?КАТТАЛАР УЧУН!
?? ТВ-да кўрсатмайдиган ва халқга айтилмайдиган махфий янгиликларни ёритиб борамиз!
Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз:? @SaraXabar_Aloqabot
Реклама: @SaraXabarda_reklama
Last updated 2 weeks, 3 days ago
??♂️ "ХОКИМ БУВА" нинг телеграмдаги расмий сахифаси шу, қолганлари фейк!
? КАТТАЛАР УЧУН!
‼️ Воқеа ёки ҳодисанинг гувоҳи бўлдингизми?
Унда бизга юборинг: @hokimbuva_murojaatbot
? Реклама: @Xokimbuvareklama
Last updated 1 month, 1 week ago
?? КАТТАЛАР УЧУН!
? Ўзбекистон ва Жаҳондаги муҳим воқеалар, энг тезкор ва махфий хабарлар!
Yaxshi Yomon - Бизни кузатиб боринг...
Воқеа ва ҳодисага гувоҳ бўлдингизми бизга юборинг: @YaxshiYomon_Bot
☎️ Реклама: @YaxshiYomonda_Reklama
Last updated 1 month ago
2-қисмнинг 2-қисми 😅
Техбролардан ташқари "подкаст бро" ва "криптобро"лар ҳам бор. Булар ҳақида қанча гапирса шунча оз, албатта. Аммо сизларни турли атамалар билан етарлича қийнаб қўйдим. Шу сабаб булар ҳақида кўп гапирмайман. Шунчаки мисол келтираман. Подкаст броларга энг зўр мисоллар Жо Роган ва Лекс Фридман, деса бўлади. Фридман ё Ҳуберманга ўхшаганларини жиддий қабул қилиш мумкин, чунки ҳеч бўлмаганда дипломи бор, дерсиз. Аммо охирги пайтлар буларнинг яхши куч эканига жиддий шубҳам бор.
Криптобролар ҳақида эса умуман ҳеч нарса демайман. Уларнинг иши—лохларни кўпайтириш. Чунки крипто деган нарса лохлар кўплиги устига қурилган пуфакдан бошқа нарса эмас (криптога пулини тикиб қўйган ҳейтерлар келиб қолса ҳайрон қолмайман 😅).
Диққатимизга арзимас броларнинг яна бир тури бор—сексист, мизогинист, фашист бролар. Тейт дегани бор, эшитгандирсизлар. Бошқа гапирмаганим яхши бундай қаланғи-қасанғилар ҳақида.
Хуллас, бундай броларнинг тури, сони кўп. Улар чиройли гапиради. Ота меҳрини билмасдан, аёлларни ҳурмат қилмасдан катта бўлаётган ўспириннинг ғурурини қитиқлаш йўлларини яхши билади. Таъсирчан ўғил болани дунёга қарши қўя олади. "Қара, аёллар кучайиб кетди, сени менсимай қўйди, сенга бўйсунмай қўйди, ваҳоланки момонг бобонгга қуллик қилган!" қабилидаги гаплар билан уларни аёлларга, катталарга, жамиятга қарши қўяди.
Бролар устидан кулиш мумкин. Уларни менсимаслик мумкин. Афсус ва надоматлар бўлсинки, биз яшаётган замонда броларни умуман диққатсиз қолдириш имконсиз. Чунки бизнинг замонимиз—бролар замони. Маск бро Твиттерни сотволиб, икки йилда жамиятнинг чиқиндихонасига айлантириб улгурди. Қолган техбролар унга тақлид қилиб, Трампнинг узугини ўпишмоқда. Трамп президент бўлиши ортида ҳам бролар турибди.
Турли броларнинг охирги, бошқаларига ўхшамас тури ҳам бор. Интеллектуал бро деса бўлар буни. Бунга энг ажойиб мисол: психолог ва профессор Жордан Питерсон.
Питерсон бир вақтлар кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган олим эди. Олим бўлгандаям, унча-мунча олим эришолмайдиган чўққиларга эришган олим. Маърузаларига билет топиб бўлмасди—катта концерт залларини тўлдирарди. Нотиқлик санъатига қойил қолмаслик иложсиз—саҳнада кўз ёш тўкиб гапиради. Қизиғи, замонамиз эркакларининг юрагига етиб борадиган муаммоларни ажойиб ҳис қиладиган нотиқ, олим. Уни эшитиб, гапларига қулоқ бермаслик қийин.
Аммо Питерсон ҳам сотилди. Пулга сотилдими, шонгами, билмадим. Ё азалдан сотилиб бўлиб, мақсадига эришиш учун "ҳурматли домла" бўлиб юрганми—билмадим. Буларнинг бари менга қоронғу. Аммо олим сифатида ҳурматга лойиқ бўлган Питерсон ҳам трампбролар сафига қўшилди.
Булар бари бирлашиб, ўғилларимизни, йигитларни йўлдан уришмоқда. Албатта, буларнинг ортида бошқаларнинг пешона тери ҳисобига маблағини оширадиган шафқатсиз венчур капитал ётади.
Буларга қарши қандай курашиш мумкин, дерсиз? Жавобим оддий—ўғилларимизга тарбия беришимиз лозим. Уларга бизни ва ота-боболаримизни одам қилиб келган ҳислат ва қадриятларни ўргатишимиз лозим: ҳурмат, меҳнат, эътибор. Ҳурмат бўлгандаям, қаердаги Питерсонга ўхшаш ширинсўз демагогга эмас, бутун инсониятга ҳурмат. Аёлларга ҳурмат. Айниқса аёлларга ҳурмат.
Қаердаги крипто ёки бошқа найранглар орқали эмас, ҳалол меҳнат орқали бойиш мумкинлигини тушуниб катта бўлишсин. Бошқа инсонларнинг меҳнатини қадрлашни ўрганишсин. Шунда ўғилларимизга ҳеч қандай броларнинг маслаҳати керак бўлмайди.
Дунёга нима бўлаяпти? 2-қисм: "Эркаклик инқирози"
Бу ёзувни бир Телеграм ёзуви узунлигига сиғдираман деб ўйлагандим, ундан узун бўлиб кетди. 2-қисмнинг ўзи икки қисмга чўзилиб кетди (иккинчи бўлакни бугун, бу ёзув пастида чоп қиляпман). Айбга буюрманглар. Мен учун муҳим мавзу бу. Мулоҳазаларингизни кутиб қоламан 😊
Туркумнинг биринчи, кириш қисмида бир нечта умумий муаммолар ҳақида гапиргандим. Бугун шуларнинг биттаси—шартли равишда "Эркаклик инқирози" деб номлаймиз—мисолида жиддийроқ муаммолардан баъзиларини кўриб чиқамиз.
Нега биз эркаклик инқирози ҳақида гапиряпмиз?
Биринчидан, эркакларнинг анъанавий ўрни ўзгариб бормоқда. Бу—табиий ҳол, тарихнинг янги босқичи. Тарихий сабаблари кўп, аммо энг муҳимларидан: охирги 100 йил ичида саноат ортда қолиб, анъанавий эркаклар қилиб келган, қора куч талаб қилган ишлар сони кескин камайиб кетди. Кўмир конлари, металлургия заводлари, деҳқончилик ё чорвачилик каби асосан эркакнинг кучига таянган ишлар аста-секин тарихда қолмоқда (гап асосан ривожланган жамиятлар ҳақида). Жамиятда аёлларнинг ўрни ортиб бормоқда.
Иккинчидан, саноат инқилоби даври (19-аср охиридан 20-аср ўрталаригача) анъанавий институтларнинг тагига сув қуйди, инсонларни асрлар давомида боғлаб келган ришталарни кучсизлаштирди. Мен энг яхши биладиган мисол—Япониядан гапирсам. 1945 йил ер билан бир бўлиб ётган Япония қандай қилиб 19 йил ичида Осиёдаги илк Олимпиадани қабул қиладиган даражада ўзини тиклади? Ақлга сиғмас меҳнат ва қурбонлар ҳисобига, албатта. 1955-1973 оралиғида Япония иқтисодиёти йилига ўртача 10% тезлик билан ривожланиб, 18 йил ичида икки бараварча ўсди. Бу жараён тарихга "Япон иқтисодий мўъжизаси" номи остида кирди. Каминангиз ҳали-ҳануз талабаларимга бу ҳақда маърузалар ўқийман.
Бу каби саноат ва тижорат ривожи ўз-ўзидан бўлмайди. "Иқтисодий мўъжиза" асоратларини ҳозирги давр Японияси тўлиқ ҳис қилмоқда. У давр отасини кўрмай ўсган болалар, боласини танимай яшаган, эрталаб 5 да чиқиб кетиб, кеч 9 да уйга кириб келган оталар даври бўлган. Бундан бошқа ижтимоий муаммолар талай бўлган. Азалдан инсонларни бир-бирига боғлаб турган ришталар кучсизлаша бориб, жамиятда бегоналик кучайган.
Учинчидан, тарих ва жамиятдаги ҳар қандай бўшлиқни тўлдирадиган кучлар етарли бўлади. 1980-2000 йилларда ўша Японияда отасиз ўсаётган ўғилнинг диққатини видеоўйинлар эгаллаганди. Яқин-яқингача "видеоўйинлар болаларга ёмон таъсир қилади, уларни тошбағир, ҳиссиз қилиб қўяди!" деган мақолаларни кўриш мумкин эди.
Аммо ҳозирда бундай мақолаларни учратмайсиз ҳисоб. Сабаби, олдинги ўспиринлар интернет кафега бориб бир соат ярим соат ўйин ўйнаб келган бўлса, ҳозирги ўспиринлар бундай нарсаларга ҳеч қандай чекловларсиз, уйдан чиқмасдан эриша олади. Олдин интернет кафега чиқиб, қолиб кетсак, онамиз қидириб қолади, деган ҳадик билан яшардик. Аммо ҳозирги ўсмирлар хонасига қулфланиб олиб хоҳ энг охирги видео ўйинни, ё бошқа ёмонроқ нарсаларни ҳам ота-онасининг хабарисиз бемалол кўра олади. Бу нарсаларнинг болалар руҳиятига ўтказаётган таъсири ҳақида АҚШлик психолог Жонатан Ҳайдт яқинда китоб ҳам чоп қилди (китоб ҳақида алоҳида ёзаман—унгача "Канада орзуси" номли ажойиб блог муаллифи Чаросхоннинг юқоридаги ёзувини ўқиб туринг).
Тўртинчидан, ва энг қўрқинчлиси—пул топиш иштиёқида, ё капиталистик тузумда амаллаб кун кечириш мақсадида ўғиллари тарбиясини ташлаб қўйган, "йўқолган" оталар ўрнини эгалловчи турли персонажлар кўпайди. Буларнинг ҳаммасини йиғма қилиб "бролар" деса бўлади (инглизча bro сўзидан). Бу бролар ҳақида сиз ҳам эшитгандирсиз. Биринчи навбатда, "техбролар"—Силикон ("Кремний" эмас!) водийсида ё "стартаплар" орқали, ё спекуляция қилиб "кўтарилган" крутой бролар. Илон Маск буларга энг яққол мисол. Техбролар кўпчилик ёшларнинг қаҳрамонларидир, чунки уларда ўспиринларга ёқадиган кўп нарса мужассам. Уларнинг кўпи ақлли, пулдор, қиммат машиналарда юради, чиройли қизларни ўзига жалб қилади вҳк. Масала ва жараёнлар моҳиятига чуқур киришни билмайдиган ёш бола бундайларга лаққа тушиши турган гап. Айниқса "стартапчи" бўлса.
Ҳусанов ва АПЛ
Абдуқодирнинг шанба кунги дебюти ҳақида ёзмаган бир мен қолдим шекилли 😅 Мен ҳам ўзимнинг беш чақалик фикримни ёзай 😂
Тўғри, Ҳусанов ўйиннинг бошидаёқ хатога йўл қўйди. Аммо бундай хатоларни пихини ёрган, 15 йиллик тажрибага эга катта ҳимоячилар ҳам қилиб туради. Мисол учун, Манчестерда яшайдиган яна бир катта ҳимоячи Ҳарри Магуайр пайшанба куни худди шундай хатога йўл қўйиб, дарвозасига гол урилишига сабаб бўлди.
Унинг устига, хатосидан кейин Абдуқодир шошиб қолмади, бошини эгмади. Кейинги хавфли вазиятда жамоадошини ва бутун жамоасини голдан сақлаб қолди. Бундан икки йил олдин Беларусда ўйнаб юрган йигит учун икки инглиз баҳайбат клуби ўртасидаги ўйин умуман олганда ёмон дебют бўлмади.
Тўғри, Абдуқодирнинг ҳар қадамини синчковлик билан кузатаётган, илоннинг ёғини ялаган инглиз футбол матбуоти, у ҳақдаги инглизча ҳар бир твитни изоҳсиз қолдирмаётган ватандошлар бу хатодан бир муддат жазавага тушишди. Аммо Англия премиер лигаси (АПЛ)ни кўп йиллардан бери кузатадиган бири сифатида шуни айта оламан—бу каби хатога ҳар қандай ўйинчи йўл қўйиши мумкин!
Чунки АПЛ—дунёдаги энг қийин лигадир. Бу масалада баҳс ё мунозара ноўрин. Ҳар йили икки клубдан бири чемпион бўладиган Испаниясиям, ҳар бир неча йилда коррупцион жанжаллар бўлиб турадиган Италиясиям етолмайди АПЛга.
(Пул сарфлаш бўйича текширувлар ва жанжаллар АПЛда ҳам бўляпти, аммо улар ҳақида Абдуқодирнинг ҳурмати ҳеч нарса демай турамиз 😅)
Бундай қийин лигага тез киришиб кетишнинг ўзи бўлмайди. Менман деган ўйинчилар биринчи ўйинларида қийналади, хатоларга йўл қўяди. Бошқа лигаларда рақибларини ер тишлатган афсонавий футболчилар АПЛга келиб, кўзи очилади. Тарихда мисоллар жуда кўп бунга.
Роналду деган феноменал ўйинчини олайлик. Ҳозирда етти ёшдан етмиш ёшгача футболнинг фсини тушунадиган одам борки, Роналдуни танийди.
Аммо 2005 йилда уни Манчестерда, Олд Траффорд майсасида илк кўрганимда у ҳали юзида ҳуснбузар тошган, тўпни уёқ-буёққа айлантириб, биров сал тегиб кетса йиқилиб қоладиган йигирма яшар бола эди.
(Бу орада, йигирма йил олдинги Манчестер ва унинг футбол клублари ҳақида бир туркум бошлаганман. Биринчи қисмини мана бу ерда ўқишингиз мумкин. Иккинчи қисмини сешанба куни ёзаман).
Ҳозир бунга ишониш қийин, аммо Олд Траффордда Роналдунинг турли финтларию ҳаракатларини мухлислар сўкишлар билан кутиб оларди. Инглиз мухлислари бағритош бўлади, нимаям дердик. Аммо чақириқ ва ҳуштакларга сабаб бўлган, инглизчани яхши билмасдан дунёнинг энг қийин лигасига келган ёш Роналду булардан тушкунликка тушмади, синмади. 4-5 йил ўтиб энг олди ўйинчисига айланди (мессичилар, жим туринглар😅). 2008 йилда клуби Чемпионлар лигасига эришишида катта ёрдамчи бўлди.
Роналдуни нимага эслаяпман? Ҳатто унингдек афсоналар ҳам биринчи ўйинларидан АПЛни ишғол қилгани йўқ. Бунга юзлаб мисол бор. Нафақат ўйинчилар, балки мураббийларга ҳам тегишли гап бу. Абдуқодирга ишонч билдириб, уни дунё футболи чўққисига тортиб олган, Англияга келгунича катта ютуқларга эришган Гвардиола ҳам Манчестердаги илк мавсумини жадвалнинг учинчи ўрнидагина якунлаган.
Гвардиолани қўйинг, мураббийлар мураббийи Сэр Алекс Фергюсон АПЛда чемпионликни кўп йил кутган.
Абдуқодирнинг ютуғидан суюнишимиз табиий. Ўтган сафар ёзганимдек, тарихий ҳодиса бу. Шу ёшида дунёнинг етакчи клубларидан бирида ўйнаяптими, бу дегани унинг келажаги порлоқ. Унданам муҳими, ёш талантларни яхши тарбия қиладиган Пепнинг раҳбарлиги остида ўсиш, дунёдаги энг кучли ҳимоячилардан бири бўлиш имконияти бор.
Албатта, Ўзбекистон терма жамоаси мухлиси бўла туриб, буларга суюнмаслик, келажакка умид билан боқмаслик имконсиз. Биз мухлислар фақат ва фақат яхши нарсаларга ишонамиз, яхши нарсаларни кутамиз. Абдуқодир ва бошқа йигитлар АҚШдаги ЖЧда ўйнашига умид қиламиз. Куни келиб, дунёнинг энг қийин лигасида ўйнаб, термага сардор бўлишини кутамиз. Европанинг энг рақобатли лигаларида Абдуқодир, Элдор каби ўйинчилар кўпайишини тилаймиз. Ва буларнинг ҳаммаси рўёбга чиқишига ишонамиз.
Шу сабаб, Абдуқодирни эртаю кеч кузатаётганларга маслаҳатим—relax, take it easy 😅 У ҳаммасини уддалайди.
Глобал инқироз бўсағасидамизми?
Дунёда бўлаётган ҳодисаларни кузатиб, тарихий даврда яшаётганимизни кўп ўйлайман. Ростини айтсам, шахсан мен тарихий даврда яшашдан бироз чарчадим ҳам ?
Тарихий дейишимга сабаб, йиллар, ўнйилликлар ўтиб, тарихчилар бу давр ҳақида кўпдан-кўп китобу мақола ёзишлари тайин. Нимага дейсизми? Тарихчилар ўзи ҳар бир давр ҳақида нимадир ёзадику, дерсиз?
Бундай дейишимга сабаб, дунёда ҳукмрон парадигма—капиталистик иқтисод устига қурилган либерал демократия—узоқ муддатли инқирозга чўккандек. Бу қадрият ва қоидалар асосида яшайдиган, иш юритадиган энг йирик иқтисодий ва сиёсий тизимларнинг қай бирига қараманг, инқирозда.
Кўп мисол керак эмас: дунёнинг энг йирик тўрт иқтисодиётининг учтасини ташкил қиладиган АҚШ, Япония ва Германияни олайлик. АҚШда нима бўлаётганини ҳамма кўриб турибди, кўп ёзишга ҳожат йўқ. Қисқача баҳо берсак, сайловчиларининг катта қисми иқтисодий қийинчиликлар остида либерализмнинг баъзи унсурларини рад этди. Жамият жиддий бўлинган, бармоқлар бигиз қилинган, муросанинг йўли тор. Бундай вазиятда жамиятдаги энг кучсиз гуруҳни—айни пайтда иммигрантларни—сиқувга олиш одат бўлади.
Иккинчи жаҳон урушида либерал демократик парадигмага қарши қўзғолон кўтариб, урушдан кейин эса уни қабул қилиб юқори чўққиларга чиққан Германия ва Япония ҳам бошбошдоқликка чўккан. Бундан кўпчилик ҳайрон, ахир бу икки давлат ривожланган саноати, тартибли жамияти, барқарор сиёсати билан танилган эди. Аммо иккала давлатда ҳам ҳозирда сиёсий инқироз—мамлакатни бошқарадиган партиялар иккала давлатда ҳам парламентда кўпчилик йиғолмай, кучсизланган аҳволда. Бунинг ҳам ўзагида иқтисодий муаммолар ётади—аммо бу муаммолар ижтимоий, сиёсий келишмовчилик ва бўлинишлар билан қўлма-қўлдир.
Эски либерал-демократик дунё вакиллари орасида ўзини бироз бўлсада ўнглаб олган давлат Британия, аммо у ҳам ўн йилдан ортиқ давом этган инқироздан тўлиқ чиқиб кета олганича йўқ, чиқиб кета оладими, ноаниқ.
Бундай чуқур инқирозлар, афсуски, баъзан жиддий тўқнашувларга олиб келади. Узоқ давом этадиган иқтисодий муаммолар, бироз кечикиш билан бўлсада, сиёсий бўлинишларга олиб келади. Бундай вазиятлардан демагоглар, сохта "пайғамбарлар", сиёсий масхарабозлар яхши фойдаланишади. Тарихда бунга мисоллар кўп.
Инқироз глобал бўладими, ёки баъзи давлатларгагина зарар етказадими, ҳали аниқ эмас. Бунда Трамп бошчилигидаги АҚШнинг ўрни ниҳоятда катта. Трамп келаётган 4 йил ичида АҚШ институтларига, либерал демократияга ичкаридан туриб ҳужум қилиб кўриши аниқ. Бу ҳужумлари нақадар муваффақиятли бўлади, олдиндан айтиш қийин, чунки АҚШ тарихида бундай вазиятлар бўлмаган. Шахсан мен учун, тарихчи сифатида, бу олишувни кузатиш жуда қизиқ.
Аммо бу ёзувни ўқиб, тушкунликка тушишга шошилманг. Саноатлашув даврини—яъни янги тарихни—яқиндан кузатиб, шуни айтиш мумкинки, либерал демократия ва уни ушлаб турувчи институтлар ниҳоятда кучли. Катта инқирозлар буларга зарар етказолган бўлиши мумкин, аммо енгиб ўта олмаган. Шу сабаб, менинг фикримча, ҳаммаси яхши бўлади.
Лекин тарихчилар ҳам адашади ?
Ўзбек тилида шевалар ҳақида гап кетганида, ҳашарот ва бошқа мавжудотлар номларидаги фарқлар кўп эсланади. Ҳамма биладиган мисол, албатта, пашша/чивин. Интернет оралаб, номлардаги минтақавий фарқлар нафақат ўзбек тилига хос эканини кўрдим. Ва бу ҳақда сизга айтиб бергим келди ?
Суратдаги мавжудот (ҳашарот демоқчи эдим, аслида ҳашарот эмас экан) ўзбек тилида "эшакқурт" дейилади. Мен ҳам болаликдан шундай атаб келганман. Балки бошқа вилоятларда бошқача номлари бордир—билсангиз ёзиб кетинг!
Аммо инглиз тилида, Британия оролида бунинг бир нечта номи мавжуд эканини суратдаги пост комментарийларидан кўриш мумкин. Адабий инглизчада woodlouse дейилса, Шотландияда slater, Борнмутда chucky pig, Редингда cheese log, Уэлсда эса granny grey деб аталаркан. Нимагадир пишлоқ билан боғлиқ номлар кўп экан; cheese log дан ташқари, cheesy bug (пишлоққўнғиз) деб ҳам аталаркан.
Шунча номни ўқиб, бор йўғи 100 километр узоқликдаги туманларда шунча фарқли номлар борлигига ҳайрон қолдим.
Канални кузатадиган дўстларим менга "Сизнинг каналингизнинг ўқувчилари жуда яхши, муҳокама қиладиган мавзулар зўр" дейишади. Мен бу фикрга албатта қўшиламан, сиздек ажойиб ўқувчиларим борлигидан ўзимни омадли ҳис қиламан. Ёзувларга қолдирган мулоҳазаларингизни қолдирмай ўқийман, баъзиларини янги ёзувлар ёзаётганда эслаб ўтаман. Аммо шу пайтгача (жавоб ёзишга мажбур бўлганим вазиятлардан ташқари) уларга деярли жавоб ёзмадим.
Аслида каналда ёритиладиган мавзулар—олий таълим, университетлар, тарих, Япония, Англия, Манчестер Юнайтед, ручкалар вҳк—билан боғлиқ саволларингизни тинглашни, уларга жавоб беришни хоҳлаган бўлардим. Шу сабаб, #КаналгаСаволлар рукнини очмоқдаман. Ҳафтада бир марта, #КаналгаСаволлар ёзуви остида қолдирилган саволларингиздан узунлиги ё мураккаблигига қараб биттадан-учтагача танлаб, жавоб ёзаман.
Ушбу ёзув тагида мен биладиган мавзуларга, иложи борича канал қоплайдиган мавзулардан четлашмасдан саволлар беринг. Мен энг яхши савол ё саволларни танлаб, кейинги ҳафтада ёзиладиган #КаналгаСаволлар ёзувида жавоб ёзаман. Саволларни танлашда нафақат уларнинг қизиқлиги, балки бошқа ўқувчиларга фойдали эканлигини ҳам ҳисобга оламан.
Трампнинг қайтиши
АҚШ сайлови натижалари ҳали расмийлаштирилмади—икки штатда ҳануз овозлар саналмоқда. Аммо Трамп президентлик учун керакли 270 электорал овозни олиб бўлди. Бундан 4 йил олдинги натижасини яхшилаб, ишончли ғалабага эришди.
Буни кўпчилик либерал ва сўлчилар умуман кутмагани кеча билиниб қолди. Нечтаси депрессив твитлар ёзган, яна қанчаси кўзларига ишонмаган. Ҳамкасбларим орасида бир неча кишининг тушкун кайфиятда эканини кўрдим. Кўпчилик тилида "Қандай қилиб?!" деган савол, шундай одамни президент қилиб сайлаган АҚШликлар ҳақида эса "Қандай қилиб шунчалик аҳмоқ бўлиш мумкин?" деган гапларни эшитдим.
Ростини айтсам, ўзим ҳам бироз ҳайрон қолдим, чунки охирги бир ойда Ҳаррис кампанияси анча кучайди, дея ўйлай бошлагандим (бир ой олдин сўраганингизда, Трамп ютади деб айтган бўлардим).
Нима бўлганда ҳам, Трамп тарихий ғалабага эришди. Шунча тўсиқ ва қарама-қаршиликларни енгиб, яна АҚШ сиёсати чўққисига чиқди. Уни ёқтирмаслик мумкин, аммо Трамп АҚШ сиёсатини бутунлай ўзгартирганини тан олмай илож йўқ. Кейинги 4 йил қандай бўлишидан қатъий назар, келажак тарихчиларига ғиж-ғиж материал яратадиган ҳодиса бўлди.
Демократлар ва сўлчилар Трамп ғалабасидан тушкунликка тушган бўлса, хурсанд бўлаётганлар ҳам йўқ эмас. Очиқча чиқиш қилмасада, баъзи давлат раҳбарлари чапак чалиб, шампан шишаларини очаётгани аниқ. Буларнинг кимлигини билиш қийин эмас—АҚШ кучсизлашувидан, ғарб давлатлари орасида келишмовчиликлардан манфаатдор давлатлар. Европани ичидан емиришга ҳаракат қилиб келаётганлар—масалан Венгрия раҳбари Виктор Орбан ва унга ҳайрихоҳлар, Британияни ЕИдан олиб чиқишга катта ҳисса қўшган, ҳозирда эса Трампнинг олдида думини ликиллатиб юрган Найжел Фараж.
Тарихда бунга ўхшаш вазият бундан роппа-роса ярим аср олдин бўлган. Ўшанда ҳам республикачи президент (Никсон) раҳбарлиги остидаги АҚШ халқаро соҳада ўз ўрнини йўқотиб, ички ишларига ўралашиб, қобиғига ёпилиб олган. Бундан фойдаланган (ва баланд нефт нархларидан куч олган) Совет иттифоқининг овози дунё миқёсида анча баланд янграб қолганди.
АҚШ рақиблари орасида Трамп ғалабасига Хитойнинг муносабати қизиқ. Бунинг сабаби шунчаки Хитойнинг қудратида эмас. Трампнинг қайтиши Хитой учун имконият бўлиб кўриниши мумкин—дунё ишларидан ўзини тортган АҚШ унинг ашаддий рақибларига билганини қилишга йўл очиб бериши мумкин. Бундан фойдаланиб, Хитой Тайван масаласини узил-кесил, ҳарбий йўл билан ҳал қилишга уриниши мумкин.
Айни пайтда, Трамп Хитой учун ҳам муаммолар яратади. Хитой иқтисодиёти коронавирусдан ўзини тўлиқ ўнглаб ололгани йўқ, шу сабаб Трамп ваъда қилаётган божлар Хитойдан АҚШга экспортга салбий таъсир ўтказиши мумкин. Хитойдан четга сотиладиган маҳсулотларнинг салкам бешдан бири АҚШга кетади—Трамп айтганини қилса, хитойлик экспортчилар азият чекиши аниқ.
Аммо Трамп ташқи сиёсатидан энг катта азият тортиши кутилаётган давлат—бу Украина. Президентлик кампанияси даврида Трамп урушни "24 соат ичида" тўхтатишга ваъда берган; вазиятни сал кузатган одам биладики, Россияга жиддий ён босмасдан урушни тўхтатиш имконсиз. Россия тарафини олмаган тақдирда ҳам, Трамп Украина учун жуда муҳим ҳарбий ёрдамни тўхтатиши, АҚШнинг НАТОга ҳиссасини кескин камайтириши кутилмоқда.
Янги сайланган президентнинг бошқа баъзи ваъдаю таҳдидларига қарайдиган бўлсак, у АҚШдаги ноқонуний иммигрантларни ёппасига депортация қилмоқчи. Амалга ошадиган бўлса, бу қарор миллионлаб иммигрантларнинг шўрини қуритади, АҚШ иқтисодиётига катта зарар етказади.
Трампнинг биринчи давридан фарқли ўлароқ, унинг атрофида бу қўрқинчли қарорларнинг олдини оладиган "ёши катталар" қолмаган. Трампнинг танқидчиларига кўра, унга бундай ёши катталар керак, чунки 78 ёшда бўлишига қарамасдан, у ҳали ҳам "ёш болалик" қилиб қўйишга мойил.
Бундай назар қанчалик хато эканини кўриш қийин эмас. Дунёдаги энг кучли сиёсатчига ёш болага қарагандек қараш ярамайди. Трамп ғалабасидан ҳайратга тушганлар айнан уни аҳмоқ, ё ёш бола кўриб келганлардир. Бундай саёз фикрлардан қайтиб, Трампни жиддий қабул қилиш вақти келди, чунки унинг зарарли таъсирларини фақат шу йўл билан тўхтатиш, унга муносиб қаршилик қилиш мумкин.
Доналд Трамп яна президент бўладиганга ўхшайди
Бир ухлаб тургунимча, вазият кескин ўзгариб кетибди. Тебранувчи энг муҳим штатлардан Шимолий Каролайна Трампга ўтибди.
Кўп ўтмай, Жоржия ҳам харитада қип-қизил бўлди. Камала Ҳаррис тарафдорлари чиқмаган жондан умид, деб туришганди бир соат олдин, аммо ҳал қилувчи штатлар бўлмиш Пенсилвания, Мишиган, Висконсинда ҳам Трамп анча олдинда.
Ҳозирги вазиятда Пенсилваниядаги 93% овозлар саналган, Трамп 200,000ча овоз олдинда. Кўп ўтмай бу штат ҳам Трампга ўтиб қоладиганга ўхшайди.
Сайловгача ҳеч қандай шов-шувга, сўровлару фикрларга 100% ишонмаслик кераклигига исбот бу.
Ҳали кейинроқ Трамп ғалабаси АҚШ ва дунё учун нималарни англатиши мумкинлиги ҳақида батафсилроқ ёзарман. Ҳозирча эса кўнгли чўккан Демократ дўстларга таскин берадиган пайт ?
Британиядаги баъзи исмлар ҳақида (Шофиқул мисолида)
Англияда ҳам свет ўчиши ҳақидаги ёзувимга қолдирилган мулоҳазалар орасида менга қўнғироқ қилган электрчи йигитнинг исми ҳақида бир нечтаси бор эди. Уларни “Нима учун (Англиядаги йигитнинг) исми Шофиқул?” деб умумлаштирса бўлар. Бу саволга жавоб бериш орқали Британиядаги мусулмон исмлар ҳақида қисқагина ёзмоқчиман.
Бошидан айтиб ўтиш лозим: Шофиқул исмида “-қул” суффикси йўқ, яъни бизнинг қулоғимиз ўрганган Худойқул, Панжиқул, Деҳқонқул каби исмлардан фарқ қилади. Исмда суффикс бор, аммо у “Шофиқ” (шафқатли) исмига қўшилган “-ул” суффиксидир. Катта эҳтимол билан, Шофиқулнинг фамилияси Ислом бўлса керак.
Бу ёзувни ёзишга мени қизиқтирган жиҳат—асосан Жанубий Осиё (Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва Шри Ланка) давлатларидан Британияга мигрант бўлиб келиб, қолиб кетган мусулмонлар исмларининг инглиз тилида қабул қилинишидир. Яъни, юқорида кўрганимиздек, “-ул” исмга қўшиб ёзиладиган бўлиб кетган.
Бунга мисоллар кўп. Манчестерда ўқиб юрганимда, ётоқхонадаги ён қўшнимнинг исми Ҳелал Уддин эди. Аслида, Ҳилолиддин бўлган бу исм қулайлик учунми, бошқа сабабга кўрами, иккига бўлинган ва Уддин Ҳилолжон дўстимизнинг иккинчи исмига айланган (англо-саксон маданиятларда болага иккинчи, учинчи вҳк исм қўйиш кенг тарқалган).
Яна бир антиқа мисол ҳам менга Манчестерда талабалигимда учраган. Кунлардан бирида дарсларга бирга кирадиган Саида исмли қизнинг (ота-бобоси Жанубий Осиёдан, ўзи Англияда катта бўлган) “фамилияси” Бегум эканини эшитиб, ҳайрон қолганман. Сиз билан биз Хонзода Бегим, Нодира Бегим каби исмларга ўрганиб қолганмиз, аммо Британиядаги кўп мусулмон аёллар исмида бу қўшимча фамилия ёки иккинчи исм сифатида қабул қилинган.
Telegram
Prof. Sherzod
Англияда ҳам свет ўчади Ўтган куни кечки соат 5 ларда болаларим "свет ўчди, свет ўчди" деб қолишди. Ўйнаб ўтирган компютерлари ўз-ўзидан ўчиб қолганидан билишибди. Бошида компютер бузилдимикин, деб ўйлашса, вай-фай ҳам ўчган экан ***😁*** Соат 5 да ҳали ҳаммаёқ…
?КАТТАЛАР УЧУН!
?? ТВ-да кўрсатмайдиган ва халқга айтилмайдиган махфий янгиликларни ёритиб борамиз!
Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз:? @SaraXabar_Aloqabot
Реклама: @SaraXabarda_reklama
Last updated 2 weeks, 3 days ago
??♂️ "ХОКИМ БУВА" нинг телеграмдаги расмий сахифаси шу, қолганлари фейк!
? КАТТАЛАР УЧУН!
‼️ Воқеа ёки ҳодисанинг гувоҳи бўлдингизми?
Унда бизга юборинг: @hokimbuva_murojaatbot
? Реклама: @Xokimbuvareklama
Last updated 1 month, 1 week ago
?? КАТТАЛАР УЧУН!
? Ўзбекистон ва Жаҳондаги муҳим воқеалар, энг тезкор ва махфий хабарлар!
Yaxshi Yomon - Бизни кузатиб боринг...
Воқеа ва ҳодисага гувоҳ бўлдингизми бизга юборинг: @YaxshiYomon_Bot
☎️ Реклама: @YaxshiYomonda_Reklama
Last updated 1 month ago