YOKI

Description
Goʻzal Begim adabiy blogi
Advertising
We recommend to visit

Оперативно і цікаво про головне!

Сайт: obozrevatel.com
Про спорт: https://t.me/obozrevatelsport

З питань співробітництва - @lesia_gasych
Тут можна потеревенити - @obozchat
Надіслати нам інформацію - [email protected]

Last updated 5 days, 6 hours ago

Ласкаво просимо на офіційну сторінку ФК «Динамо» Київ 💙

Last updated 2 days, 13 hours ago

Мій канал про спорт - https://t.me/v1latsports

Офіційний канал Вілата. Все на допомогу Збройним Силам України

[email protected]

Last updated 2 days, 2 hours ago

3 days, 13 hours ago

Ўша учрашувдан кейин Сизни қайтиб кўргим келмай қолди. Нега? Чунки Сиз билан кўришгани, суҳбатлашгани маънан тайёр эмасдим ҳали. Ҳа, сабабни белгилашда адашмаяпман деб ўйлайман, шундай, тайёр эмасдим. Чунки кўп катта шоирларга тақлид қилардим. Ҳаваслана-ҳаваслана, тақлид қила-қила моҳиятига ета бошлагандим кўпчилигининг. Танганинг орқа ва ён томонларига назар сола бошлагандим. Ҳатто улардан ўтказиб ёзишга ҳам уриниб юрардим. Аммо... сизга тақлид қилишга-да нафасим етмади. Етмади!
ФБга шеърларингизни қўймоқдалар. Куймоқдалар.
Там-там малаксиймо чачвонин ташлар,
Яғмо шамларига ибодат бошлар,
Ризвон олмасида имонинг сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.
“Сиз омманинг шоири эмассиз, хослар шоирисиз, – деб юрардим. –Бу қадар қуюқ ранглар, ўзига хос қуйма оҳанглар, дарвешона руҳ, жунунона ақл – ҳаммасини бир манзилда туташтира олган ҳеч кимга ўхшамас йўл оммага оғирлик қилади, юрагига юқтиролмайди”, – деб ўйлардим. Қаранг, хослар кўп экан. Қаранг, Сизни севгувчилар кўп экан. Гарчи ватанга меҳрингиз борасида бироз гумон қилишган эса-да, “Озодлик” достононингизни мукофот илинжида ёзди, маддоҳлик қилмоқчи бўлди, дейишган эса-да, севишаркан! Сўралмасдан берилиши лозим бўлган ҳаққингизни Сизга бергилари келмаган бўлса-да, севишаркан! Қаранг, Румий ҳазратлари айтгани каби “Дарахт билмас экан ўз вужудида яшаганда япроқ қийматини, Тўкиларкан англармиш нақадар севганини”.
Аммо барибир, сизни мендай севолмайдилар. Бироқ... мендан кўра кўпроқ қадрлаган бўлишлари мумкин...
Илк учрашувдан сўнг йиллар ўтиб биз тасодифга кўра бирга ишладик. Ҳатто бир хонада ўтирдик! Ҳатто иккинчи китобим “Номсиз”га масъул муҳаррир бўлдингиз! Ҳатто янги ёзган шеърларимнинг илк тингловчисига айландингиз! Шеърларингизнинг илк тингловчиси бўлдим! Танангизга сиғмаган руҳингизни кўрдим, даҳлизларда: “Оҳо-ҳой, мен шеър ёздим!” дея ҳайқириб юрганларингизни кўрдим! Ҳатто моддий масалаларда раҳбар билан мен учун тортишиб-талашдингиз!
Кейин эса йўлларимиз айро тушди. Ойлаб, йиллаб дийдорлашмадик. Аммо, ишонинг, Сиз ҳамиша мен билан бирга эдингиз. Масофа ва вақт аҳамиятсиз эди. Қачон ва қаерда чақирмайин, етиб келардингиз. “Бор”ни қўлимга олсам бас, бор эдингиз.
Мен-чи? Чақирганингизда етиб бора олдимми? Мени чақирдингизми? Буниси қоронғи. Ёруғ жойи шуки, Сиз онда-сонда аралашиб қоладиган тадбирларда кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашганимизда чин юракдан қувониб кетардингиз: “О-о-о, онагинам!”, “Бу менинг биттаю битта ҳақиқий шогирдкам бўлади”, “Сизларнинг энг яхши ишларинг – шу қизни уюшмага аъзо қилганларинг бўлибди”...
Сизни кўриб бир қувонсам, қувонганингизни кўриб икки қувонардим. Эҳ, Сизга ва ўзимга бундай қувончларни жуда кўп туҳфа этишим мумкин эди. “Севганларингни ҳеч қачон кетмайдигандай севарсан, кетгандан сўнг келадиган каби илхақ кутарсан” (Жалолиддин Румий).
Ризо чайласида оҳунинг рози,
Жамбил хоҳишига монанд овози.
Дўззахий бўлса ҳам каломинг сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.
Бугун Сизни кузатиш учун йиғилдилар. Чораси йўқ ахир кузатмасликнинг. Қўлларида кўтариб олиб бордилар, қизғанибгина тупроққа бердилар ва... қалбларига жойлаб, олиб қайтдилар...
Мен эса “Бор”ни қўлимга олдим. Етиб келдингиз. Исо (а.с.)нинг нафаси янглиғ тирилтирдингиз оғриб ўлаётган қалбимни. Ва англаб қолдимки, Сиз ўлмагансиз. Ўлганлар тирилтира биларми қалбни? Сиз шунчаки, асли ерлик эмасдингиз, мусофирликдан озод бўлдингиз, холос. Учиб кетдингиз ва қадр топдингиз ўз ватанингизда!
Йўқ, кўзёшларимга қулоқ солманг. Улар ҳайқираверадилар. Мен яна англаб етдимки, Сиз тўғрингизда ўтган замонда гапириб бўлмайди! Ахир ҳаммаси фақат ўтмишда қолган эмас, ҳаммани титратган бугунингиз бор, севилиб яшашда давом этгувчи эртангиз ҳали олдинда. Ҳа, ўлган одамларнинг фақат ўтмиши бор, ТИРИК ШОИРларнинг эса эртаси ҳам олдинда...
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг!!!

3 days, 13 hours ago

ОЙДИННИСО
СЕН МЕНИНГ
(Абдували Қутбиддинга мактуб)
Бугун Сизни кузатиш учун йиғилдилар. Чораси йўқ ахир кузатмасликнинг. Қўлларида кўтариб олиб бордилар, қизғанибгина тупроққа бердилар ва қалбларига жойлаб, олиб қайтдилар...
ФБга шеърларингизни қўймоқдалар. Куймоқдалар.
Пайғомлар йўлладим, уйғон, ҳилолим,
Жунун оқшомлари очди жамолин,
Поялар урибман домингга сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.
Сен менинг! Ўзимники қилиб олганман бу шеърларни ва шоирни. Сизни деб қайғуга ботаётган одамлардан қандайдир мамнун бўламан, қандайдир қизғанаман. Шеърларингиз меники бўлгани каби Сиз билан боғлиқ айрилиқ ғами ҳам фақат меникидай гўё.
Дугонам Дилрабо Сизни бир пайтлар мендан шундай қизғанган эди. Мендан аввалроқ унинг кашфиёти эдингиз Сиз. У қаердандир топиб келган муқовасиз, титилиб кетган китобчани мен ўзлаштириб олдим ва Сизни ўзимники қилиб юрдим. Ахир, менинг ичимдаги қўшиқлар бор эди унда. Мен тўлғана-тўлғана кўтариб юрган, сўзга кўчиришга кучим етмаган қўшиқлар. Улар тонг ҳавоси янглиғми, гўдакнинг қиқиридайми, олов атрофида сакраб рақсга тушаётган дарвешнинг жазаваси кабими, юрагида йиғисидан бўлак ҳеч нимаси йўқ фақирнинг қаҳқаҳаси мисолими, ё шамолдай увиллаб ҳар эшикка бош суқиб ўзини излаб юрган менинг ўзим сингарими жаранглаб турарди китоб ичида, менинг ичимда...
Биз СамДУда ўқирдик ўшанда. Мен биринчи курс, дугонам тайёрлов курсида. Маъмуриятдан Сиз билан ижодий учрашув уюштиришларини талаб қилдик. Эшитдикки, фалон куни келар эмишсиз. Менинг шоирим келармиш! Намойишкорона мақтандим, намойишкорона кутдим. Оралиқдаги кунларни яшамадим, улардан ҳатлаб ўтиб кутилган кунга етдим! Сиз эса келмадингиз...
Эртасига иситмалаб ётиб қолдим. Дарсга бора олмадим. Кечқурун эшитдимки, келибсиз! Менсиз кунда Университетга келиб, тебрана-тебрана, тўлғона-тўлғона шеърлар ўқибсиз. Чидаб бўлмас қадар бебаҳралик эди бу мен учун. Йиғладим. Кўзёшларим ҳозиргидай санчилиб тўкилдилар.
Тийра гирёнларда отлиқ дард ҳоким,
Ки зулфи оташи аждарлар балким.
Боримни бахш этдим ромингга сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.
Кетдингиз, устозим. Кетдингиз, шоирим. Ўшанда ҳам кетган эдингиз. Фарқи шундаки, унда Сизни кузата олмаган бўлсам-да, излаб боришим мумкин эди. Бордим ҳам. Мен Сизни излаб ҳаётимда илк бор Тошкентга йўл олдим. Оёқларим ерга тегмади, учдим, йўллар қанот қоқди мен билан бирга. Шундан буён қачонки Самарқандга борсам ва қайтиб Тошкентга йўл олсам, йўллар Сизни эслаб қанот қоқади. Тошкент энди она шаҳримдай бўлиб кетган эса-да, бунда мен излаб боргувчи ва мени излаб келгувчи қадрдонларим кўп эса-да, йўллар ҳамон Сизни эслаб қанот қоқади.
Учаётган бир мен ва йўллар эмасди. Дилрабо бор эди ёнимда. Тиниб-тинчимас ўқитувчимиз Ойгул Маматова ҳам бор эди. Юрагимда бори ҳам биргина чексиз ҳаяжон ва сизга талпиниш ҳисси эмасди. Амакингиз, гўзал Инсон – ўша пайтлар СамДУнинг проректори бўлган Муслиҳиддин Мухитдиновга миннатдорлик ҳисси ҳам бор эди. Нима қилган, нима қўйган билмайман, мендай йиғлоқи талабасини Сиз билан таништириш учун бизнинг Тошкентга сафаримиз харажатларини Университет ҳисобидан тўлаб берганди.
ТВда ишлардингиз ўшанда. Ўқитувчим ички телефондан қўнғироқ қилиб чақирди Сизни. Тушиб келдингиз. Шеърга, Сўзга, Сизга ихлосманд ўн саккиз яшар икки қизнинг ёнига баландлардан пастлаб, тушиб келдингиз.
Мен Шоир Абдували Қутбиддинни кўрмоқчи эдим. Қай алфозда кўрмоқчи эдим? Билмайман, эҳтимол, сиз ёзган Шеърларни қоғоздан ташқарида, тирик одам қиёфасида кўрмоқчи бўлгандирман. Негадир тасаввур қилишга ҳам журъатим етмаган. Қаршимдаги Инсонни агар тасаввур қилганимда, танишгани юрагим дов бермасмиди. Рости, ўша илк суҳбатимизни эслашга, нимадир мисол келтиришга ҳарчанд уринмай, кучим етмаяпти ҳозир. Эсимда қолгани – фақат қўрқув ҳисси. Бошини бир томонга оғдириб, гўё суяш учун тутган каби бир елкасини пастлатиб, қандайдир содда, қандайдир мураккаб, жунунваш қиёфада кутилган ва кутилмаган бир ҳодиса тушиб келган эди ёнимизга. Бу ҳодиса, бу ифода нимаси билан юрагимга ваҳима солган эди, ифодалаб беролмайман.

5 days, 20 hours ago

Гўзал БЕГИМ
УРИЛАМАН ҚИЯ ОҚЛИККА

Қордай эсаман мен
бир совуқ оқликни кўтариб
уриламан қия оқликка
дарахт оқ
соя оқ
изтироб оппоқ
тун қора, қоронғу.

Юзимга тушади ойнинг сояси
ғуж-ғуж терилади юзимда хотир
Ойнинг орқасидан бошин чиқариб
чайқалар оқ новда
титроқ оқ
бутоқ оқ
инжимоқ оппоқ
йўлак қоронғу.

Бир насим сув сепар тун ёғдусига
Ишвали шитирлар қорли сакинат
Бирровга киргану қайтиб чиқмаган
хаёл оқ
хазон оқ
илинмоқ оппоқ
қалам қоп-қора.

Кўзим қорасини юваман тонгда
саломлашаман ҳар бир секинлик билан
мавҳум туннинг занжи чекинишидай
ёқамга шипшийман
шивир оқ
ҳовур оқ
янимоқ оппоқ
умид қоп-қора...

Ярқираб кўринар қор ва қоронғу
вақт ярми чекилган тамаки
бармоғим учидан силкиниб ўтар
этаги ямалган зирҳли табассум
зулмат оқ
зарб оқ
тирмашмоқ оппоқ
қорли тун қора.

17.12.2022

2 weeks, 1 day ago

Гўзал БЕГИМ
МЕТАФОРА МУВОЗАНАТИ

Метафора – бадиий ифодалаш воситаларидан бири. Уни поэзиянинг жони дейиш мумкин. Метафора ёрдамида шоир ўзининг бадиий мақсадини аён этади. Сийқаси чиққан тушунчалар орасидаги масофаларни хиралаштиради. Шоир метафора ёрдамида туйғулар параллелизмини яратади, гўзаллик чўққисига эришади, маънони теранлаштиради, қалбининг энг чуқур жойларига туша олади, очиқлик ва яланғочликдан халос бўлади. Метафора Ортега и Гассет таъбири билан айтсак, кириш мумкин бўлмаган жойга кириш имконини беради.

Фахриёр шеъриятида метафора фақат гўзаллик ташувчи восита бўлиб хизмат қилмайди, балки бадиий ғояни очишга ҳисса қўшади. Унинг шеърларида метафоралар меъдага тегадиган даражада зич эмас, шоир метафоралар борасида мувозанатни билади.

Сўнгги япроқ каби осилиб турар
вужудда юрак
юпун умид.

Метафора шеърда энг кучли таъсир қиладиган ва муҳим ифода воситаларидан бири. Агар метафора бўлмаганда эди шоирнинг шеъри қашшоқ ва зерикарли бўлиб қоларди. Метафора орқали шоир нафақат фикрини балки ҳис-туйғуларини ҳам юқтириш маҳоратини эгаллайди.

Ҳислар такрорини енгиб яшамоқ,
исм топиб бермоқ ҳар қалқинишга,
идраган дунёга шеър билан ямоқ
солмоқ машаққатин кўр талқинига
ишониб яшайди бояқиш юрак…

“Ҳислар такрори”, “Қалқинишга исм топиб бермоқ”, “Идраган дунё”, “шеър билан ямоқ солмоқ”, “Кўр талқин” – буларнинг ҳар бирида ўқувчи дидини ярқиратиб юборадиган, ҳиссий тушунчаларини чархлайдиган поэтик кескирлик бор. Исми топилмаган ҳис ва ҳолатларнинг давомли ҳаракатини кўрса бўлади. Ҳиссий чексизлик бор.

Тўғри бир қараганда шеърда ўхшатиш билан метафорани ажратиб бериш мураккабдек туйилади. Метафора бу – шеърдаги аристократликдир, матний сеҳргарликдир, ўхшатишнинг чўққидаги кўринишидир. Шу боис биз шоирнинг руҳоний бойлиги ва афзаллигини кўрамиз. Арасту “Яхши метафора бу – ўхшашликларни пайқашдир”, дейди. Эҳтимол, ўхшашликни пайқаш ва пайқатишдир.

Албатта, Фахриёр ишлатаётган метафоралар Асқад Мухтор ёки Ойбеклар қўллаган метафоралардан фарқ қилади. ХХ асрнинг охири ва ХХI асрга келиб метафора янгиланди ва мукаммаллашди. Масалан, Асқад Мухтор айтмоқчи “Кўкси тўла кумуш соқол, қўлда кумуш узук, Эмишки, ўзи ҳам яхлит кумушдан” каби метафоралар тизими Фахриёр даврига келиб ҳам фикрий, ҳам эмоция, ҳам лингвистик жиҳатдан мукаммаллашди. Мурккаблашгани йўқ. Натижада ўқувчининг руҳиятида поэтик харита яратишга эришилди.

севгилим
умидларимни узиб
гулдаста ясадим
сен учун

узилган кўнгилни қоғоздай ёйиб
дастани ўрадим
чирррройли қилиб

умид япроқларида
шабнам каби
минг қатим нурни
товлантирар кўзим ёшлари
бирам гўзал
бирам чиройли

таассуфки узоқлардасан
ҳеч бўлмаса гулдаста суратини
wifi ёки email билан
узатай десам

афсус кўнгил узиб қўйилган
умид ҳам узиқ

Кўряпсизки, Фахриёр шеъриятида метафора турли хил бадиий мақсадларга хизмат қиляпти. Баъзан ўқувчиларни ҳис-туйғуларини арқон каби ўйнатиб юборади, бошқа бирларида тасвирни тушунишга ёрдам беради, яна бошқаларида эса тасвир ва тасаввур объектлари билан қўшимча алоқа ўрнатади. Шоирнинг, шеърнинг имо-ишора тили ёрқинлашади.

Шоир нафақат услуб ва шаклда, балки сўзларни қўллашда, уларни истеъмолда фаоллаштиришда ҳам алоҳида, ўзига хос хизмат қилган. Шеърларида силлиқ, ялтироқ, ҳаммақатори сўзларни эмас, ўз сўзини топди, нофаол сўзларга жон киритди. Сўзнинг бир учи юрагига, яна бир учи эса бармоқларига қадалди. Шунинг баробарида тилимизга четдан кириб келган сўзларни бадиий адабиётда қўллаш мумкинлигини исботлади; wifi, email, cool ва ҳоказо.

Мен Фахриёр тимсолида сўзга ҳаддан ортиқ талабчан, сўзнинг бўйи-бастини ўлчашда штрихларни аниқ оладиган, сўздан ташқаридаги ҳаётни инкор этадиган яхлит ижодкорни кўраман.

Фахриёр бадиий приёмлари ўқувчини бир қарашда эсанкиратиб қўядигандек туйилса-да, у руҳиятга кириб ўрнашгач, бадиий шираси кучаяди. Физиклар таъбири билан айтсак бадиий сўз ва руҳиятимиз ўртасида тортишиш кучи рўй беради. Асл шеърнинг, шоирнинг кучи ана шу бўлса керак, эҳтимол.

05.10.2023

PS: Бугун Ёшлар ишлари агентлигида Фахриёрнинг "Излам" китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Мақола Фахриёрнинг 60 йиллиги муносабати билан ёзилган эди.

2 weeks, 1 day ago

Энди Адабиёт дарвозасидан кираётганлар Фузулийнинг, Юнус Эмранинг, Машрабнинг ноласига қўшиб, Зарифнинг янгиланган кўҳна дардларини ўқиб қадам босажаклар.

Сен сандувоч ўлсанг
мен тикон ўлсам
илкингда суманвор гулласа йурак
кўзингдан оқса гар икки шапалак
мен сори учсалар мен ошйон ўлсам
(Маҳинам ишқингдан тўралгум мано)

Зариф ўз шеърларида ишлатган чечаклар-да, дарахтлар-да, гиёҳларда бугунги адабиётимизда ишлатилаётган образлардан тафовутлидир. Ишлатилаётган сўзлар-да туркнинг бўғизида қолиб кетган сўзлардир. Шунинг учун шоирнинг шеърларидан шираси чак-чак оқиб туради. Қони-да, зардоби-да ширалидир. Бу шоирнинг ифода услубидаги инқилобидир!

Баъзан оҳангга муккасидан кетган шеърларда фикр тутқунлигига дуч келасиз. Зарифда бу ҳол кузатилмайди. Шу учун ҳам унинг шеърларини юракнинг чоҳларига тушиб айтасиз, шеърларига рақс тушса бўлади. Товушларига монанд чайқаласиз.

Шоирнинг шеъри бу оламнинг ҳарир бир рўмоли каби юрагингизнинг гоҳ у четига, гоҳ бу четига тегиб ўтади. “Қаҳри қаттиғу, меҳри фаравон” олам юрагингизни майдаланиб синган ойналарда кўрсатади. Дунё, Зариф Султоний дунёси ана шу тахлит сизни энг қадийм оҳангларга судраб кетаверади.

Мен шоир тириклигида Сариосиёга бориб уни кўрмоқчи эдим. Насиб этмади. Ушбу битикларни битмоқчийдим, ҳеч бир сабабсиз, битолмадим. Бугун эса, Шоирни йўқотибгина қаламимни уйғотгандекман. Бизнинг Хоразмида марҳумни кафанлашдан олдин майитнинг қулоғига Охират алласи айтилади.

Бугун Сариосиёда айтилган Охират алласида энг, энг қадийм, энг жўмард, энг ёвқур бир оҳанглар кезинди:

“Кел хилват ичинда анжуманим кел”

7 декабр, 2022 йил.

2 weeks, 1 day ago

Гўзал БЕГИМ
ТУРКНИНГ ҚОНЛИ ЛИРИКАСИ
ёки юракнинг ойнада сирпаниши

Бугун биз ўзбекнинг мусиқий тилли бир Шоирини у дунёга кузатдик. Ҳа, кейинги пайтда шоирларни йиғламасдан ҳам сўнгги сафарга кузатиш мумкин эканлигини эксперимент қилаяпмиз. Совуқ бир “уҳ” тортишда кўз ёшдан ҳам оғирроқ изтиробларни яшаб ўтишни одат қилмоқдамиз. Аслида, шоирнинг ўлими кўз ёш чақирувчи ўлимдир.

Шоирнинг ўлими – юракнинг ойнада сирпанишидир.

Кўз ёшларнинг сирпанишидир.

Ҳа, Зариф Султонийнинг шеърлари мусиқали эди, куйли эди, қуёшли эди. Унинг тилида ўғузу қарлуқ, қипчоқ лаҳжаларининг сўзлари яйраб нафас оларди. Дарднинг хиргойисини, кўз ёшларнинг рақсини, изтиробнинг оҳангини Зарифнинг шеърларидан туйиш мумкин эди.

Унинг шеърлари шоирнинг ўзи айтмоқчи “сояда унган кўзёш”лардир.

Мен Зариф Султоний билан атиги бир марта – Республика онкология шифохонасида(гарчи бу ерда ҳеч ким шифо топмаётган эса-да – шифохона деб аталади) кўришганман. Бироқ унинг шеърлари билан, жадид фикрлари билан жуда кўп бор юзма-юз келганман. Ҳар гал унинг қони жадидлар қонидан бунёд жасурлигига, миллатпарварлигига, улуғлигига ич-ичимда таҳсин ўқиганман.

У узоқ йиллар шу дард билан курашди. Лекин бирор марта ўз дардидан сўз очмади. То сафар пойафзалини кийгунга қадар миллат учун куйинди, халқ деди, адл сўзни айтишдан чекинмади.

Шеърларида эса ярали бир қўшиқни тинглаш мумкин эди. Фарангиси, Моҳинаси, Нилуфари – ҳамма-ҳаммаси унинг зарангиз яраларидир.

Зарифнинг шеърлари билан ёлғиз қолган ўқувчининг хаёлига келадиган илк ҳис бу – қадимий туркий ҳислардир, дашти қипчоқ туркларининг ёввойи лирикасидир. Қонли лирикасидир.

Унинг шеърларидаги сингорманизм ҳодисасида қадимги туркий сўз товушларининг сирғалишига дуч келасан. Шул сабаб энг қадимги турклар ишлатган “ёғмур”, “йилон”, “кулимса”, “узала” сўзларига қайта жон битади.

Олтой туркларидан, Энасой бўйи турклари тилида бугун ҳам ишлатилаётган, улардан инаётган инграётган чанқовузнинг нолаларидир улар. Эҳтимол, тошларга ўйиб ёзилган туркнинг тик сўзларидир шулар аслида.

майсалар уйғонди майсалар
йузинда шабнамлар зарангиз
шаббода бир йоруғ куй чалар
(қарангиз нур каби қарангиз)
сочилиб келадир Фарангис

Бу шеър 1989 йили Тошкентда битилган. Бу шеърда товушлар биз кўникма ҳосил қилган товуш ҳодисаларидан ҳам талаффузда, ҳам ёзма нутқда фарқланади. У атайлаб товушларга тўн кийғазмайди, товуш деворларини бузиб ўтмайди. Шеърнинг оқими шуни талаб қилади. Руҳнинг шитоби товушларни ўз измига солади. Товушларни шеърнинг ўзи бошқаради.
Мана шоирнинг жунунли шеърларидан бири:

кел хилват ичинда анжуманим кел
кўзларинг шаҳрига меҳмон қил мени
эй йузунда куну сочинда савдо
эй бир йони сукун бир йони ғавғо
ул ики арода сарсон қил мени

кел хилват ичинда анжуманим кел
ул ики арода сарсон қил мени
эй қаҳри қаттиғу меҳри фаровон
эй рози йоширин ишваси урйон
кўйингда бесару сомон қил мени

кел хилват ичинда анжуманим кел
кўйингда бесару сомон қил мени
эй баринда гулбарг йақосинда қон
эй бир тараф боғу йобонў бурйон
саҳройи ишқингда тўзон қил мени

кел хилват ичинда анжуманим кел
саҳройи ишқингда тўзон қил мени
эй сўлинда тўфон соғинда озар
эй бир қўлинда жом биринда ханжар
ҳуснинг закотига қурбон қил мени

кел хилват ичинда анжуманим кел
ҳуснинг закотига қурбон қил мени
Edirne, 1992

Бу шеърни мен тўлиқ келтиришни истадим. Негаки бу шеърни узиб олиб бўлмайди, шеърнинг мусиқаси кесилади, оҳанги бузилади. Шоир шеърда шу каби товуш янгиланишларига эришади: ики – икки, йоширин – яширин, йақоси – ёқаси. Булар шоирнинг кашфиёти деёлмаймиз, албатта. У туркий қонимизнинг овозини қайта уйғотган шоирдир! Туркнинг ботир қонини, жўшқин қонини, мажнун қонини.

Зарифнинг шеърларидан кимдир Юнус Эмронинг, кимдир Фузулийнинг ва яна кимдир Машрабнинг овозини туйса, туяётгандир. Бўлса бордир. Бироқ улар ўтмишнинг янгиланган овозидир. Қадийм турк бўлгаларининг ғариб эмас, ғаройиб оҳангидир улар. Зотан сўз ўз мусиқасига чўлғаниши мумкинлигини, шартлигини Зарифнинг оҳангсиз оҳанглари уҳдалаб берди, адабиётимизга муҳрлаб қўйди.

3 weeks, 2 days ago

Гўзал БЕГИМ
ДИЛИМ КЎРИНЯПТИ ЙИРТИҚ СУВРАТДАН

Йиғладим, йиғладим, жуда кўп марта
Қаҳ-қаҳ уриб кулдим яна шунчалар.
Дилим кўриняпти йиртиқ сувратдан
Жароҳат қизарди, гуллаб, ғунчалаб.

Юрагим бўм-бўш уй, унинг олдида
Ечилган, униққан оёқ кийимлар.
Туйғуларим йиғиб олинган дала
Кетиб бораяпман ёнган буюмдай.

“Қайт” дейман бу дунё ташқарисидан
Урилиб қайтади занг босган сасим.
Бахтли юрибсанми, кулаяпсанми,
Босиб олма тағин ҳорғин овозим.

Йиғлашни ўрганмай йиғладим минг бор
Ва кулдим, қўлбола кулгуйим билан.
Оёғим учида бўй чўздим ойга Ичимда тупроқ ва ёмғир ийланган.
29.11.2024

3 weeks, 2 days ago

“Ялтироқ тасвир”да битилгандай “Қотиб улгурмаган суяклардан нарвон ясаб тун бўйи осмонга чиқиб йиғлаётган” инсон яъни, мазкур боғлиқликни то қиёмат қадар мангу тутиб қолишга ирода-куч йиғаётган лирик қаҳрамон назарида шахс камолотини қанчалик талқин этиши бошқа шеърларда ҳам ўз аксини топади. Унинг “Ирода тахламлари ” шеърида ёзади:

Жон ўлмасдир
тан фоний
йўналтираман ўзимни
миямдаги мавҳум фикрга
тилимнинг суягин тутганча
майсаларнинг қулоғига пичирлайман.
менга кенглик беринг, заминий кенглик,
қулоқларимни тинч қўйинглар
оёқларимга ҳукм ўқиманг,
керак бу жисмлар менга ҳам.
Ўлимдан-да
қўрқинчлироқ сўз қидираман
жумла ахтараман
ҳаловатимга зарба бергувчи.
миямда бурқсиётган тутунда
учоқларнинг изи қолади
юр паноҳ излаймиз ўша излардан

Инсон ўз нафсига қарши бориши, ўз ҳаловатига зарба бера олиши учун жумлалардан куч ахтаришининг ўзи комил тафаккурга эга эканлигини кўрсатади. Дарвоқе, ўша биз имло қоидаларига бўйсунмасдан бош ҳарфлар билан ёзиб қўйган “КУЧ” қаердан излаб топилади? Ўзлигини англаб етган – манқуртликдан халос бўлиш жараёнини бошидан кечирган киши бу кучни албатта топиш йўлини яхши билади.

Вужудимдан ясалган тобут
кезиб юрар замин қаърида
бир кун тобутда чиқишим тайин
сўнг англаб етарман
ўликлар сафига бегоналигим
менга муҳтожлигин
қуёшли замин.

Дарҳақиқат яхши одамларга халқ маҳтал, мухтож бўлади. Гўзал Бегимдай шоираларга ўзбек адабиёти кўзнигорон эди. Бир хиллик, оҳангдошлик, услубдошлик, фикрдошлик ва яна “дош-дош”ликлар бизни чарчатиб қўяёзган эди.

Гўзалнинг ўзига хос оҳангда услубий алоҳидалигида “Сукунат жаранглари” тўпламидан кўнглимизни баҳраманд этиб, янги ўзбек шеъриятига кириб келиши чарчоғимизни аритиб юборгандай бўлди.

У “Ойга борар йўл” насрий назмида ёзади: “Тунда мен ўз манзилимга адашмай етиб оламан. Мен яна ўз йўлимни топиб олдим. Салом йўлим, ойга элтадиган ёруғ йўл!”

Гўзалнинг ўзи суюб топган йўл унга қут ва мубораклик келтирсин!”

Эрпўлат БАХТ.
1999 йил сентябр. Тошкент-Урганч. "Мунаққид заррабини" китобидан.

ЭСЛАТМА: Иккинчи мақола Гўзал Бегимнинг "Мажнунсоат" китобига бағишланади.

3 weeks, 2 days ago

Биз истаймизми-йўқми, адабиётимизда шоирларни сараларга ажратиш ҳолатлари бор. Ижодкор “мен”и қандай услуб, шакл ва йўналишда ўз ифодасини топишига қараб уни “бешафқатларча” сираларга ажратамиз.
Гўзал Бегимни ҳам Баҳром Рўзмуҳаммад, Даврон Ражабовлар сирасига киритиб қўйганлар талайгина. Аслини олганда эса модрен шеъриятнинг садоқатли шоири бўлган Б.Рўзмуҳаммад, Д.Ражабларнинг ижод маҳсулидан Гўзал Бегимники кескин фарқланади.

Сарбаст ёки сочмада фикр талқин этиш ҳамма вақт ҳам модрен шеърият бўлавермаслигини ҳис қилган ўқувчигина бу алоҳидаликни англаб етиши мумкин. Услубият ва шаклий ўхшашлик ижодкорни ҳеч қачон бир-бирига эгизак қилиб қўймайди. Фикр ифодаси, моҳиятни очишга ёндошув, ҳиссиёт ва туйғуларнинг инжа-рангларини акс эттириш маҳорати моддий дунёда яшовчанлик хусусиятига эга бўлган ички ҳаракат ва оқимларнинг шакл-шамойилини чиза билиш қобилияти билан ҳар бир шоир бир-биридан маълум даражада фарқ қилади.

Бу фикрларни айтишдан олдин Гўзал Бегимнинг “Ёзувчи” нашриётида чоп этилган “Сукунат жаранглари” ( “Ёзувчи”, Тошкент - 1998 йил) китобини такрор-такрор ўқиб чиқдим. Шоирнинг илк шеърий гулдастасидан ўрин олган асарларининг услубий, шаклий жаҳатлари ўқувчида хориждан ташриф буюрган ажнабийдай ажабланиш ҳиссини уйғотиши мумкин. Ахир шоир собит танлаган бу шаклларда юртимизда бармоқ билан саноқлигина ижодкорлар қалам тебратаяпти.

Ахир унинг мазмун ва маънолар тугунини ечишга интилган кишида ажабланиш ўрнида ҳайрат ҳисси гуллайди. Чунки Гўзал кўпчилик кўникмаган шаклда, азалдан анъанавий тарзда бардавом бўлган моҳият гулпарчадай чирой касб этади. Унинг шеърларида инсоннинг маънавий, руҳий камолотида аён бўладиган севги, ўзлик оламини таниш, ички оламнинг қоронғу буржларини тафаккур чироғи билан ёритароқ кузатиш мақсадлари ўз аксини топган. Шоира ижодининг ўзига хослигига эътибор беринг:

Ҳорғин нигоҳ билан
нени-да тушунтириб бўларди
англатиб бўларди нени ҳам.

аммо кўп нарсани
сўйлаш мумкин
гапирмай толиққан кўзлар
оқшом чоғ.

мен сизни
тинимсиз кўраман,
юрагимга термулиб,

ойга чиққан каби
завқланиб кетаман
юракда акс этган
сиймони кўрсам.

Ўз юрагингда ўзинг истаган инсон ёки ўз сийратинг сиймосини кўрмоқ – ҳақиқий севги, инсоний ўзлигини англаш жараёнининг давомийлигини англатади. Гўзал Бегим идрок этган, очиғи танлаган ўз юрагига термилтириб кўраётган севги – гарчи у мажозийми ёхуд илоҳий, оддийликдан мураккабликка, оний, ўткинчиликдан икки дунё яшовчанликка қодир севги экани мазкур сатрларда акс этади.

Зўраки, баландпарвоз бақироқ, сийқаси чиққан сўзлар билан “хўрланган” севги тараннуми кейинги пайтларда шеърхонларни бездириб қўяёзгани рост. Муҳаббатга самимий ва лекин ўзига хос тарзда ёндошив акс этган шеър кўнгилга таскинлар беради. Ана шу таскинни Гўзал Бегим шеъриятидан топса арзийди.
Сир эмаски, модерн шеъриятни “ҳазм” қилолмайдиганлар талайгина. Одатда тез “ҳазм” қилинган нарса шу қадар тез унут бўлади.

Янги услубда қалам тебратаётганларни фантаст шоирлар дебми ёки ўзгача ном билан аташни билолмай юрганлар ҳам кўп. Уларнинг бошгаранг бўлишларида ҳам жон бор. Чунки модернчилар ижодида шу қадар хаёлга эрк берилганини кузатамизки, натижада шеър оддийликдан мавҳумликка йўғирилгандек ёзилади. Аслида ҳар қандай мавҳумлик негизида сирли бир ойдинлик, моҳият ётади. Шу боис ҳам Гўзал Бегимнинг шеърларини тасаввурга сиғмайдиган тасаввурлар эканига ақлимиз етсагина ўшал ойдинликка шууримизни чая оламиз.

Кўзларим сўйилган ривоят
йўқтиб боради шаклини
кўксим қафасини очдим
совуқдан яхлатдим.
юракларима-а-ай.

тун бўйи
осмонга
чиқиб йиғладим
нарвон ясаб чиқдим
қотиб улгурмаган
суякларимдан,

деб ёзади шоира “Ялтироқ тасвир” деб номланган шеърида. Ушу шеърни сатрма-сатр шарҳлаб, изоҳлаб, таҳлил қилиб ўтириш учун тасаввур илми сардафтарини бир-бир варақлашимиз лозимдай туюлади.

Мухтасар қилиб айтганда, тасаввуфда улуғланадиган биринчи нарса бу – жисмдан олий саналган руҳ ҳисобланади. Ўлмай туриб ўлмоқ, нафсга қарши курашмоқ, ҳақ васлига мушарраф бўлмоқ каби эзгуликларнинг барчаси руҳий камолотга эришмак билан муштаракдир.

We recommend to visit

Оперативно і цікаво про головне!

Сайт: obozrevatel.com
Про спорт: https://t.me/obozrevatelsport

З питань співробітництва - @lesia_gasych
Тут можна потеревенити - @obozchat
Надіслати нам інформацію - [email protected]

Last updated 5 days, 6 hours ago

Ласкаво просимо на офіційну сторінку ФК «Динамо» Київ 💙

Last updated 2 days, 13 hours ago

Мій канал про спорт - https://t.me/v1latsports

Офіційний канал Вілата. Все на допомогу Збройним Силам України

[email protected]

Last updated 2 days, 2 hours ago