🔞КАТТАЛАР УЧУН!
🇺🇿 ТВ-да кўрсатмайдиган ва халқга айтилмайдиган махфий янгиликларни ёритиб борамиз!
Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз:👉 @SaraXabar_Aloqabot
Реклама: @SaraXabarda_reklama
Last updated hace 1 mes, 2 semanas
🕵🏻♂️ "ХОКИМ БУВА" нинг телеграмдаги расмий сахифаси шу, қолганлари фейк!
🔞 КАТТАЛАР УЧУН!
‼️ Воқеа ёки ҳодисанинг гувоҳи бўлдингизми?
Унда бизга юборинг: @hokimbuva_murojaatbot
💰 Реклама: @Xokimbuvareklama
Last updated hace 1 día, 14 horas
🇺🇿 КАТТАЛАР УЧУН!
🌐 Ўзбекистон ва Жаҳондаги муҳим воқеалар, энг тезкор ва махфий хабарлар!
Yaxshi Yomon - Бизни кузатиб боринг...
Воқеа ва ҳодисага гувоҳ бўлдингизми бизга юборинг: @YaxshiYomon_Bot
☎️ Реклама: @YaxshiYomonda_Reklama
Last updated hace 1 día, 23 horas
Хадича дугонасига нима дейишни билмай қолди. Аммо тушунтиришга ҳаракат қилди:
– Қарагин, дугонажон, – деди астойдил уриниб. – Бу эътиқод демакдир! Оламни бир Зот яратган эканига эътиқод қилиш, шайтон эса инсоннинг ғаними эканлигини билишдир...
Хадичанинг гапи оғзида қолди, феминистлар маликаси шошиб-пишиб, балки қизишиб ўз фикрини уқтира кетди:
– Эътиқод ҳамма балонинг боши! – деди қатъий қилиб. – Инсоният тафаккури ўз чўққисига чиқиб боряпти, Хадий. Ҳамма биладики, ҳақиқатан, бир метафизик борлиқ бор, уни психология ўрганади, аммо худони олий ҳокимият эгаси деб сиғиниш тўғри эмас. Худо сизлар айтгандек бешафқат эмас, унинг учун қандайдир ахлоқ ва қандайдир қонунларнинг қизиғи йўқ. У чексиз бўлса! Келиб-келиб шу нарсаларга овора бўладими? Қўйсанг-чи! Ахлоқ деган нарса ҳам бекор. Бир куни бориб инсонлар ахлоқ ва одоб деган нарсаларнинг ғирт аҳмоқона эканлигини ёппасига англайди. Одамлар йўқ нарсалар учун жонларини жабборга берганларини тушунадилар. Ҳа, дунё ўткинчидир, аммо фикр абадий. Фикрдан туғилажак роҳат ва лаззат абадий! Ва ҳаёт ўта қадрли, чунки сен айнан бугунги ҳолингда эртага қайта мавжуд бўла олмайсан, ўлганингдан сўнг сенинг жавҳаринг қачондир ўзини қандайдир кўринишда намоён этади, аммо у сен бўлмайсан. Шунинг учун бугун ўзинг бўлиб қол! Ақлингни, қалбингни нималаргадир асир қилма, дугонажон!
Ҳа, Хадича феминистлар маликасини яхши танирди, аммо унда бундай фикрлар ва хулосалар пайдо бўлганидан мутлақ бехабар қолибди.
– Дугон, – деди бироз ҳайрат билан. – Агар эътиқод ва ахлоқни рад қилсанг, жамиятлар таназзулга учрайди, инсоният ҳалок бўлади!
– Ана шу хаёлинг энг катта муаммо! – деди “малика” билағонлик билан. – Ҳамма инсоният тартиб билан яшашини истайди, тартиб йўлида ҳали динга, ҳали эътиқодга, ҳали ахлоққа сиғинади! Ана шу нарсаларсиз ҳаёт жуда мароқли кечади. Сизлар эса инсонни қамоққа, эрксизликка тиқасизлар, айниқса, аёлларни одам ўрнида кўрмайсизлар. Агар инсонларнинг барчаси ўзаро тажовуз қилмай яшасалар, ҳамма бир-бирини англаб умр ўтказса, чинакам бахтиёрлик ўшадир! Инсоннинг бу оламда амалга ошмайдиган бирор орзуси йўқ, бирор хаёли йўқ! Ҳозирча Ер шаридаги энг оқил жонзод бўлган одам ўз хаёллари ва орзулари рўёбини топишга ҳақли! Инсоният тафаккур ва маданиятнинг шундай чўққисига чиқадики, бугун унинг ҳаёти ва тушунчасини эгаллаб олган, унинг бахтиёрлик туйғусига тўсиқ бўлган бетайин ақийдаларнинг барчаси чил-парчин бўлади! Одамзод буткул саодат чекланмаган эрк қучоғида эканлигини тажрибаси билан кўради ва шундай яшайди.
Хадича дугонасига бирор гап уқтириб бўлмаслигига иқрор бўлди, лекин бу иқрор унга сўнгги бир гапни айтишдан тўсмади:
– Бу фикрларинг адашиш деб ўйлайман, Клара, – деди ниҳоят Хадича опа дугонасининг исмини тилга олиб. – Агар сен айтгандек инсоният ўзи истаганча яшаса, ҳеч бир истакларига тўсиқ қўймаса, қисқа фурсатда ҳеч ким қолмай қирилиб кетади. Ҳамма бир-бирини ўлдириб, гўштини пишириб ейди. Кечирасану, гапларинг ёш боланинг хаёлларини эслатиб юборди. Инсон табиатидаги ёмонликлар, иллатлар, ҳукмронликка бўлган ҳирсни унутиб қўйибсан, Клара. Фақатгина нафсига қул бўлганлар сен каби фикрлайдилар.
Кларанинг ранги қув ўчди. Шиширилган лаблари титради, улама киприклари пирпиради.
– Хадича! – деди заҳарханда билан. – Ўғлингни терорист деб қамашибди деб эшитгандим. Тўғри экан, сени ҳам айнитишибди.
У шундай деб тарс-турс юриб чиқиб кетди.
Бундан бир қанча вақт олдин Хадича опага Кларанинг сўнгги гаплари каби таъналари оғир ботаётган эди, ҳозир таъсирланмади, чунки бундай сўзловчиларнинг дунёқараши, ҳаёти, Хадича опа наздида, уларнинг сўзларини ҳисобга олмаслик учун етарли эди.
Феминистлар маликасининг ҳам бу борада ҳеч кимдан кам жойи йўқ – ёғи олинган қорин, тортилган юзлар, умуман, бутун тана косметологларнинг машаққатли ва қиммат меҳнатидан дарак бериб турибди. Шунинг натижасида унинг юзлари тиниқ, ажинлари кам, қомати тик, ўтирганда ҳам елкасини букмайди, узун тирноқлари шарбат ёки шароб ичганида шиша финжонда ўзга хос кўриниш билан намоён бўлиши шарт.
Кўкракларини жозибали кўрсатиш мақсадида ёқаси очиқ ва белдан тепа қисми тор тикилган либоси, бўйнидаги ингичка ва нафис тилла занжири, таранг тортиб жилвали кўринишга келтирилган қоп-қора сочлар, мовий бўлиши учун линза остида қолган қорачиқлар феминистлар маликасини ёш кўрсатишга хизмат қилади. Аммо Хадича бу ҳолдан қаттиқ қайғуга тушади. Сохта гўзалликнинг қисмати маълум, аммо умрни мана шундай беҳуда ишга сарфлашдан кўра каттароқ қандай фожиа бор?
– Жуда ғалати гапларни гапиряпсан, Хадий, – деди феминистлар маликаси. – Дунёни намунча тор кўряпсан? Олам сенинг кулбангдан иборат эмас-ку! Оҳ, қарамайсанми! Сени ким айтади Парижни, Миланни, Лондонни. Римни кўрган деб! АҚШни саёҳат қилган деб! Дунёнинг гўзаллик билан тўлиб-тошганига боқ! Биз ҳатто Яннийнинг концертларига тушганмиз! Унинг концертига Ўзбекистондан эмас, ҳатто Ўрта Осиёдан борган одамлар борми ўзи? Луврдаги санъат асарлари ёдингдами? Ван Гог суратларидаги сирлар-чи? Бетховен мусиқалари-чи? Пруст, Камю ва Диккенсларни ўқигансан сен! Қандай қилиб бундай тушунарсиз оламга кириб қолдинг? Иллюзага қамалиб қолдингми?
Хадича ғамгин кулимсиради.
– Сен айтган ҳамма нарсани кўриб келдим-ку, дугон, – деди. – Бундай ҳашаматлар инсон ақлига қўйилган тушов, холос. Жуда мукаммал тушов. Кел, сен мақтаётган ўша концертлар, санъат асарлари ҳақида ўз хулосамни айтаман. Биз қаердан бўлса ҳам пул топсак ва ўша гўзалликларни томоша қилсак деймиз. Бизнинг ҳам болаларимиз ана шундай бетакрор чиройни яратсалар деб орзу қиламиз. Аммо ўша гўзалликнинг моҳияти нима? Унинг қандай аҳамияти бор инсон ва дунё учун? Тафаккур ва туйғунинг ифодаси, юксак ақл ҳосиласи, ўзни англаш йўлидаги машаққат ва изтироблар чизгиси деган ҳар хил жумлалар билан бу нарсаларни таърифлаймиз. Ҳа, сен санъат деб атаётган барча гўзалликлар инсоннинг йўқлик ичидан гўзаллик излаши туфайли пайдо бўлган. Аммо бу топилмаларнинг барчаси мен учун ёлғон таскиндан иборат. Ёдингда бўлса, биз Ҳиндистонга борганимизда икки кун саҳродан юрганмиз уловда. Шунда узоқдан бир нима ялтирар эди. Бизга бу ялтираётган гўзал шаффофлик ўзи аслида мавжуд бўлмаган нарса, яъни сароб деб айтишган. Дугонажон, бизни мафтун қилаётган ва биздан аввал кимдир чизиб қўйган бу гўзалликларнинг барчаси сароб. Аммо собит бир гўзалликлар бор. У гўзалликни инсон ақли ярата олмайди. Ва у ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Мен ана шундай гўзалликни топдим. Шундай чирой ва нур қаршисига бордимки, бу дунёдаги энг мукаммал санъат ҳам унинг олдида ғариб бўлиб қолади.
Феминистлар маликаси қош чимирди.
– Жуда ҳам фантастик олам ҳақида гапиряпсан, Хадича, – деди. – Эҳтимол, англаганларингни қоғозга солсанг, бу ҳам санъат бўларди.
– Йўқ, мен бу ҳолни баён қилишдан ожизман, – деди Хадича. – Мен айтаётган жозибани фақат Роббингга ибодат қилиб топасан. Оддийгина иш – пешонангни саждага қўясан ва шовқинга тўлган оламнинг нақадар ёлғон эканлигини англайсан.
– Йўқ, йўқ! – деб юборди феминистлар маликаси. – Нималар деяпсан! Тасаввур ҳам қилиш мумкин эмас! Мен Исломни биламан. Мусулмонлар ўзларини ҳамма одамлардан устун билишади! Улар танланган уммат, шарафли уммат! Улар инсонларнинг энг асл вакиллари! Тавба қилдим, шундай ҳам худбин бўлиш мумкинми?! Мен бундай тушунчалардан нафратланаман! Бу орийларнинг олий ирқ ғоясига ўхшаш ғоя-ку! Гитлер фашизмни ана шу ғоя устига қурган эди. Бутун дунё олий ирқнинг қули бўлсин деган жирканч ғоя! Исломнинг таълимоти ҳам айнан шундай-ку! Мусулмонлар тинмасдан ўзини мақтайдиган бир гуруҳ, холос. Мен диндан руҳий исканжадан чиқиб кетишдаги бир восита деб фойдаланишларига қарши эмасман. Аммо агар унинг ҳамма қирраларини амалга татбиқ қилсак, инсоният учун зарардан бошқа эмас, ахир! Буни тасаввур қилиш даҳшат!
Буюк саҳобий, Аллоҳнинг қиличи унвони билан чақирилган Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу дубулғаси остидан кийган арақчин дўпписига Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочларидан бир толани тикиб олиб юрган экан. Ҳатто бир жангда дубулғаси бошидан тушиб кетади ва жангдан сўнг мужоҳидлар бу дубулғани излаб топадилар, чунки унинг ичидаги мўйи муборакни ташлаб кетишга буюк саркарда асло рози бўла олмаган. Энг севикли зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соч толалари тупроқларда қоришиб кетишига унинг қалби, иймони изн бермаган. Нега буни ёдга олдик? Чунки Тошкент ҳимоясига чиққан амири лашкар мулла Алимқул ҳам қўйнида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак соч толаларини ўзи билан олиб юрган. Чирчиқ дарёси бўйида бўлган савашда бир хоин беркиниб келиб унинг қорнидан ўқ узади, лашкарбоши отдан йиқилмайди, жангда давом этади, лекин қон йўқотади, урушда ўрисларни ортга чекинишга мажбур қиладилар, сўнг шаҳар ичига кирганларида Кўкча дарвозаси олдида лашкарбоши ўлимини сезади. Энди унга табиблар ҳам ёрдам бера олмасди, шунда қошига келган ўғлига юзланади. Ўғли отасининг ранги оқарган, қон йўқотган ва беҳол кўриб йиғлайди.
– Йиғлама! – дейди лашкарбоши ўғлига. – Ўляпманми мен? Аллоҳнинг йўлида жон берганлар ўликлар эмас! Сизлар уни ўлик деб ўйлайсизлар, ҳолбуки, улар тирикдирлар! Аллоҳ уларни ризқлантириб туради!
Бу Қуръон ояти эди. Бақаранинг 154-ояти ва бошқа сураларда бундай башоратлар кўп учрайди. Ўғил кўзёшини тияди. Мулла Алимқул қўйнидан мўйи муборакни олиб ўғлига беради: “Бу Набийимиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва салломнинг соч толалари!” – дейди ва калима шаҳодатни айтиб жон беради.
Бу воқеалар баёнига қадар биз Хадича опа ва феминистлар маликаси орасидаги суҳбат билан танишсак.
– Хадича, – деди феминист хоним. – Мен сени таний олмай қолдим. Умуман, барча дугоналар танимай қолдик. Ахир, сен қандай ҳам замонавий очиқ фикрли аёл эдинг! Ўғлинг қамалганига шунчами? Ахир, бир куни чиқар! Одамларнинг қанчаси қамалади, қанчаси озодликка чиқади? Дарров хурофотга берилишинг нимаси, ахир?
Хадича қаршисидаги бу аёл билан бир вақтлар орасидан қил ўтмас дўст бўлганлигини ўйлади, аммо энди бу хилқат унга жуда бегона. Шу қадар бегонаки, улар орасида масофа миқдорини ҳисоблаб чиқиш имконсиз.
– Дугон, – деди Хадича опа барча фикрларини жамлашга тиришиб. – Сен ва мен энди бошқа дунёга тушиб қолдик. Мени кечирасан. Мен ўзим учун мутлақ ҳақиқат дунёсини кашф қилдим. Энди у дунёни йўқотишни истамайман. Аввал ҳаётим ўйин-кулги, зеб-зийнатланиш, қимматбаҳо дўконларда айланиш ва шу кабилар билан ўтарди. Ўзимизни эркакларга кўз-кўз қилиш билан ҳузурланардик, биласанми, аёл кишининг табиатида ҳеч қачон ўз хатосини тан олмаслик хусусияти бор. Фикримча, ана шу хусусиятни енгиш керак. Мен ҳаракат қиляпман. Аёл киши ҳеч қачон холис бўла олмаслигини билдим. Ҳамиша баҳсга ва эътироз билдирмоққа мойилмиз. Шунинг учун бизни алдаш осон. Алданишимиз осон бўлгани каби ёлғон гапиришимиз ҳам жуда тез. Лекин биз образ яратишга устамиз. Санъат мухлиси қилиб кўрсатамиз ўзимизни. Адабиёт шинавандаси деб одамларга тақдим қиламиз. Эртага ҳамманинг эсидан чиқиб кетамиз. Умуман, эсидан чиқмаганимизда ҳам бизга одамлар ёдида қолиш қандай манфаат беради? Гўрда ётарканмиз, бизни мақтаганларидан сўнг тирилиб чиқамизми? Йўқ, ундай бўлмайди. Мен жуда кўп ўйладим, жуда ҳам кўп...
Хадича гапдан тўхтаб дугонасига қаради. Феминистлар маликаси қоматинини сақлаш учун кўп уринадиганлар хилидан, умуман, гўзал қомат бугун аёллар орасидаги энг долзарб масала эди. Бунинг учун улар кам овқат ейишади, ҳар хил дамламалар ичадилар, ҳатто еган овқатларини қусиб ташлайдиганлар бор, пулдор аёллар эса қориндаги ёғларни олдириб ташлаш учун жарроҳлик столига ётмоқдалар.
Ниҳоят саҳро ортидан Мадина кўринди. Денгиз эҳромга кирганди. Қадим Ясриб уйларининг томлари, хурмозорлар, масжид қуббалари кўзга ташланди. Денгиз ҳаммадан аввал боришни истарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам равзаларига боришни истарди. Қанчалик тез қадам босмасин, оёқлари ортга юраётгандек эди. Ҳатто карвондан ўтиб кетди. Дўстлари ундан қолмасликка тиришдилар.
Денгиз ўзида эмасди. Кўзидан ёш оқарди. Қулоғи ҳеч бир сўзни эшитмасди. Бу вақт тонг отганига беш соатдан ошиб, қуёш тиккага кўтарилмоқда эди.
Ўн уч киши ридосини елкасидан ўраб шиддат билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиди ҳовлисига етиб келди. Одамларнинг аксари ибодатда, тиловат ва зикрда эди, Денгиз ҳеч кимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари қани деб сўрамади, яшил гумбаз ҳужраси олдига келди, ҳужра эшигига қулф осилган, халифа ёки волий изнисиз ҳеч ким киритилмасди.
Денгиз қулоқларини қоқиб, намозга кирди. Саждага келганда бошини ердан ололмай узоқ йиғлади...
Денгиз равзадан узоқлаша олмай қолди. Таомни унутди. Дўстлари унга хурмо ва сув тутиб турдилар. Денгиз ҳужраи саодат қаршисида йиғлаган кўйи зикр қилмоқда эди... У гўё олов бўлиб ёнар, яқинлашганни куйдиргудек эди...
Байрамжон “Мозий” китобининг бу саҳифаларини ўқиркан, дин ва эътиқод, ҳаёт ва борлиқ ҳақида кўп ҳақиқатларни англаётганини фаҳмлади. Денгизнинг ҳаж сафари ўта ёрқин ва жонли тасвирланган экан. Айниқса, Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари ҳузурида Денгиз мутлақо бошқа одамга айланади. Бир неча кун Мадинада қолади. Ҳар куни тушида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўради. Энг қизиғи, китобда ёзилишича, Денгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чеҳраларини умуман кўра олмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан суҳбатлашаётганлигини яққол идрок этган, насиҳатлар тинглаган. Бу насиҳатларнинг деярли ҳаммаси ҳадис тўпламларида бор экан.
Одилбой ва Хадича опалар ўғиллари маҳкумият остонасида тураркан, Одилбой намоз ўқишни бошлади, Хадича эса мунис ва мушфиқ муслимага айланди. Унинг ўтмиш ҳаётидан хабардор бўлганлар бу воқеани ақлларига сиғдира олмас ва кўпчилик шу гаплар ёлғон ё ҳақиқатлигини билиш учун уларнинг уйига келиб кета бошладилар.
Байрамжон бу фурсатлар “Мозий” китоби саҳифаларида саёҳат қилиб, Хористон халқи йўлбошчиси Денгизнинг ҳаётидан кўп мутаассир бўлди, турли диний китоблар харид этиб, уларни ўқишга киришди. У ҳам масжидга қатнади. Китобхон Байрамжоннинг, унинг янгаси Хадича опанинг тавбаю тазаррулари, кечирган ҳиссиёт ва хулосаларини аввалроқ ўқиган эди, унутмагандир, албатта.
Асаримизнинг бу бобида биз Сизга Денгиз ҳаётидаги воқеаларни тугал равишда баён қилиб беришимиз мумкин эди, аммо шу ўринда Хадичанинг олдига унинг эски дугонаси, Ўзбекистон феминимстларининг маликасиман деб юрган бир аёл келганлигини ҳам айтиб ўтишга эҳтиёж пайдо бўлди. Маълумингизким, баробар ҳолда Усмоннинг қамоқдаги саргузаштлари ҳам эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Усмон бу вақтда Қудратуллоҳ акадан Тошкентни ўрислар қандай босиб олгани ҳақидаги воқеаларни тингламоқда. Қудратуллоҳ ака унга Тошкент босқинига бош-қош бўлган Черняев, аслида, шайтонийлар ташкилотидан топшириқ олгани ҳақидаги воқеа баёнига келган эди.
Биз Черняев шайтонийлардан, яъни бевосита шайтон вазирларидан қандай топшириқ олди, узоқ ўрис ўлкасидан, Петербургдан дашти Қипчоқ ва Қозоқ чўлларини кесиб Тошкентга кириб келиш жараёни қандай кечди – бу ҳақда келгуси бобда ҳикоя қиламиз. Хусусан, Тошкент ҳимояси учун курашга отланган амири лашкар мулла Алимқул қиссаси ҳам ўта таъсирли.
– Дунё ишларига шўнғиган амирлар, мунофиқлар эгаллаб олаётган давлатдан бирор нажот бор деб ўйлайсанми? – Бистомий ҳазратларининг ёноғи қизариб кетди. – Ислом давлати ич-ичидан емрилмоқда. Унинг номи фақат Ислом бўлиб турибди, лекин... Қолганини айтишга тилим бормайди!
Ҳазрат жим қолди.
– Нафслар ғолиб бўлмоқда, – деди ҳорғин ва ғамгин. – Холислик ўлмоқда. Риё ва ужб олови ловулламоқда. Аллоҳим, бизга ёрдам бер! Хуросон ўз ишини мустақил юритмоқда. Мовароуннаҳрда сомонийлар давлат тепасига келди. Улар ҳам яқин-орада мутлақ ҳукмронликка эришадилар. Насронийлар олами эса бизни пойлаяпти. Ғарбий Рум насронийлари оёққа туриш ҳаракатидалар. Улар Қустантания насронийларидан кўра ашаддийроқ. Улар Исломни бутун ўлкаларига нафрат билан танитмоқдалар. Шарқда, Мовароуннаҳрнинг кунботарида ҳали Исломни билмайдиган инсонлар бор. Улар маъжусийга ўхшайдилар. Гарчи бугун тарқоқ яшаётган эсалар-да, бирор кун келиб мусулмонлар бошидаги катта офатга айланишлари мумкин. Бугун ўзини унутган халифалик эртага икки олов орасида қолишини кўзларим қуёшни кўргандек кўрмоқдаман. Аммо бу ҳақиқатни англайдиган бировни топа олмаяпман. Зотан, гуноҳлар кўпайди, қалблар қорайди, жазо муқаррар бўлиб боряпти. Бу тўфонни инсон зоти тўсиб қолишга қодир эмас. Яқиндагина Қуръон бобида улкан фитна бўлди. Имом Аҳмадга Аллоҳ нусрат берди, у Қуръонга қилинган туҳматга кўксини қалқон этди. Суннат аҳлининг эътиқодини Роббим ҳифз этди, лекин бундай фитналар беҳад кўп ва уларни англамаяпмиз. Сен эса халифалик саройи остонасида юрибсан. Сенга Аллоҳ йўл кўрсатади, сенга хизмат қиладиганлар ўз оёқлари билан остонангга боришади, сен ибодатни ўйла, Қуръонни қалбингга жамла, ҳажга борар экансан, ниятингни қайта-қайта поклаб ол!
Шавволнинг ярми ўтар-ўтмас олд карвонлар ҳаж сафарига отланди.
Денгиз қўшилган карвон Карбалони кесиб ўтиб, ўн тўрт кунда Арабистон тупроқларига кириб борди. Қум барҳанлари, туялар, Аллоҳнинг байтига шошган қалблар, қуёшнинг қизиғи, тунларнинг салқин шамоли, тонгларнинг насими, зулматларни ёритган ой, юлдузлар – Денгизнинг наздида ҳаммаси жуда шукуҳбахш эди. Ҳар бир зарра Аллоҳ таолони зикр қилмоқдаю, у буни тингламоқда.
Денгиз билан бирга унинг ўн икки сабоқдоши ҳам ҳажга отланган эди. Денгизнинг ҳамёни ҳам йўқ эди. Шу чоққача у тирикчилик ҳақида қайғурмади. Ҳажга боришим керак деди ва илк карвоннинг ортидан пиёда йўлга отланди. Унинг кетганидан хабар топган дўстлари шомга яқин карвонга етиб олишди. Уларнинг беш нафарида эшак, икки нафарида хачир, қолгани пиёда эди. Хуржунларида қотган нон, бир неча мешда сув, бироз хурмо, талқон...
Хуфтондан сўнг ялангликда карвон аҳли тиккан чодирларига жойлашди. Йигитлар очиқ осмон остида қолдилар. Кўпчилик уларни чодирларга таклиф қилишди. Аммо қабул қилиш хижолатли, қолаверса, ҳозир эҳтиёж ҳам йўқ эди. Карвонбоши улардан хабардор эди. Икки қулга таом кўтартириб келди.
– Йигитлик тақвонинг айни мағзини қўлга киритадиган давр, – деди. – Йигитда ҳиммат бўлади. Ёшлигимда жиҳодга чиқардим. Абдуллоҳ ибн Муборакни кўрганман. Қустантания остонида жанг қилганман. Жабали Ториқ денгизларида ҳам сузиш насиб қилган. Ёшим улғайгач, ҳаж карвони тузишга, одамларга муборак сафарда йўлбошчи бўлишга ният қилган этдим. Роббим муваффақият бериб турибди. Ҳар йили сизлар каби жаҳонгашталар карвонга ҳаж нияти билан қўшиладилар. Уларнинг орасида кимларни кўрмадим: дарвешлар, собиқ мужоҳидлар, ёш болалар, йигитлар, олимлар, орифлар, косиблар... Аллоҳим ҳажингизни қабул айласин! Нимаики камчилик бўлса, хизматингизга ҳозирман.
Ҳаж ишқи йигитларнинг бутун борлиғини эгаллаб олган эди. Улар зарра қадар ҳам машаққат ҳис этмадилар. Маъшуқа висолига шошилган ошиқдек тезроқ Мадинаи мунавварани, Маккаи мукаррамани кўрмоқ иштиёқида эдилар.
Мадинага кириб борарканлар, Денгизнинг ҳуши ўзида эмас эди. У босиб ўтаётган ҳар бир ерини, қадам босаётган ҳар бир қарич тупроқни қачондир кўрганлигини эслар, аммо қачонлигини аниқ тасаввур эта олмасди.
Шаввол ойи жуда тез ўтди. Бу ойда у халифа махсус қўшинлари таркибида хизмат қилиш истаги билан саройга борди. Халифаликда ғазот юришлари сийраклашиб кетган, бу масалада сусткашлик бўлаётгани учун кўпчилик эътироз билдираётган эди. Шунинг учун халифа жиҳодга хайрихоҳ бўлганларга уруш сирларини ўргатиш, қўшин сифатини ошириш, қуролланиш ва қўшин харажатларини кўпайтириш ҳақида бир неча ой аввал махсус фармон имзолаган эди. Саҳобалар ғазотга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир оғиз даъватлари билан ёппасига қурол кўтариб, барча харажатларни ёнларидан қилиб чиқишарди. Аммо бу урушларга Рум босқинлари мажбурлаган эди. Аббосийлар ичида Ҳорун ар-Рашид салтанатни чўққига олиб чиққан эди, аслида. Шарқу Ғарб, Шимолу Жануб Ислом давлати шавкатини бир овоздан тан олган, Ер юзининг бирор нуқтасида мусулмонлар шаъни ҳақида ножоиз сўз айтиш мумкин бўлмаган, халифа осмондаги булутга қарата: “Эй булут! Қаерга бориб ёғсанг, ёғ! Барибир менинг мулкимга ёғасан!” – деб айтса-да, жиҳодларнинг тўхтаганига рози бўлмаганлар кўпчилик эди. Улар: “Ернинг ҳар қаричида “Ла илаҳа илаллоҳ” калимаси янграмагунча мусулмонларга қилични қинга солишлари мумкин эмас!” – дб гапириб юришарди. Халифа Рум подшоҳи Никофорнинг исёнига қарши қўшин тортиб борганида бутун уммат жўшиб кетди, юз минглаб ёшлар қуролланиб ғазотга ошиқдилар, Қустантанияда Ислом байроқлари ҳилпирайди деган ишончда эдилар, лекин Никофор тиз чўкди, жизъяни ортиғи билан келтириб халифанинг оёқлари остига тўкди, ҳатто йиғлади: “Эй шонли Ислом халифаси! – деди хотинлардек ҳиқиллаб. – Сизнинг динингизда мажбурлаш йўқ. Насроний бўлиб қолишимизга изн бер. Истаган мусулмон учун чегараларимиз очиқ, шахсий хавфсизлигимиз учунгина қўшин сақлаймиз, ҳар бир насроний учун сизга солиқ тўлаймиз, истаган хизматингизни айтинг: қулдек ишлаймиз. Аммо Қустантанияни вайрон қилманг! Шайтон йўлдан урди бизни!..”
Никофор жуда айёр эди, у юз минглаб мужоҳиддан иборат Ислом лашкари Қустантанияни эгаллаб олишидан қўрқарди, аммо бу қўшинни ортга қайтса, яна бу лашкарни қайта йиғишга қанча вақт кетишини, ташкилий ишлар беҳад қийин кечишини биларди, гарчи Ҳорун ар-Рашид ғалаба билан Бағдодга кириб борса-да, Никофор ғалаба насронийларники бўлади деб ишонади. Чунки мусулмонларни безовта қилиш, уларнинг ҳаловатини ўғирлаш, унинг назарида, катта иш ва энг буюк иш Қустантанияни қўлда сақлаб қолмоқ эди.
У мақсадига эришди: халифа Никофордан жизъяни олди, унинг йиғлаганига кўнди, атрофда бир қанча амирларни қолдирди ва пойтахтга йўл олди.
Ҳақиқатан, халифа оиласи сиёсий муаммоларга овора бўлиб қолган. Бармакийларнинг салтанат ичида салтанат қургани кўпчиликка маъқул эмас эди. Алалоқибат, бармакийлар хиёнатда айбдор топилиб қатл қилинди. Бу халифа Ҳорун ар-Рашид давридаги йирик кўнгилсизликлардан бири бўлди.
Халифалик саройидаги шариатдан ташқари ишлардан олимлар, сўфийлар рози эмасдилар. Улар давлат ичида Исломга қарши кучлар ўрнашиб олаётганидан хавотирда эдилар. Гарчи аниқ далиллари бўлмаса-да, бошқарувга мунофиқлар аралашмагунча фитна уйғонмайди деб ишонадилар.
Бистомий Денгизнинг сарой қўшини таркибида ҳарбий тайёргарлик кўриш учун боргани ҳақида эшитди. Шомдан сўнг даргоҳга чақирди.
– Денгиз, мен Бистом шаҳрида туғилганман. Ҳажга бориш учунгина она шаҳримни тарк этаман, холос. Бағдодга эса умуман келиш ниятим бўлмаган, зотан, Роббим мен истаган кашфларнинг барчасини ўз шаҳримдан чиқмасимдан ризқ қилиб берди, – деб сўз бошлади. – Аммо тушимда менга Бағдод кўрсатилаверди. Пойтахтда эканимни жуда кўпчилик билмайди. Чунки мен ваъзлар қилмайман, насиҳатларим йўқ. Сукут ва зикрни лозим тутаман. Шогирдларим ҳам кам. Зотан, бу йўл оғир. Унинг юкини кўтариш машаққат. Сен нима учун мендан маслаҳат қилмай халифалик саройига борасан? Нима учун қўшинга кирмоқчисан?
Денгиз хижолатдан бош кўтара олмай қолди. “Хористонда жанг қилиш учун қўшин керак...” – деди ичида. Ҳатто бу ўй ҳам ғўлдираган товушда янгради.
– Бизлар абдоллармиз, – деди ул зот. – Ер юзида Аллоҳнинг йўлига кирган ҳар кимнинг ёрдамига шошамиз. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, унинг сулбидан одамларнинг барчасини чиқариб, “Мен Сизларнинг Роббингиз эмасманми?” – деб сўраганида барчамиз: “Албатта, Сен бизнинг Роббимизсан!” – деганмиз. Аллоҳ бизлардан руҳ ҳолимизда Ўзига итоат қилиш қасамини, мусулмонлик ваъдасини олди. Дунёнинг ҳаёти мангулик олдида бир неча лаҳзадир. Шу бир неча лаҳзалик ҳаётда ваъдамизга мувофиқ яшамоғимиз лозим. Роббимиз бизга лутф қилди, биз бу ҳақиқатни англадик. Жисм оламининг ўткинчилиги ва руҳ оламининг абадийлигини билдик. Жисм биз руҳларга кийдирилган либослар, холос. Агар бу либосни пок ҳолда сақлаб дунё ҳаётидан яшаб ўта олсайдик, Роббимизга берган ваъдамизга хиёнат қилмаган бўлардик. Аллоҳ кимни муносиб билса, унга қурбат мақомини беради ва уни жисм оламидан руҳ оламига лутф қилиб ўтказади. Биз шулар сафига кирдик. Роббимизнинг изни билан Унга талпинган бандалар ҳақига дуо қиламиз, уларга Аллоҳнинг мададини сўраб берамиз. Биздан ихлос ила дуо сўраганларга дуолар қиламиз. Бу мухлис бандаларнинг насибаси. Ҳаммамиз Роббимизнинг қулимиз. Ҳаммамиз Унинг лутфига кўз тутамиз. Унинг қайтариқларидан қайтамиз. Амрларига итоат қиламиз. Денгиз сен Хористон халқини Роббимизнинг ҳидояти томон даъват этмоғинг керак. Ҳуррият, Аллоҳнинг дини бўлмаса, асло бўлмас! Сўнг қул эканларини ҳам идрок эта олмайдиган у халқни ҳурриятга бошла. Биз ҳамиша Сен учун Аллоҳдан мадад сўраймиз. Ўз ишингда собит туришинг учун сени меҳмон қилмоқдамиз. Сен билан суҳбат қурмоқдамиз. Шуни ёдда тут. Дарвоқе, мени таниб ол: Зуннуни Мисрий деб атайдилар. Булар эса менинг дўстларимдир. Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган, аммо ул зоти шариф алайҳис салоту вас саломнинг силсиласига боғланмоқ умидидаги ҳалқалармиз, иншааАллоҳ. Сенга Аллоҳнинг изни билан ошкораю пинҳона мадад йўллаб тургаймиз. Роббимиз Ўзи истаган бандаларига нусрат ва ғалабалар ёғдириб қўяди. Умид қиламизки, Сен ўша бандалар сафида бўлажаксан!
Денгиз бу нуроний зотлар суҳбати ва илтифотидан шодлик ва бахтиёрлик туйди, айни пайтда, нақадар ҳақир ва хор ҳолатидан уни шундай улуғлар жирғасига келтирган Аллоҳга ҳамд айтди.
Суҳбатдан сўнг бир лаҳзада ҳужрага қайтдилар. Барча истироҳатда эди. Ҳазрат сассиз ва садосиз ҳолда чиқди.
– Доимий зикр ва нафл ибодатлар номи вирд дейилади. Нофилалар доимий бўлмаса, вирдга айланмайди, – деди ҳазрат ниҳоят. – Вирдда бардавом бўлиш бор, унда ихлос ва эҳтимом билан собит туриш бор. Инсон ақли, қалби, нафси ва руҳини мутлақо ибодатга бўйсундирганда у кашф эшикларига яқинлашади. Бу онда Унга Аллоҳ таоло Ўзининг жалол сифатини тажаллий қилади. Жалолият қошида банда сен каби ҳолга тушади. Роббимизнинг жалолияти тажаллийсини инсон кўтариши беҳад маҳол. Устозсиз бу йўлга кирганлар ана шу тажаллий чоғида ҳалок ҳам бўладилар. Бу аслида буюк муждадир. Одам ўзидаги ҳолни англаши унинг учун фойдали. Билки, бугун сенга Аллоҳ жалол сифатидан бир зарра кўрсатди. Уни ақлинг, нафсинг ёки кўзларинг эмас, қалбинг туйди. Руҳинг қабул қилди. Жисминг соғу саломат, аммо қалбинг Роббимизнинг жалоли қаршисида эриб кетгудек ҳолга келди. Бу онда устозларнинг вазифаси ёрдамга етиб келмоқдир. Айрим ҳолларда инсонлар алданадилар. Устозгина бу тажаллий Аллоҳдан эканлигини билади. Бу йўлни босиб ўтган Устоз! Сен асло хавотир олма, Роббимизга бу неъмати учун ҳамд айт! Хаёлингни бир жойга йиғ, хотирингни жам қил! Вирдлардан тўхтама! Агар тўғри ният билан қалбингни холис сақлаб Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолда давом этсанг, ҳайратларга шўнғийсан. Сўнг ҳеч нарсага эҳтиёж сезмай қоласан, бунинг номини истиғно деб атайдилар. Ва сенга сен қилишинг шарт бўлган ишлар китоб ўқитилгандек ўқитилади. Сен яқиний мақомга кўтариласан. Ва Аллоҳ нимани истаса, шу бўлаверади. Гоҳо шогирдлар мақоми устоздан ҳам кўтарилиб кетади. Устоз бу онда шогирднинг ортидан эргашади. Кимки ўзидан ўзган шогирд етиштира олса, бу унга Ҳақ таоло ато этган буюк кароматлардан бири бўлади.
Денгизнинг ақли тиниқлашди. Ҳазратнинг сўзларини қалбига нақшлади.
Ҳақиқатан, Рамазоннинг кейинги кунларида қалбидаги титроқлар кўпайди, ҳузур ва латофат уни эгаллаб келаверди. Бир он ҳам Аллоҳ зикридан айрилишни истамасди.
Қуръон ўқиётганда гўё самоларга кўтарилар, кўтарилган жойларини эса аввал кўргандек эди. Ҳа, у аввал ҳам мақомларга чиққан, лекин англамсиз равишда жазба билан чиққан эди. Энди эса у солик эди, сулук зиналаридан кўтарилмоқда эди. Бу мустаҳкам кўтарилиш эди.
Қадр кечасида таровеҳнинг ўн олтинчи ракати ўқилгач, Бистомий ҳазратлари Денгизни чақирди. Денгиз биринчи сафда, меҳробга жуда яқин жойда эди. Қаердандир: “Денгиз, бери кел!” – деган нидо уни йўқлади. Тасбиҳ айтиларкан, у тезда хонақоҳдан чиқди ва ўз ҳужрасига борди. Ҳужрада Бистомий ҳазратлари ўтирган эди.
– Ўн еттинчи ракатни бошқа жойда ўқиймиз, – деди ҳазрат. Денгизнинг қўлидан ушлади. Худди ота гўдак фарзанднинг қўлидан ушлагани каби. Сўнг эшикка қараб юрди. Эшикдан ташқари чиқдилар, аммо Бағдод жомесининг ҳовлисига эмас, бошқа бир ёруғ саҳнга чиқдилар. Бу баланд гумбазнинг таги эди. Ўнг томонда оппоқ баланд меҳроб, бу жойни оппоқ либосли, юзлари офтоб каби порлаган инсонлар тўлдирибди. Улар Бистомий ва Денгизни кўриб ўринларидан турдилар. Бистомий ҳазратлари Денгизни етаклаган кўйи уларнинг ичидан ўтди. Барча қўлини кўксига кўйиб ҳурмат кўрсатди. Меҳробга келдилар. Имом навбатдаги ракатга такбири таҳрима билан қулоқ қоқди.
Таровеҳ тугади. Жамоат тарқади.
Хонақоҳда бир неча ўн киши қолди. Улар ҳалқа бўлиб ўтирдилар. Бистомий ҳамд ва саловат билан сўз бошлади:
– Бу Денгиз, – деди. Давранинг улуғи бош ирғаб қўйди ва Денгизни ёнига чақирди. Денгиз борди ва унинг қўлини ўпди.
🔞КАТТАЛАР УЧУН!
🇺🇿 ТВ-да кўрсатмайдиган ва халқга айтилмайдиган махфий янгиликларни ёритиб борамиз!
Янгиликлар бўлса бизга юборинг, биз каналга чиқарамиз:👉 @SaraXabar_Aloqabot
Реклама: @SaraXabarda_reklama
Last updated hace 1 mes, 2 semanas
🕵🏻♂️ "ХОКИМ БУВА" нинг телеграмдаги расмий сахифаси шу, қолганлари фейк!
🔞 КАТТАЛАР УЧУН!
‼️ Воқеа ёки ҳодисанинг гувоҳи бўлдингизми?
Унда бизга юборинг: @hokimbuva_murojaatbot
💰 Реклама: @Xokimbuvareklama
Last updated hace 1 día, 14 horas
🇺🇿 КАТТАЛАР УЧУН!
🌐 Ўзбекистон ва Жаҳондаги муҳим воқеалар, энг тезкор ва махфий хабарлар!
Yaxshi Yomon - Бизни кузатиб боринг...
Воқеа ва ҳодисага гувоҳ бўлдингизми бизга юборинг: @YaxshiYomon_Bot
☎️ Реклама: @YaxshiYomonda_Reklama
Last updated hace 1 día, 23 horas