шайхи пайғамбар,
Оқизгон дийдадан гавҳар, очуб ҳар навъидан дафтар,
Ҳама илм олдида дарбар, бериб Жаброилга сад шаҳпар,
Они ҳукмида ҳафт кишвар, ҳама помондага раҳбар,
Жаҳон фарёдидин музтар, анинг овози сад маҳшар,
Ду олам оҳидин ахгар, тикуб ғам киштига лангар,
Каломи – ояти Акбар, уруб нафс бўйнига ханжар,

Дили – дарёйи Раббоний, оқузгон чашми гирёни,
Солиб оламга тўфони, муборак Аршни султони,
Кўнгил шаҳрини меҳмони, солиб ўнг йўлга гумрони,
Ҳамадин аъзам иймони, ҳамиша зиндадур жони,
Ўшандоғ подшони ғарқи тўфони бало кўрдум.**
Шоир учинчи назмий оқим тўлқинларида коинотнинг сарвари – ҳазрати Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи ва салламнинг олий васфларини тизади, ул зотнинг Меърожга мушарраф бўлганлари, нубувватдан тож топганлари, диллари дарёи Раббоний бўлган, кўнгил шаҳрининг меҳмони бўлган энг азиз пайғамбар зикрини буюк шавқ ва муҳаббат билан баён этади:

Солиб оламга тўфони, муборак Аршни султони,
Кўнгил шаҳрини меҳмони, солиб ўнг йўлга гумрони,
Ҳамадин аъзам иймони, ҳамиша зиндадур жони...

“Ҳамиша зиндадур жони...иборасининг шарҳи.

Ҳазрати Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” китобини таржима қилган ҳазрати Шайх Саййид Маҳмуд Торозий – Олтинхон Тўра “Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари ҳақида*”ги бобнинг изоҳида айтадилар: “Бу бобда келган ҳадисларни ҳаммасининг мазмуни шудирки, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган матрука мол садақадир, ворисларга тақсим этилмайди.

Аҳли суннат вал-жамоат уламолари бу масалада ҳаммалари иттифоқ қилганлар. Тамоми пайғамбарларнинг матрукалари (ўзларидан кейин қолдирган моллари) ҳам аксари уламолар наздларида шундайдир. Бунинг сабабларидан бири шуки,пайғамбарлар қабрларида тирикдирлар. Тирикнинг моли тақсим қилинмайди, аёли ҳам бошқага никоҳ қилинмайди”.

“Руҳул-баён” китоби муллифи ҳазрати Исмоъил Ҳаққий Бурсавий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Ҳадиси шарифда айтилади:

«Менга салом берган ҳар бир мусулмон банданинг саломига алик олмоғим учун Аллоҳ таоло руҳимни менга қайтаради” (Имом Байҳақий, «Шуъабул-иймон”; Имом Абу Довуд, қаранг: «Ал-фатҳул-кабир”, 3/103).

Бу ҳадиси шарифдан чиқадиган хулосага кўра, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барзах оламида ҳаётдирлар. Чунки кечами, кундузми, доим ул зотга салом бериб турадиган бирор киши топилади” (“Руҳул-баён”, 6-жилд, 479-саҳифа).*

Банд сўнггида ҳазрати Машраб шундай олий васфларга соҳиб бўлган энг азиз пайғамбар ҳам бало тўфонлари, яъни Аллоҳнинг имтиҳонлари долғаларидан холи эмасликларини самимий ҳамдардлик билан ёд этади:

Ўшандоғ подшони ғарқи тўфони бало кўрдум.

УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК,
"Ошиқ Машраб ва тасаввуф олами" китобидан.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ ?☘️? ❀ •┈┈•

2 months ago

ШОҲ ВА ШОИР ЗАҲИРУДДИН МУҲАММАД БОБУР НАЗМИДА САЙЙИДИ КОИНОТ ВАСФИ

ИШОРАТ МЕЪРОЖ СИФАТИҒА
(Меърож сифатининг баёни)
(давоми)

Ҳамроҳи ожиз ўлди бормоқтин,
Эмас эрди бу ажз ҳормоқтин.

У зотнинг ҳамроҳи (ҳазрати Жаброил алайҳиссалом Сидратул-мунтаҳога етганларида) ундан нарёққа боришдан ожиз бўлдилар (ва ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломни бошқа илоҳий вакиллар олиб кетдилар), бу ожизлик асло чарчашдан эмас эди (балки, Сидратул-мунтаҳо моддий оламнинг сўнгги нуқтаси, ундан нарёғи Аллоҳнинг ғайб олами бўлиб, Жаброил алайҳиссалом учун рухсат йўқ эди.)

ИЗОҲ. Аллоҳ таъоло Қуръонда айтади; оят маъноси: “Қасамки, уни(Жаброилни) бошқа бир карра (меърождан қайтишда) Сидраи мунтаҳо (еттинчи осмон) ёнида кўрди” (53/Нажм сураси 13-14-оятлар).
(Номи келган Сидратул-мунтаҳо – охирги дарахт, тугаш дарахти дегани бўлиб, моддий оламнинг ва уларга оид илмнинг сўнгги нуқтасидир. Ундан нарёғи Аллоҳнинг ғайб оламидир.)

Кўргуликларни бордию кўрди,
Эшитур сўзини Ҳақ эшиттурди.
Уйғоқ эрдию Ҳақ бу лутф этти,
Ҳеч ким етмаганга ул етти.
Келди андин чу завқ бирла бери,
Совумайдур эди ҳануз ери.

Сўнг (ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссалом) бориб, кўриладиган нарсаларни, буюк аломатларни (мислсиз ажойиботларни, илоҳий сирларни) кўрдилар ва шунда (у зотга тегишли) эшитадиган сўзларини Ҳақ таъоло айтиб эшиттирди. Бу меърож воқеасида (ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссалом) уйғоқ эдилар (ва жисму жонлари билан бордилар), Аллоҳ таъоло лутф қилди – илтифот кўрсатди, ҳеч ким етмаган манзил ва мақомга (даража ва мартабага) у зот етдилар.
Меърождан сўнгсиз завқу шавқ билан қайтиб келганларида, ҳали ётган жойлари совумаган (ва эшикнинг ҳалқаси ҳам қимирлаб турар) эди.
Шак бу ишта кечурма кунлунгда,
Фикри фосид эвурма кўнглунгда.
Борча Тенгри қошида осондур,
Қудрат олдида ақл ҳайрондур.

(Эй инсон!) Кўнглингда бу иш ҳақида шак-шубҳа кечирма, яна кўнглингда фосид-бузуқ фикрни айлантирма. Аллоҳ таъолонинг наздида ҳамма нарса осондир, илоҳий қудрат олдида ақл ҳайрондир.

ИЗОҲ. Ҳазрати Ибн Аббос ва ҳазрати Абу Ҳаййа ал-Ансорий ривоят қиладилар: Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кейин (Жаброил алайҳиссалом) мени шунчалик юксакликка олиб чиқдиларки, ҳатто, ўша жойда (Аллоҳ таъолонинг амр-фармонларини) ёзаётган қаламларнинг шарпаларини эшитдим” (“Саҳиҳи Бухорий”, 349, 3342).
Аллоҳ таъоло меърожда аввал эллик вақт намозни фарз қилди. Кейин уни беш вақт намозга туширди! Лекин савоби эллик вақт намоз савобига тенгдир! (Қаранг “Саҳиҳи Бухорий”, 349, 3342).
“Кўргуликларни бордию кўрди, Эшитур сўзини Ҳақ эшиттурди” деган сатрлар ушбу ояти карималарга ишорадир (маъноси):
«Шу аснода (Аллоҳ) ваҳй этган нарсани (Жаброил орқали) бандасига ваҳй қилди» (53/Нажм сураси, 10-оят). «Қасамки, у Раббининг энг буюк оят-аломатларидан (далилларидан) бир қисмини кўрди» (53/Нажм сураси, 18-оят).

«МУБАЙЯН» ШАРҲИ
*(Заҳируддин Муҳаммад
Бобур хазиналари) асаридан

УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК*

@m_kenjabek
┈┈• ❀ ?☘️? ❀ •┈┈•

2 months ago

ШОҲ ВА ШОИР ЗАҲИРУДДИН МУҲАММАД БОБУР НАЗМИДА САЙЙИДИ КОИНОТ ВАСФИ

ИШОРАТ АНБИЁНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИҒА ВА
ҲАЗРАТИ МУҲАММАДНИНГ АФЗАЛЛИҒИҒА
АЛАЙҲИМУС-САЛОМ

(Пайғамбарлар алайҳимус-саломнинг
фазилатлари ва ҳазрати Муҳаммаднинг
(соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
афзалликлари ҳақида)

Анбиё – Тенгри танлағонлардур,
Барча эл – тан, бу хайл – жонлардур.
Бордурур борча элга фазллари,
Хоҳ бўлсин фаришта, хоҳ парий.
Борчанинг афзали Муҳаммаддур,
Борчанинг акмали Муҳаммаддур.

Пайғамбарлар Аллоҳ таъоло танлаган зотлардир, барча халқ тан бўлса, бу жамоа жонлардир.
Хоҳ фаришталар, хоҳ жинлар (хоҳ инсонлар) халқи бўлсин, у пайғамбарларнинг барча халқдан афзалликлари – устунликлари бор.
Барчасининг афзали ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар, барчасининг акмали – энг мукаммали ҳам ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Борчанинг фазлини йиғиштурсанг,
Бир кишида борин сиғиштурсанг,
Фазли Аҳмад*ча бўлмағай ул ҳам,
Бўлғай Аҳмад фазилатидин кам.

Барчаларининг фазилатини йиғиштириб, бир инсонда жамласанг, бу ҳам ҳазрати Аҳмад (яъни, ҳазрати Муҳаммад) алайҳиссаломнинг фазилатича бўла олмайди, барча-барчасининг фазилати ҳазрати Аҳмад алайҳиссаломнинг фазилатларидан кам бўлади.

ИЗОҲ. Аҳмад Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Инжилда келган номларидир. Қуръондан далил (оят маъноси): “Ёд этинг, Ийсо ибни Марям: «Эй Бани Исроил! Шубҳасиз, мен Аллоҳнинг сизларга юборган Расулиман. Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқ этувчи ва мендан кейин келадиган – Аҳмад исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлиб келдим», – деган эди” (61/ Сафф сураси, 6-оят).*

(давоми бор)

«МУБАЙЯН» ШАРҲИ
*(Заҳируддин Муҳаммад
Бобур хазиналари) асаридан

УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК*

@m_kenjabek
┈┈• ❀ ?☘️? ❀ •┈┈•

2 months ago

**ҲАЗРАТИ МИР АЛИШЕР НАВОИЙ НАЗМИДА САЙЙИДИ КОИНОТ ВАСФИ

«МАГАР РАСУЛ
АЛАЙҲИССАЛОМ
ҚИЛДИ ҲАДИС...»

«Ҳадис» радифли
биринчи ғазал шарҳи

(давоми)

7. Улусни тутти Навоий
сўзи анинг бирла,
Магар Расул алайҳиссалом
қилди ҳадис.

“Навоийнинг сўзи бутун халққа ёйилди, эл-юрт эътиборини қозонди. Сабаб, магар ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳадис айтдилар, шоир ундан ҳикмат терди”.

Яъни, Навоий сўзи ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шарофатлари билан элга манзур бўлди. Ҳазрат Навоий ғазалларида ҳадисларнинг маъноларини жойлаб, мавъиза бўлгулик байтларни битдилар. Чунончи, ўзлари “Хазоин ул-маъоний” девони дебочасида айтадилар:

“Ҳолбуки, маърифатомиз бир ғазал топилмайдиган девон ва мавъизатангиз бир байти бўлмаган ғазал бўлмаслиги керак. Бусиз бир девон битилса, аслида кўп беҳуда заҳмат чекилган ва зоеъ машаққат тортилган бўлади”.

Шу сабабдан Навоий ҳамд, наът ва мавъизадан ташқари, токи соҳиби девоннинг меҳнати ва ғазалхоннинг вақти зоеъ кетмасин деб, ҳар бир ғазалда биттадан-иккитадан насиҳаторо ва мавъизаосо байт киритиб кетганлар.

Бу неъмат устига яна неъмат бўлиб, қирқ ҳадис маъносини рубоъийларга жойлаб, “Арбаъийн” ҳам тузганлар.

Агар пок назар билан қарасак, қўлланган мажозлар ҳақиқат эканини англаймиз. Чунончи, Навоий ёзадилар:
«Ким назар пок айлагач, айни ҳақиқатдур мажоз...».

Устоз Мирзо Кенжабек
(“Навоий муҳаббати”
китобидан)
2001 йил, апрель.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ ?☘️? ❀ •┈┈•

2 months ago

ҲАЗРАТИ УВАЙС ҚАРАНИЙ ҲИКМАТЛАРИ

Мен юксакликни қидирдим, уни тавозуъда топдим. Раислик қидирдим, уни халқ насиҳатида топдим. Мурувватни қидирдим, уни сидқ, ростлик, тўғриликда топдим. Фахрни қидирдим, уни фақрда топдим. Нисбат - устунликни қидирдим, уни тақвода топдим. Шарафни қидирдим, уни қаноатда топдим. Роҳат қидирдим, уни зуҳдда топдим.

Ётганингда ўлимни ёстиғинг остида деб бил ва турганингда ҳамиша кўз олдингда тут. Гуноҳнинг кичиклигига қараб, бепарво бўлма, Ул Зотнинг буюклигига боқгилки, гуноҳ ила унга осий бўлурсен! Агар гуноҳни кичик кўриб, бепарво бўлсанг, Аллоҳ таъолони улуғ кўрмай, бепарво бўлган бўлурсен!

Ҳар бир намозда, сўнгги ташаҳҳудда: «Аллоҳуммағфир лил-муъминина вал-муъминот» (яъни, «Аллоҳим, барча мўъмину мўъминаларни мағфират қил!» - деб дуо қилурмиз. Агар сизлар қабрга иймонларингизни саломат элтсангизлар, бул дуо ўзи сизларни топгайдир!

«Илоҳо! Бу муборак хирқани суюкли Пайғамбаринг мен ожиз бандангга бериб юборибдилар. Ҳазрати Расулуллоҳниннг бутун умматини мағфират қилмагунингча, бу муборак хирқани киймайман!»

ҲИКМАТ ХАЗИНАСИ” китобидан
Мусанниф Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК

@m_kenjabek
┈┈• ❀ ?☘️? ❀ •┈┈•

2 months, 1 week ago

**ҲАЗРАТИ МИР АЛИШЕР НАВОИЙ НАЗМИДА САЙЙИДИ КОИНОТ ВАСФИ

«МАГАР РАСУЛ
АЛАЙҲИССАЛОМ
ҚИЛДИ ҲАДИС...»

«Ҳадис» радифли
биринчи ғазал шарҳи

(давоми)

  1. Масиҳ дам ура олмас
    анга ъуруж туни,
    Магар бизнинг маҳи
    улвий хиром қилди ҳадис.

    “Бизнинг олий юришлар қилгувчи Моҳимиз (алайҳиссалом) осмонларга кўтарилган тунда, ъуруж туни, яъни Меърож кечасида ўз нафаслари билан ўликларни тирилтирувчи ҳазрати Исо Масиҳ алайҳиссаломдек зот ҳам дам ура олмайдилар. Чунки бу кечада (ёки бу Меърож туни ҳақида) бизнинг олий юришлар қилгувчи моҳимиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис қилдилар, Аллоҳ билан сўзлашдилар”.

Меърож воқеасини уламолар уч қисмга бўлишган:
1. Ҳазрати Пайғамбаримизнинг фаришта Жаброил алайҳиссалом ҳамроҳлигида, Буроқ номли учқур отда Маккаи мукаррамадаги Масжиди Ҳаромдан Қуддус шаҳридаги Масжид ал-Ақсога боришлари ва унда барча пайғамбарларга имом бўлиб, икки ракат намоз ўқиб берганлари. Бу воқеа Қуръони каримнинг Исро сураси, 1-ояти билан собитдир.
2. Қуддусдан осмонлар оламига кўтарилиб, Аллоҳ таоло билан ҳақиқитан сўзлашганлари. Бу воқеа «Саҳиҳи Бухорий» ва бошқа барча улуғ муҳаддисларнинг китобларида баён қилинган саҳиҳ ҳадислар билан собитдир.
3. Меърождан қайтиш воқеаси: бунда ҳам ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп ажойиб сирларга мазҳар бўлганлар.

Бу ъуруж кечасида ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмон қаватларида ҳазрати Одам алайҳиссалом, ҳазрати Идрис, ҳазрати Мусо, ҳазрати Ийсо, ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломларни кўрганлар.

Ҳазрати Одам алайҳиссалом биринчи осмонда бўлиб, ўнг томонга қарасалар, куладилар, чап томонга қарасалар, йиғлайдилар. Чунки ўнг томонда жаннатий бўладиган фарзандларининг руҳи, чап томонда эса дўзахий бўладиган фарзандларининг руҳи мавжуддир.

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом олтинчи осмонда бўлиб, Уммати Муҳаммадга салом йўлладилар. Ва у зотнинг саломига жавобан барча мўъминлар ҳар намозда у зотга салоту салом айтадилар. Ҳазрати Ийсо алайҳиссалом жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Хуш келибсиз, яхши биродар, яхши Пайғамбар!» деб хитоб қилганлар.
«Дам ура олмас» ибораси бу ўрнида севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ато этилган мўъжизанинг тенгсизлиги, Меърож кечасининг қадр-қиммати ва беҳад улуғ икром эканлигини таъкидлаш учундир.

(давоми бор)

Мирзо КЕНЖАБЕК
(“Навоий муҳаббати”
китобидан)

@m_kenjabek
┈┈• ❀ ?☘️? ❀ •┈┈•

2 months, 1 week ago

**Маърифат гулшани

«МАГАР РАСУЛ
АЛАЙҲИССАЛОМ
ҚИЛДИ ҲАДИС...»**

«Ҳадис» радифли
биринчи ғазал шарҳи

Ҳазрат Навоийнинг “ҳадис” радифли ғазалида «ҳадис» истилоҳи уч маънода қўлланган:
1) Ҳадиси шариф, яъни севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзлари, феъллари тақрирлари – бирор масала устида кўрсатган тўхтамлари;
2) Илоҳий калом, хабар, яъни муқаддас Қуръони карим;
3) умуман, сўз, гап, лафз, баён, нутқ маъноларида.
«Ҳадис» сўзи бундан ташқари яна воқеа, ҳодиса, қисса, ҳикоя, хабар, нақл маъноларида келади, Қуръони каримдаги баъзи оятлар бунга далилдир.

Биринчи байтда, ҳақиқатан, ҳазрати Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак васфлари баён қилинган. Мажоз билан ифодаланган сатрлар охирги байтда ҳақиқат тариқида тамом бўлади.

1.Қачонки ул бути ширин
калом қилди ҳадис,
Хавоси шарбати «йуҳйил-
ъизом» қилди ҳадис.

“Ул ширин сўзли зот ҳадис айтган, яъни сўзлаган чоғда, тингловчиларни «йуҳйил-ъизом» шарбатига, яъни ўликларни қайта тирилтирувчи (илоҳий калом) шарбатига дўст қилиб, бу шарбатнинг хосларидан, яқинларидан қилиб қўйди”.
«Хавос» - хослар, улуғлар, подшоҳнинг яқинлари, хос кишилари маъносида келади.

«Йуҳйил-ъизом» ибораси Қуръони каримнинг «Ёсин» сураси, 78-79-оятлариадан олинган: «Қола: май-йуҳйил ъизома ва ҳийа рамим...» Ўзининг илк яратилишини унутиб қўйган иймонсиз инсон: «Чириган суякларни ким ҳам тирилтира олади?» дейди. Шунда Аллоҳ Ўз Расулига хитоб қилиб: «Айтинг: у (чириган суяк)ларни илк марта яратган Зотнинг Ўзи қайта тирилтиради!...» – деб марҳамат этади.

Ҳазрат Навоий «йуҳйил-ъизом» ибораси орқали ана шу оятларга ишорат қилиб, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўз айтган чоғда у зотнинг ҳадиси ўликларни қайта тирилтирувчи Илоҳий калом шарбатига инсонларни ошно қилиб, бу шарбатнинг хосларидан, шайдоларидан, яқинларидан қилиб қўяди, демоқдалар.
«Бути ширин калом» – бир мажоз.

«Шарбат» – тасаввуфда илоҳий файз, илоҳий муҳаббат, ишқ шароби маъноларида қўлланади. Демак, байтдан “ҳадис ўликни тирилтирувчи файзи илоҳийга, илоҳий муҳаббатга инсонни ошно қилади”, деган маъно чиқади.

Ҳазрати Имом Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадийя” китобларида ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг набиралари ҳазрати Иброҳим ибн Муҳаммаддан баён қилинади: «Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу қачон жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васфларини баён қилсалар, дер эдилар: «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ...ҳаммадан зиёда сахий диллик зот эдилар; ҳаммадан зиёда рост сўзлагувчи, мулойим табиатли ва хонадонлари шарафли бир зот эдилар. Кимики жанобни бирдан кўриб қолса, ҳайбатлари босар эди, кимики яхши таниб, суҳбатларига мушарраф бўлса, дийдорларига ва суҳбатларига ошиқ бўлиб қолар эди. У зотни мадҳ қилувчилар: «Мен бу жанобга ўхшаган зотни ўзларидан аввал ҳам, ўзларидан кейин ҳам ҳеч кўрмаганман», дер эди».

Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК
(“Навоий муҳаббати”
китобидан
.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ ?☘️? ❀ •┈┈•

2 months, 1 week ago

**ҲАЗРАТИ МИР АЛИШЕР НАВОИЙ НАЗМИДА САЙЙИДИ КОИНОТ ВАСФИ

Қачонки ул бути
ширин калом қилди ҳадис,
Хавоси шарбати «йухйил-ъизом»
қилди ҳадис.

Масиҳ дам ура олмас,
анга уруж туни,
Магар бизинг маҳи улвий
хиром қилди ҳадис.

Қаёнки ёзди ҳадис,
ўлди сайд эл, гўё
Нуқтани дона, хутутини
дом қилди ҳадис.

Лабидин айру тушиб
сўг учун, китобатдин,
Не тонг, либосин агар
мушкфом қилди ҳадис.

Чибинни шаҳд нечукким
йиғар, такаллумдин
Рамидаларниж нафас ичра
ром қилди ҳадис.

Зиҳи такаллуми мўъжизнизомким – келгач,
Араб фасиҳларига
ҳаром қилди ҳадис.

Улусни тутти Навоий
сўзи анинг бирла,
Магар Расул алайҳиссалом
қилди ҳадис.@m_kenjabek
┈┈• ❀
?*☘️*? ❀ •┈┈•

2 months, 2 weeks ago

РАСУЛУЛЛОҲ

Муаллиф: Мирзо Кенжабек.
Ҳофиз Муҳаммад Маъруф ўқиди.
@m_kenjabek | @xojagon_uz

We recommend to visit

Канал Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмий-маънавий меросларини ўрганиш мақсадида мухлислар томонидан очилган.

Last updated 5 days, 4 hours ago

? Тошкентдаги ОРИГИНАЛ олди-сотди каналига ҳуш келибсиз!

?‍? Эълон бериш учун: @Toshkent_Uylari_agenti га мурожаат қилинг!

? Тошкентдаги кўплаб уйлар бизнинг каналимизда

? Тел: +99894-939-80-00

Last updated 10 months ago

Last updated 2 years, 11 months ago